“Адабиёт – кетмон бозори эмас…”

Савияси паст, бадиийликдан йироқ бўлган тўпламларни нашр этишнинг хунук оқибатлари ҳақида

Замонавий бир ривоят:

Кўчада икки дўст учрашиб қолибди.

— Нима иш қиляпсан?

— Ғирт бекорчиман.

— Нимага?

— Ишга кирай десам, мактабни зўрға битирганман. Савод чатоқ. Бошқа мундайроқ юмушларга бўйин тоб бермайди.

— Унда шеър ёзиб кўр ёки қўшиқ айт. Дарров машҳур бўласан. Ҳозир аксарият сенга ўхшаганлар шундай қилишяпти. Ишонмасанг, ҳозир чиқаётган айрим китобларни ўқиб, баъзи қўшиқларни тинглаб кўр! 

— Майли-ку-я. Аммо  бунинг учун алоҳида қобилият, иқтидор керак эмасми?!

— Ҳе-е-е! Қайси замонда яшаяпсан ўзи? Ҳозирда санъаткор ёки шоир бўлиш учун ҳеч қандай қобилият шарт эмас. Компьютерда тай­ёр мусиқа, тайёр “шеърлар” мавжуд. Пулини тўлаб қўйсанг бас. Асар бирпасда тайёр.

Бу суҳбатни эшитиб ўйланиб қолдим. Дарҳақиқат, бу гапларда жон борга ўхшайди. Мана, олдимда ёш ижодкорлардан бир нечтасининг турли нашриётларда чоп этилган китоблари турибди. Гапнинг очиғи, уларни дастлаб катта умид, ҳаттоки озгина ҳаяжон билан ўқий бошладим. Ким билади, балки бу кўримсизгина, оддий варақлар орасида улкан кашфиётлар, теша тегмаган ташбеҳлар, кутилмаган фалсафий мушоҳадалар бордир. Аммо минг афсуски, илк саҳифаларданоқ умидларим пучга чиқди. Мана бу сатрларга эътибор қилинг.

 Кўнглингдан (?) жой берганинг учун,

   Қарздорман сендан ҳамма вақт.

   Сенга ҳамма-ҳаммаси учун,

   Каттақўрғон, минг бора раҳмат!

Ёки:

Улуғроқ хоки ундан(?),

   Кечирилмас, алдамас(?).

   Энди нон-туз биланмас,

   Тупроқ билан ич қасам(?).

Яна:

Бор қайғуни бизларга беринг,

   Сиз саломат бўлинг ҳамма вақт.

   Сизни бизга бергани учун,

   Худойимга беҳисоб раҳмат!

(Муниса Расулова. “Қизғалдоққа айлангим келди”. “Тафаккур” нашриёти. Тошкент,  2013 йил.)

Муаллиф ҳам, мазкур тўпламни чоп этган нашриёт мутасаддилари, ташкилотчи жаноблар ҳам маъзур тутсинлар-у, оддий тилаклар, пала-партиш гапларни қофияга солиб, уни яна оз эмас, кўп эмас, 1000 нусхада чиқариш шартмикан?!

Сатрлардаги мантиқсизликни-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Синглим Муниса! Каттақўрғон сизга кўнглидан эмас, балки бағридан жой берган бўлса керак, негаки, кўнгил инсонга нисбатан ишлатилади, шаҳар, қишлоқ ёки автобусга нисбатан эмас. Бунинг устига, икки мисрада нақ уч марта “ҳамма” сўзини ишлатгансиз. Иккинчи тўрт қаторда эса гап нима ҳақида кетаётганлиги ҳатто номаълум. Жумлалар анчайин тўмтоқ. Эндигина тили чиқаётган боланинг пойинтар-сойинтар гапларига ўхшайди. “Нон туз билан эмас, тупроқ билан қасам ич”, деб кимга мурожаат қиляпсиз? Ё, тавба!

