Яна газета обунаси ва мутолаа ҳақида
Хоразмда айрим раҳбарлар матбуот нашрларини ўқимай қўйишибди…
Обуна мавсуми ҳам ниҳоясига етиб қолди. Обуна баҳонасида кўпгина корхона ва ташкилотларга бош уриб чиқдик. Ахир бугун тарғибот-ташвиқотсиз матбуот нашрларига камдан-кам одам обуна бўлиши мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча йил муқаддам ўқитувчилар билан мулоқотлари чоғида “Мажбурий обунани йўқотамиз деб, ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик” деганлари ҳамон ёдимизда. Ўшанда ахборот технологияси ривожланган мамлакатларда босма нашрлар миллионлаб нусхаларда чоп этилиши мисол сифатида айтилгани ҳам ҳақиқат.
Аммо Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари: “Тепа”дан фақат 7 та газетага кўрсатма борлиги, биз ҳам ўз газетамизни шу нашрлар рўйхатига қўштириб билсакгина, обуна бўлиши мумкинлиги”ни билдирди…
Ҳатто Хоразмдаги тиббиёт коллежлари раҳбарлари ҳам “биронта газета ва журналга обуна қилолмасликларини” айтишди. Ўқитувчики, мутолаадан узоқлашса… ўқувчи ва талабалар ўқишармиди?
Балки, иқтисодий бақувват ташкилотлар маънавиятга хайрихоҳ бўлишар деган фикрда, вилоятдаги қатор банкларнинг раҳбарларига “обуна” дея оғиз жуфтлашимиз билан, улар ҳам бошларини сарак-сарак қилишди. Айтишларича, ҳеч ҳам иложи йўқ экан. Обуна бўлинадиган нашрлар пойтахтдан режалаштирилиши, қолаверса, ҳозир “ҳамма нарса телефонда бор”лигини айтишди…
Хоразмдаги RANCH технология университети ректори эса пойтахт газетасидан ташриф буюрган журналистлар билан учрашишни, гаплашиб ўтиришни ҳам ўзига эп кўрмади. Ушбу олий таълим даргоҳи деб аталмиш масканнинг ҳатто кутубхонасида кундалик матбуот нашрлари йўқ экан. Мана сизга хусусий таълим даргоҳининг матбуотга муносабати!
Контракт тўловлари “отнинг калласидек” бўлган бу хусусий таълим муассасасида ўқийдиган талабаларни қўя турайлик, унда ишловчи ўқитувчилар наҳот бирорта газета-журналга обуна бўлишмаса?!
Тўғри, обуна бўлишлари мажбур эди демоқчи эмасмиз. Лекин бу даргоҳ илм-маърифат маскани-ку! Ёки улар келажакни фақат интернетда, телефонда кўришадими?!
Шундай қилиб, барча соҳалар эшигига бўйин суқиб чиқдик ҳисоби. Ва минг афсуслар бўлсинки, оддий фуқаролар у ёқда турсин, ҳатто каттагина корхоналарнинг каттагина раҳбарлари ҳам мутолаа қилмай қўйишган экан!
Минг таассуф билан айтиш керакки, бизнингча, матбуотга бундай муносабат барибир нотўғри. Ахир бир пайтлар, ҳатто Иккинчи жаҳон уруши даврида ва ундан кейинги оғир ўтиш йилларида ҳам газета-журнал халқимизнинг севимли мутолаа манбаи бўлган.
Албатта, у пайтлар ҳозиргидек компьютер, телефон, ижтимоий тармоқлар йўқ эди. Балки, шунинг учун ҳам ҳамма газета-журналларга обуна бўлишган. Кундалик нашрлар сотиладиган киоскаларга навбатда туришган. Энди эса замон шу қадар ривожланиб кетганидан энди нашрларни ўқимаса ҳам бўлаверадими?
Асло-асло бундай эмас! Ҳозирги аҳволга, яъни газета-журналларга беписандлик, эътиборсизликнинг сабаби фақат ривожланишда эмасга ўхшайди. Негаки, юқорида айтилганидек, нима учун дунёдаги энг ривожланган мамлакатларда, хусусан, АҚШ, Англия, Франция, Хитой, Япония, Туркия, Ҳиндистон ва бошқа қатор давлатларда газеталар ҳамон юз минглаб, миллионлаб нусхаларда чоп этилмоқда? Қандай қилиб? Нима учун? Нима, уларда интернет, телефон йўқми?
Демак, гап бошқа ёқда. Биз шунчаки мутолаа завқидан баҳра олиш иштиёқини йўқотиб бормоқдамиз. Катта-кичик раҳбарлар ҳам газета-журналларни ўқимаслиги, ҳатто минг афсуски, умуман ўқимаслиги билан мақтанишларини қандай баҳолаш мумкин?
Маданиятимиз, маърифатимиз…
Ҳа, маънавиятимиз оқсади, деймиз. Мутолаадан узоқлашган одамни нима дейиш керак? Сўконғич ҳокимлар-у муштумзўр айрим бошлиқлар маънавият ва маданиятни телефондан ўрганишяптими шунда?
Шубҳа йўқки, бундайлар китоб, газета-журнални доимий ўқишганида эди, одамларга асло салбий муносабатда бўлишмас, бўлиша олмас эдилар.
Ҳозир: “Агар газета-журналлар зўр чиқса, ўқишли бўлса, одамларнинг ўзи обуна бўлишади”, дейдиганлар бор.
Ҳозир: “Газета-журналлар халқнинг дардини айтмайди, ўқийдиган ҳеч вақоси йўқ, қизиқ эмас”, дейдиганлар бор.
Бу эътирозлар ҳам мутлақо нотўғри, асоссиз демоқчи эмасмиз. Лекин эътирозмандлардан: “Сиз қайси нашрни охирги марта ўқиб кўрдингиз?” дея сўрасангиз, миқ этишмайди. Ҳатто бирор нашрга кўз ташлаганини эслолмайдилар ҳам! Шундай бўлгач, нашрларни яхши-ёмон дейишга қандай ҳаққингиз бор, деб сўрашга ҳақлимиз.
Янги Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар, беқиёс ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, Президентимизнинг халқчил сиёсатини ёритиб бориш, ўқишли, залворли публицистик чиқишларни ижтимоий тармоқлар эмас, ҳақиқий матбуот амалга ошира олади. Шунинг учун ҳам барча соҳаларга, тизимларга етакчи нашрлар бориши керак. Имкон қадар “Маънавий саватча” лойиҳаси ташкил этилиб, юртимиздаги ҳар бир хонадонга ҳеч бўлмаганда бир-иккита газета-журнал кириб борганда эди!
Ва яна келажагимиз эгалари бўлган мактаблардаги ўқувчи ёшларнинг қўлида бир пайтлардагидек “Ғунча”, “Гулхан”, “Тонг юлдузи” сингари нашрлар бўлса эди. Ҳеч бўлмаганда ҳар бир мактаб кутубхонасига ана шу нашрлар етиб борса эди…
Яна ҳеч бўлмаганда ҳар бир ўқитувчи, шифокор, олиму фузалолар, катта-кичик раҳбарлар ҳам ўзларининг қизиққан нашрларига обуна бўлишса эдими!
Нима, шу иш жуда қийинми? Имконсизми? Бизнингча, қалови топилса, қор ёнади деганларидек, бу вазифа биринчи навбатда турли тадбирлар уюштирадиган Маънавият ва маърифат марказининг, илм даргоҳларининг, маҳаллаларга бош бўлган ташкилотларнинг эътиборида бўлиши керакка ўхшайди.
Ахир Президентимиз ҳеч қачон ҳеч кимга “обуна бўлманглар” деганлари йўқ. Аксинча, Давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситаларига сўз эркинлигини берганлиги, мамлакатда очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаётганларини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу улуғвор қадамларни бутун дунё афкор оммаси ҳам доимо эътироф этади. Шундай экан, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қўйишда, ҳеч шубҳасиз, матбуот ҳам улкан аҳамият касб этиши муқаррардир.
Ҳозирча эса шу нарсага амин бўлдикки, бошқа ҳудудларни билмадик, аммо Хоразмда мутолаа санъати жуда-жуда оқсаб қолган…
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
