ШҲТ саммити: Юксак даражадаги ҳамкорлик ва тарихий ташаббуслар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга расмий ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди
Маълумки, Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 31 август куни рафиқаси билан бирга Тяньцзинь шаҳридаги “Мэйцзян” конгресс марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг норасмий тадбирларида иштирок этди.
Ўзбекистон етакчиси 1 сентябрь куни ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда қатнашиб, кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўз нутқларида қатор ташаббусларни илгари сурди.
2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Хитой раиси Си Цзиньпин билан расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлди. Ўзбекистон ва Хитой етакчилари стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилдилар.
Учрашув аввалида Давлатимиз раҳбари Хитой етакчиси ва дўст Хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ўзбекистон Президенти ХХР раисининг глобал бошқарув бўйича ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади. Давлат раҳбарлари ўтган йиллар давомида икки томонлама муносабатлар ривожида катта ютуқларга эришилганини эътироф этди. Барча даражалардаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, муҳим масалалар юзасидан томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида қайд этилди.
“Ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани алоҳида таъкидланди.
Ўзаро савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш вазифаси турибди.
Учрашувда инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилишининг амалий босқичи бошлангани қайд этилди.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиан нефть университети филиалини очиш тўғрисида битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.
Жорий йилда Ўзбекистонда иккинчи таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.
Мамлакат ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон – Хитой “Лу Бан устахоналари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.
Сайёҳлар алмашинуви ўсиши учун шароит яратиш мақсадида авиақатновлар сони оширилмоқда, икки мамлакат ўртасида визасиз тартиб жорий этилди.
Ташриф доирасида ўзаро маданият марказларини очиш тўғрисида тарихий битим қабул қилинди.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Учрашув якунида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.
Шунингдек, Президентимиз Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама масалалар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Россия етакчиси Давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини Мустақиллик куни билан самимий табриклаб, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.
Илгарироқ бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолишга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим экани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга оширишни жадаллаштириш, ҳудудлар ўртасида ва ташкил этилган қўшма саноат парклари доирасида кооперация алоқаларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Гуманитар соҳада, энг аввало, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Давлатимиз раҳбари Хитой бош вазири Ли Цян, хорижий делегациялар раҳбарлари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан ҳам самарали учрашувлар ўтказди.
Жумладан, ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан бўлган учрашувида кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида мамлакатимиз раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ва бутун Хитой халқини буюк Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги даврда барча шароитларда стратегик шериклик ва кўп қиррали етук ҳамкорлик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткични маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш орқали 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.
Шу мақсадда Ўзбекистонда стандартларни уйғунлаштириш ва маҳсулотларни Хитой талаблари асосида сертификациялаш учун қўшма Квант метрология маркази ва Минтақавий саноат стандартлаштириш марказини очиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бу галги ташриф доирасида маданият марказларини ўзаро очиш тўғрисида битим имзолангани қайд этилди.
Жорий йил Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми бўлиб ўтади. Чунцин шаҳрида илк бор Касб-ҳунар таълими форуми ўтказилди, ушбу йўналишда “Ўзбекистон – Хитой альянси” тузилди. Ўзбекистон ҳудудларида “Лу Бан устахоналари” очилади.
Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.
Томонлар авиақатновлар сонини янада кўпайтириш ва сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрига ташриф доирасида “China National Petroleum Corporation” (CNPC) компанияси директорлар кенгаши раиси Дай Хоулян билан ҳам учрашди.
Хитой миллий нефть-газ корпорацияси углеводород хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича юқори технологик лойиҳаларни мамлакат ичида ва ташқи бозорларда амалга оширишга ихтисослашган дунёнинг энг йирик энергетика компанияларидан биридир. Компаниянинг бозор капиталлашуви 200 миллиард доллардан зиёд.
Учрашувда мамлакатимизга «CNPC» киритган инвестициялар ҳажми 5 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Хитой компанияси билан инвестициявий ҳамкорлик портфелини кенгайтириш ва ерости табиий газ сақлаш иншоотларини қуриш, инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий метрологик стандартлар ҳамда инновацион ечимларни жорий қилиш лойиҳаларини илгари суриш режалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “China National Nuclear Corporation” (CNNC) раиси Шэн Янфень билан учрашди.
Хитой миллий ядро корпорацияси фуқаролик ядро дастурлари соҳасидаги энг йирик давлат корхонасидир. Компания уранни қидириш ва бойитишдан тортиб, Хитой ва хорижда атом электр станцияларини қуришгача бўлган лойиҳаларнинг тўлиқ занжирини амалга оширади.
Учрашув аввалида давлат раҳбари “CNNC” раиси ва жамоасини Хитой атом саноатининг 70 йиллиги билан қутлади. Мулоқот давомида Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой компаниясининг замонавий технологиялар трансфери ва уран конларини ўзлаштиришдаги иштироки, истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, тинч атом соҳасида кооперацияни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев “Henan Investment Group” компанияси бош директори Чжу Хунбин билан учрашди. Хитойнинг энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги етакчи компанияларидан бири бўлган “Henan Investment” қурилиш, саноат, энергетика, экология ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда. Компания активлари 50 миллиард доллардан зиёд.
Ўзбекистонда кўмир конларини ўзлаштиришда илғор технологик ечимларни жорий қилиш, замонавий электр станциялари, энергия сақлаш тизимларини лойиҳалаштириш ва қуриш, биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаб, тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Юртбошимиз 3 сентябрь куни Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган ғалаба парадида иштирок этди.
Жуда самарали ва юксак даражадаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаган, Президентимиз томонидан тарихий ташаббуслар илгари сурилган ШҲТ доирасидаги тадбирлар якунланди. Олий мартабали меҳмонларни Хитой расмийлари кузатиб қўйди.
ОАВ хабарлари асосида
тайёрланди.