Кўнгил иншолари

Ашурали ЖЎРАЕВ

Муаллиф ҳақида:

Ашурали ЖЎРАЕВ — Навоий вилояти, Кармана туманидаги Жалойир қишлоғида туғилган. Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият (ҳозирги санъат ва маданият) институтини тугатган. “Муштум”, “Афанди”, “Гулхан”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” сингари бир қанча  республика нашрларида масъул вазифаларда фаолият юритган. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

Таниқли публицист ва ёзувчи. “Тошбақалар пойгаси”, “Юрак бўронлари”, “Ўқ узган ким?”, “Сенга кўнгил берсам”, “Дил гавҳари”, “Майсалар уйғонган тонг”, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”, “Эсар Жайхун шамоллари”, “Конверт одам” каби кўплаб китоблари нашр этилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Гуноҳ юки

Юк ортилган турфа араваларни кўрамиз. Юк ташиётган автолар, поездлар, ҳатто самолётларга дуч келамиз.

Лекин ҳаётда энг ёмон, энг пасткаш одатлардан бири — гап ташиган ғийбатчи, ҳасадгўй, фитначиларни ҳам кўп кўрамиз. Гап ташиш оғир ва кечирилмас гуноҳ эканлигини улар билармикан?

Гуноҳ юки шу қадар зилки, уни арава-ю поездлар, автолар-у самолётлар ҳам тортолмайдилар. Гуноҳ юки остида қолиб кетма, гуноҳкор банда!..

 

Айби йўқ одам

Ўзи ёки бошқа одам қилган айбни бошқа бировга тўнкаш — ўта ожизлик.

Бировни билмасдан айбдор дейиш — катта гуноҳ.

Айби йўқ одамнинг айбини зўр бериб исботлашга уриниш — ғирт аҳмоқлик.

 

Атрофимиздаги одамлар

Баъзан ўйлайман: ҳаётда раҳмоний инсонларни кўп кўрдимми ё шайтоний одамларними? Тўғриси, раҳмонийлардан кўра шайтонийларга тез-тез дуч келаман. Уларнинг майдаларидан тортиб, катта-каттасини, оқсоқолу кўксоқолини, додахўжасини, амма-холаси-ю тоға-жиянларини кўп учратдим. Улар йўлларда, тўй-ҳашамларда, маъракаларда ҳамроҳ бўладилар. Баъзан улар билан бир лагандан ош ейман. Айримлари билан бирга ишлайман. Ҳатто улфатчилик қиламан. Уларнинг хатти-ҳаракатлари, юриш-туришлари, қилиқлари, муомалалари, гап-сўзларидан англаб етдимки, гўё шайтон қиёфасига кирмасанг, унинг фириб йўлидан юрмасанг, яшолмайсан, деб ўйлаётган тоифадагилар кўпайиб кетмаяптимикин?! Баъзан шайтонизм бошланмадимикан, деб даҳшатга тушаман.

Сиз ҳам атрофингизга бир қараб олинг, кимларни кўрасиз: раҳмонийларними ё шайтонийларними?..

 

Сўз — халоскор

Сўзни ҳеч қачон увол қилманг.

Сўзнинг гуноҳига ҳеч қачон қолманг.

Сўз бир куни албатта ўч олади.

Сўз — мўътабар, сўз — улуғ, сўз — халоскор!

 

Қўрқув

Қўй бўридан қўрқиб яшайди.

Бўри шердан қўрқиб яшайди.

Қуён тулкидан қўрқиб яшайди.

Тулки арслондан қўрқиб яшайди.

Арслон одамдан қўрқиб яшайди.

Одам одамдан қўрқиб яшайди…

Куюнчак тарбиячи

“Афросиёб” поездида навоийлик Мақсад исмли тарбиячи аёл билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. У гап орасида куюниб шундай деди:

— Мени ҳамиша бир нарса жуда қийнайди. Бизнинг боғчага ишбилармонлар, тадбиркорлар, пулдор бозорчилар, дўкондорлар фарзандларини олиб келадилар. Улар: “Болаларимизга қандай таълим берасизлар?”, “Қандай ҳарф танитиб, қандай китоб ўқишни ўргатасиз?” деб эмас, “Қандай овқат берасизлар?” деб сўрайди. Бу савол одамнинг юрагини зирқиратиб юборади. Хафа бўлиб, қийналиб кетамиз…

 

Қуёшми, булут?

