Гапни ўзимдан бошласам…

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Раҳматли бибим “Асад ойида, айни қовун пиши­ғида туғилгансан” деб гапирардилар. Онамнинг эслашларича, пода қайтар маҳали дунёга келган эканман. Қаранг, илмда шунинг ҳам аҳамияти бор – куннинг қай пайти дунёга келиши кейинчалик инсоннинг феъл-атвори, тақдирига таъсир этар эмиш. Бўлса бордир, пешона. Қачон, қай маҳал ёки қаерда туғилиш одамзоднинг қўлида эмас. Лекин менинг пода қайтар маҳали таваллуд топганим аниқ – буни мени дунёга келтирган зот айтган.

Бу воқеа 1950 йилнинг 10 август куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида содир бўлган. Мен бундан асло пушаймон эмасман: туғилган санамдан ҳам, кўз очган жойимдан ҳам. Дунёнинг Тошкент ёки, дейлик, Париж деган манзилларида туғилмоқни ҳавас қилмаганман, бунинг иложи ҳам йўқ…

Мен гўдаклик чоғимда отам Термиздаги педтехникумни битириб, мактабда муаллим бўлганлар. Эсимни танигач, баъзилар у кишига “домла, домла” деб мурожаат қилганида дастлаб таажжубланганим шундан. Чунки отам кейинчалик Тошкентда ўқиб, туман миқёсидаги катта-кичик лавозимларда хизмат қилдилар. Бойсуннинг бообрў одамларидан ҳисобланиб, кексаликда ўзлари оқсоқоллик қилган йирик бир маҳалла ҳозир у кишининг номи билан юритилади.

Асли муаллимликдан чиққан эмасми, отамиз китобга роса ўч эдилар. Турли хўжалик ва қурилиш ташкилотларида ишлаган кезларида ҳам китобхонликни канда қилмаган, ишдан кеч қайтиб, яна тунги соат бир-иккиларгача қўлларида қалам, мутолаа билан машғул бўлар эдилар. Буни таъкидлашимнинг сабаби – одатда, бундай соҳаларга дахлдор кўпчилик, айниқса, раҳбарлик лавозимларига ўтгач, китоб-питобни унутиб юборади.

Биз, ўн бир фарзанд, ана шундай муҳитда тарбия топганмиз. Ўзим китобхонликни бошлаганимда оилавий кутубхонамизда “Хамса”дан тортиб “Том Сойернинг бошидан кечирганлари”гача бор эди. Таъбир жоиз кўрилса, хонадондаги маърифий мусобақа туфайли, ака-ука ва опа-сингиллар бари мактабда ҳам, олий ўқув юртларида ҳам доим пешқадамлар қаторида бўлди.

Онамиз мактаб кўрмаган, лекин кўп доно аёл. Мақол-маталсиз гапирмайдилар. Буларнинг аксариятини ўзлари тўқиганларига шубҳам йўқ. “Менинг академик энам” деб ҳазиллашиб қўяман гоҳида. Каттакон рўзғорнинг асосий ташвиши, “мусофир ўғиллар” – бизни ҳар соат дуо қилиш, алқашдан тортиб, бир карвон невара-чеваранинг эркалигу инжиқликлари ҳали-ҳамон кампир онамизнинг зиммасида.

Мен мактабда яхши ўқиганман. Ҳамма фандан илғор бўлишга интилардим. Аммо ўлгудек таъсирчан, хаёлпараст ҳам хийла акс – қайсар эдим. Ўзимча зўр адолатпараст эдим. Китоб, китобхонликдан бошқа машғулотлардан қочганим рост.

Гарчи, тахминан тўртинчи-бешинчи синфлардан шеъру ҳикоя ёза бошлаган, шу ният кўнгилга қаттиқ ўрнашган бўлса-да, хаёлимда учувчи ҳам бўлиб кўрдим, тоғу тош кезадиган геологликка ҳам қизиқиб юрдим. Қани, ҳам ёзувчи бўлсаму ҳам учувчию геолог бўлсам! Болалик орзулари-да. Мусиқаю драма санъатига ҳам иштиёқим зўр эди. Ўргамчик драмалар ёзиб мактаб саҳнасида намойиш этганларим эсимда. Ўжарлигимданми, кўп панд ҳам еганман.

Ўқиймиз деб Тошкентга келдик: Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Нодир Нормат ва мен. Саратон, тўртовимизнинг ҳам сочимиз тап-тақир қирилган, университет олдидаги майсазор хиёбонда узала тушиб кириш имтиҳонларига тайёрланамиз. Тўртовимиз ҳам матбуотда унча-мунча кўриниб қолганмиз, шоирликка даъвогармиз, “шоирлик”ка кирмоқчимиз. Усмон иккаламиз Беш­оғочдаги ижара уйимиздан шу ергача қўл ушлашиб келамиз: трамвай-прамвайга чиқсак, бошқа ёққа опқочиб кетиши мумкин! Йўлни дуруст билмаймиз-да.

Университетда ўқиган йилларим мен кўпчиликка аралашавермасдим. Бир ёқларда ижарада турар, ўзим билан ўзим, туну кун қисса ва ҳикоя машқ қилар, аммо худди нозик бир сирим фош бўлиб қоладигандек, уларни ҳеч кимга кўрсатмас эдим.

1972 йили журналистика факультетини битириб, республика радиосида ишлай бошладим. Аввал озроқ муддат “Ватандош” таҳририятида дикторлик қилдим, кейин адабий-драматик эшиттириш­лар бўлимида муҳаррир бўлдим. Бу таҳририятда адабий ҳаёт роса қизғин эди, ёзилган ҳар бир янги шеър ё ҳикоя дастлаб шу ерга келарди.

1974 йили бирйўла икки журналда – “Гулистон” ва “Шарқ юлдузи”да туркум ҳикояларим эълон қилинди. Ўша даврларда бу ҳол катта гап эди. Бирдан ёзувчи бўлдим-қолдим. Таҳририятлар мендан ҳикоя сўраган, нашриётлар китобимни чиқаришга ишқибоз!

Машҳур “Гулистон”да чиққан “Шаҳардан одам келди” ҳикоям сабабми, мени журналга ишга олдилар. Бу ҳам ҳазилакам гап эмас эди. Унутилмас устоз Асқад Мухтор паноҳида беш йил шу даргоҳда ишладим, унча-мунча нарсага ақлим етадиган бўлиб қолди.

Бу орада – 1977 йили “Чироқлар ўчмаган кеча” номли илк ҳикоялар тўпламим нашр этилди. Ўша йили ёзилган “Отойининг туғилган йили” деган қиссам кейинроқ “Гулистон”да босилиб, бозорим янада чаққон бўлиб кетди. Шу номдаги китобим учун (1981 йил) ёшлар мукофотининг совриндори ҳам бўлдим.

1981 йил “Ёшлик” журнали ташкил этилиб, бир муддат унда наср бўлимини бошқардим. Ундан кейин Ғафур Ғулом номидаги нашриётда каттакон бир таҳририятга мудир бўлиб ўтиб, етти йил шу ерда юрдим. Муҳаррирликдан ортиб унча-мунча китоб ҳам ёздим: “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Мир в цветах” (рус тилида) ва ҳоказо. Кўп нарсаларим чет тилларга таржима қилинди, айримлари (ҳаммуаллифликда) китоб сифатида нашр этилди. Чунончи, 1991 йили чех тилида чиққан “Шайхлар ва жононлар” китобимизни уч шерикдан ҳеч биримиз кўрмаган бўлсак керак…

1991 йилда Ўзбекистон Миллий ахборот маҳ­камасига ишга тайинландим. Бу ерда кўп нарсани янгилаш, янги замон талабига мослаш зарур эди. Шунга ҳам улушим қўшилди, шекилли.

1994 йилдан буён “Тафаккур” журналига бош муҳаррирман. Журнални ташкил этишдан тортиб, уни йўлга қўйишгача кўп меҳнат, кўп вақт сарф бўлди. Аммо бу саъй-ҳаракатлар бекор кетмади – “Тафаккур” матбуот оламида ўз ўрнини топди. Журналда ўтган умримдан пушаймон эмас­ман, хижолат ҳам эмасман.

Кейинги йилларда кино санъатига қизиқиб, шу соҳа ижодкорлари билан ҳамкорликда бир неча бадиий фильм ҳам яратилди. Ҳар ҳолда, кам бўлмадик, аксарияти халқаро совринларга лойиқ кўрилганига нима дейсиз!

Ишимизнинг бу ёғи баракалироқ бўлган кўринади. Ўтган ўн йилликда бир талай китоб, саҳна ва экран асарлари дунёга келди. Уларнинг айримлари хорижда, инглиз ва француз тилларида китоб бўлиб чиққани ўзи бир китоб!

