Биз билган Бойжигит ака

Самарқанд вилояти тилга олинганда, таниқли ижодкорлар рўйхатида фахр билан тилга олинадиган қалам соҳиблари бисёр. Улар орасида Булунғурнинг нон-тузини еб вояга етган моҳир публицист, истеъдодли шоир Бойжигит Абдуллаев ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Гарчи Бойжигит Абдуллаев 1950 йил 3 январда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган бўлса-да, унинг тақдир ва ижод йўли Сирдарё вилояти билан узвий боғланиб кетди.
У меҳнат фаолиятини 1967 йилда оддий ишчи сифатида бошлаган. Аммо қалбидаги сўзга бўлган муҳаббат уни 1973 йили Сирдарё давлат педагогика институти томон етаклади. Бу қарор уни аввал ўқитувчиликка, сўнгра эса матбуот ва журналистика оламига олиб кирди.
Бойжигит Абдуллаев 1974 йилдан бошлаб Сирдарё вилоятининг турли туманларидаги нуфузли нашрларда — “Янги ҳаёт” газетаси мухбири, “Ғалаба байроғи” газетаси бўлим мудири, масъул котиби, “Истиқбол сари” газетаси бўлим мудири, “Сиҳат-саломатлик”, “Университет овози” ва “Маърифат кўзгуси” газеталарида бош муҳаррир сифатида самарали фаолият юритди.
— Бойжигит Абдуллаев — қалами ўткир, серқирра ижодкор. У тажрибали ва маҳоратли устоз-журналист, ғазалнавис шоир, фидойи инсон сифатида ҳурмат қозонган, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева. — У ёш авлодни тарбиялашда нафақат мақола ва шеърлари орқали, балки шахсан ўзи билан мулоқот орқали ҳам ибрат мактабини яратган.
Адибнинг “Тоза руҳ” (1996), “Тазарру манзили” (2002), “Яшасин муҳаббат” (2007), “Муҳаббат оҳанглари” (2013), “Матонат” (2015), “Қисмат қўшиғи” (2016), “Муҳаббат қўшиқлари” (2018) каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Яқинда эса “Тараннум” номли сайланмаси китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
“Сирдарёлик соҳиркалом шоир Бойжигит Абдуллаев ижодини 55 йилдан бери кузатиб келаётган адабиёт ихлосманди сифатида таъкидлашим мумкинки, унинг тасвир воситаларини қўллаш, фикр ва образни ифодалаш тарзида ўзига хос услуб шаклланган, — деди адабиётшунос Мунаввар Пардаев. — Илк шеърларида муҳаббат лирикаси устувор бўлган бўлса, кейинги ижоди фуқаролик масъулияти, инсон бурчи, юрт тақдирига дахлдор мавзулар билан бойиди. Унинг шеърлари — ўзбек мумтоз шеърияти билан уйғун ва руҳан боғланган асарлар. Навоий, Бобур, Ҳабибий, Собир Абдулла каби шоирлар анъанасида ижод қилади.
Ижодкорнинг “Тазарру манзили” ва “Тоза руҳ” тўпламларида инсон иймони, Ватанга муҳаббат, тавба ва маънавий тозалик каби мавзулар марказда туришини кўриш мумкин. Бойжигит Абдуллаев бугунги кунда ижоднинг етук палласида. Унинг қалами Янги Ўзбекистон маънавий юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда”.
2018 йилдан буён Бойжигит Абдуллаев Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси сифатида ҳам самарали фаолият юритмоқда. У нафақат қалами билан, балки амалий ташаббуслари билан ҳам ҳурмат қозонган. Вилоятдаги журналистларни бирлаштириш, “Тут сайли”, “Сумалак сайли” каби миллий анъаналарга таянган тадбирлар, ижодий учрашувлар, пресс-турлар, маданий-маърифий сафарлар ташкил этишда устознинг ҳиссаси беқиёс.
Шунингдек, у қўшни вилоятлар билан минтақавий семинарлар, медиа-турлар ташкил этиб, ижодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Б.Абдуллаев уюшмага аъзо ёшлар учун маҳорат мактаблари ташкил этган, фахрий журналистлар билан ҳамкорликда иш олиб боришни самарали йўлга қўйган.
— Бойжигит ака ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти билан маҳаллий журналистик муҳитни жонлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими мутахассиси Дилором Исмадиярова.
Бойжигит Абдуллаевнинг фаолияти, эзгу ташаббуслари ва ижод маҳсули давлат томонидан ҳам муносиб баҳоланган. “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси”, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Ҳа, фахр билан айтиш мумкинки, устоз Бойжигит ака нафақат Самарқанд ва Сирдарё адабий-ижодий муҳитининг, балки бутун мамлакатимиз маънавий ҳаётининг етук ва муносиб вакилларидан ҳисобланади. Ижодкорнинг шеърлари, публицистик мақолалари ва ташаббускорлик фаолиятида Ватан, миллат, инсон ва маънавиятга бўлган садоқат яққол намоён бўлади. Шу боис у биз билган ва билмаган қирралари билан ҳамиша ёдда қоладиган, ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ ижодкордир.
Камтаринлик, ҳалоллик, одамларга яхшилик қилишга ҳамиша интилиш – биз билган Бойжигит аканинг фазилатлари. Билмаганларимиз эса менимча, у кишининг билсак, ўқисак кўп маънавий озуқа оладиган шеърлари, ҳикоялари, публицистик асарлари. Уларни кўпроқ билсак, мутолаа қилсак арзийди.
Гулзайнаб ЗУЛҲАЙДАРОВА,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси бош мутахассиси.