Тунги қўноқлар

Ўктам МИРЗАЁР
(Ҳикоя)
Тиёншоннинг тик қояларига туташиб кетган даралар шундай Бурчмулла қишлоғидан бошланади. Унинг гадойтопмас ўнгирларидан бирида Тожиали ака деган оқсоқолнинг бир нечта капаси бор. Қамиш четанлар билан ўралган каравотларда ҳар замонда саратонда жизғанаги чиққан шаҳарлик танишлари келиб салқинлаб кетади. Капаларга ёндош сўқмоқ осмон билан бўйлашиб ётган қоялар бағридан пастга шиддат билан қуйилган шаршарага олиб боради. Тўрт-беш метр баландликдан қуйиладиган шаршаранинг гузари унча катта эмас. Тоғликлар сувнинг олдини харсангтошлар билан одамнинг бели баробар ярим айлана шаклида тўсишган. Муздай сув тошлар орасидан сизиб ўзан сари йўрғалайди. Тўғоннинг ичкарисидаги сув тиззадан келади, нари борса белга уради. Шаршаранинг остига ҳаммаям юрак ютиб боравермайди. Бора олган одамнинг ҳам ияклари уч-тўрт дақиқада такиллаб қолади. Бу ерга келиб кетувчилар кўп.
Тожиали ака меҳмонларига эшик туйнугининг ихтиёрини бериб, ўзи қишлоқдаги хонадонида кечалайди. Шовуллаган сой бағрида, тоғликларга хос эпчиллик ва дид билан қурилган бу капаларда саёҳатчилар йўқ пайтларда аканинг ўзи тунаб қоладими, йўқми, буни билмайман. Бу ерда ҳамма нарса муҳайё. Энг муҳими, чироқ қишин-ёзин ўчмайди. Ўчоқ, самовар, егуликлар сақланадиган музлаткич ва ҳоказолар.
Бу гал тошкентлик Қўмондон лақабли ошнаси улфатлари билан келишди. Ихтиёри ўзларида. Тун бўйи гўштхўрлик. Тоғ ҳавосида ҳар қандай таом тез ҳазм бўлади. Шунданми, ҳамиша қозон қайнайди. Нима таом танлашни Қўмондоннинг ўзи ҳал қилади, дидига мослаб тайёрлаган ҳам ўзи. Ҳеч ким бўш турмайди. Улфатлар унинг ҳукмига мунтазир. Ҳаммасининг ўз вазифалари бор. Музлаткичга сиғмай қолган гўштлар симдан ясалган чанчаларга илинди.
Қўмондон деганимиз – жўрабошимиз талабаликдан бери жиловни қўлдан бермайди, агар ўтган замонда бўлганида у қўрбоши, келаси замонда яшаганида каттагина бош бўларди. Ҳозир, мана, қирқ беш йилдирки, ўн-ўн беш курсдошига бош. Уларнинг зерикиб қолишларига йўл қўймайди. Аввал Эски шаҳардаги чойхонада улфатчилик қилишарди. Ҳар замонда ғарибгина, талабача чойхона ошларнинг мазаси ҳалигача оғизларида. Кейинчалик йигитчасига, ҳозир эса, ҳақиқий улфатчилик. Қолганлар ҳам ёши олтмишдан ўтаётган бўлса-да, ҳамон уни қулоқ қоқмай тинглайди, айтгани — айтган, дегани — деган. Энди ҳаммаси нафақада, аҳён-аҳёнда бир-бирини қўмсаб, қўмондоннинг чақириғига Ҳиротдан бўлса ҳам “лаббай” дея етиб келиб дийдорлашиб туришади. Хулласи калом, бу гал саратон забтига олганда, улар Бурчмулланинг табиатидан ором истаб қолишди. Бунга ҳам Қўмондон сабаб. Тожиали ака унинг эски қадрдони.
— Гўштни очиқда сақласак, мушуклар юлиб кетмасмикан? – деди Ғулом даванг ҳамишагидай эҳтиёткорлиги тутиб.
— Бу ерда мушук нима қилсин, тулки-пулки десанг-чи? – деди қорачадан келган, дум-думалоқ Тошпўлат дегани.
— Қўйсаларинг-чи, шунча гўштхўр олдидагини олдириб қўярмиди? – деди Қўмондон беписанд.
— Ҳидини айтаман, ҳидини, ёввойи ҳайвонлар тез ҳид олади, дейишади. Ишқилиб, шу қилганимиз тўғрими, масалан, қовун-тарвузларни музлаткичдан олиб ариқчага солиб қўяйлик, муздайгина туради. Ҳар ҳолда, гўшт — гўшт-да, кўздан нарироқ турсин, – ўз сўзида туриб олди Ғулом даванг.
— Билганингни қил, – деди Қўмондон.
Эшон билан шоирнинг кишти келишади. Холи қолди дегунча даврадан ўзларини четга олишади. Дунёнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқишади. Уларнинг сафига нақ Мўйноқнинг тубидан бўлса ҳам етиб келадиган ҳокимбува ҳам ҳар замонда қўшилиб туради. Ҳокимбува деганимиз туман ҳокимиятида ишлаб нафақага чиққан бўлса-да, фаол. Мажлисдан ортмайди. Бугун ҳам бу ерга шунча йўлдан катталардан жавоб сўраб келган. Телефон билан дунёни бошқаради. У бу издиҳомга қозоғистонлик улфатларининг кўнглини ҳам ола келди. Бир ҳафтадан бери йўл босади. Толиққан экан, шекилли, наридан-бери қовзаниб, ўзини дуч келган тўшакка отди.
Бир хил қаламкашларга ўхшаб чўзиб ўтиришни ёқтирмайман. Уларнинг ҳар бири ҳақида жойи келганда тўхталарман. Хуллас, улфатчилик ярим кечагача чўзилди.
Йўл чарчоғими, айримлар ёнбошлаган кўйи пинакка кета бошлади. Аҳволни кўриб, Қўмондон ҳукм қилди:
— Ҳаммаларинг жой-жойингга. Мен шу ерда ётаман, – деди чоғроқ темир каравотни кўрсатиб.
Ихчамгина. Агар астойдил истаса, тўртта улфатнинг чордана қуриб ўтирадиган жойи. Аммо бу тунда унга Қўмондоннинг бир ўзи жой бўлди. Ростманасига оёғини узатса, ўттиз сантиметрчаси осилиб қолади ҳам. Аммо қўмондон шу жой билан қаноатланди.
— Мен ораларингда ётсам, хуррак отиб, безовта қиламан, шунинг учун четроқ, шу ерда ёта қолай, – деди у.
Қолган улфатлар ҳам бир-бирининг пинжига тиқилишди.
Шоир билан эшон лаш-лушларини кўтариб жўнади. Улар сал наридаги атрофи қамиш четан билан ўралган бўш капага бориб жойлашишди. Капанинг бир томони шундай тоғ тошларига туташтирилган, дарахт ва буталар, ўт-ўланларга бурканиб кетган.
Кўрпачалар тўшалгач, шоир даврадошлари жойлашган томонга қаради. Негадир бу ерда жой бемалол бўлса-да, бошқалар бу ерга келмаганига ажабланди.
Тун қуюқлашган сари тоғнинг бор салобати шоирнинг нозик кўнглига ваҳима сола бошлади. Ваҳиманинг боши “гўшт” ҳангомасидан бошланди. “Бу ерга ҳашаротлар ўрмалаб келмасмикан?” деган фикрдан сергак тортиб, ён-атрофига назар солди. Ким айтади бу тоғу тошлар бағрида чақадиган ҳашарот йўқ деб?
Сал туриб бу шубҳа “бу тоғда бўрилар йўқмикан?” деган ўй баробарида катталашди. Эшонга барибир. Ётишдан аввал калимасини қайтариб, ўзига куф-куфлаб дам урди-да, кўрпанинг қатига кириб кетди. Шу туришда у нари борса, беш-ўн ёшли болакайдайгина бир бурда бўлиб ётиб олди.
Шоирнинг уйқуси қочди. Нариги каравотдагиларнинг ғўнғиллаши ҳам сийраклашди-ю, бора-бора тинди. Шуларга ҳайронсан. Олти йил бирга ўқишди, мана, қирқ беш йил ўтибдики, ҳамон баҳслашади. Нимани бунча талашади, ўзлари ҳам билмайди. Булар гўё битта ота-онадан туғилиб ҳар жойга кўчиб кетишган-у, соғинч ўртаганда, кўришиб турмаса бўлмайди. Вақт топилди дегунча қаердан бўлса ҳам етиб келишади. Ҳатто қўшни Тожикистондан ҳам. Ҳалиям бу гал Бухоро билан Янгиердан икки нафари келишолмади. Иккитаси эса нариги дунёни обод қилишяпти, бирининг исми Аминбой, иккинчисиники Ҳабибулла эди. Шоир бундай ҳисоблаб қараса, курсдошлар орасидан тўққизтаси бандаликни бажо келтирибди. Эҳ, қандай бегидир инсонлар эди. У чуқур хўрсинди. Шунинг учун ҳам боладай беғубор курсдошларининг бир-бирини авайлашларини кўриб меҳри ийиб кетди. Давра тўлганда Аминбой очилиб кетарди, шоирни шоир қилган ҳам ўша. Бир куни, бир неча йил аввал шу ерга келишганида шоир самоварга ўтин қалаётганда ёнига келиб, телефонини тутиб: “Кинолавҳа оляпман. Шоир бўлсангиз, бир нима денг”, деб қолди. Шоир ҳам шуни кутиб турган эканми, қўлидаги ўтинларни тиззасига қўйиб бир уриб синдирди-да:
Шоирлар ҳамиша бир нима деган,
Дегани учун ҳам бир нима еган.
Емадим, дейишса, асло ишонманг,
Емадим, дегани бир тепки еган.
— деб юборди. Мана шундан бери шоир шоир бўлиб кетди. Ҳатто Қўмондоннинг хонаки фармони билан “халқ шоири” деган унвонга ҳам сазовор бўлди. Бу ҳам бир гап-да.
Ўша шоир ҳозир тоғ бағридаги хилват капада жон ҳовучлаб ўтирибди. Бўрилар келиб қолмасмикан, деган ваҳима энди унинг фикру хаёлини бутунлай банд этиб олди. Эшон пишиллаб ухлаяпти. Унга барибир. Тик туриб ҳам ухлайверади. Нариги каравотдагилар ҳам тинчишди. Фақат нарироқдаги сойнинг шовуллаши кучайгандай бўлди. Ваҳима янада ортди. Тоғ, шовуллаган сой, кимсасиз дара, бўрилар. Ахир бу ерда тунаб бўладими? Одам дегани ҳам қизиқ. Ўзларини не кўйга солмайди. Мана, чиябўрилар учун ўзларини ем қилиб шу ерларга ўз оёқлари билан келиб ўтиришибди.
Шоирни янада ваҳима босди. Уйқуси бутунлай қочди. Шу ўйлар гирдобида кўрпачадан бошини чиқазиб, атрофга разм солди. Зим-зиё тун. Бутазорлар қаъридан йилт этган ёруғлик кўзига ташланди. Қўнғизмикан, қуш-пушнинг кўзими, бўримикан ё?! Йўғ-эй, қимирламаяпти-ку, юлдузнинг шуъласи бўлса керак. Унда нега битта? Юлдузлар кўп бўлиши керак эди-ку. Оббо, чиябўрилар бўлса-я! Уф, у кўрпанинг қалинлигиданми ё қўрққаниданми, бадани қизиб терлаб кетди. Нима қилса экан? Эшонни турғизсами? Йўқ, кулги бўлади. Дўстларининг ёнига ўтсами? У ёқда жой йўқ.
У дўстларининг бу каравотга ўтмаганининг маънисини энди англагандай бўлди. Соддалик қурсин. Бироз қулоғини динг қилиб ётди.
Соат нечалигини билмайман. Ҳали тонг отмаган эди. Дара тепасидан, афтидан, сой шоввасининг ўнг томонидан, шоир ётган капанинг шундай биқинида ўнлаб чиябўри қий-чувини бошлаб қолди-ку. Бу ваҳима бирдан бошланди. Уларнинг овози тобора яқинлашаётгандай туюлди. Шоир ирғиб ўрнидан турди. Қоронғида кўзойнагини тополмай сермаланди. Икки кўзи чиябўрилар овози келган томонда. Нима қилсин, қалин адёлни олиб, улар ҳужум қилса устига ташлайман, деб ҳозирлик кўриб, шай турди. Ғулом ҳақ экан, улар гўштнинг ҳидини олишган. Бўлмаса, шунчалик яқин келишармиди?
Кўз ўнгида чиябўриларнинг унга ташланиши, бирови бўғзидан, бошқалари оёғидан, қорнидан юлқиб абжағини чиқариб ташлаши намоён бўлди. Ҳаммаёқ қон. Агар улар ҳужум қилса, эшон ҳам соғ қолмайди. Нариги кападагилар-чи? Жуда катта фожиа юз беради. Эртага ижтимоий тармоқларда “Бурчмулладаги фожиа” деган аянчли хабарлар тарқалади…
Шоир шуларни ўйлаётганида, чиябўрилар ҳамон бири қўйиб иккинчиси увлашарди. Шоирни титроқ босди. Бирдан овоз яқинлашмай қолди-ку, деган ўйдан таскин топди. Аммо бутун вужуди дир-дир титрарди. Нима қиларини билмай, нафасини ичига ютиб, қулоғини динг қилди. Бир неча дақиқадан сўнг чиябўриларнинг овози қандай дафъатан бошланган бўлса, шундай ўчди. “Уҳ! — деди у. — Аммо барибир эҳтиёт бўлиш керак”, деган фикр кўнглидан ўтди. Бўрини гапирсанг, қулоғи кўринади, дегани шу-да. Секин эшон томонга қаради. У ҳамон пишиллаб ухларди. Нариги кападан эса қаторасига хуррак овозлари эшитиларди. Орадан қанча вақт ўтди, билмайди. Мана сенга дам олиш! Шоир ўзини ҳам, шу ерга олиб келган Қўмондонни ҳам, бошқа дўстларини ҳам ичида ёмон сўкарди. Шу топда тонг ҳам оқара бошлаган эди…