XXI асрда — медиасаводхонлик

“Бугунги кунда ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиасаводхонлигини оширишни олдимизга кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб қўймоқда. Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Медиасаводхонлик ва медиатаълимнинг, айниқса, ҳозирги дунё миқёсида глобаллашув жараёнларининг кучайиб, ахборот маконлари ва манбалари кўпаяётган бир даврдаги ўрни, аҳамияти ортиб бормоқда.
Медиасаводхонлик — жамиятдаги фуқаро сифатидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаол ва саводли бўлиш, медиаматнларни қабул қила олиш, яратиш, таҳлил эта олиш ва баҳолаш, замонавий медианинг ижтимоий-маданий ва сиёсий мазмунини тушуна олиш демакдир.
Хорижий олимнинг фикрига кўра, медиасаводхонлик ҳаракат бўлиб, унинг асосий вазифаси инсонларни аудиовизуал ва босма матнларнинг маданий аҳамиятини тушуниш, яратиш ва баҳолашга ундашдан иборат.
Медиасаводхонликнинг мақсади ҳар бир медианинг устуворликлари ва камчиликларини тушунган ҳолда, улар томонидан тарқатилаётган ахборотни саралай билиш ва зарурини қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришдир. Асосий вазифаси эса инсонлар томонидан истеъмол қилинадиган ҳар қандай ахборотнинг манипулятив кучини англаган ҳолда ундан чегараланишдир. Шунингдек, одамларга оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик журналистикаси ролини тушунишга ёрдам беришдир.
Медиасаводхонлик ХХI асрдаги кўникмалардан бири бўлиб, классик саводхонлик (асосий ўқиш ва ёзиш қобилиятлари)дан рақамли ёки ахборот саводхонлигига ва натижада медиасаводхонлик ёки медиакомпетенцияга ўтадиган эволюция жараёнида пайдо бўлди.
Медиатаълим эса педагогик назария ва амалиётда ўзига хос, алоҳида билим соҳасининг бир қисми сифатида қараладиган замонавий оммавий ахборот воситаларини ўзлаштириш учун назарий ва амалий кўникмаларни ўргатишдир. Масалан, математика, физика ёки география каби бошқа билим соҳаларини ўқитишда оммавий ахборот воситаларидан ёрдамчи восита сифатида фойдаланишдан фарқ қилиши керак.
Медиатаълим бу — оммавий ахборот воситаларини ўрганиш ва ўргатиш жараёни, медиасаводхонлик эса талабалар томонидан олинган билим ва кўникмалар йиғиндиси, яъни бу жараённинг натижасидир.
Медиасаводхонлик Буюк Британия ва Австралияда гуманитар фанлар мажмуасида алоҳида фан сифатида ўтилмоқда. Финляндияда 1970 йилдан ўрта мактабларнинг, 1977 йилдан эса олий ўқув юртларининг ўқув дастурларига киритилган эди. 1990 йилларда эса мамлакатда медиасаводхонлик медиатаълим тушунчаси билан алмаштирилди.
Медиатаълим компоненти мактаб дастурларига аввалига мустақил фан сифатида эмас, балки она тили, тарих, эстетик фанлар ва экология фанларига интеграция қилинган. 2021 йилда Финляндия “ёлғон хабарлар ва дезинформациянинг салбий таъсирларига қарши туришда энг юқори салоҳиятга эга мамлакат” сифатида эътироф этилган.
Швецияда медиатаълим 1980 йилдан бошлаб таълим муассасаларида алоҳида фан сифатида ўқитила бошланган. Медиатаълимни жорий этишдан асосий мақсад, ёшларда оммавий ахборот воситаларининг хабарларини танқидий идрок этиш қобилиятини ривожлантириш, турли хил маълумотлар манбаларидан олинган хабарлар ҳақида ўз фикрини шакллантириш, шунингдек, томоша қилинган фильмлар ва теледастурлар ҳақида ўз фикрини билдириш қобилиятини шакллантириш бўлган. 2000 йилнинг кузидан бошлаб медиатаълим Швеция миллий ўқув дастурига расман киритилган.
1990 йилларда Россияда медиатаълимни илмий тадқиқ этишга уринишлар бўлиб, 2005 йили эса ЮНЕСКО ҳомийлигида “Медиатаълим” дарслиги яратилди ва Россияда кинотаълим ва медиапедагогика сайти ишга туширилди.
