Тўй-маъракадаги ортиқча удумлар
ёки қачон ортиқча сарф-харажатлардан тийиламиз?
Таниқли шоира Шарифа Салимованинг 2026 йил 14 январда “Hurriyat” газетасидаги “Тўй – намойиш эмас, балки ҳуқуқий-ахлоқий келишувдир” сарлавҳали мақоласини ўқиб, қуйидаги фикрларимни ёзяпман.
Қашқадарё халқи азалдан меҳмондўст. Борсангиз, ўтқизгани жой тополмайди. Ёшу қариси бирдек иззатингизни жойига қўяди.
Ҳар бир жойнинг ўзига яраша урф-одати бор. Аммо менга Чироқчи туманидаги Аччи қишлоғининг айрим анъанаси ёқмади.
Бугунги кунда ҳамма жойда тўйлар ихчамлаштирилаётган бир пайтда гувоҳи бўлганим Аччи қишлоғида ҳамон икки кун тўй бўларкан.
Биринчи куни йигит томондан ўн-ўн беш нафар аёллар, куёв ва жўралари қиз томонга боришди. Дастурхонга дарҳол шўрва ва ош тортилди. Ҳар бир аёлнинг олдига нон ва ширинлик қўйилди. Мато ва рўмоллар берилди. Тугунча қилиб борган аёллар тезда дастурхонга қўйилган нон ва ширинликларни тугиб олишди. Қолганлар ҳам берилган матога нонларни ўрашди. Дастурхонда деярли ҳеч вақо қолмади. Лол қолдим.
Куёв ва келин бир ой олдин ФҲДЁдан ўтганлиги учун домла уларга никоҳ ўқиди. Сўнг куёв, келин ва куёвнинг жўраси чимилдиқ тутилган уйга киришди. Кайвони онахонлар уларга ойна кўрсатишди, шам ёқиб, айлантиришди. Сўнгра куёвга молнинг тўшини (илик) олиб келишди. “Тўққиз товоқ” одати бошланди.
Дастурхонга тўққизта бўлмаса-да, 5 та ликопчада ширинликлар қўйишди. Бу маросим тугагач, куёв ва жўраси товоқ учун янгаларга пул беришди. Куёвжўра дастурхондаги ширинликларни ликопчаси билан қўшиб уйдан олиб чиқиб кетди. Ликопчаларни ҳам олиши шартмиди?
Ҳовлига қилинган жойга эркаклар ва аёллар яна ўтиришди. Дастурхонга гўшт тортилди. Гўштни еб бўлгач, товоққа ҳамма пул ташлади. Бу қандай одат бўлди?
Ўша куни куёвникида битта мол, иккита қўй сўйилди.
Эртаси куни тонг саҳарда тўртта қозон осилди. Эрталабдан кечгача қозонда пишган таомлар меҳмонларга тортилди. Аёллар товоқдаги ошдан бироз ейишиб, таомнинг устига нон қўйиб, тугунига ўрашди. Ҳар бир келган аёл биттадан товоқни олиб кетишди. Энди уй соҳиби яна янги товоқ сотиб оладими?
Хонадон соҳибасидан қизиқиб сўраганимда: “Ҳар доим тўйларимизда шу аҳвол. Нимаям қилардик, удумимиз-да”, деган жавобни олдим.
Кечқурун ёшларнинг базмига кекса онахонлар иккиталаб неварасини етаклаб келиб, стулга ўтириб олишибди. Узоқдан келган меҳмонларга жой тополмай хонадон соҳибаси хижолат. Аслида, ёш болачаларга кечки базмга нима бор?
Хонанда қўшиқ айтишни бошлагандан давранинг ўртаси болаларга тўлиб кетди. Ота-оналар фарзандларини назорат қилмай, ўзлари ҳам даврани ҳеч кимга бермай роса ўйнади. Столга қўйилган ноз-неъматлардан атрофда юрган болалар кўз узмайди. Даврага рақсга тушгани чиқишингиз билан болалар дастурхонни шип-шийдам қилиб кетишади. Ёки ўтириб олиб ейишади, ичимликларни ҳеч нарса кўрмагандай ютоқиб ичишади ёхуд ўғирлаб қочишади. Уялишмайди ҳам.
Мен ҳам қишлоқда улғайганман. Ёдимда, мактаб директоримиз Сағдилла Ибрагимов тўй бошланиши билан қўлига микрофонни олиб: “Қани, ўқувчилар уй-уйига, дарс тайёрлашга! Бирортангни тўйда кўрмай! Таклифнома беришганида тўйларда юрасан! Қани келинлар, болаларингни олиб уйларингга боринглар!” дея гапирганида, ҳаммамиз тумтарақай бўлиб жўнаб қолардик. Чақалоғини кўтариб ёки боласини етаклаб келиб, стулга ўтирган келинлар ҳам директоримизнинг бу гапидан сўнг уялишиб, дарҳол жойларидан туриб кетишарди.
