Ғозиантеп ҳаётнинг мудҳиш синовларида
Ғозиантеп… Сўнгги бир неча кун мобайнида бу шаҳар номи дунё матбуотида кўп тилга олинмоқда. Бу шаҳар мен учун ҳам бегона эмас, тўғриси жуда соғинганман ҳам уни! Нега дейсизми?
Бу шаҳар Туркиянинг жануби-шарқи қисмида жойлашган. Суриянинг Ҳалаб шаҳри билан чегарадош. Тақдир тақозоси билан 15 йилдирки менинг қизим, куёвим, уч нафар набирам шу шаҳарда яшаб келмоқда. Куёвим Далержон Анқарадаги университетни тамомлаган. Истанбул ёки Анқарада яхши иш топиб, яшаш осон эмас. Ғозиантеп эса иқтисодий имкониятлари жуда бой шаҳар.
Илк бор 2011 йил май ойида бу шаҳарга борган эдим. Ўшандан буён йилига бир-икки марта Ғозиантепга сафар қиламан. Гўзал ва жозибали, тарихи жуда бой ва қадимий ёдгорликлари бисёр Ғозиантеп Туркия тарихига ғозийлар шаҳри сифатида кирган. 1921 йилда шаҳар аҳолиси француз мустамлакачиларига қарши бош кўтариб, қаҳрамонларча курашиб, душманни мағлуб этган.
Шаҳарнинг туманларидан бири ушбу урушда ўз ватанини жасорат ва матонат билан ҳимоя қилиб шаҳид бўлган ўн тўрт ёшли Комил шарафига Шеҳидкамил деб номланган. Шаҳар аҳли қаҳрамонларини ҳамиша эслашади. Ҳатто мактаб ўқувчилари бу мавзуда соатлаб гапириб беришлари мумкин.
Шаҳарда енгил саноат, айниқса, гилам ишлаб чиқариш жуда ривожланган. Бугун мамлакатимиз бўйлаб реклама қилинаётган “УрГаз” (Ургут-Газиантеп), “САГ” (Самарқанд-Газиантеп) гиламлари ҳам бу шаҳар билан боғлиқдир. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган халқаро гиламчилик кўргазмасига дунёнинг турли гўшаларидан соҳа мутахассислари ташриф буюришади.
Бу шаҳар ҳунармандлик ва тожирлик анъаналари билан ҳам минтақада машҳур. Номи кўпчиликка таниш ширинлик баклава (паҳлава) ҳам айнан шу шаҳарда тайёрланади.
Ғозиантепнинг истироҳат боғлари-ю музейлари ҳар бир меҳмоннинг эътиборини ўзига тортади.
Бўлган воқеа: 2011 йил, июнь ойи. Тонгда Ғозиантепнинг истироҳат боғи спорт майдончасида бадантарбия билан шуғулланаётган эдим. Ёши улуғроқ бир турк олдимга келиб “атеш варми?” (“гугурт борми?”) деб сўради. Чекмаслигимни айтдим. У Ўзбекистондан келганимни билиб, Бухоронинг сўнгги амири авлодлари Ғозиантепда яшаётгани, улар шаҳар бозорида Бухоро матолари савдоси билан шуғулланаётганини айтди. Бу гап, албатта, мендек журналист учун жуда қизиқ эди.
Ўша куниёқ қизим Малика билан бозорга бориб, Бухоронинг сўзаналари-ю кашталари билан ўралган дўконни топдик. Дўконда Амир Олимхоннинг набира қизи Ҳабиба ва онаси Қамар хоним (амирзода Саид Ҳодийнинг турмуш ўртоғи) кутиб олишди. Уларга Тошкент нони ва Марғилон атласидан туҳфа қилдик ва суҳбатимиз қарийб бир соат давом этди.
