Гап ёшда эмас экан…

ёхуд Мисрнинг бош имомларидан бирига имомлик қилганим ҳақида

Миср Араб Республикасига турли мақомда бир неча марта борганман. Бир гал, 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан тасвирчи Шуҳрат Мирзакаримов иккимизни Қоҳирага юборишди. Биз буюк олим ҳаётининг сўнгги йиллари ва Мисрда унга бўлган муносабат ҳақида туркум репортажлар тайёрлашимиз лозим эди.

Миср ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ бошқармасида бизни қабул қилишди. Бир ҳафталик дастур аввалдан келишилган ва тасдиқланган. Унга кўра биз қачон, қаерда, ким билан учрашамиз, нимани тасвирга туширамиз — барчаси соатма-соат белгилаб қўйилган. Шунга қарамай, бошқарма бошлиғи илтифот юзасидан бўлса керак, яна қандай истагингиз бор, барчасини бажарамиз, деб қолди.

Савол кутилмаган эди. Лекин мен вазиятдан фойдаланмоқчи бўлдим. Мисрга бир неча бор келсам-да, ҳатто Ал-Азҳар университети фаолияти билан таниш бўлсам-да, унинг раҳбари Шайхул Азҳар билан ҳеч учраша олмаганман. Ўша пайтда, 1998 йилда Муҳаммад Саид Тантавий Ал-Азҳар университети раҳбари эди.

Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг таклифига биноан дарҳол шундай дедим:

— Имкон бўлса, биз Шайхул Азҳар жаноблари қабулига кирсак, дегандим.

Таржимон сўзини тугатмадиямки, бошқарма бошлиғи кулиб юборди. Бу дипломатия ахлоқига тўғри келмаган гап эди. Мендаги норозиликни сезди-ю, дарҳол узр сўради.

— Узр, мени кечиринг, жаноб журналистлар. Гап шундаки, Шайхул Азҳар жанобларининг камида олти ойлик вақтлари кунма-кун банд қилинган. Сизлар эса атиги бир ҳафтага келиб, аудиенция сўраяпсизлар. Бунинг ҳеч иложи йўқ, шунинг учун…

Бошқарма бошлиғи икки қўлини ёзиб елкасини қисди. Аслида, шундай эканини билар эдик. Аммо у барча истагингизни бажараман, деганди-да.

— Сиз сўрадингиз, биз айтдик, — дедим бироз норози оҳангда. — Истагимизни Шайх жанобларига етказсангиз, насиб қилмаган бўлса, ноилож.

— Албатта, албатта, — деди мисрлик мулозим. — Шу бугуноқ Ал-Азҳар университети канцеляриясига илтимоснома топширамиз.

Бизга сафаримиз чоғида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида “маслаҳатчи” лавозимида ишласа-да, аслида, махсус хизмат вакили бўлган Р.Қодиров ҳамроҳлик қилар эди. Уч кун Қоҳира давлат университети, Фустот шаҳри қолдиқлари, қадимий қабристон, Миқёси Нил мажмуаси каби манзилларда тасвирга тушириш ишларини амалга оширдик.

Кечки пайт элчи Шамсиддинхон Бобохонов чақириб қолдилар.

Элчихона шаҳар маркази ва Нил дарёсига яқин эски мавзеларнинг бирида. У илгари Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ал-Сауд ҳазратларининг Мисрдаги рафиқалари учун сотиб олинган кўркам бино бўлган. Кейинчалик уни Ўзбекистонга сотиб юборишган.

Шамсиддинхон Бобохоновни ўтган асрнинг 70-йилларидан буён танир эдим. Ўшанда улар Москвада яшаб, шу ердаги Шарқшунослик институтида ишлар эдилар. Кейинчалик оталари Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳурматидан бўлса керак, Шамсиддинхон акани Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, муфтий этиб тайинладилар. Бир неча йилдан сўнг эса уларни Миср Араб Республикасига Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси қилиб юборишди.

