Илм-фан чироғини кўтарган устоз

Юртимизда ўзининг юксак инсонийлик фазилатлари, ҳалол меҳнати ва илм-фанда жуда катта юксакликларни қўлга киритган ҳамда айтиш мумкин бўлса, аллома устоз сифатида номи тилга олинадиган сиймолар қаторида, ҳеч шубҳасиз, академик Оқил Умурзоқович Салимовни алоҳида тилга олиш жоиз. У киши айни шу кунларда қарийб юз ёшга яқинлашаётган, аниқроғи, ўзининг қутлуғ 98 ёшини қарши олаётган эл-юртнинг садоқатли намояндасидир.

Мавлоно Алишер Навоий айтганидек:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб олимларнинг устози бўлиш, эл ардоғида пиру бадавлат умргузаронлик қилиш саодати ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бундай бахтга Яратганнинг инояти, элнинг дуоси туфайлигина муяссар бўлиш мумкин.

ЁРҚИН ОДИМЛАР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтсак: “Олимлик Аллоҳ нурини солган улуғ бир мартаба. Бу мартабадан жамиятнинг бутун вужудига нур, зиё тарқалади. Олимларнинг суҳбатидан инсон ўзига беқиёс маънавий бойлик олади, қалб кенгликларини, тафаккур теранлигини ҳис қилади…”

Дарҳақиқат, академик Оқил Салимов техника фанининг ўзбек миллий механика йўналишига 75 йилдан буён ҳисса қўшиб келаётган бузрук олим, жамоат ва давлат арбобидир.

Мен домла ҳақидаги айрим хотираларимни баён қилиш ҳамда мўътабар устозга бўлган самимий қалб изҳорларимни баён этишни бурчим деб ҳисоблайман. Чунки 1970 йиллар бошларида, мен “Партия турмуши” журналида ишлаган кезлар, домла марказий бошқарувга чақириб: “Республика аҳолисидан кўплаб хатлар келади, уларнинг мазмунини русчага ағдаринг”, — дея топшириқ берардилар.

Орадан маълум вақтлар ўтди. Ўтган асрнинг 80-йиллари иккинчи ярмига келиб, юртимизда “ўзбеклар иши”, “пахта иши” деган бало-қазолар бошланган, халқимиз, айниқса, кўплаб раҳбарлар таъна тошлари, турфа бўҳтонлар ила сиқувга олинган, айримлари қамалган пайтлар…

Мен ана шу вақтда, яъни Москвада ишлаб юрган кезларимда тақдир тақозоси билан Тошкентдан Москвага самолётда устоз билан бирга учдик. Имкон топиб, “ички кузатуви”даги Оқил Умурзоқович Салимов ёнига ўтирдим.

Суҳбатимиз маҳзунлик билан кечди. Домла аввал Ўзбекистон Компартияси Марказкомида бўлим бошлиғи, сўнгра мафкура бўйича котиб бўлиб ишлаган пайтлари эди. Бу вақтда устозга ҳам ҳар хил туҳматлар уюштирилганди. Оқил ака бу ҳақда жуда кўп, аниқ далилларни айтиб берганларини ҳамон эслайман. “Мен Худога шукр қиламан. У ерда (Москвадаги жазони ижро этиш махсус ҳибсхонасида) мени яқинларим, дўсту биродарларим ёлғизлатиб қўйишмади. Нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикалардан айрим содиқ оғайниларим хабар олиб туришди. Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ректор бўлган пайтимда қамоққа олинган эдим. Ҳақиқий инсонийликни, меҳр-оқибатни, одамгарчиликни киши бошига ташвиш тушганда билар экан. Ана шундай оғир пайтларда ҳаракатчан, ўта очиқ ва беназир инсон, Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборини унутмайман. У киши мендан шундай пайтда ҳам воз кечмади, аксинча, имкон топиб, қўллаб-қувватлаб турган…”

Ўзбек миллий олий таълимини жаҳон андозаларига олиб чиқишда катта жасорат ва матонат кўрсатган яна шундай содиқ шогирдларидан бири Ўктам Умурзоқов Оқил Салимов ҳақида шундай деган эди: “У ақлан иқтидорли, зийрак, табиатан қалби дарё ва дилбар инсон. Кимнингдир сўзи ёки қилган иши кўнглига оғир ботса-да, асло сездирмайди, тезда унутиб юборади. Шу боис бўлса керак, у кишининг ҳаётий фалсафаси: инсонларни қадрлаш, уларга қўлдан келганча яхшилик қилиб, ёрдам беришдир”.

Ҳа, давлат ва жамоат арбоби, устоз Оқил ака Салимов – нафақат Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси аъзоси, айни чоғда Олий мактаб халқаро фанлар академияси ва Нью-Йорк фанлар академиясининг ҳам академигидир. Устоз, шунингдек, Олий мактаб халқаро фанлар академиясининг Ўзбекистон бўлими Президенти ҳамда Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Мирзо Улуғбек номидаги жамоат фондининг васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.

Оқил ака давлат ва жамоат ишларидаги кўп йиллик хизматлари ҳамда таълим тизимидаги самарали фаолияти билан юртимиз илм-фани ва маърифати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган йирик давлат ва фан арбобидир. Устознинг нафақат арбоб ва олим, балки ёшлар мураббийси ва истеъдодлар ҳомийси сифатида амалга оширган беқиёс эзгу ишлари ҳам таҳсинга сазовор.

Оқил Умрзоқовичнинг яна бир хусусиятлари борки, бу ижодкорлик фазилатидир. Кейинги йилларда домланинг қаламига мансуб “Саодат йўли”, “Ёшларга донолар ўгити”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари”, “Дўстлик хамсаси”, “Ақл инновацияси”, “Янги Ўзбекистон давлати” каби бир қатор оммавий-сиёсий ва илмий-маърифий асарлари нашр этилди.

Шу ўринда бир аччиқ ҳақиқатни такрор айтиб ўтишни лозим деб биламан. Оқил Салимовни ҳам жуда кўплар қатори бир пайтлар ўзи эътиқод қўйган, аммо саробга айланган тузум бадном қилишга уриниб кўрди! Лекин унинг ҳалоллиги, оқил ва одиллиги олдида туҳмату иғволар фош бўлди. Устозимизни Истиқлол ардоқлади, маъмурий ва маънавий жиҳатдан барча нуфузини қайтарди.

Азалдан халқ ва жамиятга фидокорона хизмат қилиб, элу юртда юксак обрў-эътибор ва нуфузга эришган кишилар пири бадавлат ва пири бузрук деб улуғланади.

* * *

Ҳаётда шундай мўътабар одамлар бор: улар мазмунли ва ибратли фаолияти, қобил фарзандлари, Ватан ва халқ олдида қилган шарафли ишлари, яхши номи билан орамизда — Янги Ўзбекистон авлодлари қалбида ўрнак-намуна бўлмоқдалар. Оқил Салимов камтарин ва интилувчанлиги, ташаббускорлиги, зиммасидаги вазифаларга масъулият билан сидқидилдан ёндашувчанлиги боис ҳам 1965-1998 йилларда юртимиз марказий идораларига ишга таклиф этилиб, турли масъул лавозимларда меҳнат қилди.

Етук муаллимнинг бевосита илмий раҳбарлигида 20 га яқин номзодлик, еттита докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди. Бу унинг илмий-назарий мушоҳадаси кенглиги, амалий фаолияти бойлигидан далолат беради. Олим ҳозиргача 10 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланмалар, монография, 200 дан зиёд мақола ва тезислар нашр эттириб, кўплаб ихтироларга патентлар олишга муваффақ бўлган. Биргина “Янги Ўзбекистон” газетасида ўнлаб маънавий-маърифий мақолалари эълон қилинди. Ҳозирги пайтда унинг ташаббуси билан “Тараққиёт” журнали чоп этилмоқда. Журналда мамлакат миллий тараққиёти ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида долзарб мақолалар эълон қилинмоқда.

