“Катта хонадон қиссалари”

ёхуд ёзувчи Янгибой Қўчқоровнинг шу номли китобини ўқиб…

“Ақл ила олам юзин обод қил” деб уқтирган эдилар беш аср аввал ғазал мулкининг султони буюк бобомиз. Навоий наволаридан мунаввар бўлаётган Янги Ўзбекистондек катта юртда баъзан кимнидир танийсиз, кимнидир танимайсиз. Албатта, бу табиий ҳол. Чунки у катта, улуғ юрт. Мана шу юртнинг каттаю кичикларидан кўплари ушбу ўлканинг бир камтарин аъзоси, меҳнаткаш адиб ва таржимон Янгибой Қўчқоровни танийди.

Унинг ўзига хос, антиқа далилларга бой мароқли суҳбатларидан, камтарона ижодидан баҳраманд бўлганлар ҳам, табиий ҳолки, оз эмас. Аммо Янгибойни фақат мароқли суҳбатдош деганлар адашади, чунки у ўзига хос ижодкор, ижоди ҳам ўзига ўхшайдиган ёзувчи. Бунинг исботи Янгибойнинг янги, шу улуғ хонадон вакили эканлигини амалда тасдиқлаб берган кўламли “Катта хонадон қиссалари” китобидир. Китоб биз ижод аҳлига “адабиётни севиш, унга имкон қадар садоқат билан хизмат қилиш, китобхоннинг кўнглидан жой оладиган, унинг маънавий оламини бойитадиган, ҳаётга бўлган меҳру муҳаббатини оширадиган, салбий иллатлардан нафратланадиган, халққа, юртга, Ватанга эҳтиром туйғуларини шакллантирадиган асарлар ёзиш кераклигини” уқтиради. Бу борада Янгибой муайян маънода ўз ҳамкасбларига ибрат кўрсатиб келаётган адиб. “Туркий халқлар адабиётлари дурдоналари” юз жилдлигини, “Алишер Навоий ғазалларига мухаммаслар” икки жилдлигини тайёрлашдаги жонбозлиги, Абай ва юзга яқин қозоқ, Бердақ ва юзга яқин қорақалпоқ шоирларидан қилган таржималари, “Ой теграсида юлдузлар” (Зулфия ва замондошлари), “Доғистон донишманди. Дагестанский мудрец” (Р.Ҳамзатов) китоблари, Нобель мукофоти совриндори С.Алексиевичнинг “Урушнинг аёлга ёт қиёфаси” романининг таржимаси, “Махтумқули Фироғий” достони, қатор насрий ва назмий асарлари хулосамизни тўлиқ далиллайди.

“Катта хонадон қиссалари” китобининг қурилиши ҳам Янгибойнинг суҳбатларига андоза бўлиб, унинг ичидаги мўмай воқеалар орасига нафосат жавоҳирлари сепилган. Ўқирман уларни кўрмасдан ўтиб кетмасликка ҳаракат қилиб ўқийди. Аслида, китоб заҳматкаш адиб Муҳаммад Салом ҳақида, деган хаёлга борасиз-да, ушбу сюжет орқасидан қувсангиз, юқорида айтилган “жавоҳирлар”ни кўздан қочиргандек бўласиз. Ҳа, китоб аввалида Муҳаммад Саломнинг мақоласига ишора бўлса-да, аслида, “Катта хонадон” вакили, жавоҳирлардан бири бўлмиш улуғ адиб Одил Ёқубовнинг машҳур сўзлари билан бошланади: “…биз бу ишларни ҳамду сано учун эмас, балки жафокаш халқимизнинг мушкулини жиндек бўлса-да осон қилармиканмиз, жонига ора кирармиканмиз деб, қолаверса, адолат ва ҳақиқат учун кураш ҳар бир ёзувчининг виждоний бурчи, деган ақидадан келиб чиқиб, бу ишларга ҳамиша хайрихоҳлик билдириб келдик…”. Мана, ҳақиқий жавоҳирни халқимиз хотирасига яна бир бор кўз-кўз қилиш ва унинг хотирасида тиклаш йўлларидан бири. Янгибой икки тармоқдан икки иқтибос олиб, Муҳаммад Салом орқали бизга Одил Ёқубовдай улкан адибимизнинг дил сўзларини хотирамизга яна бир бора жойлаяпти.

“Шу йилнинг 23 июль – 4 август кунлари гўзал ва баҳаво Зомин тоғларидаги оромижон маскан — Навоий кон-металлургия корхонасига қарашли муҳташам сиҳатгоҳда давримизнинг забардаст адиби, оқсоқолимиз, бир неча роман ва қиссалар муаллифи, пиру бадавлат отахон Муҳаммад Салом билан мулоқотда бўлдик. Мулоқотларимиз чоғи у киши миллий адабиётимизнинг улуғ чинорларини кўрганларини, бир қанча улуғ адибларга чой қуйиб, олтиндан аъло сўзларини тинглаганларини, бир қанчасидан қимматли маслаҳатлар олганини, катта хонадоннинг нафосатли нафасини ҳис қилганини сўзлаб бердилар” (Я.Қўчқоров. “Катта хонадон қиссалари”, 169-бет).

