Дил тубига оқмоқ истадим

Ашурали БОЙМУРОД

Муаллиф ҳақида:

Таниқли шоир Ашурали БОЙМУРОД 1957 йили Бекобод туманидаги Парчаюз маҳалласида туғилган. Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. Ҳозирга қадар шоирнинг 20 дан ортиқ шеърий ва публицистик китоблари нашр этилган. Муаллифнинг “Мирзо Бобур” достони Ўзбекистон радиосининг олтин фондида сақланади. “Онагинам” номли шеърий роман муаллифи. Шеърлари рус ва инглиз тилларига таржима қилинган. “Шуҳрат” медали соҳиби.

ВАТАН

Ватан деб дард чекадурмен,

Қалбга андуҳ экадурмен,

Жону танда неки бўлса,

Борим сенга тўкадурмен.

Чўлпон бўлиб кечаларинг

Ёғду сочиб ёритгаймен.

Таърифингга сўз ахтариб

Оқшомингни қаритгаймен.

Фитратингман, фикратингман,

Ёпинчиғинг нурли осмон.

Чала қолган шеърларини

Айтолмасдан кетган Усмон.

Ибрат бўлди аслидаким,

Қодирийнинг ўтган куни.

Ғанимларга тик боққанча

Сендан рози кетган куни.

Қалби учган боболарнинг,

Жисму тани учолмаган.

Ўзларидан кечган улар,

Аммо сендан кечолмаган.

Бир мушт бўлиб бирлашганмиз,

Ёнимда дўст, хеш бўлгайдир.

Эзгулик деб ёнган халқнинг

Ишлари ҳам беш бўлгайдир.

Бу дунёнинг мушкулотин

Ёлғиз ўзим ечолмасман.

Мен ўзимдан кечарман-у,

Ватан, сендан кечолмасман!

 

ТИЛИНГ БИРЛА КЎНГЛИНГНИ БИР ТУТ

 

Сўз эрурки, ўқ-ёй нишонга,

Мўлжални ҳам аниқ оларкан.

Дўстга шодлик, андуҳ душманга,

Битта сўз ҳам мангу қоларкан.

Кутгил мени, фақат мени кут,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

Чарақлайди қалбим осмони,

Юлдузларим ишқ дардин сўзлар.

Ойдир минг бир кеча достони,

Тонг нутқидан очилгай кўзлар.

Қуёш йўлин тўсолмас булут,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

Мен эргашдим сўзга, навога,

Ҳақ дийдорин кўрдим ўшанда.

Берилмадим ортиқ даъвога,

Ўз гулимни топдим гулшанда.

Асрашни бил, бошқасин унут,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

Минг йилда ҳам зангламас олтин,

Ўзинг мени етказдинг Ҳаққа.

Неки олсам, мен сендан олдим,

Сўз дурларим қолгайдир халққа.

Бўлсин десанг толеинг бус-бут,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

Тил ва кўнгил эгизак эрур,

Бири қолиб бири ўлмасун.

Она тилим, ўзлигим, ғурур,

Ҳар иккиси айро бўлмасун.

Бўлмасин ҳеч юзимиз шувут,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

Ўз тилингни асрагил, юртдош,

Тоза бўлсин иймонинг, қалбинг.

Тилинг эрур тилингга дилдош,

Рози бўлсин ҳамиша халқинг.

Рози бўлсин сендан она юрт,

Тилинг бирла кўнглингни бир тут.

 

КЎНГИЛ ИҚЛИМИ

 

Яшил макон ичра уйғонар замин,

Яшил либосларга бурканар замин.

Битта юрак бўлиб тўлғанар замин,

Дунёни бор дарддан тузатмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Кўнгилда авж олган бўрон, шамоллар,

Беркиниб олгандай гўзал жамоллар,

Негадир кетмайди ёмон хаёллар,

Барчасин юракдан тез отмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Кўнгли озоданинг уйи озода,

Юлдузлар олқишлар чақнаб фазода,

Бундайин бахт йўқдир казо-казода,

Бул уйни нур ила безатмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Менинг вужудимда боримсан, кўнгил,

Сен — замин, осмоним,

ёримсан, кўнгил,

Ўзингни асрайман, оримсан, кўнгил,

Қайда гард, ғубордир, тез артмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Сувлар оқиб турсин тоза қон бўлиб,