Тошкентга қайтишимдан олдин Ҳабиба менга амакиси Саид Мансур Олимийнинг Покистоннинг Пешовар шаҳрида дари тилида чоп этилган “Бухоро-гаҳвораи Туркистон” ва “Душманони Бухоро” ( “Бухоро-Туркистон бешиги” ва “Бухоро душманлари”) китобларини ҳадя этди. Китоблар Бухоро, Саид Олимхон тарихи билан боғлиқ айрим субъектив фикр-мулоҳазалардан йироқ бўлмаган ҳолда, тарихимизнинг (Бухоро амирининг Афғонистондаги ҳаёти билан боғлиқ) баъзи саҳифаларини ёрқин акс эттиргани билан залворли асар ҳисобланади.
Маълум бўлишича, Ғозиантеп шаҳрининг Ғозикент маҳалласида Бухоро амири қариндошларидан ўндан зиёд оила яшаб келмоқда экан. Улар 1980 йил Афғонистон пойтахти – Кобул шаҳрини тарк этиб, Покистоннинг Пешовар шаҳрига, кейин Туркиянинг Адана шаҳрига кўчишади. Ундан сўнг Ғозиантеп шаҳрини доимий яшаш учун ихтиёр этишади.
Айтиш керакки, Сурия воқеалари сабабли Ғозиантеп халқаро йўлнинг бир бўлаги сифатида катта аҳамият касб этди. Унинг халқаро аэропорти гуманитар юкларни Алеппо ва Идлиб шаҳарларига етказиш бўйича ягона йўл ҳисобланади.
Ғозиантеп Туркиянинг яна икки азим шаҳри Қаҳрамонмараш ва Шонлиурфа билан чегарадош. Бир сўз билан айтганда гўзал ва жозибали Ғозиантеп шаҳри тарих чорраҳасида кўпгина муҳим тарихий воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган. Унинг тамаддунлар сўзлашувидан ҳикоя қиладиган жиҳатлари, ўқилмаган саҳифалари жуда кўп.
Аммо минг афсуски, қардош Туркиянинг бошқа ўндан ортиқ шаҳарлари қаторида Ғозиантепда ҳам 6 февраль куни юз берган мудҳиш зилзила билан боғлиқ ҳолатлар хусусида сўз юритишга мажбурмиз. Бу зилзила биродар турк халқига жуда қимматга тушди, мамлакат тарихида ўта фожиали саҳифа бўлди.
Зилзила туфайли минглаб одамлар вафот этди, ўн минглаб кишилар жароҳат олди, юзлаб бинолар ер билан яксон бўлди. Ғозиантепнинг “ташриф қоғози” ҳисобланган, шаҳарнинг 2500 йиллик тарихидан, халқнинг душманларга қарши қаҳрамонларча курашидан ҳикоя қилувчи ЮНЕСКО рўйхатига киритилган қалъа деворлари вайронага айланди.
Бугун минглаб ғозиантепликлар совуқ кўчаларда яшашмоқда. Мактабларга катта зиён етди, жумладан, менинг набираларим ўқийдиган, меҳр қўйган мактаб энди йўқ.
Фарзандларимнинг хонадони Ғозиантеп шаҳрининг Иброҳимли туманида 5 қаватли бинонинг 4-қаватида жойлашган эди. Зилзиладан 2 кун олдин шаҳарда биринчи қор ёғибди. Аслида мазкур минтақада қор ёғиши ноёб табиий ҳодиса, 4 февраль куни ёққан қорни аҳоли хурсандчилик билан кутиб олган. Куёвим Истанбулда бўлиб ўтган мебель ва гилам халқаро кўргазмасидан сўнг 5 февраль куни уйига қайтиб келган эди.
