Бмт минбарида янграган ўзбекча нутқ

“Ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз”, — деди Президентимиз

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев юксак минбардан туриб, халқаро ҳамжамиятга бутун дунё ва халқимиз манфаатлари, миллий қадриятлар ва умуминсоний тамойилларни мужассам этган, катта сиёсий аҳамиятга эга нутқ сўзладилар.

Давлатимиз раҳбарининг халқаро минбарда айтиб ўтган ҳар бир фикрида мамлакатимизнинг очиқ ва тинчликсевар ташқи сиёсати, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий йўналишларда аниқ мақсадларни кўзлаб, дадил ва жадал олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни тўлиқ очиб берилди.

“Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди” — бу кўрсаткичлар шунчаки рақамлар эмас, балки бугун фарзандлари сифатли мактабгача таълим билан тўлиқ таъминланган ота-оналар, олий таълимда ўқишдек катта мақсадларига эришаётган кўплаб ўғил-қизларимизнинг қалбидаги умидлари, истакларининг амалий ифодаси, рўёбидир. Айниқса, олий таълимга қамровда хотин-қизларга берилаётган алоҳида имтиёзлар, бу — Давлатимиз раҳбарининг келажак авлод истиқболини кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати намунаси. Илмли, маърифатли аёллар ҳар бир даврнинг, ҳар бир жамиятнинг фаол, жонкуяр, садоқатли аъзоси, оиланинг маънавий озуқа манбаи, гўзал хулқли фарзандлар тарбиячиси бўлиб келаётганига тарихдан кўплаб мисоллар келтирсак бўлади.

Яқиндагина Президентимиз ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказган мулоқотида эса ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш бўйича жуда аҳамиятли таклифларни илгари сурди.

Президентимиз томонидан педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича илгари сурилган таклиф, айниқса, жуда долзарб ва илғор ташаббус бўлди.

Ривожланган давлатлардан қатнашадиган педагоглар, экспертлар ўзларининг илғор тажриба ва ёндашувларини баҳам кўриши — бу юртимиз педагоглари учун янги билимлар, инновацион методикаларни ўрганиш, тажриба алмашиш имконини беради. Ўзбекистон таълим тизими халқаро стандартлар билан уйғунлашади, бу эса таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг БМТ минбаридаги нутқи замирида дунё тинчлиги, қўшничилик алоқалари, ҳар томонлама барқарор ривожланиш стратегиялари, халқимиз манфаати, фарзандларимизнинг ёрқин келажаги каби юксак мақсадлар мужассамдир. Биз Президентимизнинг халқаро ҳамжамият олдида кўтарган ташаббусларини амалий ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Дилрабо ТАЖИМУРАТОВА,

Урганч давлат педагогика институти

Ахборот-ресурс маркази директори,

Халқ депутатлари Янгибозор

туман Кенгаши депутати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 15 =