Энди бошқа бир тўпламдан жой олган Ватан ҳақидаги “шеър”ларга қаранг:

Очиқ насибамсан(?), эй она Ватан,

Ўлмас қасидамсан, эй она Ватан!

Ёки:

Қачонки дилдан севинсам,

Чин кўнгилдан қувонаман(?).

Халқим бирдамлигин кўрсам,

Бу дунёга парвонаман(?).

(Амиржон Дониёров. “Анорбулоқ илҳомлари”.  “Турон замин зиё” нашриёти. Тошкент, 2015.)

Ватан ҳақида ўхшатишлар бисёр. Аммо уни “насибамсан” дейиш тўғримикан? Бунчалар жўн, минг марта чайналган оддий сўзлар тизмаси.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Истиқлол туфайли юртимизда туб бурилиш даври бошланганига салкам 35 йил бўляпти. Ўзбекистон дунёга қадам қўймоқда. Бу жараён қалам аҳлига ҳам чексиз ғурур, завқу шавқ бағишлаб, гўзал асарлар яратилмоқда. Аммо, тан олиб айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ватан ҳақида ёзиш модага айланиб бораётгандек гўё. Яхши шеър, мағзи тўқ жумлалар бўлса-ку, бош устига.

Афсуски, шундай муқаддас мавзу ҳақида битилган “асар”ларда аксарият ҳолларда бир хил фикрлар, айтилавериб сийқаси чиқиб кетган ўхшатишлар кўп учрамоқда. “Ғуруримсан, суруримсан, боғларинг бор, тоғларинг бор, минорларинг, чинорларинг бор, бағрингда ўсдим, тупроғинг кўзимга тўтиё, буюк аждодларим ётган жой, сени севаман, юртим, дунёда ягонасан” ва ҳоказо. Ишонмасангиз, сўнгги йилларда Ватан ҳақида битилган шеърлардан хоҳлаганингизни олиб ўқинг. Мана, яна улардан бири:

Ватан нима? Ватан менинг қишлоғим,

Бунда яшар дўстим, яқин-йироғим.

Униб ўсдим, ўйнаб унинг бағрида,

Ширин сувин ичиб, суту қаймоғин.

(Собир Усмонов. “Ватан тафти”. “Мумтоз сўз” нашриёти. Тошкент, 2014 йил.)

Ёки:

Осмонинг соф, мусаффо,

Ҳар қарич ер мисли зар.

Бу заминда юртимиз

Эгалари улғаяр.

Бўлгин дунёга достон,

Ўзбекистон, Ўзбекистон.

(Қаҳҳор Нурмуҳаммедов. “Яхши номинг қолсин”. “Наврўз” нашриёти. Тошкент, 2014 йил.)

Жондан азиз кўраман сени,

Тупроғингни кўзимга суртгум.

Кўз тегмасин сенга, Ватаним,

Ўлсам, сенинг бағрингда ўлгум.

(Жамшид Маҳмудов. “Соғиниб яшайман”. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси  Бош таҳририяти. Тошкент, 2011 йил.) 

Тўғри, Ватан ҳақида ёзиш яхши, фахрли. Лекин ҳеч ким айтмаган, ҳеч қаерда учрамаган, кашфиёт даражасидаги фикр бўлса. Юқоридаги мисраларда эса яна ўша гап. Ватаннинг бағрида улғайиб ўсиш, унинг ҳар қаричи бебаҳо эканлиги, тупроғини кўзга суртиш кераклиги, унда яқин қариндошлар яшаши, довруғи дунёга достон бўлиши, юртимга кўз тегмасин дейиш шеър бўладиган янгилик ёхуд кашфиёт даражасидаги фикр эмас, ҳамма биладиган оддий ҳақиқат. Уни шеърга солиш “душанбадан кейин сешанба келади” дегандай гап. Бундай саёз фикрлар, юмшоқ қилиб айтганда, китобхоннинг дидини ўтмаслаштиради, холос.