Чарақлаб турган қуёш юзини кутилмаганда қоп-қора булут қоплаб олди. Қуёш кўринмай қолди. Осмон гўё бир неча лаҳза зимистонга айланди. Айнан шу ҳолат рўй берган вақтда бир яқин дўстим билан телефонда гаплашиб турган эдим.

Бу манзара қуёш батамом йўқолди, дегани эмас. Аксинча, қилмишидан “пушаймон” бўлган булут ўзини аста четга олди. Олам яна ёришиб кетди. Юраклар ҳам… Бизнинг суҳбатимиз кутилмаганда оддий баҳсга айланди…

Айт-чи, дўстим, сен қуёшмисан ё булутми?

 

Сабоқ

Тарих берган сабоқ: давлат — калтак, фуқаро — шохлари эгилган мевали дарахт. Калтакка исталган пайтида мева қоқиш ҳуқуқи берилган. Калтакка ҳамиша инсоф ва адолат тилаймиз. Лекин…

 

Ойна

Ойнага қараган эдим, ўз аксимни кўрдим. Кўрдим-у кўзларимни дарҳол юмиб олдим. Ойна-чи, у нимани кўрди экан?..

Хайрият, ойнанинг тили йўқ. У ҳақиқатни айтганида борми, роса уялиб қолардим. Кейин ойнага қандай қарар эдим?..

 

Овоз

Бир дадил ва ўктам овоз қулоғимга яқин келиб, ичкарига киришга изн сўради:

— Менга рухсат бер. Ичкарига кирмоқчиман, кўп соҳада тажрибам етарли. Ҳали сенга керак бўлиб қолишим мумкин. Фақат эски овозман, — деди у.

— Бизга янги овоз керак…

 

Жимжитлик

Баъзан мардлик ва жасорат сўзини дадил ёзсам, кимдир буни шартта ўчириб, қўрқоқ сўзини ёзмоқчи бўлади.

Бойлик сўзини айтсам, камбағалларнинг кўзлари ёшланади, диллари оғрийди.

Ҳалоллик сўзини ғурур ва ибрат билан гапиришга чоғлансам, устимдан кулиб, нуқул пора тиржая бошлайди.

Мақтов сўзи оғзимдан чиқиши билан қарсакбозлик ва офаринбозлик авж олади.

Сабр сўзини ёзишим билан атрофни савол ёмғири босиб кетади: “Қачонгача?!”

Китоб сўзини тилга олишим билан жимжитлик ва сукунат бошланади. Гўё ҳамма тилини тишлагандай…

 

Ёлғон

Ёлғон кимлар учун — манфаат.

Ёлғон кимларга келтирар кулфат.

Ёлғон кимларга ошна-ю улфат.

Ёлғон иккиқат бўлар ёлғонга фақат.

 

Бири…

Бири яхши, бири ёмон ичинда,

Бири баҳор, бири аёз ичинда.

Бири доно, бири нодон ичинда,

Бири чора, бири пора ичинда.

Бири шароб, бири хароб ичинда,

Бири дуо, бири гуноҳ ичинда.

Бири бойлик, бири хорлик ичинда,

Бири тўқлик, бири йўқлик ичинда.

 

Инсон қадри

Бизда одамларга таъриф беришда меъёр сўзи бегона. Агар бир одамни мақташ зарурати туғилса, унда йўқ фазилатларни ўйлаб топиб, йўқ “истеъдод”ни қўшиб, еттинчи осмонга олиб чиқиб, юлдузлар тўдасига ошно қилиб қўямиз.

Агар ўша одамни бадном қилиш ё қоралаш зарурати пайдо бўлса, ўша заҳоти уни тупроққа қориб ташлаймиз.

 

Фикр

Хаёлимда чақмоқдай пайдо бўлган жуда ноёб, эшитганларни ҳайратга соладиган ўткир фикрни кимдир сезиб қолди. Фикрни қоғозга туширишга ҳам, бировга айтишга ҳам улгурмадим. Худди пластик картадан пул ечиб олган хакердай фикримни гумдон қилди. Ё ўз хаёлига ўтказиб олди ё керакли жойга топшириб юборди. Фикримни ким ўғирлаганини билолмадим…

Пул ўғриси, тилла ўғриси, машина ва бошқа турдаги ўғирликлар борлигини билардик. Энди фикр ўғриси ҳам чиқибди. Фикрингизни эҳтиёт қилинг!

