Санъаткорнинг умр йўллари

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова таваллудига 85 йил тўлди

Бетакрор санъат мактаби асосчиси, ўзбек қўшиқчилигининг ёрқин намояндаси Олмахон Ҳайитованинг ҳаёти турфа хил ҳодисаларга бой тарзда кечди. У 1940 йил 6 мартда Хонқа туманида оиланинг олтинчи фарзанди бўлиб дунёга келди. Унинг отаси Ҳайитбой ака темирчи-уста, онаси Шукуржон опа оддий уй бекаси бўлган.

Олмахон Ҳайитованинг болалиги ҳақида одамлар орасида турли хил гап-сўзлар юради. Воҳалик таниқли журналист Ғофур Отажоновнинг маълумотига кўра, ёш Олмахон 6-7 яшар пайтида уни Хонқанинг Ширин (ҳозирги Олажа) қишлоғида яшовчи Хоним Дапан деган одам фарзанд қилиб асраб олади. Чунки Иккинчи жаҳон уруши энди тугаган даврларда Ҳайитбой аканинг оиласида серфарзандлиги сабаб моддий қийинчиликлар ҳукм сурар эди.

Хоним Дапан оиласида Олмахон қўй боқиб, уй ишларига қарашиб, 12-13 ёшларигача яшайди.

Бу гапларни Олмахон Ҳайитованинг яқинлари инкор қилмоқчи бўлишади. Бироқ унинг Хоним Дапан оиласида бир неча йиллар яшаганини тасдиқлайдиган ва у билан бир хонадонда яшаган инсонлар ҳали ҳаёт экан, ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди. Олмахон опа ҳам бу ҳақда ошкора гапирмаган, балки ўз фарзандини бировга бериб юборган ота-онасининг шаънига муносиб бўлмаган иш дея ўйлагандир. Нима бўлганда ҳам у болалигида қўй ва мол боқиб катта бўлганини яширмаган.

— Ёшлигимда қўй боқиб юриб, катта бир тут дарахтига суяниб ухлаб қолибман. Тушимда оппоқ кийинган нуроний отахон менга тор ва китоб берди. “Қизим, ўқи ва куйла! Оқ йўл сенга!” — деди у менга фотиҳа бераркан, — деб эслар эди Олмахон Ҳайитова ўзаро суҳбатларимиз чоғида.

Илкис уйғонибоқ ёш қизалоқ қўлидаги чўпонлик таёғини тордек чалган бўлиб қўшиқ хиргойи қила бошлайди.

— Қизиқ жиҳати шуки, мен болалигимда “р” ҳарфини аниқ айтолмас эдим. Ана шу хосиятли тушни кўриб уйғонгач, ашула хиргойи қила бошлаганимдан сўнг бу нуқсон менда буткул йўқолиб кетди, — дерди Олмахон Ҳайитова.

Сир эмаски, аксарият Хоразм аёллари шаддод ва шижоатли бўлишади. Бу хислат уларга от елдириб ёвни мот қилган Тўрабекхоним ёки Гўрўғли билан кураш тушиб, уни елкаси оша ерга тортиб урган Хирмондали каби аждодларидан ўтган бўлса ажаб эмас. Олмахон Ҳайитова ҳам ўсмирлик чоғларида спортга жуда қизиққан. Дугоналарини хафа қилган ўғил болаларга танбеҳ бериб қўйишга тўғри келса, ҳар доим енг шимариб чиққан. Айниқса, у велосипед ҳайдашни жуда ёқтирган. Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган веломарафон ёки мусобақаларда фаол иштирок этиб, вилоятда 1-ўринни қўлга киритган. Бўйи етиб қолгач, ота-онаси спортчи бўлиш қиз болага ярашмайди деган фикрда унга ортиқ мусобақаларда иштирок қилишига рухсат беришмайди. Ана шундай пайтда у бор аламини қўшиқдан олмоқчи бўлади. Танаффус пайти баланд овозда хиргойи қилган ашулаларини эшитиб қолган мусиқа ўқитувчиси Ўктам Саидов уни мактабда фаолият юритаётган бадиий ҳаваскорлик тўгарагига жалб қилади. Қисқа муддатда ундаги иқтидор ва қобилият кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлади. Ўқувчи қиз Олмахон турли байрам ва тадбирларда мактаб саҳнасида, мактаблараро беллашувларда қўшиқлар куйлай бошлайди. 10-синфни битираётган бир паллада у Москвада ўтказилган Бутунжаҳон ёшлар фестивалининг фаол иштирокчисига айланади.

Қизиқувчанлиги сабаб Олмахон Ҳайитова мусиқа асбобларини чалишни ўрганишга қаттиқ ҳаракат қилади. Аввал доира, кейин гармон, сўнгра эса тор чалишни пухта ўзлаштиради. 19 ёшида таниқли ҳофиз Комилжон Отаниёзов билан танишган кезларда у торни жаранглатиб чалиш қобилиятига эга хонанда сифатида Хоразмда бироз танилиб қолган эди. Ҳақиқатан ҳам профессионал қўшиқчиликда у Марказий Осиёда илк бор қўлига тор олиб саҳнага чиққан аёл хонанда сифатида санъат тарихининг ёрқин саҳифаларини очди. Бироқ бунгача унинг Ёнғин Мирзо қаламига мансуб “Онам дерман” қўшиғи радиоэшиттиришларда янграб, миллионлаб мухлислар олқишига сазовор бўлган эди. Кейинчалик устози Комилжон Отаниёзов унга “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан “Найлайин” ашуласини ўргатади. Ёш хонанда бу ашулани маромига етказиб куйлайди. Ҳанузгача бу қўшиқнинг жозибаси кўпчиликни мафтун қилиб келади.

Комилжон Отаниёзов билан танишув Олмахон Ҳайитова ҳаётида янги уфқларни очди. Устози уни Янгийўл театрига хонанда сифатида ишга таклиф қилади. Орадан тўрт йўл ўтиб, Муҳиддин Қориёқубов номидаги ўзбек давлат филармонияси қошидаги “Хоразм” ашула ва рақс ансамблида ўз фаолиятини давом эттирди. Бу ерда ишлаш жараёнида кўплаб мамлакатларда гастроль сафарларида бўлди. Ўзининг бетакрор овози билан Шарқ санъати ихлосмандларини лол қолдирди, олқиш ва эътирофларга сазовор бўлди.

Олмахон Ҳайитова кейинчалик ўзи пойтахтда “Ўзбекистон гуллари” ансамблини ташкил қилади. Бу ерда доиракаш сифатида фаолият олиб бораётган Руслан Мадраҳимов билан аҳду паймон қилиб оила қуради. Кейинчалик Руслан ака ҳуқуқшуносликка ўқиб, олий маълумот олгач, ички ишлар соҳасига ишга ўтиб, узоқ йиллар турли лавозимларда меҳнат қилди. Эр-хотин тўрт нафар фарзандни тарбиялаб камолга етказди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Олмахон Ҳайитова яна бир машҳур қўшиғи билан санъат шайдолари қалбини забт этди.

— Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси доирасида бир гуруҳ ўзбек санъаткорлари билан Туркманистон пойтахти Ашхободга концерт қўйгани бордик. Меҳмонхонада қўлимга туркман шоири Залилийнинг китоби тушиб қолди. Ундаги бир шеър диққатимни тортди.

Сансан маним дилбарим,

Жонимнинг жононаси.

Икки жаҳон сарварим,

Кўнглимнинг кошонаси, —

 

дея бошланувчи шеърни ёд олиб, машқ қилиб ўтирган эдим. “Бу сатрларга нимадир етишмаяпти”, десам, Комилжон устознинг яна бир муносиб шогирди Матмурод Солаев: “Бари гал” етишмаяпти”, деб қолди. У “бари гал” жумласи туркманларга жуда ёқиб тушишини айтиб, уни ҳар бир мисрадан сўнг радиф шаклида такрорлаш зарурлигини айтиб қолди. “Сансан маним дилбарим, бари гал”, деб куйлаб кўрсам, жуда зўр чиқяпти. Қўшиқни саҳнага олиб чиққанимда туркман қардошларимиз ўрнидан тик туриб қарсак чалиб кутиб олишган эди, — дея ҳикоя қилган эди Олмахон Ҳайитова суҳбатларимиздан бирида.

Ўзбек аёллари ичидан етишиб чиққан забардаст санъаткор сифатида Олмахон Ҳайитова мақом ва сувораларни маромига етказиб куйлаб, халқнинг меҳрини қозонди. У куйлаган мумтоз ашулаларни манаман деган эркак хонандалар ҳам қойиллатиб куйлай олиши қийин, аслида.

Таниқли санъаткор гарчи “Ўзбекнаво” бирлашмасининг Хоразм вилоят бўлимини бошқарган катта раҳбар бўлса-да, оилада оддий аёл, меҳрибон она, сариштали бека эди. У меҳмонларга ўзи таом тайёрлар ва чой дамларди. “Меҳмон атойи Худо, нега уларга ўзим хизмат қилмай, нега савобдан қуруқ қолишим керак?!” дерди. Унинг турмуш ўртоғи Руслан ака таниқли шоир Ошиқ Эркиннинг укаси эди. Ҳар гал Эркин аканинг туғилган кунига борганимизда, Олмахон опа барча яқин қариндошлар қатори меҳмонларга чой ташиб хизмат қилаётганини кўп кўрардик.

Эл севган ҳофизанинг ўз онасига меҳри чексиз бўлган. Шукуржон момо вафот этганида, Олмахон қизи “Онам дерман” ашуласини йиғлаб, бўзлаб айтаркан, бир умрга онаизор билан видолашган.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, профессор Олмахон Ҳайитова 2014 йилнинг 1 январида бу ёруғ оламни тарк этди. Унинг мингга яқин бир-биридан сара куй-қўшиқлари халқимиз қалбида бир умр сақланиб қолди.

Эрпўлат БАХТ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =