Тўнглаш

Темирпўлат ТИЛЛАЕВ
ҲИКОЯ
Адоғи кўринмайдиган совуқ ва изғирин ҳамма нарсани тошдек қотирган, уй олдидаги тутнинг қучоққа сиғмас танаси янада қорайиб, шип-шийдам шох-шаббалари қиров боғлаб, дийдираб турибди; бутун Элсарой гўё тўнглаб ётарди.
Ҳар йили тирама келиши билан йўғон навдалари — эркак қўллари кесилиб, ингичка, калта бўғинли урғочи қўллари — қилтириқ шохчалар бир боғ қилиб боғланиб, пушталар орасига кўмиладиган токлар бу йил кўмилмай, қаровсиз қолди.
Пажмурда ва қовжирай бошлаган кўкимтир, оқиш қиров босган барглар билан бурканган узумзор афтода бир аҳволда.
Қуш уйқуси бўлиб қолган кампир таҳорат олиш учун ташқарига чиққанида, эндигина тоғ боши оқариб келмоқда эди.
Файзсиз бу манзарадан унинг таъби тирриқ бўлди.
Сирпаниб кетишдан қўрққандек секин ошхона томон юриб борар экан, унинг хаёлига бундан бир неча кун бурун сассиз шарпадек келиб, кун бўйи ўтган-кетгандан гурунг қилган Салим подачининг мийиғида кулиб турган чеҳраси келди.
Кеча подачини Элсаройнинг қадим қабристони — “Ўтаб бобо”га қўйиб келишди; дунё шундай: бевафо.
Кампирнинг хаёлига яна ўша изтиробли ўй бостириб кирди: “Энди гўрингни ҳам бировлар кавлаши аниқ, нима бўлса ҳам ювгичлар бегона қўллар бўлмасин-да!”
Лекин ўтган ҳафта қизларини чақириб, қайта-қайта тайинлаган гаплари кампирга бироз тасалли бергандек бўлди.
— Хадича, мана бу момомдан қолган минсагимни танамни тутганга берасан, мана бу онамнинг билагузуги билан нимчасини сув берганга бер, мана бу уч кийимлик шерози духобани сув қуйганга қўй, мана бу ўзим тўқиган ғажари бўхчани ўзинг ол, сингилларингга ўргатиб турганинг учун!
Бу тайинловларга ўрганиб қолган Хадича пинагини бузмай онасини тинчитди:
— Хўп, хўп, хўп, эна… Ҳамма гапларингиз менга ёд бўлиб кетган, албатта, айтганингиздек қиламан…
Лекин кампир қизининг бу гапидан тасалли топмади. Энди жиддийроқ оҳангда гапира бошлади:
— Танамни Ҳидоят тутсин: ўликдан қўрқмайди, Гуландом сувни узатсин. Ҳа, деб турмасанг, унинг лабидан учуқ чиқади. Зулайҳо қўрқмайди, аммангниям у ювганди, ювиш унинг қўлидан келади. Сен, майли, ёшинг улардан катта, ҳар қалай, учала синглингга ўргатиб тур!
— Хўп, хўп, хўп, эна, хўп дедим-ку!…
Лекин кампир унинг гапига зарра эътибор бермай, айтарини пишиқ-пухта қилди:
— Укангни биламан, бундай нарсаларга умуман ишонмайди. Ўзи-ку, жойи-растонимни ковлагани “Ўтаб бобо”га Бойи билан Фахриддинга қўшиб Сафарни ҳам юборса, олам гулистон бўларди; бегоналарга ишонмай. Ахир улар менинг жондай невараларим… Лаҳадни бирпасда қазиб ташлашади.
Лекин уканг бундай қилмайди: қайсарнинг қайсари! Ахир, ўзинг биласан, яқин орада ўтганларнинг ҳаммасининг қабрларини шу учала ака-укалар қазиган эди. Энди уларга “гўр ковлатиш” шарт эмас эмиш.
Энди, нима эмиш, “Ўтаб бобо”да қабр қазийдиган алоҳида “гўр ковларлар” бор эмиш-а?!
“Ахир улар менга ғирт бегона-ку?!” — десам, уканг кулади.
Нима эмиш, марҳумнинг қабрини энди қариндошлари — ичи ачирлари қазиши шарт эмас эмиш.
Ҳали бу уканг, бир куним – зўр кунимда, мени бегоналарга ювдиришдан ҳам тоймайди.
— Энди, эна, замон ўзгаряпти. Бундай ирим-сиримларнинг аллақачон вақти ўтган… Ким қабр қазийди, ким ювади, нима фарқи бор?!
— Ундай дема, болам… Сендай катта бир мактабнинг директорига ярашмайди бу гап… Ота-боболар удумини оёқ ости қилма. Мана, кечадан олдинги куни мен билан кун бўйи гурунг қилган Салим подачи бугун йўқ. Эшитдим, унинг қабрини ҳам “анавилар” қазибди. Ювганларни ҳам ўз суягидан дейишмаяпти…
Ҳа-я, Хадича, эсимдан чиқай дебди, тоғамнинг ўлганига ўн йилдан ошди. Бошқа маҳрамим қолмади ҳисоб…Тоғамнинг ўғилларининг ичида чўпони Элмурод дурусти, қолганлари укангга ўхшайди, ҳаммаси паранги, Худо деганингга ишонмайди. Тоғамнинг катта ўғли Имомқули уст-бошим кир бўлади деб азаларга — қабр бошига ҳам бормас эмиш… Мени Элмурод қўйсин…
— Хўп, хўп, эна, ҳаммаси айтганингиздай бўлади…
Эртасига қишлоқнинг тонгги сукунатини аввал эркак кишининг дўриллаган бўғиқ ўкириги, кейин аёлларнинг узун-қисқа чуввос солиши тутди.
— Энажоним, бирпасиллик меҳмоним, энам, энди сизни қайдан кўрамааан, энааааа?!
— Энажоним, муштипарим, дардкашгинааааам, энажонимов!
Ҳовли орқасидаги ялангликни тўлдириб турган тумонат одамларни ёриб, учта қора кийимдаги аёл кириб келишди. Жанозага келганлар орасида шивир-шивир бошланди:
— Ювгичлар! Момонинг шаҳардаги ўғли юборган бўлса керак!
Қишлоқ бир неча кундан бери совуқ ва рутубатдан тўнглаб ётарди…