Медиасаводхонлик — оммавий ахборот воситалари орқали узатилаётган ва қабул қилинаётган кундалик ахборотни саралаш кўникмаларини, турли ахборотларни қабул қилгандан кейин ҳам ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилиш, ахборот қаердан, ким томонидан ва нима мақсадда узатиляпти, ўзида кимнинг манфаатларини акс эттиряпти деган тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Оммавий ахборот воситалари ёшлар ҳаётидаги катта таъсирга эга кучдир. Мусиқа, телевизор, видео ўйинлар, журналлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари дунёни қандай кўришимизга кучли таъсир кўрсатади, бу таъсир кўпинча болалик давридан бошланади. Оммавий ахборот воситаларини истеъмолчилар танқидий таҳлил қила олишлари учун уларда медиасаводхонлик кўникмалари ва одатларини болаликдан ривожлантириш керак бўлади. Бу кўникмаларга оммавий ахборот воситаларига базавий даражада кириш, уни муайян тушунчалар асосида танқидий таҳлил қилиш, шу таҳлил асосида баҳолаш ва ниҳоят, оммавий ахборот воситаларини ўзи ишлаб чиқариш киради.
ЮНEСКО ташкилоти томонидан ХХI асрда медиатаълимни тарғиб қилиш маданий-маърифий ривожланишнинг устувор йўналиши сифатида эътироф этилди ҳамда айнан шу йўл билан медиасаводхонликни ошириш мумкинлиги таъкидланди. ЮНЕСКО одамларнинг танқидий фикрлаш ва тўғри қарор қабул қилиш даражасини яхшилаш учун оммавий ахборот воситалари ва медиасаводхонликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
Бугунги кунда медиасаводхонлик бўйича бутун дунё мамлакатларида кенг тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўз қадрият ва анъаналарига эга бўлган Осиё мамлакатларида медиасаводхонлик ва унинг таълимга кириб келиши жараёни Ғарб мамлакатлариникидан бироз фарқ қилади. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб Шарқий Осиёда медиасаводхонлик томон силжиш кузатилди. Сўнгги йилларда Осиёда медиасаводхонлик даражаси ўсиб бормоқда ва Осиё-Тинч океани минтақасида бир нечта дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 10-11-синф ўқувчиларининг “Тарбия” дарслигига “Медиасаводхонлик” бўлими киритилди. Республикамизнинг ЎзЖОКУ, ТДШУ, ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ҚДУ, СамДЧТИ, ЎзМУ каби олий таълим муассасаларининг журналистика факультетлари ва педагогик йўналишларида медиасаводхонлик дарслари ўтила бошланди.
Сўнгги йилларда ахборот оқимининг бир неча баробар тезлашиши, ижобий маълумотлар билан бир қаторда, салбий характердаги ахборотнинг кўпайиши медиа саводхонликка эга бўлиш заруратини янада оширди. Анъанавий тарзда медиасаводхонлик шахснинг адабий асарларни таҳлил эта олиш ва сифатли матнларни яратишидан иборат бўлган. Инсон ўзига ахборотни ким ва нима мақсадда яратган, ушбу хабар мен учун зарурми, деган саволни бера олиши ва тўғри хулоса чиқариши, унга нисбатан танқидий ёндашиши лозим.
Айни пайтда медиа таълим асосларини ҳар бир таълим муассасаси ўқув дастурига киритиш, болаларга мактабгача таълим жараёнида унинг асосларини интерактив, турли ўйинлар шаклида тушунтириш, ўсиб келаётган авлод томонидан шиддатли ахборот оқимида зарурини танлаш ва унга танқидий ёндашган ҳолда баҳолай олиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида ёшларнинг келажакдаги фуқаролик позицияси янада мустаҳкамланишига, жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни холис баҳолаб, тўғри қарор қабул қила олишига асос бўлади.
“Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш долзарб аҳамиятга эга.
Президентимиз ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани айни вақтда, медиасаводхонликни ҳам кенг миқёсда йўлга қўйиш бугунги куннинг талаби! Оммавий ахборот воситалари орқали ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш эса ҳар бир журналистнинг виждон амридир.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
филология фанлари доктори.