Мактабларда динлар тарихи ўқитилиши лозим

Бу воқеани бир дўстим ҳикоя қилиб берганди.
…Холматнинг ўғли ўрта мактабни битирган йили катта балл билан олий ўқув юртига ўқишга кирди. Холмат тўнғич фарзандининг бу ютуғидан ниҳоятда хурсанд бўлди. Оддий имтиҳонлар ўрнига тест тизими жорий қилинган йиллар эди. Ўша йиллари билими саёз ўғил-қизлар илгаригидек таниш-билиш, рўйхат асосида ўқишга киролмади. Ҳатто отаси дурустгина амалдор бўлса ҳам. Фалончи ҳокимнинг ёки фалончи ректорнинг боласи тестдан ўтолмабди, деган гаплар ҳам қулоғимизга чалинди. Бу таълимда инқилоб билан баравар эди.
Бу ютуқ отанинг ўғлига эътибор қаратиб, 4-5 йил давомида дарсдан сўнг қўшимча сабоқ олиш учун репетиторга берганининг натижаси эди.
Холмат хурсанд бўлганидан қўй сўйди. Қўни-қўшни, ошна-оғайнисини чақириб, худойи қилди. Таниш мулла Қуръондан оят ўқиди.
Ўқиш бошлангач, ҳамма қатори унинг ўғлини ҳам чўлдаги хўжаликлардан бирига пахта йиғим-теримига ҳашарга олиб кетишди. Бу энди ўша йиллари мамлакатда оддий ҳол эди.
Бирон ойлар ўтгач, хотинининг қистови билан бозор-ўчар қилиб, ўғлини излаб пахта даласига борди.
Дала шийпонида 1-курс талабаларининг раҳбари — шу институтда Холмат ўқиган йиллари илмий атеизм фанидан дарс берган таниш ўқитувчи унга: “Ўғлингиз фалон далада пахта теряпти ва айни пайтда намоз ўқиётган бўлса керак”, деди соатига бир қараб қўйиб.
Домланинг жавоби Холматни ажаблантирди. “Нима деяпсиз?” деб сўради.
— Бир ёш ўқитувчи ишга келган институтимизга. Ўша болаларнинг онгини заҳарлади. Ўшанга эргашиб, ҳаммаси намоз ўқияпти. Ҳозир пешин бўлди, — домла бўйнини чўзиб, пахта даласига қараган бўлди. — Кўринишмаяпти. Демак, бирон дарахтнинг соясида ўқишяпти.
Холмат ҳам устозини “чақиб” олди:
— Сиз бир вақтлар бизга “дин — афюн” деб ўқитгансиз-ку, нега бугун ёшларга қарамаяпсиз?
— Билмадим, лекин, ҳозир ҳам шу фикрдаман, — домла мунғайиб оғир хўрсинди ва ерга қаради. — Энди менинг гапимга ишонишмаяпти. Бир маҳмадона олифтанинг изидан эргашиб юришибди. Ҳали кўп пушаймон бўлишади. Бу ҳақда албатта ректоратга ёзиб бераман.
Холмат пахта даласига бориб, домланинг айтганлари ростлигига ишонди. Ўғли билан бирров кўришди. “Уйга қайтгин, сен билан бафуржа гаплашамиз”, дея ортига қайтди.
Йўл-йўлакай ўйлаб келди: “Ўғлининг тарбиясида қаерда хато қилди? Болаларимни ҳалол нон-туз билан боқяпман, деб ўйларди. Холматнинг ўзи совет мактабларида ўқиди, коммунистик мафкура сабоқларини онгига сингдирди. “Илмий коммунизм”, “Илмий атеизм” деган фанларни яхши ўзлаштирган. Энди бу тузум унинг ўғлини қандай қабул қилади, унинг келажаги қандай бўлади?”
Ёши қирқдан ошиб, боши саждага эгилмаган отани қўрқув босди.
Талабалар пахта ҳашаридан қайтгач, бир куни ўғлини олдига чақирди. Пахта даласидаги ҳолатни, “устози”ни батафсил суриштирди. Диний сабоқларининг даражаси билан қизиқди. Ҳали ўғлининг диний билимлари бошланғич ҳолатда эди.
Кейин қатъий деди:
— Энди ишлайсан: ҳам ишлаб, ҳам ўқийсан.
— Дада, мени ким ишга олади, ўқишимга қандай улгураман?
— Ишни мен топиб бераман сенга. Улгурасан. Намоз ўқишга улгуряпсан-ку?
Дўкондор оғайнисидан илтимос қилди. Ўғли тушликка қадар ўқишга боради, кейин ярим тунга қадар дўконда ишлайди.
Боланинг юриш-туриши ва ўқишини дўкондор оғайниси, аёли ва домлаларидан суриштириб турди.
“Болам бечора чарчаяпти, шекилли, намоз ўқимай қўйди”, деди бир куни аёли.
Бундан Холмат хурсанд бўлди. Пахта даласидаги “устози” институтдан ҳайдалди. Ўша гуруҳдаги болалар институт маъмурияти томонидан қаттиқ сиқувга олинди. Ашаддийлари ўқишдан четлатилди. Бир хўжалик раиси ўғлининг хулқи туфайли вазифасидан олинганини ҳам эшитди.
Бир неча йил олдин Холматни бир тадбирда учратиб қолиб, ўғлини сўрадим.
— Ўғлим ўқишни муваффақиятли тугатди. Ишлагани фойда қилдими, одамлар билан муомалани ўрганди. Ўзимга ўхшаган замонавий ва дунёвий одам бўлиб камолга етди. Неча йилдирки, давлат хизматида. Фақат тўғри ва текис йўллардан юради. Энди эса мен оромимни йўқотганман, жўра. Ҳар саждага бош экканимда ўйлайман: ўғлимга нисбатан адолатли йўл тутдимми? Шу савол менга сира тинчлик бермайди.
Холматнинг мана шу гапи ушбу мулоҳазаларни ёзишимга туртки бўлди.
Дарвоқе, мамлакатимизда кейинги йилларда одамларнинг эътиқод, диний эркинлигини таъминлашга доир тўсиқлар олиб ташланди. Аҳоли эмин-эркин Ҳаж ва Умра зиёратларига бориб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимизда одамлар азон овозидан уйғониб, хуфтон намозидан сўнг ором олмоқда.
Мен туғилиб ўсган қишлоқда илгари кичиккина масжид бўларди ва унинг атрофида беш-ўнта чолга кўзим тушарди. Бугун унинг ўрнида салобатли ва ҳашаматли масжид қурилди. Жума кунлари масжиднинг кўчасидан ўтиб бўлмайди. Жамоат намозига кириб-чиқаётган одамнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг орасида ёш болалар — мактаб ўқувчилари ҳам кўп.
Сезиб турибсиз, бу нозик мавзу. Бош қомусимизга биноан Ўзбекистон тўғри йўлда, биз дунёвий, ҳуқуқий-демократик, одамлар эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш йўлидан боряпмиз.
Кейинги йиллардаги очиқлик, эркинлик сиёсати эътиқод эркинлигига йўл очиб берди. Жамиятимизда аҳолининг диний қадриятларга амал қилиши кучайди. Бу аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган давлат учун яхши, албатта. Ўзбек оилаларида ҳам айни пайтда ғалати табақалашув жараёни бормоқда. Совет тузуми мафкуравий сабоқларидан баҳраманд бўлиб улғайган кекса авлоднинг катта қисми — ёши элликдан ошганлар ҳамон эҳтиёткор ва иккиланишлар орасида, улардан кейингилар эса диний расм-русумларга амал қилиб яшаш йўлини тутмоқда.
Яна бир тоифа борки, улар ўзини ҳам дунёвий, ҳам қатъий эътиқодли ҳисоблашади. Мусулмончиликнинг барча фарзу амалларини адо этишади ва бир вақтнинг ўзида ўз ҳузур-ҳаловатини ҳам эсдан чиқаришмайди.
Қайси йили ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижодий уйида бир ҳурматли шоир акамиз билан бирга дам олдик. Совет замонида ўқиган, амалларга минган, кўп нарсани биладиган улфат одам. Суҳбатларидан зерикмайсиз. Шоирлик унинг қўшимча машғулоти — хоббиси дейдими?
