Йиғлаётган дарахтларнинг уволи бор

Урганч шаҳар ҳокими диққатига!

Президентимиз жорий йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифида воҳада 10 миллион туп тут, жийда ва гужум экиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйган эди. Бу  жуда муҳим вазифа учун хоразмликлар мамлакатимиз раҳбарига тасаннолар айтгани айни ҳақиқат. Чунки ёз фасли ўта даражада иссиқ, қиши эса жуда қаттиқ совуқ келадиган ўлкада қадим-қадимлардан буён воҳа табиатига, иқлимига  мос келадиган дов-дарахтларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келиниши бежиз эмас.

Аммо нима бўлдию, бу анъана бироз четга сурилди ва бирваракайига арча дарахтини мажбурий равишда кўпайтиришга киришилгани ҳам сир эмас. Хоразмнинг иқлимига мос келмайдиган арчалар эса жуда қимматга тушган. Негаки, ҳар йили минг-минглаб туп арчалар ўтқазилаверади ва воҳанинг иссиқ ҳавоси туфайли улар қуриб қолаверди. Бу ҳол яқин-яқинларгача ҳукм сурди.

Фақат воҳанинг кекса отахонлари арча экиш компаниясига парво ҳам қилмай гужум дарахти ниҳолларини экишда давом этишди. Гужумларнинг барглари қалин бўлганлиги боис саратоннинг иссиғида танага ором беради, ерга тангадек қуёш нурини туширмайди. Чанг ва шамолда гужумнинг садоқатли барглари чангларни тутиб қолади. Табиатга кўрк бағишлайди, инсон вужудига ором, сокинлик бахш этади.

Албатта, экилган ниҳолларни асрашни ҳам билиш керак. Гуркираб ўсиб турган гужумларнинг қуриши кўп ачинарли ҳолдир.

Урганч шаҳрининг қоқ марказида, мустақилликнинг илк йилларида бунёд этилган “8-блок” деб аталадиган ҳудудида тадбиркорлик бинолари жойлашган. Савдо расталарида кийим-кечаклар, халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари сотишади.  Турли хил таомлар пиширилади. Бир пайтлар мазкур дўконлар атрофлари ям-яшил дарахтлар билан зийнатланган эди. Аммо сўнгги пайтларда дарахтлар кесилиб, бир кечада бетон қилиниб, дўкончалар қуриб ташланганига не дейсиз?

Яқинда бўйи икки-уч метр келадиган гужум дарахтининг шундоққина биқинига ўрнатилган тандирларни кўриб ачиндик. Тандирдан чиқаётган олов гужум япроқларини қорайтириб ташлаётган экан.

Тандирга бир боғ ғўзапояни тиқиб, сомса пишириш учун ҳозирланаётган  сотувчи бу манзарани телефонга тушираётганимиздан аччиғи чиқиб тўнғиллади.

— Ўсиб турган дарахт ёниб кетса яхшими? — деди ҳамроҳим, журналист Эрпўлат Бахт. — Биласиз-ку, гужум неча йилларда дарахт бўлади?

— Майли, тандирни бошқа жойга кўчирамиз, — деди ёнидаги киши.

Бундай ҳолатга “8-блок” ҳудудида яна уч-тўрт жойда дуч келдик. Айнан дарахтларнинг остига, соя-салқиндаги тандирлар гуриллаб ёниб, тутун қайтариб ётибди. Биноларнинг атрофларига ғўзапоя уйиб ташланган. Мазкур бинода бир неча овқатланиш шохобчалари жойлашган.

Наҳотки, Урганч марказий деҳқон бозорига ёндош ҳудуддаги бу манзара Урганч шаҳри ҳокимиятидаги масъулларни, табиатни муҳофаза қилишга масъул идораларни, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларини ташвишлантирмаса?

Вилоятдаги ободонлаштириш, санитария-эпидемиология бошқармалари катталари-чи, бундай хўжасизлик билан муроса қилишяптими? Бу гўзал Урганч шаҳар ҳуснига доғ эмасми?

Энг ачинарлиси, турли хил кабоб, сомса ва бошқа таомлар пиширилаётган ўчоқ ва тандирлардан чиқаётган заҳарли тутунлар нафас олишни қийинлаштиради. Ўзи ночор экологик ҳолатни яна ёмонлаштирмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг вилоят бошқармасидаги масъуллар қаерга қарашмоқда? Экология партиясидагилар, фаоллар ухлаб ётаверишадими?

ЭҲ, ГУЖУМЛАР, ГУЖУМЛАР…

Урганч шаҳрининг “Кечки ярмарка” деб аталадиган ҳудудидан юриб бораверсангиз, йўлаклар четига ўтқазилган гужум дарахтларини кўриб қувонасиз. Аммо бу дарахтларнинг қаровсиз, парваришсиз, эътиборсиз қолаётганлигидан ўкинасиз…

Бу ҳудуддаги бўйи 5-6 метр келадиган гужумлар узоқдан жуда чиройли кўринади. Яқинига бориб қарасангиз, дарахтларнинг япроқлари сарғайиб, қовжираб қолганини кўрасиз. Япроқлари илма-тешик бўлиб қолаётган гужумлар тақдирига нега бефарқсиз?

Яшилликни асраб қолайлик!

Йиғлаётган дарахтларнинг уволи тутмасин!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − fifteen =