Улуғ султон башорати

ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги ҳақиқатлар
1217 йилда Муҳаммад Хоразмшоҳ давлатнинг ички ишлари ва сарой ҳаётида айрим ўзгаришларни амалга оширади. У салтанати ҳудудидаги ўлкаларни ўғилларига бўлиб беради.
Хоразм, Хуросон, Мозандаронни бошқариш ҳуқуқини Қутбиддин Ўзлоқшоҳга беради. Шу билан бирга уни ўзига валиаҳд (тахт вориси) қилиб тайинлайди. Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг икки акаси – Жалолиддин Мангуберди (асли Менгбурний – бурнида холи бор одам деган мазмунни билдиради) ва Рукниддин Ғурсанжтийдан (Ғурлар мамлакати Хоразмшоҳлар томонидан мағлуб қилиниши эвазига шундай лақаб берилган) олдин тахт вориси қилиб белгиланиши Туркон Хотуннинг буйруғи ва Хоразмшоҳнинг унга бўйсуниши оқибатида амалга оширилган эди.
Чингизхон бошчилигида мўғуллар Хоразмшоҳлар давлатига қарши 1219 йилнинг ёзида юриш бошлайди. Улар дастлаб Ўтрор, Жанд, Барчинлиғкент, Бухоро шаҳарларини эгаллайди. Кейин Самарқанд, Банокент, Қанқа, Хўжанд шаҳарлари ва Фарғона водийсини босиб олади. Хоразм 1221 йилда 6 ойлик қамалдан сўнг қўлга киритилади. Хоразмшоҳ мўғулларга қарши урушда майдонда жанг усулини эмас, шаҳарларни мудофаа қилиш усулини танлайди. Қўшинларини шаҳарларни мудофаа қилиш учун бўлиб ташлайди. Оқибатда Оловуддин Муҳаммад томонидан қўлланилган бу нотўғри жанг усули мўғулларга қўл келади ва улар Хоразмшоҳлар давлатини мағлуб этади.
Хоразмшоҳ мўғуллар таъқибидан қутулиш учун Каспий денгизидаги Ашур Ода оролига бориб жон сақлайди. Оролга боргач, касалликка чалиниб вафот этади. Вафотидан олдин атрофидаги 70 та сарой аъёнларини, фарзандлари Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳни ҳузурига чақириб, белидаги султонлик камарини катта ўғли Жалолиддинга тақиб, уни тахт вориси, Хоразм ҳукмдори деб эълон қилади. Аммо Жалолиддин тахт вориси сифатида тайинланиб Хоразмга келганидан кейин Қипчоқ беклари, лашкарбошилари унинг ҳукмдорлигини тан олмайдилар.
Тарихчилар Султон Оловуддин Муҳаммаднинг 15 та фарзанди – 8 та ўғли, 7 та қизи бор эди, деб маълумот берадилар. Султон ўғилларининг тақдири фожиали кечди. Улардан фақат Жалолиддин Мангуберди ва Ғиёсиддин Пиршоҳ мўғуллар қиличидан омон қоладилар.
“Сувдан намлик, оловдан иссиқлик чиқишига ажабланилмаганидек, қуёш нурлари осмонни қоплаши ҳам таажжублантирадиган ҳол эмас. Нурнинг қоронғилик воситасида ёрқин порлаши ҳам табиий жараён. Юртга, халққа муҳаббат, мардлик, босқинчиларга қарши беаёв кураш каби улуғвор хислатлар ўша давр учун ҳаётий заруратга айланганди. Ҳеч ким амалга оширолмаган бу ҳаётий заруратни Султон Жалолиддин юзага чиқарди. Унинг буюклиги ҳам шунда!”
Тақиуддин Аҳмад
ал-Макризий,
муаррих
Хоразмшоҳнинг фарзандлари орасида энг суюклиси ва унинг ишончини қозонгани Жалолиддин Мангуберди эди. Тарихий битикларда унинг болалик, ёшлик даврлари ҳақида маълумотлар кам учрайди. Фақат Отамалик Жувайний “Тарихи Жаҳонгушо” асарида бир ўринда унинг ёшлик даврига эътибор қаратиб: “Султон Муҳаммаднинг ўғиллари орасида ёш жиҳатдан каттаси, жасорат ва билим жиҳатидан устуни, салтанат тожи ва илоҳиёт чироғининг нури Султон Жалолиддин эди”, деб ёзади. Бу қисқагина маълумот Жалолиддиннинг ёшликдан қандай шахс бўлиб вояга етганини кўрсатади. Инсон жасорат бобида устун бўлиши учун нафақат жисмоний жиҳатдан бақувват, кучли, қудратли бўлиши керак, балки ана шу жисмоний қудратни атрофидаги одамларнинг, халқнинг, юртнинг истиқболи, яхшиликлар йўлида сарфлай олиши, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга ўзида куч топиши, мулоҳаза билан, матонат билан иш юритиши, ҳар қандай оғир шароитда ҳам адолатни қарор топтиришга интилиши, инсонларни турли машаққатлардан халос этиши, бир сўз билан айтганда, жавонмардликнинг юксак намунасини намоён этиши зарур. Жалолиддин ёшликдан ана шундай асосда тарбия топган. У ота-онаси, яқинлари, укалари, атрофидаги одамларга ҳурмат-эҳтироми юксак, халқ, юрт, Ватан учун қалбини бағишлашга тайёр фидойи шахс сифатида вояга етган.
Шу билан бирга муаррих унинг билим борасида ҳам юксаклигини эътироф этади. Билим борасидаги устуворлик унинг алоҳида иқтидорини, қобилиятини кўрсатади. Демак, у ёшлигидан ё Хоразмшоҳлар саройида, ё Гурганж мадрасаларидан бирида етук даражада таълим олганлиги маълум бўлади. Зеро, инсоннинг мардлиги ва жасорати асосида етук тарбия ва юксак билим ётади. Жалолиддин қалбига ёшлигидан ана шундай руҳ сингдирилган.
Отамалик Жувайний уни яна салтанат тожи, деб ҳам улуғлайди. Албатта, юксак билимга, ақл-заковатга, етук тарбияга эга бўлган ва мардлик, матонатда тенгсиз инсон, агар у ҳукмдор фарзанди бўлса, салтанат тожига айланиши шубҳасиз. Аммо бундай шахслар ҳамма вақт ҳам салтанат тожига айланавермаган. Жалолиддин эса ёшлигидан бошлаб салтанат юритиш, давлат бошқариш ишларини яхши билган. Шу сабабли Хоразмшоҳлар давлатида ундан бошқа салтанат тожини кийишга лойиқ шаҳзода бўлмаган. Лекин унинг бу тожни кийиши осонлик билан кечмади. У мамлакат пароканда бўлганидан кейин мўғулларга қарши курашиб, янги давлат барпо этди. Шундан кейин унга тож кийиш насиб қилди.
Муаррих Жалолиддинни таърифлаганда юқоридагилардан ташқари яна бир иборани ишлатади. “Илоҳиёт чироғининг нури”. Ҳар қандай инсон илоҳиёт чироғининг нурига айланиши учун ислом динини, унинг ақоидларини, исломнинг илмий асосларини, унинг ботиний ва зоҳирий манбаларини, маданияти ва тарихини яхши билиши талаб этилади. Демак, юқоридаги фикрдан Жалолиддиннинг ҳам диний маълумотдан, исломий илмдан яхши хабардорлиги англашилади. Дунёвий ва исломий илмни яхши билиш, инсоний етуклик, мардлик, матонат, ҳаёт мураккабликларини англаш иқтидори, салтанат бошқарувидаги турфа найранглардан хабардорлик, ҳақгўйлик уни ёшлигидан шахс даражасига кўтарган эди.
“Жалолиддин Менгбурнийни ғарб тарихчилари улуғ ва қудратли рицарга менгзайдилар. У, ҳақиқатан ҳам, шундай. Айни пайтда, у нафақат Шарқнинг, мусулмон оламининг, балки бутун инсониятнинг буюк рицари ҳисобланади”.
Виктор Розен,
француз
шарқшуноси
Муаррих яна ёзади: “Бошқа укаларининг вақтичоғлик қилиши ва дунё неъматларига берилган бўлишига қарамасдан Султон Жалолиддин ҳеч қачон отаси ёнидан айрилмасди, давлат ишларида унга ёрдам берарди”. Шу маълумотнинг ўзиёқ унинг ёшлигидан бошлаб салтанат ва уни бошқариш ишларидан хабардорлигини кўрсатади. Бошқалар каби вақтини ўйин-кулги, айш-ишратга эмас, жиддий ишларга қаратганлиги унинг ҳаётни эрта англаб етганлигини, қалбан етуклигини намоён этади. Унинг отаси ёнидан айрилмаслигининг бошқа сабаби ҳам бор эди. Саройда Жалолиддинни Туркон Хотун бошчилигидаги гуруҳ хушламас ва уни салтанат билан боғлиқ ишлардан четлатишга уринарди. Оловуддин Муҳаммад Жалолиддинни ёнида олиб юрар экан, ўзига яхши, ишончли ёрдамчи топиш билан бирга уни онаси Туркон Хотун хуружларидан, саройдаги фисқ-у фужурлардан ҳам сақларди.
“Тарихи жаҳонгушо” муаллифи яна бир ўринда: “Ака-укалар орасида мустаҳкам дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ва бирдамлик бор эди”, деб ёзади. Бу маълумот бир қарашда ғайритабиийдек туюлади. Негаки, ҳукмдор болалари ўртасида мустаҳкам дўстлик, меҳр-оқибат туйғулари ҳамиша ҳам устувор бўлавермайди. Чунки отадан мерос ўтадиган тахт учун кураш улар ўртасида гоҳ зимдан, гоҳ ошкора тарзда қарама-қаршиликларни келтириб чиқарган. Бундай қарама-қаршиликлар натижасида баъзан акалар укаларнинг, баъзан укалар акаларнинг, айрим ҳолларда эса фарзандлар оталарнинг қотилларига айланганлар. Тарих бундай воқеаларга кўп гувоҳ бўлган. Хоразмшоҳ фарзандлари эса, муаррих ёзганидек, ўзаро меҳр-оқибатлари туфайли бундай ёмонликлардан, хунрезликлардан сақланган. Бу Жалолиддин тимсолида янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Юқорида таъкидланганидек, 1217 йилда Хоразмшоҳ қўл остида ўлкаларни ўғилларига бўлиб берганида тахтга ворислик, валиаҳдлик катта ўғил Жалолиддинга эмас, унинг укаси Ўзлоқшоҳга насиб этади. Бундай пайтда суюкли ўғил Жалолиддин отасидан аразлаб юз ўгириши, ҳатто унга мухолифлик йўлига ўтиши, тахт учун кураш бошлаши мумкин эди. Аммо у бундай йўл тутмайди. Аксинча, бу воқеалардан кейин ака-укалар ўртасидаги мурувват ришталари қаттиқроқ боғланади, ака укаларига меҳрибонлик кўрсатади. Отасига нисбатан эса садоқат билан хизмат қилади. Изғир дарёси бўйидаги мўғуллар билан дастлабки жангда ўнг қанот қўшинга етакчилик қилади ва мўғуллар устига ташланиб, нафақат отасини ўлимдан асраб қолади, балки Хоразмшоҳ қўшинини юз бериши мумкин бўлган мағлубиятдан ҳам сақлаб қолади.
…Чингизхон ва унинг атрофидагилар Жалолиддиннинг бу хатти-ҳаракатидан ҳайратга тушадилар. Ўша давр тарихчилари Синд дарёси бўйидаги жанг билан боғлиқ воқеа хусусида тўхталиб, шундай деб ёзадилар: “Чингизхон Жалолиддинни узоқ кузатиб турганидан сўнг ёнида турган ўғилларига қарата: “Мана шундай ўғли бор ота ниҳоятда бахтлидир! У шундай қирғинбарот жанг майдонидан ва дарёнинг ўлим гирдобидан қутулиб ҳимоя қирғоғига чиқа олдими, демак, ундан яна ҳам кўп қаҳрамонликлар кутиш мумкин ва у бошимизга ҳали кўп ташвишлар солади!”
Бу Жалолиддиннинг куч-қудратига, ҳар қандай шароитда ҳам ўлимга тик боқиб, ғанимларига бош эгмаслигига, мардлигига, эл-юрт озодлиги, бахти учун кураш йўлидаги фидойилигига, улуғворлигига берилган баҳо эди. Бу энг ашаддий душманининг ҳам унинг қаҳрамонлигини, жасурлигини тан олиши ва эътироф этиши эди. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди. Чунки тўрт-беш ой ичида сон жиҳатдан ҳам, куч жиҳатдан ҳам лашкарларидан бир неча баробар устун бўлган мўғул қўшинларини Наса, Қандаҳор, Парвон, Валиён, Гардиз шаҳарлари яқинидаги жангларда мағлуб этиш осон эмасди. Бунга мардлиги билан донг таратган, жанг режаси, тактикасини яхши билган, муҳорабада янги усулларни ишлаб чиққан Жалолиддингина эриша олди. Ўша давр тарихчилари асарларида бир ҳолатни, яъни Чингизхон тириклиги пайтида мўғул қўшинларини ҳеч бир саркарда лашкарлари билан бирор жангда мағлуб эта олмаганини, бу ишни фақат Жалолиддин Мангуберди амалга оширганини, олтита жангда кетма-кет ғалабага эришганини алоҳида эҳтиром билан битадилар.
Ҳақиқатан ҳам, Султон Жалолиддин ўша даврда мўғулларга қарши кураш олиб борганлар орасида мардлик, жасурлик, қаҳрамонлик бобида тенгсиз эди. Айни пайтда у адолатпарвар, ҳақиқатгўй, инсонийликни улуғлайдиган, бу борада етуклик даражасига эришган шахс эди. Шунинг учун Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий унинг феъл-атвори, характери, шахси ҳақида тўхталар экан, бундай таъриф беради: “У буғдоймағиз ранглик, ўрта бўйлик, туркий қиёфалик ва туркийда гапирадиган одам эди, шу билан бирга форсийда ҳам сўзлаша оларди. Унинг мардлиги, жасурлигига келсак, жанглардаги фаолиятини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У кўнгли очиқ, мулойим одам эди, жаҳлдор эмасди, ҳақоратомуз сўзларни айтмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди. У ҳақгўйликни, адолатни улуғларди. Аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар феъл-атворини ўзгартирди. У қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгиллаштиришни хоҳларди, аммо у яшаган давр қонунлари уни зулм қилишга мажбур қиларди”.
“Хоразмшоҳлар давлати Жалолиддин Мангуберди тимсолида Европани ва унинг асрларга тенг тараққиётини мўғуллар босқини туфайли юз берадиган таназзулдан қони ва жони эвазига асраб қолди”.
Сергей Толстов,
рус олими,
академик
Султон Жалолиддин юрт, Ватан учун, халқ бахт-саодати учун жангу жадалларда, ҳукмдорлик маснадида қанча юксак мавқега эришмасин, улуғланмасин, одамларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлмасин, доимо камтарликни ўзи учун асосий тамойил деб билган. Мақтанчоқлик, ўзини кўрсатишга уриниш унинг табиатига зид бўлган. Хоразмшоҳнинг муншийси, умрининг сўнгига қадар деярли у билан бирга бўлган Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти” асарида унга хос бўлган бу хусусият ҳақида шундай деб ёзади: “Султон Ҳилотни эгаллаганидан кейин қўл остидаги барча шаҳарларга фатҳнома юбориш тўғрисида фармойиш берди. Мен фатҳномада Жалолиддин муҳрини (унвонларини) унинг отаси – Улуғ султон унвонлари каби битиш ҳақида кўрсатма (бу кўрсатмани Насавийга вазир Шарафулмулк беради) олдим. Унинг отасининг унвонлари қуйидаги тарзда битиларди: “Энг Улуғ султон, Такишнинг ўғли, Аллоҳнинг ердаги сояси, Амир ал-мўъминин қудратининг яққол намунаси, султон Абул Фатҳ Муҳаммад”. Аммо Жалолиддин ўзининг исми-шарифи тагига битилган бу унвонларни рад қилди. Бу хусусда норозилик билдириб шундай деди: “Мен ҳам қўшинларим сонининг кўплиги ва хазинамдаги бойлигимнинг мўллиги жиҳатдан Улуғ султоннинг катта мамлукларидан бири даражасига етганимда, умуман, катта мавқега эришганимда ёрлиқларга битиладиган муҳримни унинг унвонлари сингари ёзишга рухсат этаман. Ҳозирча эса йўқ!” Менинг уятдан тилим танглайимга ёпишиб қолди. Унинг айтган гаплари ҳақ эди!”
Жалолиддин Хоразмшоҳнинг илм аҳллари, уламолар билан ҳамкорлиги мустаҳкам бўлганлиги ва уларга нисбатан талабчанлиги хусусида ан-Насавий ўз асарида шундай бир воқеани келтиради: “Султон 1225 йилнинг рамазон ойида Табризда турди ва рўза тутди. У саройига минбар ўрнаттирди ва турли вилоятлардан бу ерга келган энг ҳурматли ўттизта уламони номма-ном танлаб, ваъз ўқишга тайинлади. Улардан ҳар бири бир кундан ваъз ўқирди, бу пайтда Султон минбар яқинидаги тахтида ўтирарди. У ваъз ўқиш асносида ҳақиқатни айтганларга миннатдорлик билдирар, аксинча, ўзини ҳаддан ошиқ мақтаб, ҳақиқатни хаспўшлайдиганларга танбеҳ берарди. Садриддин ал-Аълавий ал-Мароғий (у машҳур уламо, жамоат арбоби бўлган, Қазвин шаҳри атрофидаги ҳимоя деворини ўз маблағи ҳисобига қурдирган) Султон мақтовига сазовор бўлганлардан бири эди”.
Бу маълумот Жалолиддиннинг нафақат алломаларга бўлган ҳурмат-эътибори, талабчанлигини кўрсатади, балки унинг ўзининг ҳам инсонийлик жиҳатдан етук, закий шахс бўлганлигини, адолат, ҳақиқат ҳар қандай шароитда унинг чинакам маслагига айланганлигини намоён қилади. Эътибор беринг, тарихда мақтовга учмаган, ёлғонга алданмаган ва бу иккисининг олдида талтайиб кетмаган, ўзлигини йўқотмаган ҳукмдорлар камдан-кам топилади. Гарчи мақтов ва ёлғоннинг умри қисқалигини билсак ҳам, улар инсон ҳаёти учун чинакам безак бўла олмаслигини англасак ҳам, уларга маҳлиё бўлишдан ўзимизни тия олмаймиз. Жалолиддин эса мақтов ва ёлғонларга маҳлиёликдан ўзини тия олган инсон бўлган. Ваҳоланки, бу пайтда у бор-йўғи 26 ёшдаги ҳукмдор эди. Демак, шахснинг камолоти, унинг етуклик даражаси ёш ва мансаб билан боғлиқ эмас экан.
