Ҳаёт сабоқлари
Ният
Журналистика факультети талабаларига дарс ўтар эканман, кутилмаганда шундай вазият юзага келдики, Маҳмуд Асад Жўшоннинг “Тасаввуф ва гўзаллик” китобида (Мирзо Кенжабек табдили) келтирилган қуйидаги ривоятни сўзлаб беришимга тўғри келди: Улуғ бир Шайх ҳузурига илм истаб келган ёшларга таълим берар, сабоқдан кейин турли юмушларни бажаришга буюрар, вақти-соати келганда зеҳн-заковатларига қараб: “Бўлди, бўтам, нарсаларингни йиғиштир, фалон юртга бор, насибанг ўша ерда”, деб шогирдларига фотиҳа берар экан. Баъзи талабалар хонақоҳда узоқ қолиб кетишса, баъзилари тиришқоқлик қилиб, тез орадаёқ йўлга тушишар экан.
Толиби илмлардан бири бўш пайтлари ҳолва пиширар экан. Бир куни у узун сопли куракчаси билан қозонда ҳолва тайёрлаётган экан, кўнглига: “Мендан кейин келганлар ҳам фотиҳа олиб йўлга отланишяпти, мен бўлсам ҳолва тайёрлаб ётибман. Бу ноҳақлик эмасми?” деган фикр келибди. Шу пайт ҳолва пишаётган қозоннинг олдида… Шайх ҳазратлари пайдо бўлибди ва унга: “Бўлди, етишдинг”, деб ҳолвачини олис ўлкалардан бирига жўнатибди. Йўл олдидан шогирдига: “У ерда нима топсанг, қанча бойликка эга бўлсанг, қоқ иккига бўламиз, ярми сеники, ярми меники бўлади, шуни унутма”, дебди.
Ҳолвачи тайинланган манзилга етиб бориб, чекка бир жойда қўним топибди. Одамлар унинг машҳур Шайхдан таълим олганини билиб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйишибди, тез орада номи эл-юртга тарқабди. Орадан бирмунча вақт ўтгач, шу юртнинг ҳукмдори вафот этибди. Одамлар кимни ҳукмдорликка тайинлаш тўғрисида бош қотириб туришганида, бир киши: “Мана шу муборак зотни тайинлаймиз”, дебди. Бу таклиф ҳаммага маъқул келибди.
Хуллас, собиқ ҳолвачи юртга подшоҳ бўлибди. Адолат билан иш тутиб, халққа кўп яхшиликлар қилибди, юрт обод бўлиб, хазина бойликка тўлибди. Орадан кўп йиллар ўтибди, бир куни саройга Шайх ҳазратлари кириб келибди. Подшоҳ устозга иззат-икром кўрсатибди, тахтидан тушиб, у жойга Шайхни ўтқазиб, ўзи пастга тушиб, у кишининг қаршисида тиз чўкибди. Шайх ҳолвачига: “Сени бу ерга жўнатганимда, нима топсанг иккига бўламиз, деганим ёдингдами? Ёдингда бўлса, қани, келтир топган-тутганингни”, дебди. Ҳолвачи: “Ҳа, ёдимда”, деб хазинага тўплаган барча бойликларини олиб чиқибди. Шайх жиддий туриб, иккига бўла бошлабди. Бундан ҳолвачининг юраги сиқилибди. Тақсимот тугагач, Шайх муридидан: “Уйландингми?” деб сўрабди. “Ҳа, уйландим, беш нафар фарзандим бор”, дебди подшоҳ. Шайх: “Иккитаси сеники, иккитаси меники, бешинчисини иккига бўламиз”, дебди. Подшоҳ: “Йўқ, устоз, бешинчиси сизники бўла қолсин, хизматингизни қилиб юради”, деган экан, Шайх бу таклифга кўнмай, “Мен адолатли одамман, тенг бўлиб оламиз”, деб болта келтиришни буюрибди. Подшоҳнинг капалаги учибди. “Боламни худди қўйни нимталагандек иккига бўлса, фарзандимдан айрилиб қоламан-ку, ҳе сендақа устозни”, дея Шайхга ҳамла қилибди. Ҳамласидан ўзи ҳам чўчиб, ҳолва буғи элитган хаёли жойига келибди. “Ё Аллоҳ, хайрият, хаёл экан”, дебди. Шайх нияти бузилган шогирдига қараб: “Қозонни ковлайвер, бўтам, бу калланг билан бу ерда ҳали кўп ҳолва пиширасан” , деган экан.
