Матбуотдан узоқлашманг!
“Hurriyat”нинг шу йил 22 октябрь 41-сонида эълон қилинган таниқли журналист Шуҳрат Жабборовнинг “Мажбурий” обуна тарафдориман” номли мақоласини ўқиб, беихтиёр ёшлик пайтларим ёдимга тушди. Ота-онам мактабда ишлашган. Отам — ўқитувчи, онам эса кутубхона мудираси эди. 1960-1990 йиллар оралиғида деярли ҳар куни кечқурун почтачи уйимизга 15-20 та газета-журнал олиб келар эди. Улардан тахминан 80 фоизи мактабга тегишли, қолгани эса ўзимиз учун обуна бўлинган нашрлар эди.
Ўша йилларда ҳар бир хонадонда газета-журнал ўқиш одат бўлган. Маҳалламизда газета ўқимайдиган уй деярли бўлмаган. Ҳамма газета-журналларга обуна бўлар, фақат бизнинг уйга мактабники ҳам келгани учун, уларни эрталабгача укаларим билан тортишиб ўқиб чиқар эдик. Ота-онам умрларининг охиригача матбуот нашрларини ўқишган. Шу анъана бизга ҳам сингган — ҳозир 60 ёшдан ошган бўлсам-да, ҳануз газета-журнал ўқишни ўзим учун ҳаётий эҳтиёж деб биламан.
Бироқ сўнгги йилларда вазият анчагина ўзгариб кетди. Биз яшайдиган кичик шаҳарчада бугун уйига газета келадиган хонадон йўқ ҳисоб. Бир пайтлар мен почта орқали газета олиб турардим. Аммо ҳар ҳафта бориб олиш қийин бўлгани учун, кейинчалик обунани тўхтатиб, газеталарни дўконлардан сотиб ола бошладим. Газеталарнинг ўз вақтида етказиб берилмаслиги ҳақида таҳририятларга бир неча марта мурожаат қилдим, аммо муаммо барҳам топмади. Ахир шу куни чиққан газетани ўз вақтида ўқиш — катта завқ ва маънавий қониқиш беради.
Ҳозир эса “Gazetalar sharhi” телеграм канали орқалигина босма нашрларни кузатаман. Ахир газета-журналлар инсоннинг дунёқараши ва фикрлаш қобилиятини ривожлантирадиган муҳим воситадир. Тўғрисини айтсам, газеталарга обуна бўлмасдан ўқишга уяламан. Балки, газета ва журналларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил қилиш керакдир деб ўйлайман.
Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланиб, кўпчилик янгиликларни интернет орқали олишга ўрганиб қолди. Бироқ, менимча, бу ҳол вақтли матбуотнинг аҳамиятини камайтирмайди. Чунки интернет нашрлари барибир газета ва журналларнинг ўрнини боса олмайди. Босма нашрлар чинакамига дунёқарашни бойитади, фикрлаш маданиятини шакллантиради, таҳлилий ёндашувга ўргатади.
Шу маънода Шуҳрат Жабборовнинг куюниб ёзганларига тўлиқ қўшиламан. Муаллиф жамиятдаги энг муҳим муаммолардан бири — одамларнинг матбуотдан узоқлашиб кетганини холис таҳлил қила олган. Ўртага ташланган таклифлари эса жуда ўринли. Матбуотсиз эртангги кунни, Янги Ўзбекистоннинг тараққиётини тасаввур қилиш мумкин эмас!
Минг афсуски, ҳозирда оддий одамлар тугул, ҳатто аксарият ўзини зиёлиман деб ҳисоблайдиганлар ҳам матбуот нашрларига обуна бўлишни ортиқча “сарф-харажат” деб ҳисобламоқда. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашгандаёқ вақтли матбуотни ўқимаслиги, “дунёбехабар”лиги дарров билиниб қолади. Шу сабабли мен талабаларимга, ҳамкасбларимга ва таниш-билишларимга доимо газета-журналларга обуна бўлишни, китобхонликни тавсия қилиб келаман.
Айниқса, педагоглар учун ўз соҳасига оид нашрларни мунтазам ўқиб бориш жуда муҳим. Бу уларнинг касбий маҳоратини оширади, илмий-таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилади.
Менинг фикримча, ҳар бир соҳанинг ўз газета ва журналлари мавжуд бўлгани каби, уларга обуна бўлишни муайян даражада “мажбурий” этиб жорий қилиш керак. Бу орқали нафақат матбуот ривожланади, балки жамиятда ўқиш, саводлилик маданияти ва маънавий савия ҳам юксалади.
Негаки, газета-журнал — бу фақат ахборот манбаи эмас, балки маънавият, маданият ва миллий ўзликни асраш воситасидир.
Анаргул КАЛДИБЕКОВА,
I даражали Меҳнат фахрийси.
