Адабиётшунослигимиз баҳодири

“Исмлар кўкдан энади”, дейдилар. Ҳақиқатан, одамнинг исми ва қисмати, одатда, уйғун келади. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг келбати ҳам паҳлавонларга хос. Ўзининг сўзларига кўра, бобосини Карим дав деб аташган экан. Жисмонан қорувли экани насабдан ўтган бўлса керак. Баҳодир зиёли оилада туғилган: отаси Нурмат Каримов мактабда физика-математикадан дарс берса-да, шеъриятга муҳаббати баланд бўлгани, дарс жараёнида ўқувчиларнинг толиққан тафаккурига дам бериш учун шеърлар ўқиб бергани, онаси Зиёда биби ҳамшира сифатида эл дардига малҳам қўйгани ҳақида ёзади.

Демак, ота-боболари жисмонан бақувват, табиийки, маънан ҳалол-пок, виждонли ва зиёли инсонлар бўлган. Баҳодиржон болалигиданоқ китобга ошно тутинган, туман газетасида чиқишлар қилиб турган. Унинг қалбида адабиётга муҳаббат уйғониши ва илм йўлини танлашида ана шу оилавий ва мактаб муҳитининг ўрни катта бўлгани аён.

Дўстнинг эскиси яхши

Ушбу нақл ҳаёт синовлари асосида айтилган ва айни ҳақиқатни ифодалайди. Баҳодирни талабалик кезларидан яхши биламан. Биринчи танишувданоқ у менда оқкўнгил ва самимий, илмсевар сифатида таассурот қолдирган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетида бир курс фарқи билан таҳсил олганмиз. Табиийки, талабалик давримиз бирга ўтган. У университетнинг фаол талабаларидан эди. Ўқишни битиргач, мен Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўл­ёзмалар институти аспирантурасига қабул қилиндим. Бир йилдан кейин битирган Баҳодир “Ҳозирги ўзбек адабиёти” кафедраси аспиранти бўлди. Биз тез-тез кўришиб, фикрлашиб турардик.

1999 йили устоз Бегали Қосимов ва ўша кездаги декан, профессор Қозоқбой Йўлдошев таклифига кўра, Миллий университетнинг ўзим ўқиган факультетига ишга келдим. Баҳодиржон билан бир даргоҳда фаолият олиб бордик. Ўша йили уни “Ўзбек адабиётшунослиги ва адабий алоқалар” кафедрасига мудир этиб тайинлашди. Ўзидан олдинги кафедра мудири, профессор Лазиз Қаюмов домланинг ҳурматини нечоғлиқ ўрнига қўйганини бутун университет аҳли ҳозиргача яхши сўзлар билан хотирлайди. 2003-2006 йиллари факультет декани сифатида ўзининг бошқарув салоҳияти юқори эканини кўрсатди. Фан доктори илмий даражасини берувчи кенгашни бошқарди. Мен 2004 йили докторлик диссертациямни ана шу кенгашда ҳимоя қилганман. Баҳодиржон раҳбарлик ва одамийликни уйғун олиб борди.

Табиийки, ноҳақлик ва кўзбўямачиликка тоқат қила олмас, бу каби иллатларга дуч келганда, характерини кўрсатар эди. Уч йил обрў-эътибор билан ишлагандан кейин деканликни менга топширган. Буни ҳаёт дейдилар: баъзан бир-биримизни тўғри тушунмаган ёки муайян вақтларда кимларнингдир таъсирида баҳслашган, айтишган бўлишимиз мумкин. Бироқ иккаламиз ҳам Ҳақ ва ҳақиқат, илм ва маърифат йўлидан оғишмадик.

Жадидшунос аъмоли

“Ҳиммати ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдир” – Абдурауф Фитратга тегишли чақмоқдай ўткир бу фикр Туркистон жадидларининг ҳаётий аъмоли эди. Менимча, жадидшунослик билан шуғулланган одамда ҳам ана шу икки фазилат бўлиши шарт ва зарур. Унинг ҳиммати – ўзини шу соҳага тўлиқ бағишлай олиши бўлса, саботи – бу йўлдаги ҳар қандай қийинчиликни ҳузур деб қабул қилишидир. Мен Баҳодир Каримнинг жадидшуносликка оид тадқиқотларида ана шу хусусиятлар жамулжам эканини кўраман. У илмга жадидшунос сифатида кириб келди ва ушбу соҳа унинг илмий фаолиятида энг асосий ўринни эгаллайди. Номзодлик диссертациясини жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд илмий-адабий мероси бўйича ҳимоя қилгач, бутун салоҳиятини ана шу соҳага сафарбар этди. Олимнинг илк тадқиқотлариёқ факт ва маълумотларнинг бирламчи манбалардан олингани, таҳлилий қуввати баланд экани, ифода услубининг тиниқ ва равонлиги билан алоҳида ажралиб турарди. У Вадуд Маҳмуд адабий-танқидий меросини биринчи бўлиб илмий муомалага олиб кирди. Унинг навоийшунос, фитратшунос, фаҳмида мезони, кўнглида инсофи бор мунаққид эканини янгидан-янги маълумотлар, чуқур таҳлилий фикрлар орқали далиллади. Вадуд Маҳмуднинг ўтган аср 20-йилларида “Илмий-адабий вазифалар қаршисида”, “Алишер Навоий”, “Навоий учун”, “Навоийгача турк адабиёти” каби мақолаларида буюк мутафаккирни туркий тил ва адабиётнинг отаси сифатида таништирганини аниқлади. “Алишер Навоий” мақоласида улуғ шоир яшаган муҳит, таржимаи ҳоли ва тарбияси, мутасаввифлиги, илмий-адабий шахсияти борасида муҳим фикрлар билдирилгани ҳақида ёзди.

Жадид мунаққидининг фитратшунослиги, умуман, замондош шоиру адиблар ижодига муносабатини ҳам чуқур ўрганди. Баҳодир Каримнинг аниқлашича, Вадуд Маҳмуд тадқиқотларида “…шахсий манфаатларга ён бериш кайфияти сезилмайди. Асарнинг мақтовга лойиқ тарафлари улуғланади, камчиликларидан кўз юмилмайди”. Айни шу хусусият Баҳодир Карим тадқиқотларига ҳам хос эканини таъкидлаш керак.

У жадид матбуотининг сарғайган саҳифаларини муттасил мутолаа қилди, улардаги фикр ва маъно жавоҳирларини жорий имлога ўтказиб, оммалаштиришда сабот ва зако намунасини кўрсатди. У бирламчи манбалар асосида Вадуд Маҳмуд “Танланган асарлар”ини, “Чўлпон ва танқид” тўпламини нашр эттирди. Жадид адабиётининг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исмоилбек Гаспрали, Абдулҳамид Чўлпон, Абдуқодир Шакурий, Абдулла Авлоний, Назир Тўрақул ва Сидқий Хондайлиқий каби намояндалари ҳақида янги илмий қарашларни билдирди. Унинг бирор мақоласи ёки китоби йўқки, адабиётшуносликка янги факт ва маълумотлар олиб кирилмаган ёки чуқур таҳлилий фикрлар айтилмаган бўлсин.

Олимнинг 2025 йили “Ўзбекистон” нашриётида босилган “Беҳбудий ва бошқалар” китоби ҳам жадидшунослик ривожида алоҳида ўрин тутади. Туркистон жадидчилик ҳаракати карвонбошисининг (Бегали Қосимов таъбири – Н.Ж.) миллат ва дин аҳлининг бошчиси уламо экани, илмсизлик, қолоқлик, бепарволик, дангасалик, фикрсизлик, лоқайдлик каби иллатлар таназзулга олиб келиши, миллат ихтилофидан дилхун ва маъюс бўлиши миллий матбуот нашрлари, хусусан, ўзи таъсис этган “Ойна” журнали материаллари асосида таҳлил этилади. Беҳбудийнинг ёш авлод истиқболи, тарихга муносабат масалаларидаги қарашларига илмий ва ижодий тафаккур уйғунлигида муносабат билдирилади. Баҳодир Карим учун илм шунчаки қоғоз қоралаш эмас. Яқин ўтмишимиз – жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиётини ўрганишдан унинг асл мақсади – Ватан ва Миллатнинг бугуни ва келажагига хизмат қиладиган ўтли-чўғли фикрларни миллат ёшлари онги ва қалбига жойламоқдир. Қуйидаги фикрлар ана шу мақсадда ёзилганига шубҳа йўқ: “Беҳбудийнинг олам ҳодисаларига муносабати замирида ўрнак бор.  Унинг дўст билан душманни ажрата билиш тамизи ораста. Ўз қарашларининг исботи учун келтирилган далиллари кучли. Беҳбудийнинг мезони – тарозиси тошларининг ичи ковак эмас. Шунинг учун ҳам унинг мақолалари таркибида ўнлаб Шарқ алломаларининг исмлари, асарларининг номлари келади. Айни чоғда ­дунёга таниқли Арасту, Афлотун, Суқрот сингари файласуфлар эсга олинади… Беҳбудий ҳазратнинг дунё тамаддуни, дунё олимлари ва дунёга машҳур китоблар билан тиллашувида, огоҳлигида, ҳайқириғида жуда катта дард, жуда катта орзу ва маъно бор. Бугун таржимаиҳолшунослик машмашаларидан бироз баландлаб, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазрат ёзганларини синчиклаб, сўзма-сўз, сатрма-сатр ўқиш, уқиш ва у зоти шарифнинг қалбини буткул англаш замони келди”. Олимнинг бу каби ҳароратли сўзлари илм аҳлининг асосий вазифаларидан бўлган фикр тарбиясига хизмат қилиши жиҳатидан аҳамиятлидир.

Қодирийшуносликнинг янги босқичи

Баҳодир Карим – бугунги қодирийшунослигимиз байроқдори. “ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси (қодирийшунослик мисолида)” мавзусидаги докторлик диссертацияси герменевтик методнинг назарий асослари ҳамда қодирийшуносликнинг мамлакатимиз ва хориждаги тадрижий такомили теран тадқиқ қилингани билан алоҳида аҳамиятга эга. “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин”, “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур”, “Қодирий насри – нафосат қасри”, “Абдулла Қодирий феномени”, “Абдулла Қодирий” (Рисола. “Жадидлар” туркумида) каби китобларида буюк адиб насри ва бадиий публицистикасининг янги қирралари ҳақида оҳорли илмий-назарий қарашлар билдирилган.

У Абдулла Қодирий асарлари ва қодирийшунослик қонуниятларини ишончли манбалар асосида таҳлил этди. “Ўткан кунлар” романининг дастлабки нашрларини сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф қиёслаб чиқди. Баҳодир Карим ўзи кўрмаган факт ва маълумотга ишонмайди, албатта текшириб кўради, муқояса этади, таҳлил қилади, шундан кейингина хулоса чиқаради – унинг ютуқлари сабаби ҳам шунда. Ушбу фазилати боис ўзигача қодирийшунослар ёзган кўплаб рисола ва монографияларда такрорланиб келган биринчи марта “Ўткан кунлар”дан олинган парчалар “Инқилоб” журналининг 1922 йилги сонларида босилгани ҳақидаги фикр асоссиз эканини далиллади. Илм аҳли орасида юрган, лекин илмнинг ичида яшамаган кўпчилик учун хос бир лоқайдлик бор: бирор китобдаги факт ёки маълумотни индамай олиб, такрорлайверади. Юқоридаги ғалати машҳур факт ҳам ана шу тарзда китоблардан китобларга ўтиб келган. Баҳодир Каримнинг аниқлашича, роман аввалидаги олти фасл мазкур журналнинг 1922 йилги сонларида эмас, 1923 йил 9-10 қўшма сони 19-51-бетларида, яна олти фасли бир йиллик танаффусдан сўнг 1924 йил 11-12-сонларида чоп этилган. “Чақимчилик” фасли Чўлпон тартиб берган “Адабиёт парчалари” тўпламининг 15-21-саҳифаларида босилган.

Баҳодир Карим синчков матншунос сифатида романнинг журналда босилган варианти ҳамда 1925-26 ва 1933 йилги нашрларини қиёслаб ўрганади. Журналда тилга олинган Отабекнинг бобоси Мусобек исми бугунги нашрларда учрамаслигини, бу номда адиб эстетик идеали мужассам экани, қаҳрамонларини пайғамбарлар номи билан аташи уларга салобат бағишлаши, тоза инсонлар тоифасига мансублигига ишора этиши таъкидланади. Мавжуд матнларда фактик ва мантиқий хатолар (“Узук билакка тақиладими?” “Тошкандми ёки Тошкент?”, “Сўзлар ўрин алмашганда”, “Юмшаган кескинлик” сарлавҳали қисмлар), ёзувчи бадиий нияти нотўғри ифодаланиши каби жиҳатларга холис илмий муносабат билдирилади. Баҳодир Карим “Ўткан кунлар” матни хатолардан холи, адиб вариантига яқин ва мукаммал ҳолда чоп этилишини истайди. Модомики, қўлхат нусхаси йўқ экан, асарнинг дастлабки уч нашри – “Инқилоб” журналидаги, 1925-26 ва 1933 йилги босмалари асосидаги уйғун матнини ҳозирлаш зарурати ҳақида ёзади. Бу борадаги таҳлиллар катта меҳнат ва заҳмат, теран идрок ва зако эвазига юзага келгани аниқ.

Олим қодирийшуносликка тутилмаган факт ва далилларни, чуқур таҳлилий қарашларни ва ўзига хос талқинларни олиб кирди, бу йўналиш ривожига янги руҳ бағишлади. Ўтган аср аввалидаги адабиётшунослик мисолида бадиий ижодга вульгар социологик усулдаги ёндашув бадииятнинг ноёб дурдонаси бўлган “Ўткан кунлар” мисолида эътирофдан эътирозга, мафкуравий хатолар излашдан сиёсий айбловга, ундан улуғ шоиру адибларни қатағон гирдобига ташлашдек ҳақсизлик ва зулмга олиб келгани таҳлилий асосда исботланади. Устоз ва замондош адабиётшунослар қарашлари метод ва методология, хусусан, герменевтик талқин хусусиятлари асосида назарий баҳоланади. Баҳодир Карим қодирийшуносликни сатрма-сатр, саҳифама-саҳифа ўрганиб, илмнинг сўнгги ютуқлари асосида баҳолади. Татар Зариф Баширдан қозоқ адиби Мухтор Авезовгача, америкалик Эдвард Олворт, унинг шогирди Эден Наби ва Христофор Майкл Мурфидан “Ўткан кунлар”нинг олмонча нашрига сўнгсўз ёзган Ниота Тун, икки саҳифалик мақола муаллифи Рудольф Радлер ҳамда ўзбек адабиётшуносларига яхши таниш профессор Ингеборг Балдауф ва Зигрид Клайнмихелгача бўлган олимлару ижодкорларнинг биринчи миллий романимизга муносабат билдирилган монография, диссертация ва мақолаларини профессионал таҳлил этди, зарур умумлашмалар чиқарди. Ўзбек ва жаҳон насрида Қодирий феноменининг тутган ўрнини белгилаб берди.

Замонавий адабий жараён таҳлили

Ҳар бир адабиётшунос олим ўзи яшаётган давр адабиётини теран тадқиқ қилиши, адабий жараёнга муносабат билдириши, унинг асосий тенденция ва қонуниятларини баҳолаб бориши шарт ва зарур. Баҳодир Каримнинг “Руҳият алифбоси”, “Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си” каби китоблари, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадир” китобига ёзган сўзбошиси ва ўнлаб таҳлилий мақолалари ана шу масалаларга бағишлангани жиҳатидан эътиборга лойиқдир.

“Руҳият алифбоси” китоби беш фаслдан таркиб топган: наср, назм, метод, танқид ва устоз адабиётшунослар ҳақидаги мақолалар. Китоб мустақилликнинг дастлабки ўн йилида ёзилган қиссалар тадқиқи билан бошланган. Олим мазкур давр қиссалари сон-саноқ ва ҳажм эътиборидан салмоқли эканини таъкидлаши баробарида, бадиий кашфиёт даражасидагилари кўп эмаслигига таассуф билдиради. Мақола қиссачиликнинг оддий обзори эмас, унга хос адабий-эстетик қонуниятлар аниқлангани, миллий қиссаларимиз янги кўзқараш асосида тадқиқ қилингани билан аҳамиятлидир. Муаллиф қиссаларни аниқ тасниф асосида ўрганади: 1) модернизм намуналари сифатида тақдим этилган (бу борада олимнинг шахсий нуқтаи назари бор); 2) диний-фалсафий, диний-тасаввуфий, диний-мифологик унсурлар иштирок этган ҳамда 3) анъанавий қиссалар. Модернизм намуналари сифатида тақдим этилган Назар Эшонқулнинг “Қора китоб”, “Тун панжаралари”, Шодиқул Ҳамронинг “Қора кун” ва Улуғбек Ҳамдамнинг “Ёлғизлик” асарлари таҳлили олимнинг назари тийрак ва тафаккури теран эканини, бадиий наср қонуниятларини ич-ичидан билишини кўрсатади.

Насрдаги шаклий изланишлар ва уларнинг формалист олимлар томонидан баҳоланиши,  миллий насримиздаги янги тажрибалар, хусусан, ҳаёт ва ўлим ҳодисасининг рамзий тасвири дунё адиблари асарлари билан қиёсий таҳлил этилгани (Хуршид Дўстмуҳаммад ва Дино Буцатти), Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси ва олмон адиби Ҳенрих Бёллнинг “Менинг ғамгин юзим” ҳикоясининг Қудрат Дўстмуҳаммад таржимасига доир илмий қарашлар, мазкур уч ҳикоя координаталар текислигидаги асарлар сифатида баҳоланиши Баҳодир Каримнинг муттасил изланаётган ва илмий тажрибалар қозонида қайнаётган адабиётшунослардан экани исботидир. Хайриддин Султоннинг “Кўнгил озодадур…” қиссасини олим насрдаги назокат намунаси сифатида талқин этади. Ёзувчининг Ғулом образи мисолидаги топилмаси, яъни унинг кўҳна адабиёт билан шуғулланадиган киши, бутун ўй-хаёли, вужуди билан “Зарбулмасал”га сингиб кетгани билан боғлиқ тасвирлар моҳияти очиқланади. Адаш Карвон қиссасини ҳам ёзувчи ижод лабораториясига кириб таҳлил этади. Ижодкор насрида такрор ва жуфт сўзларнинг санъат даражасидаги ифодасидан товушлар  уйғунлигини таъминлагани ҳамда адабий тилга хос бўлмаган тил қатламлари персонажлар нутқини хусусийлаштиришда, қаҳрамоннинг индивидуал томонларини намоён этишда катта аҳамиятга эга эканига диққат қаратади. Адибнинг сўзни санъат даражасида қўллай олиш ва эпик тасвир яратиш маҳорати холис баҳоланади.

Фозил Зоҳид, Шавкат Раҳмон, Аъзам Ўктам, Қутлибека, Ахтамқули ва Гулжамол Асқарова шеърларига доир таҳлилий фикрлари Баҳодир Каримнинг назмни инжа ҳис этиб, теран таҳлил этадиган шеършунос эканидан дарак берса, метод ва адабий танқид ҳақидаги қарашлари назариётчи мунаққид сифатидаги салоҳиятини кўрсатиши билан қимматлидир. Матёқуб Қўшжонов, Шариф Юсупов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Норбой Худойберганов, Бегали Қосимов ҳамда Бахтиёр Назаров ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақидаги мақолалари ёш адабиётшунос ва мунаққидлар учун зарур хулосалар беришига кўра катта аҳамиятга эга.

