Қайта забон бахш этиш бахти

Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказининг шифокори, тиббиёт фанлари доктори, Тошкент давлат тиббиёт университети доценти Шоира Маҳамадаминованинг сурат ва сийратига чизгилар

Шоира Абдувалиевна Маҳамадаминова азим Тошкент шаҳрида, маърифатпарвар муҳандислар, илм ва китобга меҳр берган ажойиб инсонлар оиласида таваллуд топди. Отаси, узоқ йиллар темир йўллар тизимида ҳалол меҳнат қилган Абдували ака Маҳамадинов ҳаётни севган, инсонларга чуқур эҳтиром билан қарайдиган, нозик дид ва гўзаллик туйғусига эга бўлган, одамларга яхшилик қилишни сермазмун умрининг бош шиорига айлантирган киши эди. Шу боис ота ўз фарзандларини ҳам айнан ана шу маърифий руҳда, ана шу юксак эстетик дидда тарбиялади. Меҳрибон онаси, республика пахта тозалаш саноати фидойиси Мунира Саъдуллаева эса уни мурғаклигидан китоб деган мўъжизага ошно қилди. Шоира болалигидан бошлаб шифокорлик касбига меҳр қўйиб ўсган эди. Шу боис ўрта мактабда ҳамма фанларни яхши ўзлаштириш баробарида биология ва кимё фанларидан фақат аъло баҳоларга ўқиди.

Инсон бу ёруғ оламнинг олтин узуги бўлса, илм унинг гавҳар кўзи дейдилар. Пайғамбаримиз Расули Акрам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида ҳам илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун олий фарз эканлигини алоҳида уқтирадилар. Отаси ва онасидан гўзал инсоний фазилатларни сингдирган Шоирахон 1992 йили 1-сонли Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети)га ўқишга кирди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети негизида факультет мақомида 1919 йили шаклланган бу олий ўқув юрти тилга олинганда, таниқли академиклардан Зулфия Умидова, Эргаш Отахонов, Рафаил Каценович, Ёлқин Тўрақулов, Ўктам Орипов, Комилжон Зуфаров, Восит Воҳидов, Турғунпўлат Даминов, Шавкат Ибрагимов, Феруз Назиров ва бошқа олимлар эсга тушади. Улар нафақат мамлакатимиз медицинаси, балки жаҳон тиббиёти назарияси ва амалиётига муносиб улуш қўшган илм дарғаларидир. Бу каби олимлар Ўзбекистонимиз ҳақиқатан ҳам буюк Абу Али ибн Сино юрти эканини амалда исботлаб бердилар. Янги Ўзбекистон эса жаҳон тажрибасига таянган ҳолда тиббиёт тараққиётида собит қадамлар қўймоқда.

Ҳаракатда баракат дейдилар. Шоирахон 1992-1998 йиллар давомида олий ўқув юртида тиббиёт назарияси ва амалиётини қунт билан ўрганди. Бунда унга устозларидан — профессорлар Қундуз Хўжаева, Нигора Абдуллаева, Улуғбек Ҳасановлар яқиндан кўмаклашдилар. Айниқса, азиз устози Нигора Нусратовна Абдуллаеванинг биринчи бора қўлига скальпель тутқазгани, дадил ишга киришни маслаҳат берган дамларини унутмайди. Ўз навбатида Қ.Хўжаева, Н.Абдуллаева, У.Ҳасановлар ўз профессионал йўналишларини танлаб олишларида тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, институтнинг томоқ, бурун ва қулоқ касалликлари (ЛОР) кафедраси мудири Қўчқор Жўраевич Миразизовнинг мураббийлик меҳридан баҳраманд бўлишган. Дарвоқе, Қўчқор Жўраевичнинг ўзи Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети)нинг қалдирғоч ўқитувчиларидан бири, профессор, Ўзбекистоннинг бош отоларингологи, республика отоларингологлар жамияти раиси, афсонавий олим Сигизмунд Шумскийнинг шогирди эди. С.Шумский ўз соҳасида беқиёс кашфиётлар очиш баробарида маҳаллий миллат вакиллари орасидан С.Аъзамов, Р.Ҳамроева, А.Ғаниев, З.Раҳимова ва албатта, Қ.Миразизовдек иқтидорли отоларингологларни етиштирди.

Улуғ Алишер Навоий ҳазратлари тил инсоннинг олий безаги эканини лўнда сатрда таъкидлаганлар. Ғазал мулкининг султонига муносиб издош бўла олган академик шоир Ғафур Ғулом “Мен ўзбек шоириман – ўз халқимнинг тилиман, Қалбим буюрганини ёзиб келдим ҳамиша” дея лутф қилган эди. Атоқли навоийшунос академик Алибек Рустамий эса “Инсон тириклиги учун ҳаво нақадар муҳим бўлса, тил шу қадар зарурдир”, деган эди.

Дарҳақиқат, инсон гўзал ҳаётга бўлган меҳрини тил орқали ифода этади. Шоира Абдувалиевнанинг устозларидан бири профессор Қўчқор Миразизовнинг ҳузурига кирганларида, “Ойнаи жаҳон”да таниқли сухандон Насиба Мақсудова бетакрор лутф ила кўрсатув олиб бораётган экан. Устоз: “Қаранг, қандай чиройли, мафтункор, жарангли ва ширин овоз. Насиба Иброҳимова, Насиба Қамбарова, Насиба Мақсудова, Галина Мельниковаларнинг ажойиб овозлари олтин бойлигимиз. Умуман, менга устозим Сигизмунд Игнатьевич айтиб кетганларидек, ҳар бир инсоннинг овози беқиёс бисот. Уни асраш керак. Мабодо бирор сабаб билан бирор киши бу бисотдан айрилса, сен билан мен уларга қайта забон бахш этишимиз керак. Одамларга овозини қайтариб бериш бетакрор бахт. Шу бахтга эришаман, десангиз, фониатр врач бўлинг. Энг аввало, профессор Станислав Штейн асарларини ўқиб чиқинглар!” деган экан. Шоирахон профессор С.Штейннинг лабиринтологияга оид монографиясини синчиклаб ўқиди. Уни кўпроқ томоқ, ҳалқум масалалари қизиқтирди. Бу борада Гиппократ ва Клавдий Гален, Абу Бакр Розий ва Абу Али ибн Синодан тортиб Ги де Шолиак ва Андреас Везалийгача ўнлаб улуғ олимлар назарий қоидалар қолдирган эди. Шоира Абдувалиевна тошкентлик соҳа олимлари билан бирга Самарқанд отоларингология мактаби вакилларининг илмий ишларини астойдил ўрганди. Чунки А.Савельев, С.Ченгери, В.Горчаков, Р.Садриева, А.Мўминов, У.Лутфиллаев, Т.Насриддиновлар томонидан Самарқандда яратилган назарий ишлар нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиздан ташқарида ҳам эътироф этилган эди.

Соҳа олимлари ҳақида гап кетганда, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Европа отоларингологлар жамияти академиги, Тошкент давлат тиббиёт институтининг кафедра мудири, Самарқанд ва Бухоро давлат тиббиёт институтлари ректори бўлган Акром Иброҳимович Мўминов (20.05.1937-1.11.2001) номи илиқ сўзлар билан эсга олинади. У киши ўзининг ёрқин ҳаёти давомида 5 нафар фан доктори, 35 нафар фан номзоди тайёрлади. Улар орасида фан докторларидан Каримбой Жабборов, Холида Шайхова, Сайфиддин Арифов, Ҳайитбой Матқулиев ва бошқалар бор. Шоира Маҳамадаминова бугун ана шу устозларнинг ибратли ишларини изчил давом эттирмоқда.

Шоира Абдувалиевнанинг меҳнат йўли худди ўзи каби содда ва шарафли. 1998-2000 йилларда Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти томоқ, бурун ва қулоқ (ЛОР) касалликлари кафедраси клиник ординатори, 2000-2003 йилларда Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти томоқ, бурун ва қулоқ (ЛОР) касалликлари кафедраси аспиранти, 2004-2013 йилларда Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти томоқ, бурун ва қулоқ (ЛОР) касалликлари кафедраси ассистенти, 2013-2021 йилларда Тошкент тиббиёт академияси томоқ, бурун ва қулоқ (ЛОР) бўлими ординатор врачи ва докторанти бўлди. Ҳозирги вақтда эса Тошкент давлат тиббиёт университети оториноларингология кафедраси доценти лавозимида ишламоқда.

Шоира Абдувалиевна 2018 йилда “Болалар ҳиқилдоқ папилломатозининг клиник-функционал тавсифи, ташхис қўйиш ва даволашнинг самарадорлигини ошириш йўллари” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди (PhD). Бунда унга устозлари, илмий маслаҳатчилар, тиббиёт фанлари докторлари Нигора Абдуллаева ва Адолат Исмоиловалар яқиндан ёрдам берди. Қозоғистон ФА академиги, Нью-Йорк ФА академиги Раис Кажкенович Тўлебоев, Ўзбекистон ФА академиги, академиянинг Иммунология ва инсон геномикаси институти директори Тамарахон Ариповалар илмий иш истиқболига ишонч билдирдилар. Диссертация асосида инсон қон зардобида айланадиган иммун комплексларни аниқлашга оид ихтиро патенти ҳам олинди. Шундай қилиб, у ларингожарроҳлик ва фоножарроҳлик соҳасида янги кашфиётлар очиб, асосий янгиликлар Австриянинг Хиетцинг госпиталида амалиётга жорий этилди. Шоирахон болаларда қайталанувчи респиратор папилломатозли беморларнинг иммун тизимини ўрганишда ёрқин натижаларга эришди. Бу бўйича илмий мақолалари “Ўзбекистон тиббиёти” журнали ва бошқа қатор вақтли нашрларда, илмий тўпламларда чоп этилди. Айниқса, олиманинг А. Маҳмудов билан биргаликда ёзган “Болаларда бир томонлама овоз бойламлари парeз-параличи турли этиопатогeнeтик сабабларини таҳлил қилиш ва комплeкс даволашда овоз тeрапиясининг ўрни” номли мақоласи кенг эътироф этилди.

Шоира Маҳамадаминова ўзи илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган кафедрада шу жамоанинг шижоатли аъзоларидан — кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳасанов, тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар Ҳайитбой Матқулиев, Холида Шайхова, Шаҳло Бакиева, Гавҳар Ҳайдаровалар билан бир тану бир жон бўлиб отоларингология, шу жумладан, ўзи бутун ҳаётини бағишлаган фониатрия фанида янги қўриқлар очиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Ҳар бир инсон, ҳар бир мутахассиснинг ўз ҳаёти, меҳнат фаолиятида юлдузли онлари бўлади. Шоира Абдувалиевна учун бу юлдузли онлар 2023 йилга тўғри келди. Айнан шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлатимиз раҳбари Фармонига кўра Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Марказ оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари соҳасида аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиб, ушбу йўналишларда мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг кўникмаларини ривожлантириш, ҳудудларда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш, юқори технологик амалиётлар кўламини кенгайтиришга муносиб улуш қўшмоқда. Шунингдек, марказ нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорликда оториноларингологик ва бош-бўйин касалликларини даволашнинг замонавий ва юқори технологик усулларидан фойдаланмоқда. Мисол учун, Шоира Абдувалиевнанинг Юнусобод туманидаги “Отоларинголог” клиникаси билан ҳамкорлиги таҳсинга лойиқ. Клиникага жуда кўплаб беморлар мурожаат қилишади. Шифокор ўнлаб юртдошларимиз ва чет эл фуқароларига бетоблиги боис йўқотган энг бебаҳо бойлиги — сўзлаш ва овоз қобилиятини қайтариб бермоқда.

2023 йилнинг 10 ноябри Шоирахоннинг энг бахтли, унутилмас кунларидан бири бўлди. Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармонга кўра у мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш борасидаги катта хизматлари учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу илмий марказ жамоаси, Тошкент давлат тиббиёт университетининг у фаолият олиб бораётган кафедра ҳамда клиника аҳли учун ҳам ҳақиқий байрамга айланди. Олиманинг хорижлик ҳамкорлар билан алоқаси, биргаликдаги ишлари янада баракали бўляпти. Мисол учун, олима шифокорнинг туркиялик малакали мутахассислардан Илтер Дениз ўғли, Куршат Елкен, Ўзтурк Қайхан, Метин Онерчи каби мутахассислар билан ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.

— Шоира Абдувалиевна билан бир аҳил жамоада ишлаётганимиз билан фахрланамиз, — деди Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шаҳноза Абдураҳимова. — У юксак профессионал қобилиятга эга шифокор, ўз соҳасида кенг тан олинган олима бўлиш баробарида ноёб фазилатларга эга бўлган, мижозлар ва ҳамкасбларига чуқур эҳтиромли ажойиб инсон. Ҳар қандай вазиятда ўзининг профессионал бурчини холис ва ҳалол бажаради. Юзлаб беморлар Шоира Абдувалиевнанинг маҳорати, илми, даволашдаги бетакрор заҳмати боис қайта сўзлашдек бетакрор бахт нашидасини сурмоқда.

— Ҳар бир инсоннинг тўрт мучаси соғ бўлсин экан, — деди хоразмлик меҳнат фахрийси Исмоилжон ҳожи Йўлдошев. — Мен узоқ йиллар давомида халқимизга холис хизмат қилиб келдим. Гурлан туманидаги “Деҳқонобод” жамоа хўжалиги бошқаруви раиси бўлиб ишладим. Қурилиш соҳасида фаолият кўрсатганимда, республикага чорак аср оқилона бошчилик қилган улуғ инсон Шароф Рашидовнинг ҳузурида сўзга чиққанман. Кейинчалик ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлиб, мамлакатимиз мустақиллиги учун овоз бердим, сессияларда сўзга чиқдим. Аллоҳнинг инояти билан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиб қайтдим. Негадир кутилмаганда сўзлаш қобилиятимдан айрилиб қолдим. Ана шу қийин шароитда Шоира Абдувалиевнанинг олтин қўллари менга забонимни қайтариб берди. Ҳозир аввалгидан ҳам равон сўзлаб, ҳаётдан завқ олиб юрибман. Бунинг учун менингдек қайта забон эгаси бўлган кўп сонли мижозлар номидан таниқли, маҳоратли шифокорга чексиз миннатдорчилик билдирсам арзийди.