“Зилзиладан олдин кўчада итларнинг безовта увиллашини эшитдик. Соат 04.17да хонадаги шифонер 1,5 метрга “учиб кетгани” бизни ғафлатдан уйғотди, дарҳол қизларимни уйғотдик ва нима нарса қўлимизга тушган бўлса, олиб кўчага отилиб чиқдик. Кўчада минус – 9 даража совуқ эди. Ўзимизни машина ичига урдик. Ва кетма-кет катта-катта иморатлар ағдарилаётганини кўриб, ваҳимага тушдик. Машина билан шаҳардан чиқиб кетиш фойда бермади, чунки йўлларда юриб бўлмасди. Боз устига зилзила занжирли тарзда давом этаётган эди. Иморатлардан четроқда машина ичида қолишга қарор қилдик. Бу ҳолат қарийб 3 кеча-кундуз давом этди. Шаҳар хўжалиги, фавқулодда хизмат, шифокорлар иморатлар тагида қолиб кетган, яраланган инсонларни қутқариш билан банд”, – дейди қизим Малика.
“Қизларим ўтган кунларда менимча 10 йилга “қариди”, – дейди у яна. – “Ҳаётга оид тушунчаси ҳам ўзгарди. Бир дона тухумнинг ярмини бир-икки қултим сув билан еб, шукроналар айтганини кўриб, Аллоҳ даргоҳидан тавфиқ ва раҳм-шафқат сўрадик”.
Албатта, уларнинг бошидан кечирган азоб-уқубатларини, юзлаб ўлганларни кўрганларини, таниш дўстларидан жудо бўлганларини сўз билан ифодалаб бўлмайди. “Тинчлик, хотиржамлик, нон, сув нақадар қадр-қимматли эканини чуқур англаб олдик”, – дейди набирам Дилоро.
Шу ерда битта савол беихтиёр дилимиздан ўтади – бир неъматнинг қадрига етиш учун албатта ундан маҳрум бўлиш шартми?! Атрофимизга, узоқ ва яқинимизга назар солиб, шукр деса бўлади-ку! Зеро, гоҳида бизнинг жамиятимизда айримларнинг майда-чуйда муаммо, озгина етишмовчиликларга дарҳол ношукрлик қилгани, ҳаётдан нолигани, ўзи нима истаётганини билмаётганини кўриб, шу хулосага келасиз-да!
Худога шукр, бугун фарзандларим, куёвим бир дўстининг мустаҳкам офисида (полда бўлса ҳам) кун кечиришмоқда. Бугун турк элига дунёнинг кўплаб мамлакатлари кўмак беришга ошиқмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси биринчилардан бўлиб, кўмак қўлини чўзди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куниёқ Туркия Президенти Режеб Тоййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, турк халқига ҳамдардлик билдирди, 9 февраль куни эса, Президентимиз биродарларимизга яна ҳамдардлик изҳор этди. Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, ҳамдардлик китобига тасалли сўзларини ёзиб қолдирди.
Ўзбекистондан юборилган 100 нафардан ортиқ қутқарувчи, 70 нафарга яқин шифокорлар қардошларимизга мадад бўлишяпти. Гуманитар ёрдам юклари мунтазам равишда жўнатилмоқда. Турк халқи эса ўзбекистонликлардан миннатдор эканини ОАВда ва ижтимоий тармоқлар орқали билдиришмоқда.
Шу ўринда Шайх Саъдийнинг қуйидаги байтларини таъкидлаб ўтиш ўринли деб ўйладим:
Бани одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор.
(Мазмуни: “Одам зоти азалдан бир гавҳардан бино бўлган, у яхлит бир вужуд, организмдир. Бинобарин, агарда ҳаёт унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади”).
Ҳа, Туркия бошига келган бу оғир кунлар биз – ўзбеклар қалбини ҳам ларзага солди. Турк халқи кўп синовлардан муваффақиятли ўтган, бу халқ музаффар ва ҳамиша ғолиб эл. Яна шаҳарлар барпо этилади, мактаблар, университетлар қад ростлайди. Аммо офат туфайли бу дунёдан кетганларни қайтариб бўлмас. На илож, бандаси ожиз!
Яратгандан бундай офатлар бошқа такрорланмасин, дея илтижо қиламиз.
Шоқаҳҳор САЛИМОВ