Элчихона ҳовлисида қўлини орқасига боғлаб олган Шамсиддинхон ака дарғазаб ҳолда у ёндан бу ёнга юрар эдилар. Мени кўрдилар-у:

— Нималар қилиб қўйдингиз, Муҳаммаджон? — дедилар жаҳл отига миниб. — Мен элчиман, аммо мана бир йилдирки, ҳалигача Шайхул Азҳар билан учраша олганим йўқ. Сизни эса… эртага қабул қилар эканлар. Нега бемаслаҳат илтимоснома киритдингиз?

Мен бир сўз айтолмай донг қотдим. Чунки бундай натижани ҳеч кутмаган эдим-да…

Шу куни ярим кечгача қабулга кириш, суҳбат одоби, саволлар муҳокама қилинди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган “маслаҳатчи” ўз хонасига кириб, Тошкент билан шу хусусда гаплашиб ҳам олди.

Шу кеча ухлай олмадим. Мен ҳаяжонимни енга олмасдим. Чунки Шайхул Азҳар ҳар куни қайсидир мусулмон давлати раҳбари билан учрашар ёки қайсидир давлатга олий даражада сафар қиларди. Айтишларича, бундай ташрифларни ойлаб, ҳатто йиллаб кутар эканлар. Бундан ташқари, мусулмон олами диний кенгаши у билан маслаҳатлашиб қарор қабул қилар, фатво чиқарар эди. Мен кимманки, Мисрга келибоқ унинг қабулида бўлсам?..

Учрашув тайинланган соатда биз элчи “маслаҳатчи”си ҳамроҳлигида Ал-Азҳарнинг дарвозаларидан бири қаршисига келиб кута бошладик. Тайинланган соатдан 15-20 дақиқа ўтди ҳамки, кутиб олувчидан дарак йўқ эди. Шунда “маслаҳатчи” бизга шу ерда қимирламай туришимизни тайинлади ва ўзи бошқа дарвоза томон кетди.

Ал-Азҳар университети, аслида, бир кичикроқ шаҳарга ўхшайди. Унда маъмурий бино, ўқув иншоотлари, кутубхоналар, масжид ва ялпи дарс ўтиладиган заллар ва бир неча дарвоза бор. Шу пайт ўрта ёшли, бошида салла, эгнида юпқа, астарсиз чопон, ихчам соқоли ўзига ярашган бир киши олдимга келиб, араб тилида бир нималар деди. У қўлимдаги микрофон ва тасвирчидаги камерани кўрсатиб, “Ўзбекистон”, “телевизион” деган сўзларни айтди. Мен уни тасдиқладим. Шунда у бизни дарвоза томон таклиф қилди. Араб тилини билмасам-да, бор таваккал деб инглиз тилида ҳозир шеригимиз келишини, унгача кутиб туришимиз лозимлигини айтдим. Қарангки, у ҳам инглиз тилини менинг даражамда билар экан. Биз бир-биримизни тушундик. Шу паллада пешинга азон янгради. Вакил безовта бўла бошлади. Яна бироз кутдик, аммо элчи маслаҳатчисидан дарак йўқ эди. Такбир айтилганидан сўнг, бизни кутишга келган вакил шу ерда, кўм-кўк майсалар устида пешин намозини ўқиб олишни таклиф қилди. Мен розилик билдирдим. Вакил мендан 10-15 ёш кичик эди. Балки, шунинг учундир ёки илтифот юзасиданми, мени имомликка ўтишга ишора қилди. Ахир у мендан анча ёш-ку, дедим-у, унинг таклифини қабул қилиб, ярим қадам олдинга чиқиб, ният қилдим-у “Аллоҳу акбар” дея қулоқ қоқдим. У ҳам мендан сал ортда, ўнг томонимда менга иқтидо қилиб қулоқ қоқди. Намозни тугатгач, икки ёнга салом бердим. Қарасам, чап томонда Р.Қодиров ранги қув ўчган, ташвиш билан кузатиб турган экан. Мен дарҳол уни вакилга, вакилни унга таништирдим. Улар араб тилида сўзлаша кетдилар. Кейин маълум бўлишича, тайинланган дарвозани ё биз, ё улар адаштирган.

