Қизлар орзусини асранг

Ҳаёт синовлардан иборат. Кимдир камбағалликни, бошқаси соғлиғи билан боғлиқ синовларни кулфат деб билади. Дунёдаги энг оғир кулфат – қиз боланинг орзулари саробга айланганию, бахти сўниб қолган ҳолатидир. Қиз бахтсиз бўлса, у фақат ўзи эмас, бутун оиласи бахтиёрлигидан ажралади.

Қизнинг қалбида орзулар, эзгу ниятлар бўлади. У муҳаббатни, эътиборни кутиб оппоқ ниятлар қилади.

Уни ҳамма яхши кўрарди…

Маҳалламизда К. исмли қиз бор эди. У болалигидан жуда зийрак, орзулари кўп, келажакка катта ишонч билан қарайдиган қиз эди. Ҳамма уни яхши кўрар, мактабдаги фаол ўқувчи сифатида танир эди. Лекин оиласидаги муҳит, ота-онасининг жанжаллари, қизи тақдирига эътиборсизлиги уни аста-секин сўндирди. Ўқишдан кўнгли қолди. Дўстларидан узоқлашди. Ҳаётга бефарқ, орзуларсиз, бахтсиз бир одамга айланди. Минг афсуски, бугун унинг кўзларида изтироб.

 У бахтлими?

Ҳужжатли фильмда қишлоқда яшаётган бир қизнинг тақдири тилга олинганди. Унинг орзуси шунчаки ўқиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш эди. Аммо ота-онаси уни ёшлигидaёқ турмушга узатиб юборишди. Эрнинг доимий зўравонлиги, тинимсиз ҳақоратлари уни ич-ичидан еб битирди. У “мен бахтлиман” деб айта олмади. Унга ҳаёт –зулмат бўлди. Бундай мисоллар, афсуски, ҳаётда жуда кўп учрайди.

 Умидлар сўнмасин

Қиз бола – келажакдаги она. Бахтсиз қиз – иқболсиз она. Оила меҳр нуридан маҳрум хилқат. Қизлар беғубор бўлади. Қиз боланинг бахти – унинг билим олишида, фикрини эркин айтишида, севиб ва севилиб яшашидадир.

Аёл кулса, дунё кулар. Демак, у йиғласа – дунё табассумлардан айрилади. Энг катта фожиа – йиғлаётган қизни кўриб, ҳеч ким бунга эътибор бермаётганидир. Бу – умидлар кўз ёшидир.

Оиладаги муаммо илдизида кўпинча бебахт аёллар туради. Бахтли жамият истасак, аввало, ҳар бир қиз қалбидаги баҳорий орзуларни асрашимиз, унга меҳр, муҳаббат ва имконият беришимиз керак. Ҳар бир қиз, ҳар бир аёл бахтли бўлишга ҳақлидир!

Жасмина БАХТИЁРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =