Халқ дардини кулги билан айтган адиб
ёки Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” асари жамиятни ўйлашга, одамларни эса ўзлигини англашга ундайди
Шундай асарлар борки, уларнинг туб моҳияти инсонлар ҳаётига таъсир кучини ўтказмасдан қолмайди. Айниқса, жамиятдаги нуқсонлар ҳажв остига олинган саҳна асарлари ўткир сюжет ва чуқур маънолари билан доимо диққат марказида бўлиб келади. Шундай асарлардан бири таниқли драматург Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” асаридир.
Ушбу асар саҳнада кулги, юракда эса оғриқ уйғотади. У оддий инсоннинг ички кечинмаларини, ҳаётдаги адолатсизликларни, эркак ва аёл ўртасидаги нозик муносабатларни, меҳнат ва ҳаёт ҳақиқатларини самимий, лекин ўткир оҳангда тасвирлайди. Асарда кулги дардни яшира олган. Қўчқор ака ичкиликка берилган, оиласидан узоқлашган инсон сифатида кўринади. Унинг ҳаёти бефойда ўтаётгандек туюлади, аммо ичида яширин изтироб, ҳаётдан норозилик, ўзини топишга бўлган ички кураш мавжуд.
Хотини Қумри ва фарзандлари ундан чарчаб, уйни тарк этганда, Қўчқор ўзини бутунлай ёлғиз ҳис қилади. Бу ҳолат, аслида, жамиятда эркак образига юкланган босимни ҳам эслатади: “ҳар доим кучли бўлиши керак”, “ҳис-туйғусини билдирмаслиги лозим”, “оила тебратиши шарт” ва ҳоказо. Бироқ ҳаётда бу андозалар ҳамиша тўғри ишламайди, эркак кўпинча ичидан синади, лекин буни яширади. Асарда Қўчқор ака образи худди шу тарзда очиб берилган. Олимтой эса илм-фан ва технология тимсоли сифатида пайдо бўлади. У яратган робот Аломатхон Қўчқор ака ҳаётига киритилган ғайритабиий, аммо рамзий қаҳрамон. У “хотинлик” вазифаларини мукаммал бажаради. Пиширади, супуради, молларга қарайди, далага чиқади, ҳатто эрининг руҳиятини ҳам тушунишга ҳаракат қилади. Бу кулгили, аммо чуқур мазмунга эга жараён, чунки Аломатхон аёлга юклатилган “идеал” тасвирни, яъни жамият кутадиган мукаммал, тинч, итоаткор, шикоятсиз аёл тимсолининг хаёлий ифодаси. Аммо шу “идеал”лик, аслида, инсоний ҳислардан холи, совуқ механизмдир. Бу орқали ёзувчи аёлларнинг меҳнати, уларнинг сабри ва қадриятини чуқур тан олади. Инсон нуқсонлардан холи бўлмаслигини, қанчалик мукаммалликка интилган сари у шунчаки роботдан фарқи қолмаслигини исботлайди. Қумри образи бу — асарнинг юраги. У оиланинг устуни, сабрнинг ўлчови. У кўпгина қишлоқ аёллари сингари жим юради, аммо ичида оғриқ, сабр, дардни кўтариб юради. Унинг ҳар бир сукути, ҳар бир қарашида “етар, энди ўзгаринг” деган бир илинж бор. У ўз оиласини сақлаб қолмоқчи, аммо шу билан бирга ўзини ҳам йўқотмай яшашни истайди. Бу ҳолат бугунги замон аёлларига ҳам жуда ўхшаш: улар ишда, ўқишда, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилмоқда, лекин ҳануз “уй аёли”, “сабрлилик” каби қадимий тамғалар билан яшашга мажбур. Демак, ёзувчи Шароф Бошбеков ўз асари орқали фақат бир оиланинг муаммосини эмас, балки жамиятдаги аёлнинг ҳолатини, унинг тинч, лекин чуқур дардини саҳнага олиб чиққан.
Қўчқор ва Аломатхон ўртасидаги саҳналар кулгили туюлади, лекин уларнинг ҳар бири, аслида, инсоний изтиробдан туғилган. Қўчқор аканинг роботга никоҳ таклиф қилиши абсурд, аммо айни пайтда фожиали саҳна. Чунки бу таклиф инсоннинг тан олинмаслик, меҳр топмаслик, ёлғизлик азобини ифода этади. Робот эса сунъий мавжудот бўлса-да, баъзан тирик инсонлардан кўра кўпроқ ҳамдардлик билдиради. “Йиғлайсиз… Чунки жуда эзилгансиз… Юрагингизга қил ҳам сиғмайди…” деган сўзлар орқали ёзувчи инсонийликни машинадан эшиттиради: бир темир тушунган нарсани бутун бошли онг ва ҳис-туйғуга эга инсонлар англай олмаяпти.
“Темир хотин” комедиясида кулги билан бир қаторда ҳаётий ҳақиқат яширинган деб айта оламиз. Масалан, “Пахтакорман деб кўкрагингизга муштлайсиз-у, кўрпангизга пахта тополмайсиз!” деган гап кулгили бўлса ҳам, халқнинг ҳаётий изтиробини очиб беради. Бундай сатрлар орқали муаллиф инсоннинг ижтимоий, иқтисодий ва ахлоқий аҳволини кескин акс эттиради. Бугунги кунда ҳам бу сатрлар ўз кучини йўқотмаган: қанчадан-қанча инсонлар меҳнат қилади, аммо меҳнатининг ҳузурини кўрмайди. Агар асарни ҳатто ҳозирги давр билан боғласак, унда жуда кўп ўхшашликлар топамиз. Бугунги кунда сунъий интеллект, технология, автоматлаштириш ҳаётимизни ўзгартирмоқда. Иш жойларида, уйда, ҳатто инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳам “механик”лик кучаймоқда.
Асардаги робот Аломатхон, аслида, бугунги замоннинг рамзидек: у ҳаётни осонлаштиради, лекин ҳиссиётларни йўқотади. Инсон эса технология қулайлигида яшаб, кўпинча ўзини унутади. Бу жиҳатдан ёзувчи асари орқали ўз замонидан ўзиб кетган, бугунги инсониятни олдиндан кўра олган дейиш мумкин. Бундан ташқари, асар бугунги гендер тенглик масалалари билан ҳам ҳамоҳанг деб айта оламиз. Қўчқор ака аёлининг қадрини уни йўқотгач англайди.
Бу, аслида, ҳозирги жамиятдаги ўхшаш ҳолат: кўплаб эркаклар аёллар қилаётган “оддий” ишларнинг нақадар оғир ва муҳимлигини кеч тушунишади. Аёллар эса сабр билан, аммо ўз қадри учун курашмоқда. Шунинг учун “Темир хотин” бу фақат кулгили комедия эмас, бу инсоний қадриятлар, меҳр ва ўзаро ҳурмат ҳақида битилган асар. Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” асари кулгини фожиа билан уйғунлаштирган, жамиятни ўйлашга, ўзини англашга чорлайдиган санъат намунаси. У бизга бир ҳақиқатни эслатади: инсон на темир, на механик. У юрак, туйғу, меҳр билан яшайди…
Заршед ҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва
оммавий коммуникациялар
университетининг
4-босқич талабаси.