Шайхул Азҳар бизни ғоят илиқ, илтифот билан кутиб олди. Сўзининг бошидаёқ нега бизни қабул қилганининг сабабини айтди:

— Менга сизларнинг илтимосномангиз билан шахсингиз ҳақидаги маълумотни ҳам беришди. Қарасам, сизлар исломнинг буюк хизматкори Бурҳониддин Марғиноний шаҳридан экансиз. Ул улуғ зотга бўлган чексиз ҳурматимиз ҳаққидан учрашувларим давомийлигини қисқартириб, сизлар учун вақт топдим, — деди Муҳаммад Саид Тантавий.

Бу аввало юртимиздаги буюклар, уларга бўлган юксак эътибор ҳурматидан эди. Шайхул Азҳар 1998 йилда Ўзбекистонда Имом Бухорий зиёратгоҳи тантанали равишда очилишини билар, ўзи ҳам унга таклиф этилган эди.

Суҳбат-интервью юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ислом уламолари зиёратгоҳларини тиклаш, қайта қуриш, диний таълим ўқув юртлари, юзлаб масжидлар очилиши, ҳажга борувчилар учун яратилган шароитлар ҳақида жуда самимий руҳда ўтди.

Биз Ал-Азҳар университети биносидан чиқиб, элчихона машинасига ўтиришимиз билан элчи “маслаҳатчи”си сал бўлмаса гирибонимдан олди.

— Сиз кимга имомлик қилганингизни биласизми? — деди жаҳл билан. — Элчихонага етиб олайлик…

Мен ҳеч нарсани тушунмасдим. Университет вакили келди, намоз вақти ибодатга чорлади ва мени имомликка ўтишга таклиф қилди. Бор гап шу эди-ку.

“Маслаҳатчи” йўл-йўлакай Шамсиддинхон акага қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани узуқ-юлуқ айтди. Мени “галварс журналист” деб атади ва Муҳаммад Али пошшо масжиди имомига имомлик қилиб намоз ўқиганимдан норози бўлди.

Элчихонада Шамсиддинхон акани худди кечагидек кайфиятсиз ҳолда учратдим.

— Э, биродар, яна нима қилиб қўйдингиз? Ахир сизнинг ортингизда намоз ўқиган одам Мисрнинг энг машҳур ва мансабдор имоми бўлади. Ҳайит кунлари ҳатто бу мамлакат президенти ҳам унинг ортида туриб намоз ўқийди!

Мен жуда ҳижолатда эдим. Ўз-ўзимни айблар эдим ичимда. Очиғи, нималар бўлганини шу топда ўзим ҳам англаб етмаган эдим.

Элчи ва “маслаҳатчи” бир неча дақиқа воқеликни ўзаро муҳокама қилдилар. Кейин билишимча, тайинланган вақтда тайинланган дарвозага университет вакили чиққан. Аммо қандайдир тушунмовчилик туфайли биз бошқа дарвоза олдида кутган эканмиз. Шунда вақт тиғизлиги туфайли Шайхул Азҳар котибияти мудири қабулхонада турганларнинг барчасини университетнинг барча дарвозаларига юборибди. Қоҳирадаги аҳамияти жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган Муҳаммад Али пошшо масжиди бош имом-хатиби ҳам қабулхонада экан. Ундан биз турган дарвозага боришни сўрашган…

Шундай қилиб, мен ўзим билмаган ҳолда пешин намозида Мисрнинг бош имомларидан бирига имомлик қилибман…

Элчи ва “маслаҳатчи” билан хоналарнинг бирига кирдик.

— Ўша ерда қандай намоз ўқиган бўлсангиз, овоз чиқариб уни такрорланг, — деди буйруқ оҳангида “маслаҳатчи”. Мен шундай қилдим.

— Шундай ўқиганингиз аниқми? — ишонқирамай сўради “маслаҳатчи”.

Мен айб иш қилиб қўйган ёш боладек аранг тасдиқ жавобини бердим. Кейин у нималардир дея норози ҳолда хонасига кириб кетди…

Орадан йиллар ўтиб, Шамсиддинхон Бобохонов билан Тошкентда, кейин Фарғонада учрашдик. У жуда олийжаноб инсон эди. Ўша мен билмай туриб бўлса-да, қилган одобсизлигим воқеасини бирон марта ҳам юзимга солмади.

Муҳаммаджон ОБИДОВ.

Тошкент — Қоҳира – Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − two =