Бу сатрларни ўқиганимизда кўнглимизда ҳаяжон туйғулари уйғонди. Чунки айнан ўша кезлари биз, яъни мен, олим ва шоирлардан Ҳамидулла Болтабоев, Исломжон Ёқубов, Баҳодиржон Раҳмонов, Вафо Файзуллоҳ, Муҳиддин Полвон ва бошқалар Муҳаммаджон аканинг суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. Улуғ ёшга кирган адиб “…ҳеч ким юрмаган йўлдан боришни афзал кўрдим…”, деди. Айни шу ўз йўлидан юрувчиларнинг аслини Янгибой китобининг давомида кўрамиз. Китоб Ёзувчилар уюшмасининг чигал бошланган тарихини маҳорат билан акс эттирган. Биз билмаган, биз кутмаган воқеа ва далиллар топилганига ҳайратга тушасиз. Бу эса бизга Янгибойнинг нафақат ёзувчи, балки ўзига хос тадқиқотчи эканлигини ҳам кўрсатади. Чунки янги китоб орқали биз уюшмамиз тарихида Р.Мажидий, Қ.Берегин, Олтой ҳамда бошқа ёзувчи ва арбобларнинг бу ташкилотга хизмати, азоби ва саргузаштларини кўрамиз. Китобга кирган қуйидаги сатрлар ҳар куни ёзилаверадиган навбатчи матн эмас:

“1919 йили атоқли жадид Абдурауф Фитрат томонидан асос солинган “Чиғатой гурунги”, 1926 йили Шокир Сулаймон ва Олтой томонидан ташкиллаштирилган “Қизил қалам”, Умаржон Исмоилов раҳбарлигида 1930 йилдан фаолият кўрсатган Ўзбекистон пролетар адиблари уюшмаси 1934 йилнинг 11 март куни тузилган Ўзбекистон Ёзувчилар союзи учун пойдевор вазифасини ўтаган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар союзига Раҳмат Мажидий 1 йилу 7 ой, Қурбон Берегин 2 йилу 2 ой, Холмат Қурбонов 6 ою 9 кун, Насрулло Охундий 10 ой, Ҳамид Олимжон 5 йилу 2 ой, Ойбек 4 йил, Шароф Рашидов 1 йилу 4 ой, Уйғун 3 йилу 9 ой, Абдулла Қаҳҳор 1 йилу 10 ой, Сарвар Азимов биринчи марта 1 йилу 3 ой, иккинчи марта 4 йилу 8 ой, Комил Яшин 22 йил, Ўлмас Умарбеков 2 йилу 6 ой, Одил Ёқубов 4 йилу 1 ой, Жамол Камол 4 йилу 1 ой, Абдулла Орипов 14 йил, Бобур Алимов 3 йилу 8 ой, Муҳаммадали Аҳмедов 5 йилу икки ой раҳбарлик қилдилар. 2018 йилнинг 11 апрелидан буён уюшмани Сирожиддин Саидов бошқариб келмоқда. Катта хонадонимизнинг қиссаси у қадар кўп қувончли саҳифаларга эга эмас. Қурбон Берегин 1938 йилнинг 4 октябрида ўз сафдошлари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Ғози Олим Юнусов, Отажон Ҳошим, Муҳаммад Ҳасанов, Қаюм Рамазон, Зиё Саид, Мўмин Усмонов, Аъзам Аюб, Мажид Қодиров, Худойберган Девоновлар билан бирга отиб ташланди. Улардан бироз олдин Тавалло, Асил Мансур, Боту, Сўфизода, Ғулом Зафарий қатл этилган эдилар. Ҳамид Олимжон ва Ойбек бир неча марта уюшма сафидан ўчирилди. Уюшманинг биринчи раиси Раҳмат Мажидий ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида қатағон исканжасида азоб чекди”.

Бундай олиб қарасангиз, китобнинг сюжет чизиғида атоқли адиб Муҳаммад Салом ижоди асосий ўрин тутгандай кўринади ва ҳақиқатда ҳам шундай. Китоб муаллифи нафақат Муҳаммад Салом ижодидаги юксалиш онлари, балки баъзи сабабларга кўра депсиниш чоғларини ҳам назардан қочирмайди. Китобда ёзувчининг қуйидаги сўзлари келтирилган: “1973 йилда “Севги тори” деган йирик повестим эълон қилинди. Ундаги воқеалар Тошкент ҳамда Зарафшон — Мурунтов қурилишларида кечади. Севгининг қудрати, қирралари, одамни ўзгартириб юбориши хусусида. Аввал ўғри бўлган бош қаҳрамон шундай туйғуга учраб, “ўзлиги”ни топади… Устоз Асқад Мухтор бу асар билан мени қизғин қутлади. Мен ҳамма асарларини қолдирмай ўқийдиган Ўлмас Умарбеков (Марказкомда ишларди, қўлёзма нашриётдан у кишига берилган) ҳам хурсанд бўлиб, телефонда самимий гаплар айтди.

