“Ниҳол эк эзгулик боғига, инсон…”

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Ярим аср девони” номли шеърлар тўплами Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди. Тузилиши, мазмун-мундарижаси, номи ўзгача бўлган ушбу китобдаги шеърларни ўқир эканман, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим оға Юсупов “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” деб беғубор ёшликка нозик ишора қилганларидек, мутолаа завқи, таассуротлар, хаёллар беихтиёр болалик вақтларимга етаклади.

Ўқувчилик пайтларим мактабимиз ҳовлисида икки улуғ инсон билан тез-тез юзлашиб турардим. Бири — кутубхоначимиз Баққол ота Кўчаков, иккинчиси — мактабнинг хўжалик ишлари бўйича масъул ходими Мамасалоҳ ота Саидов. Улар Иккинчи жаҳон урушининг оғир асоратларини бошидан кечирган, тадбирларда йигитлик даврида кўрган-кечирганлари ҳақида қизиқарли ҳикоялар сўзлаб берганлари учун биз болаларнинг севимли қаҳрамонимизга айланган эди. Бундай ибратли ҳикояларни сўзлаб берган қаҳрамонларимизнинг ўзлари бизнинг наздимизда жонли китоб эдилар. Айниқса, ўн минг нусхадан зиёдроқ бадиий китоби бор кутубхоначимиз Баққол ота Кўчаков китоб ўқимайдиган ўқувчиларга мулойим насиҳатлар қилганлари ҳамон эсимиздан чиқмайди.

Мактабимиз ҳовлисида яна бир онахон шўх-шаддод, ўйинқароқ ўқувчиларни дуо қилиб юрарди. Холбиби момо. Қишин-ёзин синфхоналарни чиннидай озода қилиб қўядиган момонинг ташвиши бошқаларникидан кам эмасди… Бугун мен нега уларни эсладим?.. Сабаби, бугун саҳифаларини варақлаб, таъсирланиб турган “Ярим аср девони” китоби муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид собиқ жангчи, Мамасалоҳ деган исмлари тўлиқ айтилганда, Муҳаммадсалоҳ ота ҳамда Холбиби момонинг дилбанди. Ўзларининг бор меҳр-муҳаббатини мактабга бахш этган ота-она фарзандларининг билимли бўлишига жон куйдиришгани изсиз кетмади. Фарзандларининг барчаси илмли мутахассис, зиёли бўлиб етишди.

“Ярим аср девони” китобини қўлга олиб, варақлаганимда, хаёлимдан бепоён Сурхон воҳасининг дашту далалари, шоирнинг онаси Холбиби момонинг кафтларини тинимсиз куйдириб учаётган дуолари кечди. Бир неча бор тупроқдан-да беозор, хокисор момо ўғлига дунёнинг бор эзгу ниятларини тилаганига гувоҳ бўлганман. Айниқса, онанинг тупроқ билан боғлиқ ҳикматли сўзлари юрагимдан чуқур жой олган: “Тупроқ олсанг, зар бўлсин, болам!” Чиндан ҳам онанинг эзгу ниятлари ижобати ўз туғилиб ўсган тупроғини, вояга етказган халқни, она Ватанини севиб ардоқлаган шоирнинг орзуларига қўшилиб, Яратганнинг ўзига етган бўлса, не ажаб?!

Сирожиддин Саййид ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида шеърият майдонига чақмоқдек кириб келди. Қаттол тузум зайли ниҳоятда шафқатсиз эди. Одамларда озод сўзга эҳтиёж кучли бўлган замонда шоир сўзнинг қаловини топиб сўзламаса, унинг бошига нималар тушиши аниқ эди. Бироқ ижодкорнинг оғзига толқон солгандек жим туриши, ноҳақлик ва адолатсизликларни кўриб, ўзини кўрмасликка солиши ундан ҳам ёмон. Ёш шоир ўз ёғига куйиб адо бўлган халқнинг орзу-армонларини маҳорат билан шеърга солишга киришди. Унинг оташин байтлари юраги куйиб ўртанаётган қанчадан-қанча ошиқларнинг дилига ўт солгани сир эмас:

 

Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим,

Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.

 

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиғи зорлар,

Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим…

 

Одамзодга заррача қадру қиймат бўлмаган мустабид тузумнинг зим-зиё кунларида ғўза ниҳоллари парваришидан қаддини зўрға ростлаган деҳқоннинг кўзларида милтиллаган ёшда умид учқуни борлигини биз ўшанда пайқаганмиз. Шоир бизнинг куюк оламимизни кинотасма каби кўз олдимизда жонлантирган. Айниқса, бу байтлар элимизнинг суюкли ҳофизи Шерали Жўраев томонидан авж пардаларда янграганда, беихтиёр юрагимиз сел бўлиб оққан. Сирожиддин Саййиднинг матбуотда кетма-кет чиқаётган шеърлари жуда катта шов-шувларга сабаб бўларди. Айниқса, истеъдодли шоирнинг “Сариосиё фожиаси” номли шеъри одамлар бошидан тинимсиз заҳар пуркаётган Тожикистон алюминий заводининг заҳри қотили ҳақида эди:

 

Ким айтди бу ерда ғурбат йўқ дебон,

Турмуш фаровон, деб ким айтди бу кун?

Мен йиллаб ўтириб йиғлашим мумкин,

Ўлган гўдакларнинг қисмати учун!

Ҳавода ҳаво йўқ

Еру кўк — заҳар…

 

Бундай долзарб мавзудаги шеърларни у пайтлар ҳар қандай зўр шоир ёзмасди, ёзолмасди. Аммо Сирожиддин Саййиднинг ёзганлари элнинг дилидан отилиб чиқаётган нола эди. Ўша вақтлар отамнинг тилида беихтиёр янграган шукрона дил изҳори менинг ҳам юрагимга шеъриятга муҳаббатнинг эҳтиросли алангасини солган. “Худога шукурким, Ниҳондарамиздан бизнинг дардларимизни англайдиган яна бир шоир етишиб чиқди…”

Абдулваҳоб шоир, Мулла Султон, Мулла Қорёғди, Карим Мерган каби шоирлар элимизнинг фахри эди. Айниқса, шеъриятга шайдо бўлиб юрган ўсмирлигимда Абдулваҳоб шоирнинг: “Сафарим бор Тошкангача” номли шеъридаги орзу изтиробларини эшитганимда, ниҳоятда таъсирланганман:

 

Кўрингайлар тоғу тузум,

Туман бўлди манинг юзум,

Ўйилибди икки кўзум,

Қўйимдан айрилган қўзум,

Ёлғон эмас айтган сўзим,

Сафарим бор Тошкангача… —

 

дея нола қилган шоирнинг дилидаги орзу-армонларини Сирожиддин Саййид илк бор Тошкентга келиб рўёбга чиқарди. Шоир қалбидаги бор меҳр-муҳаббатини, ҳароратли сезимларини Ватанга бахш этди. Унинг ярим асрлик ижодий фаолияти давомида жамланган “Ярим аср девони” китобидаги шеърлар ва достонлар буни исботлайди. Китобни варақлаганда шоирнинг ярим аср давомида бошидан кечирган туйғулари, изтироблари, аламлари, ҳаяжонлари, фахру ғурури ва армонлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди. У мактабда ўқиб юрган вақти ҳақида ёзган “Гулнор билан хайрлашув” номли шеърида тўртинчи синфда рўй берган бир воқеани хотирлайди:

 

Болаликнинг сўнгги кўз ёши!..

Мен ростдан йиғладим,

Болалар кулди,

Кулди йиғлаётган қизлар ҳам.

Ўқитувчи кулди,

Директор кулди.

Бутун мактаб кулди устимдан!

 

Улар кўчиб кетишди. Кулди

Гулнорнинг синфда бўш қолган ўрни…

Кейин… эслолмайман:

Йиғладимми, йўқ?..

Гулнор — болаликнинг сўнгги кўз ёши…

 

Гулнор ота-онаси билан қишлоқдан кўчиб кетишини шоир “менинг ҳам болалигим кўчиб кетди” деб образли таърифлайди. Синфдошининг кўчиб кетиши, бундан буён мактабга келмаслиги боланинг беғубор кўнглини яралайди. Бола қалбига таъсир қилган илк айрилиқ уни катта одамга айлантиради. Шу билан болалик тугайди. Унинг умрида катталар турмушидек ҳаёт бошланади.

Сўзимиз бошида шоирнинг падари бузруквори Мамасалоҳ ота ҳақида қисқача тўхталиб ўтгандик. 1984 йил 1 апрель куни Мамасалоҳ ота оламдан ўтди… Шоирнинг армони катта-катта китоблари нашр этилган, орзулари ушалган дамларини отаси кўрмаганида, мусофир шаҳарда шеър излаб юргани учун ўғил бўлиб қишлоқдаги отанинг хизматини ўтай олмаганида эди. У ўзининг “Армон” номли шеърида соғинчу армонларига қоришиқ бўлган лаҳзаларни шундай эслайди:

 

Фарзандлар бор, меҳрин тўшаб гилам қилар,

Фарзандлар бор, ота кўнглин олам қилар.

Ота, ўша, чопонингиз қатидаги

Чигитчалик бўлмаганим алам қилар.

 

Фарзандлар бор, ўз бағрини доғлар этган,

Отасининг тиригида боғлар этган.

Ўз номин ҳам, ота номин тоғлар этган

Йигитчалик бўлмаганим алам қилар.

 

Шоир ижодининг замиридаги воқеаларга унинг туғилиб ўсган тупроғидаги ҳар бир хаснинг алоҳида ўрни муҳимдир. Айниқса, элнинг дуосини олишдек буюк бахтга мушарраф бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

“Олтин олма, дуо ол” деган халқ мақолининг нақадар ҳикматли эканини англаган ҳолда, дуога қўл очган муштипар онанинг асл мақсади фарзандини Ватанни севишга ундашдир. Балки шунинг учундир, Сирожиддин Саййид ўзининг “Илинж” номли шеърида:

 

Менга қадим минорлардан бир сас етар,

Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.

Менга дунё керак эрмас, бир хас етар,

Яссавийлар ётган азиз ерларингдан… —

 

дея жисму жонини она юртининг бир сиқим тупроғини тавоф қилишга бахшида этади. Шоирнинг фалсафий сатрлари ўқувчини ҳушёр тортишга, ўз она тупроғига меҳрли бўлишга ундайди. Шу ўринда алоҳида айтишим керак бўлган яна бир сўз бор: шоир ўзининг хотираларида бот-бот эслагувчи, унинг юрагида адабиётни жо этган устоз Иброҳим Сафаров ҳамда кўплаб достонларни юракдан жўшиб куйлагувчи, эл ичида Ислом шофир дея ном олган тоғаси Исломиддиннинг ўрни беқиёс бўлган. “Ярим аср девони”ни варақлаганимда, Сирожиддин Саййид элу юрт олдидаги бир умрлик вазифасини фарзанд сифатида шараф билан адо этгани намоён бўлганини кўрдим. Ўқувчини Ватан кенгликлари сари етаклайдиган тимсолларга бой байтларда юрт тупроғига бўлган меҳр-муҳаббат, онага бўлган садоқат, табиатга бўлган эҳтиром ўз аксини топган. Айниқса, “Ватан бўлмас Ватандан ташқарида” номли ғазалини ўқиганда “Ниҳол эк эзгулик боғига, инсон” дея юртни гулу гулзорларга айлантиришга ундаётган нафис ва даъваткор мисралардан ўқувчи таъсирланади ва Ватан хизмати учун бел боғлаб оёққа қалқади.

 

Чамандирсан чамандан ташқарида,

Чаманлар бари сандан ташқарида.

 

Ниҳол эк, эзгулик боғига, инсон,

Юрибсан то кафандан ташқарида.

 

Ўзингдан ичкари кир, дилга киргил

На бордир жон ва тандан ташқарида.

 

Ватан ичра сафарлар айла, эй дил,

Ватан бўлмас Ватандан ташқарида.

 

Шундай юракдан, қалб қўридан отилиб чиққан сатрлар,  “Ярим аср девони”дан жой олган жамики шеъру ғазаллар ўқувчини бепоён Ватаннинг бетакрор дашту далалари сари етаклайди. Мустақиллигимизнинг берган бебаҳо неъматлари бадиий маҳорат билан тараннум этилгани кўнглимизни ёритади:

 

Қалдирғочларга бер айвонларингни,

Қушнинг ҳам бек билан бекаси бордир.

Сингилжон, экавер райҳонларингни,

Эгаси бор юртнинг эртаси бордир…

 

Ахтамқул КАРИМОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + six =