— Хотиним оғир дардга чалиниб ётиб қолди, — дея ҳикоя қилди у. — Кўп қаратдик. Ўзи врач эди. Ҳаммасини тушуниб турарди. Бир куни ишхонамга телефон қилиб: “Бугун эртароқ келинг ва ичмай келинг”, деди. Кейинги пайтларда бироз ўзимни хотиржам қилишим учун “сабил қолгур”дан кўпроқ “отаётган” эдим. Уйга келсам, аёлим ногиронлик аравачасида дарвоза олдида мени кутиб турибди. Яхши кийиниб, ўзига оро ҳам берган. “Мени бир қучоқланг”, деди. Эгилиб, уни бағримга босарканман, хушбўй атир ҳиди димоғимга урилди. “Рустам (исм шартли), — деди сенлаб (биз мактабда ҳам, институтда ҳам рус гуруҳида ўқиганмиз). — Уйга дугоналаримни чақирдим. Бири врач, бири ўқитувчи, бири маҳаллада ишлайди. Тақдир тақозоси билан бева улар. Болаларимиз ўз йўлларини топиб кетишди. Мендан кейин шу дугоналаримдан бирига уйланасан. Сен энергичний, соғлом одамсан. Мендан кейин қийналиб қолишингни истамайман”.
Йиғлаб юбордим. У ҳам йиғлади. Биргалашиб узоқ йиғладик. Хотиним ўша куни тунда узилди. Ҳа, турмуш ўртоғим шунақа мард аёл эди!
Шоир акамиз аёли ҳақида шундай меҳр билан соатлаб гапирарди. Бир куни ундан “Дўрмон”га кўп келиши сабабини сўрадим.
— Ўзим ва оилам ўрис мактабида ўқиганимиз учунми, болаларни ҳам ўрис мактабларида ўқитдик. Улар қобилиятли эди ва ҳаётда ҳам ўз йўлларини топиб кетишди. Ҳозир кичик ўғлим билан биргаман. Касби врач, намозхон, келин ҳам рўмолда. Энди набиралар ҳам намоз ўқишяпти.
Мен эса ёлғизман, уларга қўшилолмайман. Бутун умр бошқача ҳаёт тарзида яшаган одамнинг бирдан ўзгариши қийин экан. “Фарзандларим менинг ҳаёт тарзимни инкор қилишяпти, демак, нотўғри яшабман-да”, дея ўйлайман. Ваҳоланки, мен Ватанга сидқидилдан хизмат қилдим. Давлат берган орден-медалларим, илмий даражам ҳам бор. Энди ўз уйимда бегонадайман. Шуларни ўйлаб, сиқиламан. Эркинликни хоҳлайман. Шунинг учун бу ерга кўпроқ келаман. Менинг ёшимдаги одамни ўзгартириб бўладими? Энди биз шундай ўтдик-да. Бу ерда эса сизга ўхшаган укахонлар кўп.
Рустам аканинг гаплари кишини ўйлантириб қўяди. Айниқса, ҳали вояга етмаган болаларнинг оммавий динга берилиши жиддий ўйлаб кўрадиган масала. Бу болалар сабоқларни кимдан олишяпти, уларни динга даъват қилаётган ота-онаси, яширин ҳужраларда уларга таълим бераётган отинойилар ёки муллаваччаларнинг савияси қай даражада? Улар ёшларга нималарни ўргатишяпти?
Бу жамиятни икки-учга — дунёвий-замонавийлар, намозхонлар, аралаш-қуралаш тоифаларга бўлиб ташламайдими? Ҳозир ишхоналарда ҳам шундай гуруҳлар пайдо бўлмоқда. Бу қандайдир хавотирлар, хавфларга асос бўлмайдими? Оилага кетган дарз жамиятни ҳам пароканда қилмайдими?
Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, бир таклифни ўртага ташламоқчиман: мамлакатимизнинг барча давлат ва нодавлат мактабларида ислом дини тарихи ўқитилса маъқул бўларди. Болалар диний билимларни қандайдир кўздан пана жойларда эмас, давлат дастурлари асосида ёзилган дарсликлардан олиши лозим. Уларга олий маълумотли диний уламолар сабоқ бериши керак.
Шунда муқаддас ислом динини бир ёқлама талқин қилувчи ақидапарастлар, экстремистлар, фанатлар, жоҳиллар пайдо бўлишининг олди олинармиди?
Хулоса ўрнида буюклар айтган гапни такрорлаймиз: дунёни жаҳолатдан фақат илм-фан қутқаради. Ислом дини эса яхшиликка, эзгуликка хизмат қилади. Қалбларимизни мунаввар қилади.
Абдужалол ТАЙПАТОВ,
журналист.