Маънавиятга очилган эшиклар
“Олмалиқ кон–металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган “очиқ эшиклар куни”дан лавҳалар
Аввал ҳам эътироф этганмиз. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”да китоб, газета ва журналлар мутолаасига, лўнда қилиб айтганда, маънавиятга ниҳоятда катта эътибор қаратилади. Комбинатда ўтган ҳафта марказий, ҳудудий ва маҳаллий босма оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилгани ҳам шундан далолат. Комбинат раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ишчи ходимлар ўртасида ижодий учрашувлар ўтказилди.
Комбинатда ушбу маънавий-маърифий тадбирни ўтказишга катта эътибор билан ҳозирлик кўрилгани биз, журналистларни қувонтирди. Учрашувга келган журналистлар, ёзувчи ва шоирлар комбинат Маданият саройида кутиб олинди. Меҳмонлар учун ажратилган кичик автобусда ишчи-ходимлар ҳузурига йўл олдик.
Албатта, бу учрашувлар босма оммавий ахборот воситаларига обуна мавсуми пайтида ташкил этилаётгани газета ва журнал нашрларини ишчи-ходимлар ўртасида тарғиб қилиш учун ҳам катта имконият. Маълумотларга кўра, Олмалиқ шаҳрида бир юз эллик мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, шундан ўттиз олти мингдан ортиғи комбинатда ишлайди. Маънавиятга юксак эътиборли жамоада ўтган йили ўттиз беш турдаги газета-журналларга обуна бўлинган. Демак, шаҳар аҳолисининг катта қисми маънавият улашиш воситаси бўлган нашрларни ўқиш имкониятига эга.
…Комбинатга қарашли Марказий таъмирлаш механика заводидамиз. Завод мажлислар залида бошланган учрашувни комбинат телевидениесининг тажрибали журналисти Ойсара Дадаева олиб борди. У ишчи ходимлар ҳузуридаги учрашувга келган ижодкорларни таништиришдан бошлар экан, айниқса, босма нашрлар қалбни уйғотишда, фикрлашни ўргатишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда “Адолат” газетаси мухбири, таниқли журналист Камол Матёқубовга сўз берилди. У Ўзбекистон қазилма бойликларга, кўплаб ноёб металлар захирасига эга юрт эканини, бу борада “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”нинг нуфузи ва нуфуси жуда баланд эканлигини алоҳида таъкидлади. У аввал ҳам халқаро миқёсдаги довруқли корхонадаги мулоқотларда мунтазам қатнашиб бориши, ўзаро мулоқотлар доимо қизиқарли бўлиши ҳақида ҳамда буюк аждодларимиз тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотларни ҳикоя қилди.
“Ёшлик” журнали масъул муҳаррири, ёзувчи Холмуҳаммад Каримий комбинат ишчи-хизматчилари маърифатга чанқоқ экани, китоб ўқиш ҳақида, яхши асарлар ўқувчисини маърифатли қилиши тўғрисида сўз юритди.
“Адабиёт” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Каримни қайси анжуманда учратмайлик, қўлида газетаси бўлади. Бугун ҳам у учрашувга бир даста “Адабиёт” газетасини олиб келган экан, йиғилганларга тарқатди. Ушбу газета яқин тарихимиз саҳифаларини ёритишга алоҳида эътибор бераётгани ҳақида йиғилганларга айтиб ўтди.
Шундан сўнг “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, “Олтин қалам” халқаро танлови совриндори, таниқли журналист Дилмурод Қирғизбоевга сўз берилди. У фаолият кўрсатаётган газета жамоаси комбинат билан яқиндан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйгани ва бу икки томонга ҳам самарали бўлаётгани, келгусида ҳам бундай алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, газетада “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ҳақида “Тупроғи зар маъданим маним”, “Олтин зангламас”, “Кончилар шуҳрати”, “Жасорат ва шижоат —ҳаёт мазмуни” каби эссе, публицистик мақолалар эълон қилинганини алоҳида қайд этди.
— Ташқи гўзаллик юздаги файзда бўлса, қалбдаги гўзаллик маънавиятда. Кимки газетага ошно бўлса, унинг қалби гўзаллашиб боради, — деди у йиғилганларга қараб. — Бахтинглар бор экан, Комбинат акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла Хурсанов маънавиятни қадрлайдиган раҳбар. Бугун комбинатда очилган эшиклар нафақат ижодкорларга, балки маънавиятга ҳам очилгандек.
“Жадид” газетаси мухбири Отабек Раҳим иштирокчиларга “Китоб, газета ўқиш нима беради?” деган савол ташлади. Аммо “ўқимаслик ҳеч нарса бермаслиги”ни ўзи айтиб қўя қолди. У ёзган шеърларидан ўқиди.
…Комбинатнинг Марказий аналитик лабораторияси бошлиғи, халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати Михаил Чадин бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Лабораторияда бир кунда икки мингдан ортиқ анализ таҳлили олинар экан. Лаборатория фаолияти билан яқиндан танишиб, энг сифатли мис ҳам, энг қимматбаҳо олтин ҳам комбинатда олинар экан, деган фикрга келдик.
…“Очиқ эшиклар куни” доирасидаги ижодий мулоқотлар комбинатга қарашли рух заводида, “Олмалиқметаллургқурилиш”, “Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси” ва бошқа корхоналарда ҳам ўтказилди.
Қизиқарли мулоқотларда “Олмалиқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Дилфуза Рўзиева, “За цветные металлы” газетаси бош муҳаррири Людмила Филипповичлар ҳам йиғилганларга ўз нашрлари хусусида батафсил маълумот беришди.
“Алмалыкский рабочий” газетаси бош муҳаррири Нигора Назимова учрашув давомида ўзига хос танлов эълон қилди. Газетаси бўйича қизиқарли саволлар берди. Ғолиблар совға олишди. Нашр ҳақидаги мулоҳазалар тингланди.
— “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюрганларга самимий миннатдорчилик билдираман, ижод аҳли билан мароқли учрашувлар ўтмоқда, — деди “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Камола Умаралиева. — Маънавият учун сарфланган маблағ, албатта, ўз самарасини беради. Ўзимиз, фарзандларимиз, яқинларимизни зиёли қилиб тарбиялаш учун албатта газета-журналларни ўқишимиз керак.
Дарҳақиқат, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ мамлакатимиз иқтисодиётига улкан улуш қўшаётган йирик корхоналардан бири. Шу билан бирга, юқорида таъкидлаганимиздек, бу ерда маънавият, маърифат, илм ва зиё ҳам энг асосий ўринда. Зеро, маънавият юксак бўлган, қадри юқори бўлган жойдагина барака бўлади!
Муҳаммад КЕНЖА,
журналист.
