Ҳозирги замон ўзбек адабиёти намуналари — француз тилида

Машҳур икки нафар ўзбек адибининг француз тилига таржима қилинган ва яқинда нашрдан чиққан китобларини мамнуният билан ўқир эканман, хаёлимдан даставвал шу ўй ўтди: “Ҳозирги замон миллий адабиётимизнинг яна иккита сара асари дунёга тақдим этилгани жуда маъқул иш бўлибди. Чунки Францияда ўзбек адабиётига қизиқиш бугун пайдо бўлмаган, балки бу узоқ асрлардан буён давом этиб келаётган изчил маърифий жараёндир”.

Маълумки, ХVII асрдаёқ улуғ шоиру аллома аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби буюк олимларимизнинг илмий фаолияти француз энциклопедияларида таъриф этила бошланган. Айнан Францияда дунёда биринчилардан бўлиб “Темуршунослик” фанига асос солинган ва шавкатли Соҳибқирон бобомизга бағишланган кўплаб адабий-бадиий ҳамда илмий-тарихий асарлар битилган ва таржима қилинган.

Ўзбек адиблари асарларининг Францияда ўрганилиши ва таржима қилиниши тарихи бўйича изчил тадқиқотлар олиб борган таниқли олим — филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбековнинг қайд этишича, ХVIII асрдан бошлаб француз шарқшунослари ўзбек адабиётини илмий ўрганиш ва таржима қилишга астойдил киришганлар.

Бу даврда яшаган француз маърифатпарвар адиблари Монтескье, Вольтер ва Руссо Шарқ адабиётининг улкан мухлиси сифатида Ҳофиз, Саъдий, Навоий асарлари билан яқиндан таниш бўлгани бежиз эмас .

Бу илмий-ижодий жараёнлар Ўзбекистонда совет тузуми амал қилган замонларда ҳам давом этди. Хусусан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон каби ўнлаб шоир ва ёзувчиларимизнинг асарлари Францияда ўрганилди ҳамда француз тилига таржима қилинди. Аммо профессор М.Холбеков “совет адабиётининг Францияда тарғиб ва таржима қилиниши суст”лиги масаласига ҳам эътибор қаратган.

Олимнинг фикрича, ўз даврида франциялик мутахассислар ушбу ҳолатни турлича изоҳлаганлар. Жумладан, таниқли француз ёзувчиси, Гонкур академияси аъзоси Эрвен Базен бунга “тил билувчи моҳир таржимонларнинг жуда танқислиги”ни сабаб қилиб кўрсатган. Яна бир машҳур адиб Андре Стиль қайд этишича эса, француз адабиёти ва танқидчилигида совет адабиётини тарғиб қилиш ҳамда социалистик турмуш тарзини тасвирловчи китобларни таржима этишни кўп ҳам маъқул кўришавермаган.

Нима бўлганда ҳам, 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгани дунё халқлари билан адабий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги бундай ғоявий тўсиқларга барҳам берди. Ушбу фикримизни биргина далил — кейинги йилларда франциялик тарихчи ва таржимон профессор Стефан Дюдуаньон томонидан ҳассос ўзбек адиби Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи француз тилига ўгирилгани, қолаверса, жадидчилик ҳаракати намояндалари асарларини таржима қилишга жиддий эътибор қаратилаётгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Энди яқиндагина француз тилига ўгирилган ва алоҳида китоблар ҳолида чоп этилган икки асар мавзусига қайтамиз. Булардан биринчиси — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Шоирнинг тўйи” қиссасидир. Қисса муаллифнинг ўзига хос бадиий услуби, бетакрор образлари ва хаёлга келмаган сюжетлари билан ўзбек китобхонига аллақачон маъқул ҳамда манзур бўлиб улгурган.

Эркин аканинг севиб ўқиладиган бошқа машҳур асарлари, умуман, ёзувчининг ўзига хос ноёб ижодий услубига мутаносиб равишда бу қисса ҳам имо-ишора, рамз, умумлашма тимсолларга бой. Қисса шоирнинг тўйи — бир вақтлар оташқалб шоирга очиқдан-очиқ туҳмат қилганлар, унинг жисмонан йўқ бўлишига ўзларининг ҳиссасини қўшганлар ҳамда бугунги шоир адабий меросидан бир сатр билмайдиган амалдорлар унинг юбилейини катта томошагоҳда, тантанали тарзда нишонлаши воқеаларига бағишланган бўлиб, аслият ва сунъийликнинг инсон хилқатидаги талъати китобхонни қизғин мушоҳадага чорлайди.

Адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош таъбири билан айтганда, Эркин Аъзам “Шоирнинг тўйи” асарида қаламкаш, зиёли, мансабдорлар доирасидаги чиркин муҳитни тасвирлашга интилади. Пичинг, киноя усулида етакчи лейтмотив бўртиб кўринади. Шоир кўнгли умумбашарий қадриятни ўзида жо айлайди, ҳайрат олами ила кенг сарҳадни забт этади. Ҳақ йўлда собит қаламкаш фожиаси собиқ тузум фонида мужассамланади. Муаллиф метафорик образлар орқали бадиий ниятини амалга оширади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” қиссаси биз фикр юритаётган, яъни француз тилига янги ўгирилган иккинчи асар ҳисобланади. Бу қисса одамни инсон бўлиб яшашга ундовчи, умумбашарий мавзудаги асар бўлгани учун ҳам таржимоннинг эътиборига тушгани тайин, назаримизда.

Қисса асосида “Ўзбектелефильм” давлат муассасаси томонидан “Пуанкаре” номли бадиий фильм тасвирга олингани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, бундан икки йил аввал, 2023 йилда ушбу киноасар “Айдинлар” бадиий фильми билан бирга Испания қироллигининг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган XI Осиё фильмлари кинофестивалида муваффақиятли иштирок этди. Бунда Марказий Осиё давлатларидан фақат “Пуанкаре” Осиё давлатлари томонидан юборилган 100 дан ортиқ бадиий фильм орасидан саралаб олингани алоҳида таҳсинга сазовор.

Ёзувчининг ушбу асарида урғу берилган, деярли бир аср мобайнида дунё риёзиётчиларини доимий изланишга, мушоҳадага чорлаб келган улуғ француз математиги Пуанкаре гипотезаси — бани башар учун ўзига хос йўлчи юлдуз, олисда ўзига чорлаётган маёқ тимсолидир. Ижодкор ҳамиша олдинга, кашфиётлар, мўъжизалар сари интилишида бундай улуғларнинг хизмати беқиёс.

Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” қиссасини таржимон Муродхон Эргашев французчага ўгирган. Эркин Аъзам қаламига мансуб “Шоирнинг тўйи” қиссаси ҳам Муродхон Эргашев томонидан Франсуа Бруннeр билан ижодий ҳамкорликда француз тилига таржима қилинган.

Муродхон Эргашев нафақат таржимонлик фаолияти билан машғул, балки шеърият ва журналистика соҳаларида ҳам ижод қилиши диққатга лойиқ. Айниқса, унинг бунга қадар Алишер Навоий ғазалларини француз тилига таржима қилгани ва алоҳида китоб ҳолида Франциянинг “Georama” нашриётида бир эмас, икки марта — 2007 ва 2010 йилларда нашр эттиришга муваффақ бўлгани қувонарлидир.

Ҳар икки асар — “Шоирнинг тўйи” ва “Пуанкаре” қиссалари адабий жараёнлардан яхши хабардор, ҳам француз тилини пухта ўзлаштирган ва таржима соҳасида муайян тажриба орттириб бораётган синчков мутахассис томонидан таржима қилингани яққол сезилиб турибди. Таржима асарларнинг французча тили равон ва оҳорли. Қолаверса, бир томондан, ҳар икки адибнинг ижодий услубини сақлашга интилиш бор, иккинчи томондан, таржима асарлар уларни француз тилида мутолаа қиладиган китобхонларга тушунарли бўлишини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилинган.

Шу ўринда ҳурматли адибларимиз Эркин Аъзам ва Абдуқаюм Йўлдошевни, шунингдек, таржимон Муродхон Эргашевни ижодий-маърифий йўналишда эришган ушбу салмоқли муваффақиятлари билан чин қалбдан самимий табриклайман. Ўз навбатида, таржимон дўстимизга иккита амалий таклиф билдирмоқчиман.

Биринчи таклиф: Навоий ғазаллари, Афанди латифалари, шунингдек, ўзига хос ижодий услубга эга замонавий ўзбек адиблари асарлари билан француз жамоатчилигини таништириб боришга бел боғлаганингиз жуда маъқул ва хайрли амал, деб ҳисоблайман. Шундай ижодий ёндашувни янада ривожлантиришингизга тилакдошман.

Иккинчи таклиф: бир қанча хорижий тилларда, шу жумладан, француз тилида китоб, дарслик ва мақолалар ёзган муаллиф сифатида бир ҳақиқатни эътироф этаман: ҳар қандай тилнинг асл хусусиятларини — айнан ўша тил ташувчилари теран тушунади ва ҳис қилади. Янада содда қилиб айтганда, ўзбек тилини — ўзбеклардан, француз тилини французлардан кўра яхши биладиганлар йўқ. Шу маънода, сизнинг Франсуа Бруннeр билан ижодий ҳамкорлигингизни қўллаб-қувватлайман.

Хулоса ўрнида ушбу китобларнинг нашри ҳақида икки оғиз сўз. Ҳар икки китоб 2025 йилда Тошкентдаги “Sahhof” нашриётида ўхшаш безакларда, яъни бир хил туркумда чоп этилган. Китоблар муқоваси ва ички саҳифалари ранг-баранг расмларга бой. Буларнинг барчаси ана шу мўъжаз китобларнинг янада бежиримлиги ва ўқишлилигини таъминлаган.

Акмал САИДОВ,

академик,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 6 =