Синмаган ҳақиқат
ёхуд уюштирилган айблов асосида озодликдан маҳрум этилган ИИБ ходимининг оқланиб, ишга тиклангани ҳақида
Ўша куни Мунира турмуш ўртоғи, подполковник Ҳусниддин Абдуллаевга бир неча маротаба қўнғироқ қилади. Жавоб бўлавермагач, алами келган Мунира “энди менинг ҳам жавобимни кутсинлар”, деган маънода уяли телефон аппаратини ўчириб қўяди.
Маҳкамада сўроқ қилинаётган Абдуллаевдан уйдагиларини хабардор қилиш мақсадида яқинларининг телефон рақамини сўрашганида, хаёлига фақат турмуш ўртоғи Муниранинг рақами келади, холос. Аммо афсуски, у билан боғланишнинг сира иложи бўлмайди…
Подполковник Ҳусниддин Абдуллаев 1979 йили Андижон вилояти Асака туманида туғилган. 2001 йили ИИВ Ёнғиндан сақлаш олий техник мактабини тамомлаган. Мазкур таълим муассасасида турли лавозимларда ишлаб, 2007 йили Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ҲООБ МТП профилактика инспектори вазифасида фаолиятини давом эттирган.
Ҳаёт йўли бир текис эмас экан. Ўшанда 2013 йил 11 сентябрь куни эди. Ҳусниддин Абдуллаевнинг ҳар доимгидек хизмат вазифасини бажариш жараёни. Ҳужжатларни туман ИИБга олиб кетаётган пайти ҳудудда юрадиган таниш йигитлардан бири шошиб келиб: “Ака, диск сотадиган дўкон очмоқчи эдим, маслаҳатингиз керак”, деб гапга тутади. Инспектор шошиб турган бўлса-да, бунинг учун керакли ҳужжатлар расмийлаштириш лозимлигини, турли хилдаги порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга дисклар сотуви мумкин эмаслигини тушунтириб, машинасига ўтиради. Йигит кўча бошидаги дўконгача унинг машинасида бирга чиқиб олишни илтимос қилади.
Манзилга етгач, тушиб кетаркан, инспекторга совға бериб юборишганини айтиб, қўлидаги селофан пакетга ўралган пулларни тутқазади. “Бу нима қилганинг? Ол буни!” деб пакетни йигитга қарата ирғитади. Йигит “Бу сизга”, деб турган маҳал саккиз нафардан зиёд хизмат ходимлари машинани ўраб олишади ва Абдуллаевнинг қўлини орқага қайириб, Тошкент шаҳар прокуратурасига олиб кетишади…
Мунира ишидан ҳаяллаётган турмуш ўртоғидан аввалига хавотир олмайди, чунки хизмат вазифаси ўлароқ, бундай ҳолатлар бўлиб турарди. Шу боис ҳам уяли телефон аппаратини ёқиш, ундан хабар кутиш хаёлига ҳам келмайди. Кейинчалик вазиятни билганда эса ўзини ўзи ич-ичидан койиди.
— Отамнинг кўзида ёшни ўшанда кўрганман, — деб эслайди Ҳ.Абдуллаев. — “Отажон, меҳрибоним, йиғламанг, менинг айбим йўқ… Бир куни адолат қарор топади, аммо бунинг учун вақт керак. Илтимос, менга ишонинг!” деёлганман, холос. Отам кўзларидаги ёшни рўмолчаси билан артаркан: “Оилангдан, фарзандларингдан хавотир олма. Соғлиғингга қара”, деди-да, чиқиб кетди.
Ҳусниддин Абдуллаевнинг оилада акаси, укаси ва биргина синглиси бор эди. Ака-укалари ҳам офицерлар, синглисининг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа ходими. Унинг бошига келган қора булутлар ака-укаларининг эмас, негадир куёвининг фаолиятига соя солгандек бўлади. Ариза ва кўрсатмаларга асосланган жиноят иши ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Жазо муддатининг маълум бир қисмини ўтаганидан сўнг, озодликка чиқарилади.
— Озодликка чиқиш — чинакам қувонч, чексиз бахт бўлса-да, аммо кўп йиллардан буён елкамни босиб турган оғир юкдан халос бўлиш дарди қийнарди. Негаки, барибир кўпчиликнинг назарида юзим қора бўлган, муносабатлар ҳам шунга яраша эди, — дейди Ҳусниддин Абдуллаев.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясида суд жараёни қайтадан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли тўлиқ оқланади.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. 2023 йилнинг ноябрь ойида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизматга тикланган Ҳусниддин Абдуллаев Чилонзор тумани бўйича ИИОФМБ 3-сонли ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика катта инспектори лавозимида иш фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
— Хизмат формамни яна киярканман, рости, кўнглим алланечук бўлиб, йиғлаб олганимни ҳам яширмайман, — деди лавҳамиз қаҳрамони. — Янги Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишига ишонардим. Худога шукр, оилам, яқинларим, касбдошларим, маҳалла-кўй олдида юзим ёруғ бўлди.
Подполковник Ҳусниддин Абдуллаев бугунги кунда Чилонзор тумани ИИОФМБ 2-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Унга иш жойига яқин бўлган ҳудуддан барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйи берилган. Турмуш ўртоғи Мунира шу ҳудуддаги 179-сонли мактабда инглиз тилидан дарс бериб келмоқда. Улар Гулҳаё, Азизбек, Лазизбек исмли фарзандларини Ватан хизматига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашмоқда.
Дарҳақиқат, айрим инсонлар ҳақиқатни яширишга, унинг йўлини буришга уринади. Баъзан у чалкашликлар ичида кўздан йўқолгандек бўлади. Лекин ҳақиқатнинг умри узун. У бир пайтлар эгилиши мумкин, аммо ҳеч қачон синмайди, вақт ўтгач, барибир ўз овозини топиб, юзага чиқади. Худди лавҳамиз қаҳрамони, подполковник Ҳусниддин Абдуллаев қисмати каби. Унинг қадамлари шубҳалар сояси остида босилган бўлса-да, қалбидаги ҳақиқат уни йиқитмади. Вақт ўтди, синовлар ўтди, аммо барибир ҳақиқат ўз йўлини топди, ўз сўзини айтди ва қаҳрамонимиз тақдирида адолат нурини кўрсатди…
Сўзимиз сўнгида яна шуни айтиш ўринлики, бундай адолат тантаналари Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин рўёбга чиқди. Бу мамлакатимизда очиқлик ва шаффофлик сиёсатининг натижасидан албатта.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ИИВ Бирлашган таҳририяти
мухбири.