Шукур аканинг портрети
Усмон Азимнинг “Сўнгсўзлар” китоби менга маҳоратли мусаввир ёзган портретлар жамламасидан иборат рангли альбомни эслатди. Худди шундоқ: каттагина китобнинг ҳар бўлагида биттадан сурат. Мана бу Шукур Холмирзаевнинг сурати: “Бора-бора адабиётда Бойсун номи сирли ва ғаройиб жой сифатида машҳур бўлиб кетди. Бу машҳурлик ўзбек адабиёти учун илгари мутлақ бегона — кутилмаган адабий материал ва қаҳрамонларни адабиётга олиб кирган Шукур Холмирзаевнинг, ҳа, фақат шу адибнинг хизмати эди. У Сурхон воҳасини адабиёт учун кашф этди (тўғрироғи – Шукур Холмирзаев асарларини ўқиб, кўплар Бойсунни ўзи учун кашф этди). Воҳанинг сахий, феъли кенг, марди майдон ва бир сўзли одамлари Шукур аканинг асарларида худди тирик одамлардай жонланиб бўй кўрсатди. Шукур акагача (адабиётда) ҳаётни бу йўсин аниқ тасвирлаш, гувоҳ бўлган воқеалардан бу тарзда маъно топиш, одамлар феълу атворини, юриш-туришини, хатти-ҳаракатини рассом мўйқалами чизган каби китобхон кўз олдига келтириш ҳеч бир адиб ижодида яққол кўринмаган эди. Адиб (истиқлолнинг дастлабки кезларидаёқ “Адабиёт ўладими?” деган саволни ўртага ташлаш учун ўзида журъат топа олган Шукур Холмирзаев) шўролар адабиётини – аллақандай мажлислар қарори асосида ёзиладиган адабиётни буткул рад этди… Бойсун ва Сурхон Шукур акага шу қадар сингиб кетган эдики, у қаерда бўлмасин, кимлар билан, қайси даврада ўтирмасин, Бойсун ва Сурхонни эсламасдан туролмасди. Туғилган юрти унинг ифтихори ва илҳомининг манбаси эди. Майда одамнинг юрти майда кўринади, афсона одамларнинг юрти эса афсонага айланади. Тошкентга келганимда Бойсун афсонага айланиб улгурган, Шукур ака яратган асарлар ва ёзувчилар даврасидаги суҳбатлари (боис) Бойсун баъзилар кўзига Боғи эрамдай тенги йўқ ва Кўҳи Қофдай ваҳимали кўриниб бўлган эди”.
Шукур Холмирзаевнинг портрети шундай чизилади. Ранглар бир-бирига уланиб, бири иккинчисини тўлдириб, жилоланиб боради. “Сўнгсўзлар”нинг адибга бағишланган саҳифаларида шундай деталлар борки, уларнинг бирортасига беэътибор бўлсангиз, портрет хиралашади. Улардан бирида Шукур аканинг шўролар даврида жуда кўплар (кўпларимиз) чалинган, қанчадан-қанча истеъдодли одамларни маънавий қурбон қилган бир шўровий дард ҳақида гап боради: “Ишлаб чарчаган кезлари адибнинг кўнгли аллақандай озодликни талаб қилиб қолар, ялло юришларда дуч келган мухлислари билан Тошкент кўчаларидан пастқам бир жой топиб, базми жамшид уюштирар, ўтириш авжига чиққанда, сўзлари эсидан чиққан қўшиқни “на-на-най” деб куйлашга тушар ва ҳеч қачон унутмайдиган сўнгги жумлани баралла айтар эди: “Куймаган жоним менинг…”
Машраб! Машрабнинг сатри бу…
Биз шунчаки ўқиб кетаверамиз-да!
Эҳтимол, бедаво дардларнинг сонсиз тиғи жонига беомон санчилганда, бу сўзлар Машрабнинг ҳаётини ўпириб, бўғзидан отилиб чиққандир…”
Портрет-эссенинг шу ерида “Шўровий дард Шукур аканинг ҳам жисму жонига сонсиз тиғларини аёвсиз санчиб, ижоди айни гуллаган, фикри қаймоқ тортган пайтда адибни орамиздан, ижод оламидан олиб кетди…” деган жумлага эҳтиёж бор эди, аслида. Лекин, шусиз ҳам тушунарли ва етарли.
Жуда муҳим, Шукур Холмирзаев портретининг тақдирини ҳал қилишга қодир деталь: “Адиб адабиётда расм тусига кириб бораётган “олди-сотди”дан жирканар ва шу йўл билан бирга, ёзиш учун мувозанат сақларди. Бунинг учун ягона йўл — ёнидаги адабиёт бозорига бепарво қараш эди. Адиб шу йўлни тутди: бепарво қарашга уринди, фақат муроса-мадорагина унинг учун нафас оладиган ягона тирқиш эканини англади. Бироқ истеъдодсизларнинг алламбало китобларига кўзи тушганда ёки бирор-бир даврада уларнинг номи тилга олинганда, унинг юзи жирканишдан қандай тиришишини яхши биламан”.
Усмон Азимнинг фикрича, ҳақиқий шоир ёки ёзувчининг умри ҳақиқатни излашга сарф бўлади.