1231 йилда Жалолиддин ўлимидан кейин мўғуллар Мароғани, Озарбайжонни, Арронни, Форс Ироғини ва бошқа кўплаб жойларни босиб оладилар. Одатларига кўра шаҳарларни, қасабаларни вайрон қиладилар, аҳолини қирғинга учратиб, ўлкаларни талайдилар. Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган Ибн ал-Асир “Мусулмон мамлакатларининг ҳукмдорлари орасидан бирортаси мўғулларга қарши муқаддас уруш – жиҳод қилишга қодирини кўрмадим. Бундай истак уларнинг ҳеч қайсисида йўқ эди”, деб ёзади. Ибн Восил эса воқеаларни янада аниқлаштириб, “Султоннинг ҳалокати мусулмонлар мамлакатларининг мўғуллар томонидан истило қилинишига сабаб бўлди ва уларнинг ислом давлатлари устидан ғалабаси бошланди”, деб хулоса чиқаради. Сибт ал-Жавзий, Ибн Тагриберди, Айний каби тарихчилар асарларида Жалолиддин ғанимлари, айюбий ҳукмдор Малик ал-Ашрафга Султон ўлими ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан етказишганда унинг айтган сўзларини бундай деб келтиришади: “Сизлар мени унинг ўлими билан қутлаяпсизларми? Бироқ энди сизлар бунинг самарасидан баҳраманд бўласизлар. Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, унинг ҳалокати мўғулларнинг ислом мамлакатлари ерларини босиб олишларига йўл очиб беради. Энди Яъжуж ва Маъжуж билан бизнинг ўртамизда девор бўлиб турадиган Хоразмшоҳдек инсон йўқ”. Бу айни ҳақиқат эди. Мўғуллар Жалолиддин ўлимидан кейин Хуросонни, Форс Ироғи, Ирбил, Ироқ, Озарбайжон, Аррон, Грузия, Айюбийлар давлатлари, Рум мамлакатларини босиб оладилар. Ҳатто мўғуллар хизматида бўлган Исмоилийлар давлати 1257 йилда бутунлай йўқ қилинади. Бағдод халифалиги эса 1258 йилда барҳам топади. Ва Жалолиддиннинг бу борадаги башорати тўғри бўлиб чиқади.
Хўш, султоннинг башорати қандай эди?
…Хоразмшоҳ шундан кейин Ганжада 17 кун туради. У шу кунлари мўғулларга қарши курашда ҳамкорлик қилишга ваъда берган ва қасам ичган атрофдаги мамлакатлар, ўлкалар ҳукмдорларига мактуб ёзиб, чопарлар, элчилар орқали жўнатади. Жалолиддиннинг чопарлар орқали жўнатган мактуби матни муаррих Рашидиддиннинг асарида шундай келтирилади: “Мўғулларнинг бу галги қўшинидаги лашкарлар аввалгиларга қараганда бир неча баробар кўп. Бу ердаги мамлакатларнинг лашкарлари эса уларга қарши ўзлари курашишга қўрқмоқдалар. Агар сизлар лашкарлар ва қурол-аслаҳалар билан ёрдам бермасангизлар, бу ерда уларга қарши мисоли девор каби турадиган менга қийин бўлади. Мен мағлуб бўлганимдан кейин эса сизларда уларга қарши курашиш имкони қолмайди. Ўзларингизга, болаларингизга ва барча мусулмонларга раҳм қилиб, ҳар бирингиз бир гуруҳ лашкарларни 153 туғингиз билан бирга ёрдамга юборинглар. Зеро, мўғулларга бизнинг ўзаро келишувимиз ҳақида хабар етса, улар бундан оз бўлса-да, зарба оладилар. Айни пайтда, бизнинг лашкарларимиз ҳам бу далдадан кучга кирадилар. Агар бунда сал бўлса-да бепарволикка йўл қўйилса, бошингизга нималар тушишини ўзларингиз кўрасизлар…”
Жамшид Матёқубов