Дарахтзор кўпайсин неча сон бўлиб,

Олам нафас олсин битта жон бўлиб,

Илкимиз самога узатмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Табиат онадир, онани асранг,

Мусаффо осмонни, хонани асранг,

Қирдаги қизғалдоқ, лолани асранг,

Онага чин меҳр кўрсатмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

 

Кўнгил ва табиат битта маънодир,

Табиб ҳам ўзидир, ўзи донодир,

Битта жисм бўлиб мудом ёнадир,

Унга бир гўзал боғ ясатмоқ керак,

Кўнгил иқлимини ўзгартмоқ керак.

КЕРАК

 

Ишқ сувратин чизмоққа бир лаҳза, бир он керак,

Таърифу тавсифига шеър ила достон керак.

 

Толе юлдузи балқиб чиқса гар кўк тоқига,

Йўлингни ёритгувчи ой керак, осмон керак.

 

Гўзал Ширин қошида тиз чўкиб пойини ўп,

Фарҳоднинг севгисидек мустаҳкам қалқон керак.

 

Ишқ ўтида ёнгаймен, кулмангиз ҳеч ҳолима,

Ошиқлигим айтмоққа менга бир имкон керак.

 

Деразамга тушди нур, ёр йўлига интиқмен,

Ўлтириб базм этгали кулбама меҳмон керак.

 

Озори бор бу ишқнинг кўксима тиғ санчилмиш,

Жисмима жон бергувчи бир пари пайкон керак.

 

Севмоғу севилмоқни ўзингдан ўрганганим,

Завқимга завқ қўшгали лол керак, ҳайрон керак.

 

Ой чеҳраси ёнимда, фалак менга сўз қотди,

Дилимнинг мунаввари ул моҳитобон керак.

 

Кўрганинг боғи Эрам, гар ошиқсан, эй Ашур,

Навоийдек бир дилкаш, суҳбати жонон керак.

 

САНАМ ЙИҒЛАР

 

Тун — қаламқош, арзин айтиб санам йиғлар,

Тун рангини ёза-ёза қалам йиғлар.

 

Тонг висолдир, етаманму дийдорига,

Ичимда дард, борин айтиб танам йиғлар.

 

Озорларим ўзим билан, ўзимники,

Бул дардима топмай чора малҳам йиғлар.

 

Ой чиқмади, юлдузчалар ҳайронадур,

Кўнглим ичра тўлиб-тўлиб алам йиғлар.

 

Бир малакнинг оташида куйдим мано,

Саҳар чоғи ул майсазор далам йиғлар.

 

Ишонганинг панд берса гар ўзингдан кўр,

Шодлик кетиб, ғамни туйган олам йиғлар.

 

Тонг ёришди, гул кўтариб чиқди қуёш,

Бир нургаки ташна маним хонам йиғлар.

 

Ашур, дардинг ёлғиз ўшал санамдандур,

Ўз бахтига етолмаган одам йиғлар.

 

КУЙДИРСИН

 

Кўрган дилим ғам-андуҳда, қолмади жон, куйдирсин,

Ўт ичинда гўё фалак, еру осмон куйдирсин.

 

Ногоҳ кўзлар тўқнашганда қарашлар ҳам қолар лол,

Қачон бўлгай асл висол, йўқдир имкон куйдирсин.

 

Бор нигоҳим олиб қочдим, ўт ичинда бу таним,

Оғир дардга мубталомен, майли, осон куйдирсин.

 

Ҳеч ким мендек юрак очиб бор дардини сочмагай,

Бизнинг жонни фақат ўшал офатижон куйдирсин.

 

Чидай олмай фироқига чирт узилди япроқлар,

Дил тубида соғинч ранги, фасли хазон куйдирсин.

 

Қора булут ортидаги чўғ юлдузлар шивирлар,

Ой жамолин кўрсатмаса, зим-зимистон куйдирсин,

 

Қулочинг ёз кенгликларга, нур қадрига ет, Ашур,

Шу самога кўксингни бос, қуёшистон куйдирсин.

 

ҚАРО ТУН

 

Бўйнимга осилган қаро тун йиғлайди,

Бўйингга тенг жоду товонинг тиғлайди.

 

Кўксимга ёзмоқда тола соч номалар,

Тун бўлиб ёйилди ҳар ёнга хомалар.

 

Куйдирди бағримни, ўт бўлди қаро тун,

Меҳмондир кўнглима бир мотамсаро тун.

 

Мен тунни қучоқлаб бир ғазал ёзгаймен,

Сўнг ундан дор ясаб ўзимни осгаймен.

 

Қаро тун, ваҳмингни оширма бунчалар,

Сен каби вужудим бир ҳазин куй чалар.

 

Бўйингга тенг экан дилбарим, бул кеча,

Мен каби ҳуснингга ошиқлар бир неча.

 

Кўзим ҳам қамашгай, гўзалдир қаролиғ,

Қаро тун шунчалар бўлурму зеболиғ.

 

Бўйнимга боғлагин, айирма борингдан,

Розиман, гар ўлсам осиғлиқ дорингдан.

 

АЛАМ ҚИЛГАЙ

 

Таърифингга шеър битмакни қалам қилгай,

Шул таърифни ёзолмасам, алам қилгай.

 

Олам кенгдир, гўзаллик ҳам унда бисёр,

Ҳар одамни севги асл одам қилгай.

 

Одат эрур ўз жамолин кўз-кўз этмоқ,

Не гўзаллар ой жилвасин карам қилгай.

 

Йиллар ўтар, ёддан чиқар ҳою ҳавас,

Энди менга бор юпанчни болам қилгай.

 

Қандай бўлсанг, шундайлигинг ўзингга мос,

Табиат ҳам ўз суйганин бекам қилгай.

 

“Ошиқ бўлмай Ҳақ дийдорин кўриб бўлмас”,

Чин ошиқнинг тақдирини бир кам қилгай.

 

Фироқ чекиб юпанч топсанг, наводандур,

Ашур назмин дил дардига малҳам қилгай.

 

ҚАРО КЎЗ

 

Кўзларинг қародур, ёндинг, қаро кўз,

Оламга бир нигоҳ солдинг, қаро кўз.

 

Кўз ҳам бир самодек, гавҳари ойдир,

Ой бўлиб боримни олдинг, қаро кўз.

 

Осмонни йиғлатган қуёш ё шафақ,

Кўз ёши юлдуздек қолдинг, қаро кўз.

 

Субҳидам кўз ёшинг томар кўксима,

Япроқлар устина томдинг, қаро кўз.

 

Оламни борича кўрмоқ истадинг,

Йиғладинг, шодликдан тондинг, қаро кўз.

 

Самога боқдиму кўрдим ўзингни,

Юлдузинг ортиқдур сондин, қаро кўз.

 

Эй Ашур, уйғоқсен, бўлма ҳеч ғофил,

Жоним олар бўлди жондин, қаро кўз.

 

* * *

Вужуд ҳувиллайди, асло таскин йўқ,

Гўёки оламда мендек мискин йўқ.

Наҳотки бўм-бўшдир мен кўрган дунё,

Атрофим бўшлиқдир, гўё ҳеч ким йўқ.

 

Саҳро ўртасида турибман ҳайрон,

Тўрт тараф теп-текис, кимса кўринмас.

Ҳамроҳим гармсел, иссиқ бир шамол,

Тўрт тараф очиғу менинг йўлиммас.

 

Қуёш қиздиради, айланар чошгоҳ,

Кимнингдир ортидан чополганим йўқ.

Кўнгил саҳросида дўст фақат Аллоҳ,

Мен ҳамон ўзимни тополганим йўқ.

 

* * *

Хатолардан яралган инсон,

Қўлин урган минг бир хатога.

“Бу сўнггиси, дўст, менга ишон,

Шак келтирмам ортиқ Худога!..”

 

Шундай дея юпатар ўзин,

Ким ишонар, кимдир эса йўқ.

Хато қилдим, қародур юзим,

Юрагимни тешган дайди ўқ!..

 

ДЎСТИМ ХОТИРАСИГА

 

Кейин етдим дўстнинг қадрига,

Вужудимни титратди соғинч.

Сиғмай қолдим шеърлар сатрига,

Дарднинг ўзи бўларкан овунч.

 

Сийпалайман қабрингни ногоҳ,

Қалбга ботган қаро еримсан.

Бўлолмадим сен учун огоҳ,

Сен ёзилмай қолган шеъримсан.

 

* * *

Ишқ аслида тирикликдир,

Севган юрак олгай нафас.

Муҳаббатин асрай олган

Ҳар одамга қилдим ҳавас.

 

Жон риштаси узилмасин,

Яшаш ўзи бир бахт, жоним.

Ишқи йўқлар оламига

Кирмоқ ҳали барвақт, жоним.

 

* * *

Юрагимга чўкиб боряпман,

Дил тубига оқмоқ — истагим.

Мен боримни тўкиб боряпман,

Ўз-ўзимни топмоқ — истагим.

 

Аммо истак қилмас кифоя,

Унутгайман мақталганимни.

Изланишда бўлмас ниҳоя

Ва топурман ахтарганимни…

 

* * *

Гулли кўйлак ичинда

гул ёнмоқда, азизим,

Гул васлига етолмай

дил ёнмоқда, азизим.

Бағрим куяр бағрига

ўзимни отсам ногоҳ.

Ҳатто чўғдан гул ясаб

кул ёнмоқда, азизим.

Шоҳни ҳам гадо этган

гул баданли нозанин,

Кўкрагин захга бериб

қул ёнмоқда, азизим.

Ашурни адо этди

гул ишқида ёнмоқлик

Қайга боқмай кўзларда

нур ёнмоқда, азизим.

Гулли кўйлак ичинда

гул ёнмоқда, азизим…

 

МУҲАББАТДАН

 

Бу оламнинг дилга майин

Ҳаволари муҳаббатдан,

Ишқ аҳлини уйғотгувчи

Наволари муҳаббатдан.

Аллоҳнинг ҳам меҳри тушган

Бир ўлкада яшайдурмен.

Минг асрки, куйлаб келар

Момолари муҳаббатдан.

Қайга боқма, гўзаллик бор,

Дил дафтарин қўлингга ол.

Сулув қизлар назокати,

Иболари муҳаббатдан.

Осмон билан туташгандир

Садоқатнинг қоялари,

Бу тоғларнинг баҳор чоғи

Садолари муҳаббатдан.

Асил ёрни севар бўлсанг,

Юлдузлардин излагайсен.

Ашур қалбин олиб кетган

Самолари муҳаббатдан.

 

* * *

Муҳаббат не қилса ҳам

ҳар ишни бошдин қилди,

Йўргагин гулу тикон,

ёстиғин тошдин қилди.

Ҳижрон деган қояга

етаклади саҳрони,

Тоҳир оққан дарёни

Зуҳро кўз ёшдин қилди.

Олиб кетди Лайлини

Мажнун дил саҳросига,

Фарҳод ишқ воҳасини

сой ила тошқин қилди.

Муҳрлади юракка

севилмоғу севмоқни,

Ишқнинг гўзал сувратин

ул қалам-қошдин қилди.

Худо суйган бандамиз,

ўзи солган юракка,

Бандаси хато кетса,

кўз олдин мошдин қилди.

Жонингга жон бағишлар

мангу ёшлик фаслидур,

Ўн саккиз минг оламни

ўн саккиз ёшдин қилди.

Муҳаббат не қилса ҳам

ҳар ишни бошдин қилди…

 

* * *

Кўп йўл юриб қўйдик,

жуда оз қолди,

Билмадим, неча қиш,

неча ёз қолди.

Фақат бир нарсани

биламан аниқ —

Ҳали айтилмаган

дарду сўз қолди…

Бўғзимни беҳуда

бўғмангиз, эй, дўст,

Ҳали айтар сўзим

ушлаб турибман.

Олдинда баҳорий

чақмоқ, гулдурак,

Бироз нафас олиб

қишлаб турибман.

Бизни кар, соқовга

йўйганлар қанча,

Йўлимга тузоқлар

қўйганлар қанча…

Адашган кемада

кезган сайёҳдек

Йўл юриб қўйибмиз

беҳуда, анча…

Энди кўзларимиз

очайлик катта,

Рост сўзни ҳаётга

айтайлик шартта.

Бошқа фурсат бўлмас,

бўлмагай имкон,

Айт, юрак, айта қол

фақат бир марта!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 10 =