Йўқни бор қиладиган касб

Борни йўқ қилиш осон, аммо, йўқни бор қилиш осонмас –меҳнат ва матонат керак. Қурилиш – фақат бино ёки иншоот эмас, балки инсоннинг ижтимоий ҳаёти, келажаги барпо этиладиган соҳа. Бутун умрини қурилиш соҳасига бағишлаган, Зарафшон қурилиш бошқармасида участка бошлиғи вазифасида самарали фаолият олиб бораётган Давлат Бобоқулов юртга муҳаббатли, касбига садоқатли инсон.
Асли навоийлик Давлат Бобоқулов ёшлигидан меҳнаткаш ва жонкуяр. Отаси Явқоч Бобоқулов автобус ҳайдаб, онаси Гулсанам Қосимова эса ҳисобчилик қилиб оила тебратишган. Қаҳрамонимиз катта фарзанд бўлиб, икки синглиси ва икки укасига бош бўлиб улғайди. У техника билим юртида ўқиб, қурилиш соҳаси бўйича мутахассислик дипломига эга бўлди. Катта ҳаётга дадил қадам ташлаган бўлажак бунёдкор ҳарбий хизматни Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида, разведка бўлинмасида ўтади.
— Бу касбни нега танлаганман? Бу шундай касбки, йўқдан бор қиласиз, — дейди у биз билан суҳбатда. — Тўлиқ жараённи ўз кўзингиз билан кўрасиз, пойдевордан бошлаб, аста-секин бино тикланади, ички-ташқи фасад ишлари… Бино тайёр бўлганда эса меҳнатингиз самарасини кўриб, кўзингиз қувнайди! Бобом Алиакбар Қосимов ҳам қурувчи бўлган. Мен бобомнинг касбларини давом эттирдим. Ҳарбий хизматдан қайтганимда – у даврлар икки ой юриб, сўнг қаергадир ишга кириш мажбурий эди – бобом “Бир ой ўтди. Бўлди. Энди мен сенга ҳақиқий иш қандай бўлишини кўрсатаман”, дедилар-да, “Жанубсаноатмонтаж” трести раҳбари ёнига олиб бордилар ва муддаони у кишига айтиб, “Гўшти саники, суяги маники” дедилар-да, мени илк меҳнат жамоам сари йўллаб қўйдилар…
Меҳнат фаолиятини мазкур трестда монтажчи вазифасида бошлаган қурувчи ўзига топширилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб, кўпчиликнинг назарига тушди. Бир муддат “Навоийазот” корхонасида ҳам фаолият олиб борди. Аммо қурилиш ташкилоти уни яна ўз бағрига олди. Зарафшон шаҳридаги қурилиш ишларига юборилди. Бир неча йил шу ерда қолиб кетди. Унга 2001 йилда Зарафшон қурилиш бошқармасидан таклиф тушиб, ўзи бошқараётган бригада билан бирга янги корхонага келиб қўшилди. Унинг тақдир йўли Зарафшон билан боғланди.
Қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида “Қизилқумцемент” заводининг 3-навбати қурилишида иш бошлаган бунёдкор “Навоий ИЭС”даги қурилиш ишларида иштирок этди. Қишлоқларга тоза ичимлик суви қувурлари тортиш каби йирик лойиҳаларда қатнашди. Зарафшондаги фаолиятининг асосий қисми эса 2-гидрометаллургия заводининг қурилиши билан боғлиқ бўлди. Бундан ташқари, 3-,7-гидрометаллургия заводлари қурилишларида ҳам самарали фаолият олиб борди. Қизилқум фосфорит комплекси, Суграли, Қоқпатасдаги янги цехлар қурилишларида фаол иштирок этди.
— Қурган биноларни, у ердаги ҳаётни кузатиб қалбимнинг туб-тубида ифтихор туйғуси пайдо бўлади, – дейди у. — Одамлар манфаат кўрмоқда, фаровон турмуш кечиришмоқда. Қурувчиликнинг жозибаси ҳам шунда, чамамда…
Д.Бобоқулов фаолияти давомида Нариман Авезов, Саноқул Искандаров, раҳматли Валерий Қуёнов каби бир қатор фидойи устозлардан тажриба ўрганган, уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутган. Ҳозирда ўзи ҳам кўплаб шогирдларга устозлик қилмоқда. Давлат аканинг қўл остида ҳозирда 115 нафар монтажчи, пайвандловчилар, темир конструкция усталари меҳнат қилишмоқда.
Давлат Бобоқулов бир қиз ва бир ўғилнинг отаси. Оила давомчилари бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилиб келмоқда. Меҳрибон отанинг турмуш ўртоғи таълим соҳасида ишлаган, ҳозирда нафақада. Беш нафар набираларига бобо-буви бўлиб, сурурбахш кексаликка қадам қўйишмоқда…
— Агар қайтиб дунёга келсам, яна қурувчи бўлардим. Бошқа касбга менда меҳр йўқ! Хонада ўтириб ишлолмайман, — дейди-да. — Келгусида комбинатимизда бунёд этиладиган заводлар, конлар ва ижтимоий объектлар қурилишида пойдеворидан то охиригача қурувчи сифатида иштирок этиш ниятим бор! Халқимиз учун, мамлакатимиз учун ушбу лойиҳалар жуда муҳим аҳамиятга эга.
Давлат Бобоқуловлар борлиги туфайли Қизилқум сарҳадларида бунёдкорлик шашти асло сўнмайди.
Азамат ЗАРИПОВ