Таниқли шоир Муҳаммад Юсуф ёзади:

Лочин нетар кўкда кўзи ўтмаса,

Синдир қаламингни, сўзи ўтмаса,

Ватан деса ўпканг тўлиб кетмаса,

Шеър ёзишга бало борми, биродар?

Яна бир гап. Юқоридаги муаллифларнинг аксарияти 18-30 ёш оралиғидаги ижодкорлар. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Ҳа, нима бўпти, фалончининг китоби чиқибди деб тезроқ эл оғзига тушгиси, тенгқурларига мақтаниб китобини кўрсатгиси келади. Аммо бир нарсани унутмаслик лозим. Қўлга қалам олиб қоғоз қоралашдан олдин ўзингизга савол беринг. Хўш, ўқувчига нима демоқчисиз? Сиз айтмоқчи бўлган гапни сиздан илгарироқ бошқалар қойиллатиб айтиб қўймаганмикан?! Айтадиган фикрингиз оригиналлигига, ўқувчининг диққатини торта олишига, сўзингизнинг  салмоғига ўзингиз ишонасизми?

Масаланинг яна бир оғриқли нуқтаси ҳам бор. Булар-ку ҳали оқ билан қоранинг унча фарқига бормаган ёшлар экан, хўш, уларнинг китобига муҳаррирлик қилаётган айрим қаламкашлар нимани таҳрир қиляптилар? Наҳотки муаллифни ёнларига чақириб, унинг хатоларини айтиб, адабиёт бунақа бўлмайди дейиш қийин бўлса?!

Дарвоқе, мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида бир ҳамкасбимдан фикр сўрасам, у кейинги уч йил ичида 50 дан ортиқ китобга муҳаррирлик қилганини айтди. Мен у қўл урган китобларнинг айримлари билан танишдим. Афсуски, улар орасида юқоридаги сингари “сара асар”лар қарийб 90  фоизини ташкил этади.

Шу ўринда атоқли сўз санъаткори, беназир устоз Абдулла Қодирийнинг қуйидаги сўзлари хаёлдан ўтди: “… Қалам – ўқлоғ, адабиёт – кетмон  бозори эмас. Хаёлга келган ҳар қандай фикрдан жумлалар тўқимоқ фазилат эмасдур. Сўз – қолип, фикр унинг ичига қуйилган ғишт бўлсин. Кўпчилик хумдонидан пишиб чиққач, янги ҳаёт айвониға асос бўлиб ётсин…”

Устоз шоир Ғафур Ғуломдан: “Яхши шеър ёзиш учун нима қилиш керак?” деб сўрашганида, у киши ҳазил аралаш: “Аввал қўлни яхшилаб совунлаб ювмоқ керак”, деган экан.

Кейинги пайтларда пайдо бўлаётган юқоридаги сингари маза-матрасиз “ашъор”у “мажмуа”лар эса, бизнинг фикримизча, кўп ўқимаслик, тор фикрлашнинг маҳсулидир. Негаки, ҳазрат Навоий бобомиз қайд этганларидек, 500 мисра мағзи тўқ шеър ўқиган киши, жиллақурса, 5 мисра яхши ашъор ёза олиши керак. Ваҳоланки, улуғ шоир 5 минг мисра шеърни ёд билганлар. Аммо ўқиганда ҳам топиб, саралаб, мутолаа қилиб ўқимоқ лозим. Чиройли, ялтироқ муқовасига ҳавас қилиб, дуч келган китобни ўқийвериш ҳақиқий китобхоннинг иши эмас.

Қолаверса, ёш ижодкорлар учун ҳозирда ўнлаб назарий қўлланмалар, шеър техникаси ҳақида китоблар мавжуд. Лоақал таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ҳотам Умировнинг  2014 йилда Самарқандда чоп этилган “Шеър техникаси ва поэтикаси” номли рисоласини олинг. Олим шеърга шундай изоҳ беради: “Шеърият асосида лириканинг қонунияти ётар экан, демак, унда ҳиссиёт ва фикр қоришиқ яшайди. Образли қилиб айтганимизда, ҳиссиёт – она, фикр – ота, улардан дунёга келган фарзанд эса шеърдир…”

Шеъриятни бозорга айлантираётган баъзи бировлардан бағри куйган тойлоқлик марҳум шоир Жамол Сирожиддин Хумий шундай ёзган эди:

Ё маним ишиммас бугун шоирлик,

Ёхуд замонада мезон ўзгарди.

Мубошир, муборак сенга заргарлик,

Гўё беш вақт намоз, азон ўзгарди.

Азизим шеърият! Эй бокира қиз,

Сен-да баднафсларнинг қўлида асир.

Ғозадин юзларин этганча қирмиз,

Қўшмачи бу ношир зўрлатар ҳозир.

Cевги-муҳаббат мавзуидаги бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш, ўта саёз ва бачкана битикларни-ку айтмай қўя қолайлик. Улар кишининг энсасини қотиради, холос. Эътибор қилинг-а:

Жоним, сени жуда севаман,

Хоҳласанг, хоҳламасанг уйланаман.

Буёғи битта мулла, уч сўм пул,

Сўнг аканг сенга бир умр қул.

Нақарот:

Жоним, сени жуда севаман,

Хоҳласанг, хоҳламасанг уйланаман. (10-12 марта)

Бу “гўзал асар” яқинда хусусий радиоканаллардан биридан янгради. Ана сизга савия! Гўзал хоҳласа-хоҳламаса уйланадиган бўлсанг, уйланавер, оғайни. Шу гапни куйга солиб, қўшиқ қилиб, радиодан дўмбира қилиб чалиш шартмиди? Агар бу қўшиқ кулги усталарининг қўлига тушса, жуда ажойиб аския, пайров бўлиши шубҳасиз. Менимча, бу ерда “мисра”лар таҳлил қилишга ҳам арзимайди.

Уяли алоқа компаниялари томонидан таклиф этилаётган “дил изҳорлари”-чи? Яна энг ёмони, бу жумлаларни айрим “хушовоз юлдузлар” худди матнига ўхшаш бетайин мусиқага солиб, концертларда, “ойнаи жаҳон” экранлари орқали завқ билан, бемалол куйлашяпти. Энди бу алоҳида мавзу.

Аммо юқоридаги сингари саёз ва савиясиз битикларнинг пайдо бўлишида шу каби “SMS”ларнинг ҳам қайсидир даражада таъсири бор, бизнингча. Негаки, ҳозирда қайси томонга қараманг, ҳамманинг қўлида уяли телефон. Аксарият ёшлар ҳатто кўчада ҳам қулоғига эшитиш мосламасини тақиб, шунақа нарсаларни эшитишади. У ёғи эса маълум ҳақиқат.

Мазкур даъво қуруқ бўлмаслиги учун яна бир воқеани келтирсак. Бундан уч-тўрт кун аввал қайсидир даврада юқоридаги каби “суви кўпроқ” шеърлар ҳақида гап кетди. Шунда ўтирганлардан бири: “Бундай шеърлар интернет сайтларида ҳам, уяли алоқа воситаларида ҳам тўлиб-тошиб ётибди-ку. Ҳеч ким улардан фойдаланишни тақиқлагани йўқ-ку! Демак, мумкин экан-да”, — деди. Ана шу “мумкин экан-да” эса бошқа маънавиятсизликни, руҳий қашшоқликни, ҳаётга юзаки, енгил-елпи қарашни келтириб чиқаради…

Ҳақиқий шоир ҳамиша маънавиятсизлик, руҳий қашшоқликка қарши курашувчи зотдир. Чунки у ҳамиша халқнинг жигар-бағридан бун­ёд бўлгувчи зурриёт, ўтмиш ва бугун ўртасидаги кўприк, эл қалбининг эртанги кунга етгувчи садоси бўлиб қолаверади.

Шоир қайси замонда, қайси юртда яшамасин, биринчи галда ўз қалбининг ҳолатини аён этади. Агарда бу ҳолат мингларнинг, миллионларнинг қалби, дарди, армонларига эш бўлса, шоир нидоси умумбашарий нидога айланади. Шоирлик ҳамма замонда ҳам қисмат бўлган.

Аммо бир ҳақиқат аёнки, илк китоби чиққан муаллифларнинг ҳаммаси ҳам бундай қисматга дучор бўлавермайди. Шунинг учун, бизнинг фикримизча, қандайдир манфаат ёки шунчаки обрў учун ёзаётганлар, яхшиси, бошқа соҳада ўзларини синаб кўрганлари маъқул.

Энг ачинарлиси, нафақат шеъриятда, балки муқаддас  адабиётнинг бошқа жанрларида ҳам асло чидаб бўлмас даражадаги чучмал “китоблар” нашр этилиши одатий ҳолга айланди. Ҳозир нодавлат нашриётларда десак, ҳатто нуфузли давлат нашриётларида ҳам шундай “дурдона”лар чоп этилмоқдаки, эсиз қоғоз, эсиз шунча маблағ деб юборасиз. Китоб дўконларини айланар экансиз, пештоқларда  бир-биридан гўзал, салмоқли бадиий асарлар билан бир қаторда, минг афсуски, сариқ чақага арзимайдиган “Жўқи”лар ёзган “тўпламлару китоб”ларга дуч келасиз. Бу эса адабиётнинг, ҳақиқий адабиётнинг нуфузига салбий таъсир қилмай қолмайди.

Пул бўлса, бўлди. Ҳар қандай газетада, тўғрироғи, ҳеч ким ўқимайдиган, ўқишга арзимайдиган деворий газета мисол бир балода чиққан-чиқмаган тўрт қоғозли алламбалони саккизга буклаб олиб боришса, ҳожатбарор, савияси ғовлаган, “пул бўлса, бўлди, менга нима?” дегувчилар “Мана китобингиз!” дея нашр этиб беришмоқда. Ана шундай “китобча”лар, “тўпламча”лар, нетонгки, ҳаттоки “романча”лар зўр бериб чоп этилмоқдаки, кўпининг муқовасига қараб, китоб экан дейиш мумкин. Аммо уларнинг аксариятини варақласангиз, узр-ку, бир тийинга қиммат сўзфурушликдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Адабиётни бундай чайқов бозорига айлантириш гуноҳ бўлса керак. Таклифимиз: энди ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, нашриётлар бадиий адабиётларни нашр этишда Ёзувчилар уюшмаси ва унинг бўлимларидан нашр этишга лойиқлигини кўрсатувчи бир энлик ёрлиқ олишлари талаб этилсагина, бу аҳволнинг олдини олиш мумкин.

Тўғри, бугун бозор иқтисодиёти. Эркинлик даври. Ўқувчи ўзини қизиқтирган китобни олиши, ёқмаса ўқимаслиги мумкин. Аммо бадиий дид, савия масаласи-чи? Бунинг учун ким жавоб беради?

Президентимиз маънавият соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларининг бирида: “Маънавият масаласининг тижоратга айланишига йўл қўйилмайди”, деган эди. Шундай экан, ҳақиқий адабиётни, ҳақиқий иқтидорларни ҳурмат қилишни ўрганишимиз, адабиёт софлигини таъминлашда қатъий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга молик бўлар эди. Бу эса ҳеч қандай чеклов, цензура эмас, аксинча, ҳақиқий ижодни, ижодкорни қўллаб-қувватлаш деганидир.

Ёр МУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 5 =