Ушбу битиклар таржимаи ҳол эмас, шунчаки йўл-йўлакай қайдлар, сийрак чизгилар, холос. Таржимаи ҳол – расмий ҳужжат. Унда кўпинча рақамлар устунлик қилади. Ёзувчининг чинакам таржимаи ҳоли эса унинг асарларида акс этади. Унча-мунчаси ёзилди, насиб этса, яна давоми бўлар.

Ёзувчи мардум “ўзидан ортганда”, кўнглидагини ошиғич изҳор этиш эҳтиёжи пайдо бўлганда публицистикага қўл уради. Ушбу китобга, асосан, газета-журналларда босилган мақола ва суҳбатлар жамланди. Нари-бери қирқ йиллик адабий хизмат асносида унча-мунчаси тўпланиб қолган экан. Саралаш чоғида, табиийки, кундалик матбуот нафаси гупуриб турганларидан воз кечилиб, бугунги муаммоларга эшроқ туюлган матнлар ажратиб олинди.

Муаллиф

Эркинликнинг шарти

Ўзбекистонда матбуот эркин эмас, унга ҳар турли таз­йиқлар мавжуд, деган гапни кўп эшитамиз. Бу ҳақда чет элларда гапирилади, ўзимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларда айтилади, ажнабий мухбирлар билан бўладиган анъанавий учрашувларда Президентимизга ҳам шу тўғрида кўп савол берилади.

Хўш, аслида аҳвол қанақа? Ўзбек матбуотида эркинлик йўқми? Нега? Эркинлик дегани нима ўзи?

Матбуот эркинлиги хусусида гап кетганда, бизга кўпинча юксак тараққий этган, неча ўн йиллик демо­­кратик тажрибага эга бўлган Америка Қўшма Штатлари ёки илғор Оврупо мамлакатлари матбуотини мисол қилишади. Бунда негадир бизнинг кечагина коммунистик истибдоддан қутулиб, янги ижтимоий ва иқтисодий тузумга ўтганимиз, бу йўлдаги мураккабликлар, мавжуд нозик сиёсий вазият, халқимизнинг ижтимоий-тарихий анъаналари, зеҳнияти, маънавий-маърифий ўзига хослиги, онгимизда собиқ тузумдан мерос қолган асоратлар, борингки, зикр этилган мамлакатлардаги демократик тажрибалар бизда ҳали тўлиқ шаклланмагани каби омиллар унча ҳисобга олинмайди.

Ваҳоланки, матбуот эркинлиги демократиянинг асосий шартларидан экани, чинакам демократик жамиятда матбуот “тўртинчи ҳокимият” ҳисобланиши, демокра­тиясиз, эркин матбуотсиз замонавий тараққиётга эришиб бўлмаслиги каби ҳақиқатларни биз ҳам биламиз.

Келинг, аввало демократия ҳақида, унинг ўзига хосликлари ҳақида гаплашиб олайлик. Бизнинг ҳуқуқий, демократик, инсонпарвар жамият қурмоққа аҳд қилганимизни ҳамма билади. Бу борада эришган унча-мунча ютуқларимиз ҳам кўрган-билганларга аён. Лекин демок­ратик андозалар масаласида бизнинг ўз фикримиз бор. Биз – Шарқ одамларимиз, демократиянинг умум эътироф этган туб қонун-қоидалари борасида якдил эканимизни таъкидлаганимиз ҳолда, унга шарқона назар билан қараш тарафдори эканимизни ҳам яширмаймиз.

Матбуот эркинлиги масаласига келганда менинг ёдимга “ошкоралик” деб аталган йиллардаги манзаралар тушади. Ўша йиллари ўзбек матбуоти ростдан ҳам “гуллаб-яшнаган” эди. Газеталар қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ўқиб улгуриш қийин эди. Нега? Негаки, мус­тақиллик учун кураш бошланган, кўп йиллик истибдод натижасида жамиятда тўпланиб қолган муаммолар юзага чиқмоқда, ошкоралик баҳона ана шуларга нисбатан танқидий руҳ кучайган бир давр эди. Жамият сохтагарчилик­лардан, ёлғон ваъдалару қуруқ сафсаталардан безган, чарчаган – рост сўзга, дадил сўзга эҳтиёж зўр эди.

Ҳозир бу ҳолнинг салбий-ижобий томонларини баҳолаб ўтиришга ҳожат йўқдир, аммо ошкоралик баҳона, шарқона одоб-ахлоққа, шарқона назокатга тўғри келмайдиган кўплаб нохушликлар ҳам содир этилганини айтмасак бўлмас.

