Салом, мактабим!

Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, умумтаълим муассасалари фаолиятида ҳам ўз ижобий самарасини кўрсатмоқда. Шундай масканлар борки, у ерда нафақат билим берилади, балки иқтидор, тарбия ва эзгулик тараннум этилади. Ана шундай намунали таълим даргоҳларидан бири — Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 125-сонли умумтаълим мактабидир.
Мактабда 94 нафар педагог фаолият юритмоқда, 1648 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Бу муассаса ўз фаолияти давомида нафақат етук билим берган, балки юзлаб мард, ватанпарвар, интеллектуал салоҳиятли ёшларни вояга етказган замонавий мактаб сифатида танилган. 2023 йили “Обод маҳалла” дастури доирасида мукаммал таъмирланди. Мактабда яратилган қулай шарт-шароитлар, малакали педагогларнинг фидокорона меҳнати ва замонавий технологияларга асосланган таълим методикалари бу даргоҳни юксак поғоналарга олиб чиқмоқда.
Мактаб ўқувчиларининг билим олиш жараёнини самарали юритиш мақсадида қоғозсиз журнал тизимига ўтган, бу таълим жараёнида рақамли платформалардан фойдаланишни рағбатлантиради. Мактабда таҳсил олаётган 15 ёшли ўқувчиларнинг 42 нафари “PISA-2025” халқаро баҳолаш тадқиқотида иштирок этиши ҳам қувонарли воқеалардан бири ҳисобланади. Ўқувчилар билан индивидуал ёндашув асосида ишлаш тизими ташкил этилган. Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Турон” театри танловида ҳам мактабнинг иқтидорли ўқувчилари фаол иштирок этиб, туман босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Мактаб:
– рақамли технологиялар асосидаги таълим жараёни (электрон журнал, онлайн мониторинг, замонавий фан лабораториялари);
– юксак салоҳиятли педагоглар жамоаси;
– иқтидорли ўқувчилар билан олиб борилаётган тизимли ва самарали ишлар;
– фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштироки билан намуна бўлмоқда.
Мактаб замонавий таълим ёндашуви асосида ўқувчиларнинг билим, тафаккур ва шахсий салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган. Унда педагогик жамоанинг самарали фаолияти, инновацион методларни татбиқ этиш ва ўқув муҳитининг қулайлиги устувор аҳамиятга эга.
Бу мактаб ўқувчилари йилдан-йилга юксак натижаларга эришиб келмоқда. Республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, олимпиадалар ва форумларда қўлга киритилган муваффақиятлар буни яққол исботлаб турибди. Битирувчиларининг аксарияти юртимиздаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга кириб, жамиятда ўз муносиб ўрнини топмоқда. Жумладан, 2024-2025 ўқув йилида 150 нафар мактаб битирувчисидан 95 нафари олий таълим муассасалари талабалигига, 6 нафари ихтисослаштирилган техникумларга қабул қилинди. Бу эса давлатимизда рақобатбардош, билимли ва ташаббускор ёш кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мактабда хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитиш, ахборот технологиялари йўналишида тўгараклар ташкил этиш, танқидий ва креатив фикрлашга ўргатиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Ёш авлодга нафақат билим, балки ватанпарварлик, инсонийлик ва меҳнатсеварлик каби эзгу фазилатлар сингдирилмоқда.
2025-2026 ўқув йилида 1-синфга 141 нафар кичик юртдошларимизнинг илк бор қадам қўйиши — мактаб ҳаётида муҳим ва қувончли воқеа бўлиб, бу таълим даргоҳининг юксак обрў-эътибори, замонавий шароитлари ва тажрибали жамоасига билдирилган ишончнинг ёрқин ифодасидир. Бу нафақат янги ўқув йилининг бошланиши, балки ёш авлод учун таълим сари очилган илк саҳифа, орзулар сари қўйилган дадил қадамдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир биринчи синф ўқувчисига анъанавий тарзда тақдим этилаётган Президент совғаси — асосий дарсликлар ва ўқув қуролларидан иборат тўплам эса қувонч устига қувонч қўшмоқда.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик болажонлар қалбида таълимга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаб, уларни билим олишга, Ватанга муносиб фарзанд бўлишга илҳомлантиради. Ҳар бир дарслик — бу келажак сари очилган дарча, ёш авлод учун билим манбаи, ишонч ва илҳом тимсоли дейиш мумкин.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Миробод туманидаги 125-сонли умумтаълим мактабида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда “Биринчи қўнғироқ” тадбири ўтказилди.
Тадбирда мактаб директори Б.Мирхаликов, Миробод тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Г.Муратова, Янги Қўйлиқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Абдурашитов, Баркамол авлод мактаби директори K.Улуғов, ёшлар етакчиси, маҳалла фаоллари, фахрий устозлар ва ота-оналар иштирок этди.
Тадбир давомида Она Ватанимиз ва Мустақилликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар, маданий чиқишлар ёшлар қалбида яна бир бор ватанпарварлик ҳиссини юксалтирди.
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1-синф ўқувчиларига тақдим этилган махсус Президент совғалари мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжи ўқувчилар қалбида бир умр муҳрланиб қолади ҳамда уларнинг илму маърифатга бўлган қизиқиши, келажакка бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади. Шунга уйғун равишда мактабимиз жамоасида фаолият юритаётган 94 нафар малакали педагог ходимлар томонидан олиб борилаётган замонавий таълим бериш борасидаги билим ва кўникмалар ҳам мактабимизда таълим сифатини янада оширмоқда, — деди 125-сонли умумтаълим мактаби директори Бобур Мирхаликов.
Дарҳақиқат, мактаб — бу нафақат таълим муассасаси, балки келажак пойдеворини мустаҳкам қўювчи, етук, иқтидорли ва ҳар томонлама баркамол ёшларни вояга етказувчи билим ва тарбия масканидир.
Акбархон МАГДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.