— Шоирахон, сиз Тошкент давлат тиббиёт университетида илмий ишлар билан бандсиз. Илмий марказ ва клиникада эса фониатрия амалиётида беқиёс натижаларга эришяпсиз. Юзлаб беморларга бу ёруғ оламда ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайдиган сўз айтиш, гапириш бахтини қайтариб беряпсиз. Қиёслаш ноўрин бўлса ҳам қайд қилиб ўтмаса бўлмайди: кейинги пайтда бундай беморлар сони бироз ошганга ўхшайди. Айтинг-чи, бунинг асосий сабаблари нимада?

— Менга қолса, бу ҳолатларнинг сабабларини фақат муай­ян инсон организмидаги табиий ўзгаришлар билангина изоҳламаган бўлардим. Албатта, айрим инсонларнинг забондан қолишида физиологик жараёнлар, ОРВИ, фарингит, ларингит, ангина, бронхит ва бошқа касалликлар, жароҳатларнинг таъсирини инкор этиб бўлмайди. Айни чоғда инсоннинг забондан айрилишига кучли стресслар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яширадиган жойи йўқ: баъзан инсонларнинг бир-бири билан муносабатида қуюшқондан чиқишлари шу ҳолатларга олиб келмоқда. Айниқса, ота билан фарзандлар, қайнона билан келинлар муомалаларидаги чигалликлар оқибатида тилдан қолаётган беморлар сони ортиб бораётганини яшириб бўлмайди. Инсонларнинг бир-бирига меҳру оқибати, муруввати, муҳаббати ошса, бу ҳолатлар камаяди, деган фикрдаман.

— Сиз кўплаб беморларнинг дардига дармон бўлиб келяпсиз. Илмий марказ ва клиника мижозлар дафтарида юзлаб соғайган беморларнинг миннатдорчилик хатларини ўқидик. Сиз уларга йўқотган бахтини қайтариб беряпсиз. Айни чоғда сиз осмони фалакда ҳам бир оилага бетакрор бахт ато этган экансиз. Яхшиси, бу ҳақда ўзингиз гапириб берсангиз!

— Тўғри. Апрель ойи эди. Замонавий “Boeing 787 Dreamliner” бортида “HY273” рейси билан Тошкентдан Истанбулга учаётган эдик. Самолёт иллюминатори ортидаги парқу булутларга тикилиб, хаёл сураётган эдим. Деярли уч соатлик фазони босиб ўтган эдик. Туркия соҳиллари кўзга ташлана бошлаганди. Бирдан борткузатувчининг лайнерга ўрнатилган овоз кучайтиргич орқали “Ҳурматли йўловчилар. Орангизда шифокорлар борми? Бор бўлса уларнинг зудлик билан ёрдам беришларига муҳтожмиз!” деган сўзлари янгради. Ҳамкасбим Акмал Маҳмудов билан дарҳол ўрнимиздан турдик. Йўловчи аёллардан бирининг кўзи ёрий бошлаган экан. Бизнинг баҳоли қудрат ҳаракатларимиз ва борткузатувчилар ёрдамида қўнишга уч дақиқа қолганида ўша аёлнинг кўзи ёриди. Ўғилча дунёга келди. Аммо чақалоқ нафас олмаётган эди. Бор кучимиз билан унга тиббий ёрдам кўрсатдик. Ўша дақиқа, назаримда, ўн йилга чўзилгандек бўлди. Аммо қўнишга бир дақиқа қолганда Аллоҳнинг инояти ва бизларнинг саъй-ҳаракатларимиз боис чақалоққа жон қайтди, у чинқириб йиғлади. Бортдаги барча йўловчилар қувончдан баралла қичқириб юбордилар. Бахтли ота билан бахтли она чақалоққа бортнинг ўзида жаноб пайғамбаримизнинг исмини беришди. Ҳозир Муҳаммаджон бахтли оилада яйраб-яшнаб ўсмоқда. Биз шифокорлар халқдан, мижозлардан олқиш олиб юрганимиз билан бахтлимиз. Айни чоғда мамлакатимиз тиббиёт соҳасига изчил эътибор бераётганидан беҳад мамнунмиз, — деди Шоира Маҳамадаминова.

Шифокорлик энг улуғ, савобли касблардан. Шоирахон каби изланувчан, билимдон саломатлик фидойилари бор бўлсин!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган 

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =