Алпомишни колбасага айлантирганлар
Янги кун тугаб, шом қоронғиси тушганда одамлар толиққанроқ кайфиятда ишдан қайта бошлайдилар. Ҳордиқ чиқариш учун кимдир китоб мутолаа қилса, кимдир ўғли ёки қизи билан шахмат-шашка ўйнайди. Кўпчилик телевизор мурватини қўлга олади. Биров мириқиб кино, биров концерт томоша қилаётганда лоп этиб реклама чиқади. Эркак киши ҳайқиради: “Фақат бизда! Фақат бугун! Шошилинг! Ҳозироқ кўриб турган телефон рақамларингизга қўнғироқ қилиб, буюртма беринг!” Уч-тўртта мантиқсиз ва узундан-узоқ бундай рекламалар қайта-қайта такрорланиб, асабингизни эговлайди.
Начора, бугунги ҳаётимизнинг ҳар бир қадами, ҳар бир нафасини рекламасиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар бир маҳсулот, ҳар бир хизматнинг ортида реклама турибди. Аммо бугунги рекламаларнинг кўпчилиги — инсон манфаатию эҳтиёжидан йироқ. Гапнинг пўсткалласи, ясама ва бачкана. Бундай рекламалар томошабин эътиборини тортмайди, қизиқтирмайди, эстетик завқ бермайди. Аксинча, реклама қилинаётган маҳсулотнинг мақтовига ишончсизлик туғдиради. Давлат ва нодавлат телеканалларида кўпайгандан-кўпайиб бораётган бундай сийқа ва қўпол рекламалар томошабиннинг ғашини келтириб, кайфиятини бузишдан бошқа нарсага ярамайди.
Дўконга кирган харидор музлаткичдаги турфа хил колбасаларга кўз югуртиради. Уни бу пайтда пештахта ортида яширинган мухбир, тасвирчи, овоз ёзувчи ва яна икки-учта ҳайбаракаллачи пойлаб туради. Харидор: “Менга “Бахт” колбасасидан беринг”, дейиши билан пештахта ортидагилар худди “қани, қўлингни кўтар!” дегандай бараварига бўй кўрсатиб: “Сиз нима учун “Бахт” колбасасини танладингиз?” дейди. Харидор довдираганча: “Ота-онам шу колбасани олганлари учун мен ҳам оляпман”. Мухбир харидорнинг жавобини такрорлаб, уҳ тортиб қўяди. Пардозчи унинг пешонасидаги терни артиб, юзини пудралаб қўяди. Бу рекламани кўрган кишининг мухбирга раҳми келмай қолмайди. Қизиқ, у харидорни чўчитгани учун терга ботдими ёки унинг бор-йўғи тўртта сўзини айнан такрорлагани учунми? Бировнинг сўзини тўтидай такрорлаб, терга ботган мухбир мухбирми?! Ҳиссиз, томошабинда маҳсулотга нисбатан қизиқиш ва ҳавас уйғотмайдиган бундай арзон-гаров рекламаларни қўшқўллаб олиб, намойиш этаётган телевидение мутасаддиларининг дид-фаросатига “қойил” қолмай бўлмайди.
Яна бир реклама “Шерин” (нимага ширин эмас?) колбасаси ҳақида. Мухбир томошабинни имлаб, хонадонга олиб киради. Дастурхонда шу ном билан турли кўринишдаги маҳсулотлар. Мухбир уларга “маҳлиё” бўлиб ўтирган аёлдан сўрайди: “Sherin?” Аёл жавоб беради: “Sherin”. Шу билан тамом.
Шундай рекламаларнинг яна бири “Алпомиш” деб номланган. Алпомиш қаёқда-ю, унинг номига қўйилган колбаса қаёқда? Бу аҳволдаги рекламани тайёрлаган, тасвирга олган ва шундай чучмал матоҳни халқимизга тақдим этаётганларда зиғирча ҳам савод, фаросат, дид борми ўзи?! Буни рекламанинг матни ҳам айтиб турибди: “Алпомиш — бу ўз устида ишлаш, Алпомиш — бу самимий бўлиш, Алпомиш — бу бақувват ейиш дегани. Алпомиш бўлиш ҳар биримизга насиб қилсин. Рўзметов. Алпомиш довюраклар учун!” Бақувват еган киши Алпомиш эмас, семириб, текинга анча-мунча касаллик сотиб олиши турган гап. Уни харид қилган “довюрак”лардан бири ижтимоий тармоқда ёзибди: “Колбасангиз ичидан суяк билан патсимон бир нарса чиқди”. Ана холос! “Алпомиш” ўзини ўзи фош қилибди-да!
Энди бунисига қаранг: катта тезликда келаётган енгил автомобиль ваҳимали овоз чиқариб, бир айланиб тўхтайди. Чанг ва тутун тарқагач, машина рулини ушлаб турган эркак ёнида ўтирган аёлдан “қойиллатдимми?” қабилида сўрайди: “Қалай?” Аёл жилмайганча жавоб беради: “Зўр!” Ва шу заҳоти у дори солинган кичкина идишни эркакнинг кўзига тутиб: “Анзибел” томоқ оғриғига ёрдам беради”, дейди. Ҳайрон қоласиз. Машина реклама қилиняптими ёки дори?! Рекламага беписандлик, саводсизлик, дид-фаросатсизлик бундан зиёд бўлмас-ов! Савияси паст, мантиқан мижғов бундай рекламалар тобора кўпайиб бораётганлигидан куйинмай бўлмайди, албатта.
Буни қарангки, оддий сувни ичган одам қувончдан сакрайди, мақталган шампунга бош ювган аёл бирдан моделга айланади, реклама қилинган телефонни сотиб олган йигит дарров “бахтли” бўлиб қолади. Бундай рекламалар реал ҳаётдан йироқ, ишончсиз тўқималар билан тўла. Ахир гўзалликни биргина крем, бахтни биргина телефон билан топиб бўлмайди-ку. Шубҳасизки, бундай рекламалар болалар онгига салбий таъсир этмай қолмайди. Улар кўрган ҳар бир ўйинчоқ, ҳар бир ширинликка етишга интилади. Уларни ўзи учун “зарур” деб ҳисоблайди. Натижада реал эҳтиёж ўрнини сунъий эҳтиёж эгаллай бошлайди. Боланинг қалби тобора истеъмолчиликка кўникиб, табиийликдан узоқлаша боради.
Бундай савияси паст рекламалар нафақат мазмунсиз, мантиқсиз, балки инсон вақтининг ўғриси ҳамдир. Бир сериални томоша қилиш учун бир соат ажратсак, унинг 15-20 дақиқаси рекламага кетади. Бу орада инсоннинг диққат-эътибори сўнади, завқ йўқолади, асаб чарчайди. Ўрнига нима қолади? “Бу маҳсулотни ҳозироқ харид қилинг!” деган қайта-қайта айтилган ҳайқириқлар… Аммо фойдали ва ҳақиқатга асосланган реклама ахборот тарқатади, эҳтиёжни ўрганади, танлов қилишда ёрдам беради. Муаммо — мазмунсизликда, ёлғон ваъдаларда, ҳаддан ташқари муболағада. Хуллас, телевидениедаги айрим бемаъно-ю бемаъни рекламалар инсон қалбига, онги ва вақтига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. Реклама инсон онгига эмас, юрагига йўл топиши керак. Зеро, рост сўз барибир ўз йўлини топади — ёлғон бўлса, энг ёрқин экранларда ҳам сўниб бораверади.
Лайло АБДУҲАКИМОВА,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика ва ўзбек филологияси
факультети 3-курс талабаси.