Бироқ китоб чиққач, “Шарқ юлдузи” журналида Акмал Хўжаевнинг танқидий мақоласи босилди. Тумтароқ, асосланмаган фикрлар. Унинг нима демоқчилигини тушунмадим. Мақола уюштирилганини кейинроқ билдим. “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир пайтим бўлим мудири Б.Бойқобилов атоқли адиб Муҳсин Саидовнинг “Тобланиш” романини қайта нашр этишни мўлжаллаб, таҳрир учун менга берди. Ўқиб кўриб, қайта нашрга арзимайди, деганча қўлёзмани қайтариб бердим. Минҳожиддин Ҳайдар ҳам муҳаррирликни бўйнига олмади…” Гап шундаки, муаллиф назарда тутган 90 йил давомида нафақат шевердину милчаковлар, балки ўзимизнинг акмал хўжаевлар устоз Ойбек, устоз Миртемир ва уларнинг издошларидан бир қанчасининг бошида ёнғоқ чақдилар. Қанчадан-қанча ажойиб асарлар қоғозда қолиб кетди. Айрим тайёр қўлёзмалар жаҳл оловида кулга айланди. Шу жумладан, Муҳаммад Салом ижодида ҳам бир неча бор ўн йиллаб “танаффуслар” юз берди.

Боши қизил салтанат чўқморларидан ғурра бўлган жабрдийда адибларимиз орасида Шуҳрат, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Тўхтасин Жалолов ва Саид Аҳмад бор. Китобнинг “Катта хонадоннинг қаҳрамонлари” бобида Саид Аҳмаднинг машаққатли ҳаёти ҳақида шундай сатрларни ўқийсиз: “Саид Аҳмад — Аллоҳнинг марҳамати билан тегирмон тошининг остидан омон чиққан адиб. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун устоз қизил салтанат исканжасига тушган кезларда, яъни 1951 йилнинг 8-10 март кунлари “Тошкент. Шумилов городок, Берёзовий тупик, дом № 46”дан “Ташкент, улица Лабзак, Тупик 7, дом 86”, рафиқаси Саида Зуннуновага ёзган хатини ўқинг. Адибни 10 мартда олиб кетиб, 16 март куни Қозоғистон ССРнинг Шимолий Қозоғистон вилоятидаги Петропавловск шаҳрига етказадилар (шаҳарнинг совуқ номини қаранг: император Пётр Марказий Осиёни забт этишни бошлаб берган, Павел эса куракда турмайдиган ишларнинг барчасини бажарган!”). 17 март куни адиб учинчи хатни ёзади. ГУЛАГ жаллодлари ўз она тили турганда маҳбусга хатни ўрис тилида ёзишга мажбур қиладилар. Хайрият, тўртинчи изтиробли хат Жезқозғон конидан ўзбек тилида келади. Қуйидаги сўзларда адиб дилидан вулқондек отилган фарёд яширин: “Ойи, хафа бўлманг, тақдир экан. Беш ойгина бахтли яшадим…” Беш ойгина! Яна хатга қайтамиз: “Саидахон! Айбдор кишининг тили қисқа бўлади. Айбсиз айбдор бўлдим. Кўп ёзинг, то юз кўришгунимизча улфатимиз қоғоз ва қалам бўлсин. Андижондаги куёвини кўрмаган қайнота, қайнона, поччасини кўрмаган қайнсингилларга салом айтинглар…” Адиб 7-хатда “Туҳмат лойқадек қуйига чўкмоғи, ҳақиқат булоқ сувидек қайнаб юзага чиқмоғига ишонган киши ҳеч қачон умидсиз бўлмайди”, 8-хатда “Бу ерларнинг дарахтсиз, кўкатсиз ёзи бошланди”, деб ёзади. Атоқли шоира, истеъдодли ёзувчи, вафодор рафиқа бўлган Саида Зуннунова 1951 йилнинг 26 сентябригача эрига 31 та хат жўнатади. Хатларидан бирида “Ҳасратимни ёзай десам, қаламга ўт тушиб, қоғоз куйиб кетди”, деб ёзган эди. Катта хонадон қиссасининг бир ҳасратли боби шуки, Саидаҳмад ака Саида опага ГУЛАГдан 70 та ўтли хат ёзди. Бир қанча хатларга ўзи ёзган шеърларини қўшган. Улардан бирида “Рухсат эт, тоғларни йиқай қаламда” деган сатр бор”.

“Катта хонадон қиссасининг қайғули боби”ни хотиржам ўқий олмайсиз. Маълумки, ҳар бир хонадон ўз ҳаёти жараёнида бахтли ва бахтсизлик кунларини кўрмасдан ўтмайди. Шундай экан, китобнинг мана шу саҳифалари ва уларнинг ёритилишига тасаннолар айтасиз. Маълумки, Усмон Носир ва Жулқунбойларнинг ҳаёт-мамот йиллари ҳақида кўп ўқиганмиз, аммо Янгибой талқинида бу “Катта хонадон қиссалари”даги саҳифалардан кўзингизни узмай, китобдан бош кўтармай яна ва яна ўқийсиз. Китобдан иқтибос: “Уч нон уч жонга…”, “Отам оғриди…”, “Кўп ётолмади, ўлди!..”. Бу иқтибос ва ижодий изланишлар Янгибойнинг топилмалари, булар орқали у Муҳаммаджоннинг ижодий изланишларини кўрсатади ва Усмон Носир сатрлари орқали уларга ўзига хос ранг беради.

Аммо китоб фақат қайғули саҳифалардан иборат эмас. Муаллиф улкан ёзувчи Носир Фозиловнинг ҳазил-мутойибалари орқали катта хонадонимиздаги мукофотпарастлик иллати хусусидаги ҳайратомуз ҳикояларни ҳам келтиради: “2013 йил. Майингина шабадалари билан кириб келган кузнинг учинчи ё тўртинчи куни эди. “Дўрмон” ижод уйи олдидаги ўриндиқда устозим Носир Фозилов билан ширингина гурунглашяпмиз. Иккинчи ўриндиқда Муборак кеннойи таниқли драматург Ҳайдар Муҳаммаднинг рафиқаси Вазира опа билан суҳбатга киришган. Дарвоза томондан елим халтача кўтарган ўртамиёна ижодкор “оға”мизнинг келаётганини кўрдим. Каллакланган жўка дарахти ёнига етганда оғзидаги носини гулзорнинг четига туфлади. Ўзимни тутолмай кулиб юбордим.

— Ҳа, шаир, не бўлди? — деди Носир оқсоқол кичкинагина транзисторини чап қулоғига тутиб.

— Талаба пайтимиз қизлар билан вальс тушиш учун тун бўйи Лев Лешченконинг битта пластинкасини қайта-қайта қўяр эдик. Бир йигит пластинканинг ёнида турарди-да, тугай деганида секин сездирмасдан суриб қўярди. “Прощай, ничего не обещай!” деб тонггача хониш қилаверарди пластинка…

— Нега бирдан буни эслаб қолдинг, иним?

— Ҳозир ҳув келаётган улуғ зотнинг пластинкасини эшитасиз.

— Пластинкасига нималар ёзилган?

— Мукофот, мукофот, мукофот!

Сўзимни тугатишим билан ул зот етиб келди-да:

— Ассалому алайкум, Носир ака! Яхшимисиз? Бир ҳафта пойтахтдан олисда юриб, газит ўқий олмадим. Хўш, бу сафар ёзувчиларимиздан қайси бирлари мукофот сотиб олди? “Кўки”дан беришибдими? — деб сўради.

Носир ака кўпни кўрган ёшулли эмасми, пинагини бузмасдан:

— Ҳа, фақат сиз айтган қойилмақом купюралардан беришибди.

Муболағага ўрин йўқ. Асарни ўқиганингиз сари бу китобга ҳам меҳрингиз ошади ва ниҳоят ўзингизни тиклаб, китобни ёпмоқчи бўлсангиз, сизни ёзувчи Муҳаммад Салом ҳақида йиғилган антиқа далил ва рақамлар, маълумотлар кутади. Китобда адиб замондошларидан Умарали Норматов, Маҳкам Маҳмудов, Адҳамбек Алимбеков, Фарид Усмон, Қозоқбой Йўлдошев, Нурали Қобул, Нортўхта Қилич, Турсун Али, Ҳабиб Сиддиқ, Нусратулла Жумахўжа, Мирзаали Акбаров, Фармон Тошев, Зикрилла Неъмат, Абдунаби Ҳамроларнинг қимматли фикрлари ўрин олган. Бу китобни ўқиб, биз ҳам Муҳаммад Саломга ва у орқали Янгибой Қўчқоровга, балки Янгибой Қўчқоров орқали Муҳаммад Саломга замондошлик фикрларимизни билдиришга ҳаракат қилдик. Бир сўз билан айтганда, адабиётимиз хазинаси мароқ билан ўқиса бўладиган яна бир китоб билан бойиди, дея оламиз!

Маҳмуджон ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

психология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − six =