Домла Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ректор бўлиб ишлаган 1986-1992 йилларда асосий диққат-эътиборини ўқув жараёнида янги педагогик технологияларни қўллаш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга қаратди. Ўша йиллари унинг ўта маданиятли, қатъиятли, талабчан, ўзи ва ҳамкасбларининг бажараётган ишларига масъулият билан ёндашадиган раҳбар эканлигига амин бўлганмиз. У киши ҳар қандай муаммони ҳал этишда вақтни чўзиб, ишни пайсалга солмасдан, имкони борича тез ва ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиларди. Табиийки, бу ҳолат жамоада иш унумдорлигининг ошишига, соғлом муҳит яратилишига замин яратарди.

1994-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ўзининг юксак ташаббускорлик ва ташкилотчилик ҳамда моҳир педагоглик тажрибасини намоён этиб, олий таълим муассасаларида ёш мустақил мамлакат учун ҳар томонлама етук ва малакали мутахассис-кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг маҳоратини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратди. Олий таълим муассасаларида давлатимиз талаб-эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, янги кафедра ва мутахассисликлар ташкил этилди.

Устоз мамлакатимизнинг олий таълим ва илм-фанини ривожлантиришнинг жонкуяри сифатида хорижий давлатлар билан ҳамкорликка ҳам катта эътибор қаратиб келмоқда. Айтиш жоиз, устоз ҳозир ҳам Россиядаги кўплаб олий таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Улар Янги Ўзбекистонни ўзларининг ишончли ҳамкори сифатида тан олишмоқда. Чунончи, Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети (миллий тадқиқот университети), Москва автомобиль йўллари давлат техника университети, Санкт-Петербург политехника университети, Санкт-Петербург давлат электроника университети, Москва энергетика институти ва бошқа олий таълим ўчоқлари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланишида домланинг хизматлари алоҳида таҳсинга сазовордир.

Устознинг олий таълим равнақидаги нуфузини нафақат Янги Ўзбекистонда, балки бутун дунёда эътироф этишади.

* * *

Очиғини айтганда, улуғ олимнинг ўта улкан фаолияти ватанпарварлик, миллатпарварликнинг ҳақиқий маънодаги кўриниши десак, тўғри бўлади. Келажаги порлоқ ёшларга ҳомийлик қиладилар. Ҳомийлик деганда, авваламбор, саховатли бўлиш, беғараз ёрдам бериш дегани. Ҳомийлик инсон қалби ва юрагидаги энг эзгу туйғуларнинг амалий ифодасидир. Инсонларга ўз йўлини топиб олишида кўмаклашиш ва ғоявий раҳнамолик ҳам ҳомийликдир. Айниқса, ёшларга бу борада устоз беназир ҳимматга, беғараз бағрикенглик принципларига эга эканлигини қайд қилиш ўринли.

Домланинг барча хизматлари ва инсонийлик хислатлари ҳақида китоблар ёзса арзийди. Зеро, устоз ҳақида кўплаб ижодкорлар бир қанча китоблар ёзишган.

Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ инсонга қанча яхшилик ва самимийликни ато этган бўлса, устозда ҳаммаси мужассам. Чин инсоний меҳр-мурувват, камтарлик, ҳалоллик, поклик, инсофу диёнат, иймон-эътиқод, шогирдларига меҳрибонлик, талабчанлик унинг қалбида лиммо-лим. Ҳазрат Жалолиддин Румийнинг шундай ҳикмати бор: “Яхши инсон ўзидан бахт, эзгу тажриба, хатокор инсон ўзидан дарс, аччиқ сабоқ, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради”.

Буюк Хитой файласуфи Конфуций эса юксак инсоний фазилатлар ҳамда лидерлик қобилиятига эга бўлганларни харизматик, яъни феноменал инсонлар, деб қайд қилган. Демак, теран фикр юритадиган, ҳар қандай вазиятда тўғри йўлни танлаган, яъни ўта қатъиятли, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган шахсларга нисбатан айтилган мафкуравий ғоя жуда ҳам камдан-кам одамларга насиб этади. Оқил ака ана шундай феноменал инсонлар тоифасидан.

“ТАҚДИРИМДАН РОЗИМАН”

Устоз Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаган пайтлари бобокалонлари генерал Жўрабек ҳақида маълумот олиш учун қабулларига бордим. Ўша пайтда вазир Рустам Қосимов (жойлари жаннатда бўлсин)нинг хонасида ўтирган экан. Мен генерал Жўрабекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида гапириб, устоздан қўшимча маълумотлар олдим. Шунда вазир менга қараб: “Устоз-домла Худоёрхон чевараси Ойчучук момонинг набираси эканлигини биласизми? Буни албатта эътиборда тутинг”, дедилар. Бу мен учун янгилик эди.

Маълум бўлишича, генерал Жўрабекнинг Тошкентдаги Қорасувдаги дала ҳовлисида Худоёрхоннинг сарсон-саргардонликда қолиб кетган аёли Оғача ойим ва фарзандлари бир муддат яшаган. Мен буни яқинда таниқли ижодкорлар Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасаннинг “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” китобидан ҳам билиб олдим.

Улуғ устоз ҳозирги кунда ҳам тиниб-тинчимайди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида махсус суҳбат-машғулотлар олиб боради.

“Мен ўз тақдиримдан рози инсонман. Чунки менга ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган тақдир насиб этди. 20 йилдан кўпроқ вақт ўзбек халқининг беназир фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим. У киши қайси лавозимда ишламасин, доимо ўзбек халқининг дарди билан, унинг келажаги ва равнақи учун яшади.

Шароф Рашидов ҳар бир ишга юксак масъулият, тиришқоқлик, чуқур билим ва тафаккур билан ёндашиб меҳнат қиларди. Ул зот қалбининг туб-тубидан коммунистик “изм”ларни рад этар, “совет доҳийлари”ни ўша замон урфича алқагани билан ҳукумат қарорларини собиқ Иттифоқ манфаатига эмас, Ўзбекистон манфаати ва халқи фаровонлиги йўлига усталик билан буриб юборар, “интизомли партия арбоби” сифатида кўринса ҳам, аслида, ўз йўлидан қолмас эди!

Дарҳақиқат, тарихни билмай туриб, бугунги кунга баҳо бериб бўлмайди. Яхши биласиз, ўша даврларда ҳар қайси иттифоқдош республика раҳбари “Марказ” чизиғидан чиқмасдан фаолият олиб боришга мажбур эди. Шунга қарамай, Шароф Рашидович республикамиз, халқимиз равнақи учун ўзини аямасдан меҳнат қиларди. Республикамиздаги жуда кўп иншоотлар, муҳим объектлар қурилиши айнан унинг номи билан бевосита боғлиқ эканини эл-юртимиз яхши билади. Энг муҳими, буларнинг барчаси нафақат ўша давр, балки келажакни ўйлаб, узоқни кўзлаб амалга оширилган. Бир мисол: ўша пайтларда Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларининг ўзлаштирилиши натижасида миллионлаб гектар қўриқ ерлар очилди, пахтазору буғдойзорлар, боғ-роғлар барпо қилинди. Бугунги кунда бу ҳудудлар халқимизнинг фаровон ва тўкин ҳаёти учун хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон каби ўнлаб шаҳарлар бунёд этилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг табиий бойликларини қайта ишлаш борасидаги йирик индустрияга ўша вақтлар пойдевор қўйилган, десак, хато бўлмайди.