Дарвоқе, танқид, танқидий руҳ дедик. Бу сўзлар кечаги тузумни, коммунистик мафкурани ёдга солмайдими? Танқид, ўз-ўзини танқид, соғлом танқид, носоғлом танқид… Лекин ҳаммаси хўжакўрсинга! Танқид – танқид учун! Шу керакми бизга?

Тўғри, одамзод табиатида шундай бир қусур ҳам бор­ки, бировнинг ички ҳаёти, кирдикорларидан воқиф бўл­иш унга гоҳо ҳузур бағишлайди – қизиқ-да! Аммо би­ров­нинг авра-астарини ағдариб ерга уришдан, шар­ман­дасини чиқаришдан жамият манфаат кўрадими – гап шунда. Қолаверса, биз ҳавас қилаётган демократик мам­лакатлардаги матбуот, ҳар қанча эркин бўлмасин, танқид билан кун кўрмайди. Унинг асосий вазифаси – мавжуд воқеликни дадил акс эттириш, таҳлил қилиш ва холис баҳолаш. Қани, бировни ноҳақ қоралаб кўринг-чи, қонун сизни не кўйларга солар экан! (Бу ўринда гап норасмий олди-қочдидан иборат арзонгаров матбуот тўғрисида кетаётгани йўқ, албатта.)

Хўш, ўзбек матбуотига нима етишмайди? Мамлакат раҳбари катта-кичик йиғинларда журналистларни ҳужумкорликка, шижоатга қайта-қайта даъват этганига, бу борада турли-туман анжуманлар ўтказилганию чора-тадбирлар кўрилганига, ҳатто махсус ташкилотлар тузилганига қарамай, нега матбуотимиз ҳамон суст, мароқсиз?

Бунинг сабаблари, бизнингча, бундай:

  1. Жамоат ташкилотларига тегишли газета-журналлар, демакки, у ердаги журналистлар ҳам ҳали зарур моддий-иқтисодий имкониятларга эга эмас, ҳамон муассисларга қарам.
  2. Мустақил нашрлар зарур ҳуқуқий асосга эга эмас, етарлича шаклланиб, оёққа туриб улгурмаган.
  3. Расмий матбуот ҳозирча асосан мустақилликнинг моҳияту мағзини, бозор муносабатларининг афзаллигини таҳлил этиш, тушунтириш билан машғул. Бугунги ўтиш даврида бу – табиий ҳол. Иқтисодий ҳаётда – давлат бош ислоҳотчи.
  4. Ҳар бир қаламкаш-журналистнинг вужудида ҳамон кечаги тузумдан қолган ҳадик – цензор ўтирибди. Чехов таъбири билан айтганда, бу иллатни томчима-томчи ситиб чиқариш лозим бўлади.

Айтилган сўз – отилган ўқ, деган гап бор. Матбуотнинг сўзи бамисоли ана шундай ўқ, уни ортга қайтариб бўлмайди. Буни биз яхши биламиз. Ҳар қандай эркинлик­нинг шарти – масъулият. Масъулият чиғириқларидан ўтган матбуот эркинлик сарҳадларида ўзини йўқотиб қўймас.

 1996 йил

ТАНҚИДДАН МУНЧА ҚЎРҚАМИЗ?

Бир танишим “Ўзбекча газеталарни ўқиш осон, бирпасда кўздан кечириб қўясиз, чунки ҳаммаси маълум гап­лар, деярли янгилик йўқ; Москов матбуотини эса бош­дан-оёқ мутолаа қилиб чиқишга мажбур бўласиз – ҳаммаси қизиқ гаплар!” деган эди.

Москов матбуотини идеаллаштириш ниятимиз йўқ. Ҳечам идеал эмас у. Лекин масалага реал қарасак, биз ҳозирча матбуотимизни бошқа бир матбуотга солиштириш имконига эга эмасмиз, негаки инглизча ё бошқа тилдаги нашрларни ўқий олмаймиз. Хоҳлаймизми-йўқми, бор гап шу – матбуотимиз шўро матбуоти, рус матбуоти таъсирида шаклланган. Бизда, инқилобдан олдинги жадид маърифатчилик матбуотини ҳисобга олмаганда, бошқа бирон тажриба, анъана йўқ деса бўлади. Бинобарин, матбуотимиз бу борада ҳам йўл бошида турибди.

Демократик матбуот ҳақида гап кетаётир.

Хўш, матбуотда танқид керакми? Керак, сув билан ҳаводек зарур! Қуруқ мақтов, ҳамду сано ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўша асоссиз мақталаётган, кўтар-кўтар қилинаётган ташкилоту корхона, ўша раҳбарнинг ўзидан бошқа ҳеч кимни! Дейлик, олис Сурхондарёдаги олис бир хўжалик ерларига чигит қадалгани ҳақидаги жўнгина хабар кимга нима янгилик бера олади? Чигит ҳар йили мавсум келганда албатта қадалиши керак, шундай қилинмаса пахта ўсмайди, ҳосил бўлмайди. Ҳосил бўлмаса – у ёғи маълум гап. Бу – атиги қишлоқ хўжалик ахборотномасигагина кириши мумкин бўлган оддий маълумот. Матбуот хабари эса, ўша олис сурхондарёликкагина эмас, умрида далага чиқмаган, пахтани кўрмаган одамга ҳам қизиқарли, аҳамиятли бўлмоғи даркор.

У ҳолда, умуман, матбуот фақат танқид билан шуғулланиши керакми, шундай қилмаса, зерикарли, ҳеч ким ўқимайдиган бўлиб қоладими? Йўқ, асло ундай эмас. Матбуотнинг вазифаси танқиддангина иборат эмас. Матбуот ҳаққоний ахборот, ҳаққоний далиллар негизида, ҳаётдаги бош ғоялар, асосий йўналишлар таҳлили воситасида жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилмоғи керак. Бунга эса теран таҳлилсиз, гоҳо одамга хуш келмайдиган, ғашига тегадиган, ғазабини ҳам қўзғайдиган нордон танқидсиз эришиб бўлмаслиги аён.

Демак, танқид зарур, матбуот танқидсиз яшай олмайди. Хўш, у қандай танқид бўлиши керак? Ҳамма гап ана шунда. Танқиддан мақсад – танқид, ўч олиш, ер билан яксон қилиш, бадном этиш эмас, ҳақиқий манзарани очиб бериш, камчиликларни баралла айтиш, ишни яхшилашга оид йўл-йўриқлар кўрсатиш, оқилона, фойдали хулосалар ясашдан иборат бўлмоғи керак. Танқид маҳв этувчи, яксон қилувчи эмас, бунёд этувчи, ҳаётбахш омил бўлмоғи лозим.

Москов матбуотини ўқиганда мароқланишимиз рост – бу масалада бояги танишим ҳақ. Лекин уни ўқиганда кўнг­лимизни зулмат, умидсизлик чулғаши ҳам ҳақиқат. Нега бундай? Демак, бизга нуқул “жимжит, олам гулис­тон” матбуот керак экан-да? Зинҳор ундай эмас. Ундай матбуот жамиятни карахтликка олиб келади, карахт жамиятда эса на ижтимоий, на иқтисодий тараққиёт бўлади.

Назаримда, бизни ҳамон кечаги замоннинг анъаналари, “ўтмиш сарқитлари” таъқиб этмоқда. Москов матбуоти унинг “уриб йўқ қилиш” тамойилини қурол қилиб олган, биз эса… Хўш, қайсиси маъқул бунинг?

Иккаласи ҳам маъқул эмас. Маъқули – меъёрни сақламоқ, маъқули – ҳаёт воқелигини акс эттиришда ҳалоллик, холислик мезонларига амал қилмоқ.

Москов матбуоти танқиднинг барбодгар йўлини танлаганини айтдик. Бу йўл бизга кечаги тузумдан таниш. Бундай танқид усули коммунистларнинг ишонган қуроли эди. Улар ўзларига ёқмаган, ўзгача фикрловчи, умуман, фикрловчи қавмдан ана шу йўл билан – уриб ерга киритиб юборадиган танқид йўли билан ўч оларди. Ғирром йўл эди бу, нотантилик эди бу. У танқиднинг номлари ҳам бир талай эди: “ўртоқларча танқид”, “принципиал танқид”, “коммунистик танқид”, “ўз-ўзини танқид”…

Танқидни турларга ажратиб бўлмайди, танқид холис, беғараз бўлиши керак, вассалом!

Москов матбуоти эса бузғунчи, барбодгар танқид йўлини танлагани учун ҳам жамоатчиликники – жамиятники эмас, балки айрим пулдор, сармоядор замона зўрларининг қўлига ўтиб кетган. Березовский, Гусинский, Жириновскийга ўхшаган жаноблар, “Газпром”у “ОНЭКСИМ” банкка ўхшаган халқ мулкининг балохўр юҳолари матбуотни бир-бирларига қарши қурол қилиб ишлатяпти. Мана сизга ҳақгўй матбуотнинг аҳволи! Бундай вазиятда ҳалоллигу холислик ҳақида гап бўлиши мумкинми?!

Сирасини айтганда, танқид – ўнғай, осон йўл; таҳлил деганлари қийин. Бунинг учун маълум малака, билим, сабр-бардош керак бўлади.

Хўш, нега қўрқамиз танқиддан? Бизда матбуот бир тўда балохўрнинг қўлида эмас-ку!

Биз, ҳув бир замонлардагидек, танқиднинг ортидан келадиган “оргвывод”лардан қўрқамиз. Биз жамоатчиликнинг салбий фикри ёки нафратига дучор бўлишдан эмас, кўпинча мансабимиздан ажралиб қолишдан чўчиймиз. Биз танқиднинг нохолис, ғаразли бўлишига ўрганиб қолганмиз – ҳамма бало шунда!

Газетасида танқидий мақола босилган кун бош муҳаррир юпанчдори ичиб ўтиради. Чунки – ҳар тарафдан таҳдид, дўқ-пўписа, пастдану юқоридан телефонлар. Ҳолбуки, бундай муносабат, яъни қўнғироқ бўлса, фақат бир ташкилотдан – суд маҳкамасидангина бўлиши керак. Аммо бунга ҳали талай қовун пишиғи борга ўхшайди.

Афсуски, ўзини мақтатиш учун, рақибидан ўч олиш учун мухбир ёллаётган, ҳатто таҳририятларга югуриб ўзига дастёр бўладиган одамларни мухбирликка тайинлатиб юрган раҳбарлар, ҳокимлар бизда ҳам топилади. Бунинг оқибатини изоҳлаб ўтирмоққа ҳожат йўқдир.

Матбуот бу каби “меҳрибон ҳомий”ларга муҳтожу ҳар турли садақага зор бўлмаслиги керак.

Таҳририятлар фаолиятига боғлиқ яна бир-икки мулоҳаза.

Бош муҳаррирлар айтсин: қайси таҳририятда штатлар тўлиқ банд? Ходимлар кўпинча илтимос, ҳатто хушомад билан ишлатилади. Бўлмаса, даромадлироқ жойга кетиб қолади. Нима кўп – газета-журнал кўп. Пул топган, қоғоз топган исми корхона бор, газет ё журнал очиб оляпти. Бу ҳол яхшими, ёмонми – бошқа масала. Лекин кечаги мусаҳҳиҳ – бу ерда бош (Бош!) муҳаррир; “бош” дейилгани учун бош ҳарф билан ёзиш ҳам расм бўлган. Гоҳо қўлида оддий муҳаррирнинг ўзи йўқ, билмадик, у кимга “бош” экан?

Баъзан бир одам бир неча жойда мухбирлик қилади. Ҳалоли бўлсин, аммо бундай ходимдан нимани кутиш мумкин? Бу ҳам бир муаммо.

Матбуотимизни жонлантириш учун журналистларни чет элларда ўқитишимиз керак, деяпмиз. Ўқитайлик, зиён қилмайди. Бироқ уларни ўқишга юборишдан олдин боягидек муаммоларни ҳам ҳал қилиб олмоқ керак бўлади. Негаки, Америкада ўқиб келган ёшлар эртага “Халқ сўзи” ёки “Ўзбекистон овози”да ишлагиси келмайди, рек­ламафуруш радиоларга, чет эл агентликларининг мухбирлигига, ҳеч бўлмаса, телевидениега югуради.

Таҳририят тузилмаларини ҳам ўйлаб кўриш мавриди етди. Ҳамон эскича тизим! “Ўттиз йил муҳаррирлик қилдим, аммо ҳисобхона қайдаю қоғоз қаёқдан келади – билган эмасман”, деган эди бир оқсоқолимиз… Ҳозир муҳаррир – завхоз, таъминотчи, иқтисодчи – ҳаммаси ўзи! Бунақа газетанинг аҳволи ўз-ўзидан маълум!

Хўш, матбуотимизни янада жонлантириш, замон талабларига етказиш учун нима қилмоқ лозим? Бир эмас, бир неча забардаст қонун яратилди, махсус фондлар, марказлар ишлаб турибди – яна нима керак? Яна… эриш, кулгили туюлиши мумкин: ана шу қонунларга астойдил амал қилиш керак: биз – журналистлар ҳам, муштарийларимиз ҳам, хуллас, афкор жамоатчилик!

1997 йил

 

“Эрталабки хаёллар”

 китобидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + one =