 

Донишманднинг туғилиши

Тарбия жараёнида шундай бир ачинарли қусуримиз бор. Агар она бирор юмуш билан банд бўлиб турганида, тили чиқиб, гапиришни бошлаган боласи бир нарсани сўраса, она “йўқол!” деб бақириб беради. Агар бола қайта-қайта сўраса, тарсаки туширадиган оналар ҳам топилади. Айримлари: “Бунча серсаволсан, кўзимдан йўқол!” деб жеркийди. Боласининг ёш юраги озор чекади, кўнгли қаваради.

Унутманг, гапиришни бошлаган боланинг турли мавзудаги аралаш-қуралаш саволларига эринмай, сокинлик ва меҳр билан жавоблар берган она келажакда бир донишманд ё теран тафаккурли инсонни тарбиялаётган бўлади.

 

“Кўзингизни очинг”

Кўз доктори ҳузуридаман. У кўзларимни аппарат ёрдамида текшириш жараёнида: “Кўзингизни очинг, катта очинг”, деб қайта-қайта такрорлади.

Бу сўзлардан ҳаяжонланиб, вужудимга титроқ кирди. Беихтиёр хаёлимда кутилмаган саволлар чарх ура бошлади. Нега болалигимда, катта бўлганимда бу ҳаётий сўзларни айтишмаган. Нега?! Ўзимиз ҳам фарзандларимизга бу ибратли сўзларни нега айтмаймиз?..

Токи кўз докторлари “кўзингизни очинг, катта очинг”, деб огоҳлантирмасдан бурун кўзларимизни очишни ўрганайлик.

 

Ҳамсоя сатрлар

Жасорат дер: сўзгинангни айт-айт.

Айтолмасам нетайин.

Қўрқув дейди: бу йўлингдан қайт-қайт.

Қайтолмасам нетайин.

Ҳадик ҳамроҳ, шубҳалидир байт-байт.

Сўзлолмасам нетайин.

Кел, яхшиси, биродар, тўғрисўзнинг дорига

Осилиблар кетайин.

 

Ёлғончи дунё

Дунё, сенинг чиройли ёлғонларингга ишонмай қўйдим. Энди макрларингга учмайман. Умуман, карашма-ю нозларингга парво ҳам қилмайман. Жилваларингга қайрилиб қарамайман.

Сен минг бир найрангларинг билан лўлига ўхшаб аврайсан. “Бахтингдан очайму, тахтингдан очайму?” — деб жодугарлик қиласан.

 

Арз

XVIII аср. Подшоҳ саройи эшигига оддий ҳунарманд амаллаб етиб келди.

— Сенга нима керак?

— Арзим бор, — деди ҳунарманд.

XIX аср. Хоннинг аркига қийналиб етиб келган деҳқондан сўрашди:

— Сенга нима керак?

— Арзим бор, — деди деҳқон.

ХХ аср. Шўро даври саркотиби қабулхонасига азоблар билан етиб келган ишчидан сўрашди:

— Сен нима хоҳлайсан?

— Арзим бор, — деди ишчи.

XXI аср. Ҳокимнинг қабулига таниш-билиш қилиб келган “камбағаллар дафтари”да рўйхатда турадиган аёлдан сўрашди:

— Сизга нима керак?

— Арзим бор, — деди аёл.

Айнан шу куни Халқ қабулхонасига набиралари кўмагида келган оқсоқолдан сўрашди:

— Сизга нима керак, отахон?

— Арзим бор, — деди оқсоқол.

Сабрингга тасанно! Шунчалар чидамли, барҳаёт ва умринг узоқ бўлмаса, эй, арз!..

 

Ўғри ҳам Худодан сўрайди

Ўғри овга чиқиб, ўлжасига яқинлашганида ваҳима ва қўрқув босиб: “Ўзинг асра, Худойим”, деб илтижо қилади. Ўлжани ўмаргач: “Ўзингга шукур, Худойим”, деб хурсанд бўлиб, таскин топади.

 

Меҳмоннинг иззати

Бу ўткинчи дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз, деган иборани кўп такрорлаймиз. Шундай экан, унда меҳмонлигимизни чуқур ҳис этиб, англаб, одоб, иймон, сабр-тоқат билан яшайлик. Мезбонни ноқулай аҳволда қолдирмайлик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 9 =