Катта лавозим
Оилавий можаролар боис таҳририятга шикоят хати билан келган кишидан ким бўлиб ишлашини сўрасам: “Олти боланинг отасиман”, деб жавоб берди. Суҳбатдошимнинг нима демоқчилигини англаб, кўнглим кўтарилди. Худо берган олти фарзандни вояга етказиш, одоб-ахлоққа ўргатиш, илм-маърифатли, касб-ҳунарли, ҳақгўй, бир-бирларига меҳр-оқибатли қилиб тарбиялашнинг ўзи катта лавозим эмасми?!
Агар ўша ота фарзандлари тарбияси билан шуғулланмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйса, болалари кўча “тарбия”сини олса, эртага жамият олдида нақ олтита янги муаммо пайдо бўлиши тайин.
Гоҳо бола тарбияси билан шуғулланиб, уйда ўтириб қолган аёлларга беписанд муносабатда бўламиз. Келажакда қайси бир оиланинг бахти, ҳаловати, жамият учун керакли бир шахснинг камолга етиши айни шу – бугун уйда ўтириб, фарзандига тарбия бераётган, ўғли, қизи, набирасини ҳидоят йўлига бошлаётган ота-онага боғлиқ эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Йиғи
Бир жанозада йиғичи аёл шундай йиғлади, шундай йиғладики, дафн маросимига йиғилганлар сел бўлиб кетди. Айтиб-айтиб, соч юлиб, юз йиртиб йиғлагандай бўлди, назаримда. Унинг таъсирчан айтимлари, шеърий ташбеҳлари, тош кўнгилни мумдай эритадиган қўшиқнамо оҳанглари мусибат юкини янада оғирлаштиради.
Ёнимда турган кишидан йиғичи аёл ҳақида сўрагандим, “Бугун у хизматда-да, тирикчилиги шу. Икки ҳафта олдин онаси қазо қилди, бунчалар дод солгани йўқ”, деди.
Гўшт
Чорсу бозорининг гўшт растасини оралаб юрган эдим, гўшт сотаётган онахон, “Келинг, ука, олаверинг, келгинди гўшт эмас”, деди. Олмадим, шахт билан орқамга қайтдим. Одам бир-икки кун гўштли овқат емаса – ўлмайди.
Охирги марта қишлоққа қачон борганим ёдимга тушди.
“Ҳисобот”
Бир телекўрсатувда мутасаддилардан бири амалга ошираётган хайрли ишлари тўғрисида гапирар экан: “Ўтган йили ногиронларга жамғармамиз ҳисобидан бир юз элликта инвалидлар коляскаси совға қилгандик, бу йилнинг тўққиз ойида икки юз йигирма кишига шундай совға улашдик, келгусида яна кўпайтирамиз”, деди. Мен у кишининг сўзини бўлиб: “Биродар, бу иш учун мақтаниш эмас, уялиш керак”, дедим.
Нега шундай деганимни фаҳмлагандирсиз?
Асаларига қачон етамиз?
Қадимий қўлёзма манбаларда асалнинг шифобахшлиги, куч-қудрат манбаи, узоқ умр кўриш гарови эканлиги кўп бор қайд этилади. “Асал инсон организми ички органларини соғломлаштиради, қувватни оширади (мўътадиллаштиради), ҳароратни пасайтиради… Асални доимий равишда истеъмол қилиш танага енгиллик бахш этади, ёшартиради, умрни узайтиради”.
Улуғ табиб Абу Али ибн Сино бу тўғрида кўп эътиборли хулосаларни ёзиб қолдирган. Жумладан: “Асал аъзоларимиздаги суюқлик ўтказувчи томирларни кенгайтириш ва тозалаш хусусиятига эга. Агар сен наҳорда анор, тушликда пиёзли овқат, кечаси ётиш олдидан асал истеъмол қилсанг, қонинг кўз ёшидай тиниқ ва тоза бўлади”.
Асалариларнинг яшаш тарзи одамни ҳайратга солади.
Яйловда, тоғ ёнбағирларида юзлаб асалари уяларини кўришимиз мумкин. Лекин бу уялардаги ҳар бир оила алоҳида жамият, ўзига хос “давлат” эканлигини биламизми? Бу давлатнинг ўз маликалари, соқчи-ҳимоячилари, ишчи-хизматчилари, меҳнат интизомини кузатувчи адолат тарозибонлари бор. Ҳар бир ари миллион йиллардан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қатъий тартиб-интизомга амал қилади, вазифасини мукаммал даражада бажаради. Уя оғзида турувчи соқчилар доимо ҳушёр. Улар ўз оиладошларини яхши танишади. Бегоналарни уяга яқинлаштиришмайди. Борди-ю, арилардан бири дангасалик қилиб, парвоздан қуруқ қайтса, таъзирини бериб қўйишади. Баҳорда ёғингарчилик чўзилиб, ташқарига учиб чиқа олишмаса, салкам қирқ кунгача ахлатларини қоринларига йиғиб, ўлса ўлишадики, уя ичига ташлашмайди. Туғилиб, вояга етган жойларини ифлос қилишмайди.
Инсоният асалари даражасига етиш учун яна қанча яшаши керак экан-а?
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ
