Ватан ҳимоячиларига муносиб туҳфа

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Мис комплексини қўриқлаб келаётган ҳарбий хизматчиларга муносиб совға ҳозирланди.

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида ОКМК ҳомийлигида барпо этилган замонавий инфратузилмага эга янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу бинонинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шухрат Халмухамедов, ОКМК раҳбарияти, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги масъуллари, Ўзбекистон Қаҳрамони Сайдали Раҳмонов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар хизмат фаолиятини самарали олиб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг, Мудофаа вазири мазкур бинони қуриш ва таъмирлаш ишларида яқиндан кўмак берган ОКМК раҳбариятига миннатдорчилик билдириб, ҳарбий қисм шахсий таркиби учун янги хизмат автомобиллари калитларини топширди.

Янги ўқув биносида ҳарбий хизматчилар учун ҳамма шарт-шароитлар яратилгани қувонарли.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида 3-Мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши муносабати билан қўриқлаш хизматини кенгайтириш ва ҳарбий хизматчилар малакасини оширишга муносиб шароит яратиш мақсадида қурилган мазкур уч қаватли бино 120 ўринга мўлжалланган. Ундаги 50 га яқин хоналарда жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик синфлари, кутубхона, АТ хонаси ҳамда хизмат хоналари замон талаблари асосида ташкил этилиб, энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган.

Бинонинг ён қисмида 20 та махсус ҳарбий техникага мўлжалланган ёпиқ автотураргоҳ ҳам барпо этилди.

Эътиборлиси, мазкур бинонинг лойиҳа ва қурилиш ишлари комбинат таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилди.

ОКМК матбуот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + twenty =