Шароф Рашидов улкан давлат арбоби, таниқли адиб бўлишига қарамасдан, ниҳоятда камтар, самимий, одамларга меҳрибон киши эди. У юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, қурилиш майдонлари ва далаларда, саноат корхоналарида бўлиб, турли касб эгалари, оддий одамлар билан мулоқот қилишни хуш кўрарди. Шундай сафарлар чоғида эл-юрт ҳаёти учун муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича режалар ишлаб чиқиларди.

У киши халқимизнинг оғир ва машаққатли меҳнат эвазига катта миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, пахта, пилла, қоракўл тери етказиб бераётганини чуқур англар, қўлидан келганча ана шу заҳматкаш одамларнинг оғирини енгил қилишга интилар эди.

Халқимиз Шароф Рашидовнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг бугунги салоҳияти ва замонавий қиёфасини яратишда беқиёс хизматлари сингганини яхши билади ва юксак қадрлайди. 1966 йилги зилзила оқибатида вайрон бўлган турар-жойлар, маъмурий бинолар, корхоналарни тиклаш, бошпанасиз қолган ва яна узоқ ўлкалардан кўчиб келган одамларни уй-жой билан таъминлашнинг ўзи бўлмаган. Бугун пойтахтимиздаги метрополитен хизматидан фойдаланаётган, театрлару музейлар, санъат саройлари ё сайилгоҳларда бўлган ҳар бир инсон Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси олдида ҳурмат бажо этади.

Дарвоқе, Тошкент метрополитени қурилишига собиқ Марказ дастлаб қарши чиққан. Ҳали зилзилани, ҳали ерости сувларини баҳона қилиб, бу лойиҳани амалга оширишга йўл бермаган. Шароф Рашидов метро Тошкент ҳаёти учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, энг билимдон ва тажрибали мутахассислар иштирокида таҳлилий маълумотлар тайёрлатиб, пойтахтимизда метрополитен қуришга барча асос борлигини исботлаб берган эди.

Истиқлол йилларида Тошкент метросининг йўналишлари янада кенгайди. Бугун ҳам унинг янги йўналишлари бўйлаб қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан нафақат пойтахтимиз, балки бутун мамлакатимиз гўшалари обод бўлиб бормоқда. Янги Ўзбекистон ўз номига монанд бунёд этилмоқда. Йўқ жойдан Нурафшон сингари шаҳарлар бунёд этилди.

Ҳозир Ўзбекистон халқаро ­миқёсда очиқ ва эркин жамият сифатида намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган улкан ислоҳотлар – Ватанимизнинг ёрқин келажаги. Шу боис дунё аҳлининг эътибори Мирзиёевда. Энг муҳими, Ўзбекистон халқи ўз йўлбошчисига ишонади”, – дейди Оқил Умурзоқович Салимов.

Бунга мисол тариқасида уч йил олдин “Дунё” ахборот агентлиги шарҳловчиси Шуҳрат Умировнинг “Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам буюк фарзандлари шарафланган юртдир” номли суҳбат-мақоласида Оқил Умурзоқович Салимов томонидан айтилган пурмаъно фикрларни келтириш мумкин. Журналист қуйидагича савол беради:

— Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга боргани ва ушбу ташриф доирасида Бокуда Президент Илҳом Алиев билан учрашганини эслаш жоиздир. Давлат арбоби сифатида Сизнинг ушбу учрашув ҳақидаги шахсий фикрларингизни билишни истар эдик?