Эртаси куни директоримиз шу тўйда бирорта ўқувчини таниб қолган бўлса, эрталаб саф тортганимизда (линейкада), албатта, ўша ўқувчини ҳамманинг олдига чиқариб изза қиларди. Синф раҳбарларимиз ҳам бизларнинг тўйларга боришимизга қаршилик қиларди. Ҳозир ҳам, қани, шунақа мард инсонлар борми? Тўйларимизнинг файзли ўтишига ким ҳисса қўшади? Оқсоқоллар қаерга қараяпти?
Қизиқ, одамлар йиллаб меҳнат қилиб топган пулини бир кунда совуриши шартми? Икки кунлаб тўй қилиш кимга керак? Аслида, шунақа ортиқча урф-одатларни ўзимиз чиқармаяпмизми? Нега чиқимни камайтириш ўрнига ўзимизни янада қийнаяпмиз? Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оқсоқоллар, қишлоқ кайвонилари нега жим? Бу ёзилмаган “урф-одатлар”ни деб қанча оила азият чекишини биласизми?
Қачонгача Чироқчида тўйларда товоқлар олиб кетилади? Бундай “урф-одатлар”ни ким назорат қилади?
Яна бир гап.
Яқинда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Ражабгарди қишлоғига бордик. Одамлари хушмуомала, меҳмондўст эканлигидан хурсанд бўлдик. Ҳаттоки уларда ҳанузгача қўшниникига меҳмон келса, ҳамсоялар бир товоқда овқат қилиб, чиқиб сийлаш, меҳмонни ўз уйларига таклиф қилиш одатлари бор экан.
Ҳамкасбим Зулфия опамнинг овсини Рокия опа ҳар куни эрталаб иккита иссиқ нон ва бир пиёла қаймоқ билан сийлади. Кечқурун ҳам ўзларига тайёрлаган таомлардан илиниб турди. Боғларида етиштирган узуму олмалардан дастурхонимизга қўйди.
Кунларнинг бирида Зулфия опам ва овсини Рокия опа яқинда вафот этган аёлнинг “қирқи”га боришди. Қайтганларида қўлларидаги тугунларни кўриб ҳайратландим. Чунки улар тўйдан қайтишмаганди, азадорларнинг хонадонига боришганди.
Зулфия опам дарҳол тугунларни очди. Бирида тўрт дона нон, устида бир ҳовуч ширинлик (конфет), иккинчи тугунда эса нон ёпишда ишлатиладиган рапида ва енгча бор эди. Бу буюмларни кўриб, тўғриси, ажабландим.
“Бизнинг қишлоқда маъракаларда шунақа буюм тарқатишади”, деб изоҳ берди ҳамкасбим.
Ўйланиб қолдим. Бугунги кунда битта маъракани ўтказиш учун ҳам фалон сумма кетади. Камига етимларнинг ризқини қийиб, ҳар бир борган инсонга тугунча бериб юбориш қайси мантиққа тўғри келади? Ким ўйлаб топган ўзи буюм тарқатишни? Тугунга кетган сарф-харажатни оиланинг каму кўстига сарфлашса бўлмайдими? Қани бу ерда бирор мантиқ?
Самарқанд вилояти Иштихон тумани Шайхлар қишлоғида ҳам бир пайтлар вафот этган инсонларнинг яқинлари маъракасида қадоқланган кўк чой, кир совун ёки атир совун, сочиқча, пиёла каби нарсаларни тарқатишарди. Одамларнинг айримлари тарқатилган бу нарсаларни уйларига олиб кетишмасдан, йўл чеккасидаги тутлар орасига қўйиб кетишганининг гувоҳи бўлганман. Хайриятки, бугунги кунда бундай нарсаларни тарқатиш йўқ бўлди. Марҳумни қабристонга олиб кетишдан олдин пачкалаб пул тарқатиш одати ҳам бор эди. Бу “одат” деярли йўқолди. Аммо Фарғонада ҳали ҳам маъракаларда буюм тарқатиш мавжуд экан.
Аслида, нега буюм тарқатилади? Бундай қилиш қаерда ёзилган? Аза уч кун эмасми? Нега одамлар ҳанузгача ўзларини қийнаб, “етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ” дея дастурхон ёзишяпти?
Айтилганлар ҳам уялмасдан азадорларникига бориб, дастурхонга шерик бўляпти? Нега домла-хатибларимиз шу ҳақда бонг уришмайди? Ёки айтишса ҳам одамларнинг ўзлари амал қилишмаяптими?
Азадор ўзи зўрға яқинини қабристонга қўйиб келган бўлса, яна шунча кетма-кет маъракаларни ўтказиши лозиммиди? Қачон бундай бемаъни одатлардан воз кечилади?!
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист.