Устоз Оқил Умурзоқович Салимовнинг жавобларига эътибор қилинг:

“Сиз мазкур учрашувни ўз ўрнида эсга олдингиз. Ўшанда давлатимиз раҳбари Ҳайдар Алиев ҳақидаги ўз фикрларини ҳам баён этган эди. “Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидов билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўлганини, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Мен Ўзбекистон Президентининг бу ҳақдаги фикрларини айтдим. Ўз навбатида Озарбайжоннинг ҳозирги етакчиси Илҳом Алиев ҳам бу фикрни тасдиқлаган ҳолда ўзининг ўсмирлик чоғларидаёқ отаси ва Шароф Рашидов ўртасида яқин дўстона муносабатлар бўлганини яхши эслашини расман айтган. “Улар ака-укалардек дўст эдилар. Қайта қуриш йилларида муайян доиралар томонидан ўзбек халқига нисбатан уюштирилган адолатсизлик отамда жуда ёмон таассурот қолдирганини эслайман”, деган эди Президент Илҳом Алиев 2019 йили Бокуда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида.

Шу ўринда яна бир фикрни айтишни истар эдим. Ҳозир бутун инсоният мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон халқи ҳам, Озарбайжон халқи ҳам доимо келажакка ишонч билан қараган. Бундан кейин ҳам шундай бўлажак. Ўзбек халқининг ардоқли ва бетакрор санъаткори Шерали Жўраев ўзининг бир ашуласида куйлаганидек, “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир!” Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ўз халқларининг хоҳиш-иродаси билан сайланган давлат раҳбарлари раҳнамолигида нурли йўлда комил ишонч билан дадил ва адолатли қадамларни ташлаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Бу йўл — порлоқ келажак йўлидир”.

“Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев дунёнинг илғор мамлакатлари қаторидан жой олиш йўли — бу соҳада, илм-фанда, таълим тизимида ва бошқа соҳаларда кластер тизими жорий этилиши ҳисобланишини кўп бор таъкидлаб келяпти, — деган эди Оқил Салимов суҳбатларидан бирида. — Енгил саноат, нефть-газ, кимё, биотехнология, АКТ, автомобилсозлик, транспорт логистикаси ва туристик, озиқ-овқат, таълим, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик соҳаларида кластер тизимини яратиш илмий тадқиқот ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажмини кўпайтиради, сифатини яхшилайди, албатта”.

Тарих — бу сергаклик! Кўзгуга боқ, ўзингни кўр! Кўзгудаги доғлар эса тарих сабоғи. Ўз тарихидан улги олмаганлар эса миллат бўлолмайди. Демак, мураккаб эврилишлар силсиласида дунё саҳнида чинакам миллат иқтидори юзага келади.

Устоз Оқил Салимов “Янги Ўзбекистон давлати” китобида шундай таъкидлайди: “Давримиз шиддати тез. Ислоҳотлар тобора кенг мазмун кашф этмоқда. Янги Ўзбекистон туб ўзгаришлар жараёнида бутунлай янги қиёфага эга бўлмоқда. Унинг мамлакат ички ҳаётида иқтисодий-ижтимоий қудрати, жаҳон ҳамжамиятида эса умумпланетар масалаларни ҳал этиш салоҳияти ошиб бормоқда”.

Эътибор қилинг-а, қандай юксак, тийран фикрлар! Устознинг бугунги кунда она юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан бундай самимий фикрларини ҳар бир кексаю ёш ўқиб ўрганса, қалбига жойласа ва шу азиз Ватан учун хизмат қилишда улардан улги олса, арзийди!

Биз шогирдлар эса қачон, қаерда бўлмайлик, устози бузрукворнинг Янги Ўзбекистон ривожи учун қарийб саксон йилдирки, фидойи фаолиятлари олдида ҳамиша қарздор ва бурчлимиз. Эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг олий саодати деб билган Оқил домла-устозни чин юракдан табриклаб, энг эзгу ниятларимизни тилаб қоламиз. Насиб этса, юз ёшга тўлганларида ҳам ана шундай эзгу тилаклар айтиш насиб этаверсин! Зеро, илм-фан, маърифат, яхшилик ва эзгулик чироғини кўтарган бундай инсонлар борлиги учун ҳам бу ҳаёт янада файзли, нурлидир.

Карим НОРМАТОВ,

тарих фанлари

доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 9 =