У адабиётнинг назарий масалалари билан ҳам жиддий шуғулланиб келади. “Адабиётшунослик методологияси” қўлланмаси бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради. Қўлланмада социологик ва биографик методлардан психологик ва формал методгача, структурал ва лингвистик методлардан герменевтик методгача асосчиси киму қайси элдан эканигача, муайян методнинг генезисидан назарий қонуниятларигача, бадиий адабиёт ривожига таъсиридан тадрижий такомилигача бўлган масалалар пухта ўрганилган. Жаҳон ва ўзбек адабиётшунослигидан мисоллар келтирилиб, таҳлил этилган.

Антология тузиш осонгина иш эмас. Бунинг устига, бу ишни бажарган одам чеккан заҳматлари эвазига, одатда, раҳмат ўрнига таъна эшитади, эътироф ўрнига эътирозларни тинглашига тўғри келади. Қайсидир ижодкор антологияга кирмай қолган бўлса борми, тузувчи нақ балога қолади. Олим ўтмиш ва замонавий адабиёт антологияларини тузиш борасида ҳам самарали иш олиб борди. Унинг ғояси ва ташкилотчилигида тузилган “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”, “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси”, “ХХ аср ўзбек мумтоз адабиётшунослиги антологияси” ва “ХХ аср адабий танқиди антологияси” бугунги кунда илм ва ижод аҳлининг иш столи устида туриши, мунтазам мутолаа этилиши зарур бўлган китоблардир.

Устозлик мақоми

Олимнинг олимлиги фақат илмий-назарий тадқиқотларию чиқарган китоблари ва мақолалари билангина белгиланмайди. Ҳақиқий олимлар ёш авлод қалбини маърифат ёғдуси билан мунаввар этиш ва илмдаги йўлини давом эттирадиган муносиб издошлар – шогирдлар етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Профессор Баҳодир Карим олим бўлиши баробарида университет муаллими ҳамдир. Унинг дарсларини талабалар катта қизиқиш билан тинглайди. Нотиқлик маҳорати, сўзни таъкидлаб, урғулаб қўллаши маърузаларига ўзгача руҳ бағишлайди. Таълим қачон ривожланади? Қачонки илмдаги энг сўнгги ютуқлар дарс жараёнига олиб кирилса. Баҳодир Карим илм қозонида қайнаётган олим сифатида адабий жараённинг томир уришини яхши ҳис қилади. Унинг ривожланиш тенденцияларини холис баҳолайди. Қайси йўналишда камчиликлар кузатилса, унга тўғри ташхис қўйиб, такомилга етказиш йўриқларини бера олади. Шунинг учун иқтидорли талаба ёшлар унга шогирд тушишни истайди. Бугунги кунда олим ўнлаб фан докторлари, фан номзодлари ва филология фанлари бўйича фалсафа докторлари етиштирган ҳурматга сазовор устоздир. Республиканинг қайси ҳудудига бормасин, шогирдлари атрофида парвона. Унинг издошлари оилада ҳам борлиги, айниқса, қувонарли: икки қизи адабиётшунослик соҳасида филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Олим жамият ҳаётида ҳам фаол иштирок этади. “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида республикамизнинг турли ҳудудларига – “халқ ичига қучоқ очиб боради” (Чўлпон таъбири – Н.Ж.). Ёзувчилар уюшмаси Адабий танқид кенгашида бирга фаолият юритамиз. Матбуот ва телевидение орқали ҳам муттасил маърифат тарқатади. Баҳодир Каримнинг фан ва таълим ривожига қўшган ҳиссаси муносиб тақдирланган. “Халқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” каби эътирофлар бунинг далилидир. Туркия, Япония, Германия, Хитой, Украина, Туркманистон ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуман ҳамда тадбирлардаги иштироки ҳамда  “Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллигига” медали совриндори экани унинг халқаро миқёсда ҳам ҳурматга сазовор олимлардан эканини тасдиқлайди.

Унинг серқирра фаолиятини бир мақола доирасида тўлақонли ёритиш имконсиз. Илм одами учун айни камолот палласи ҳисобланган олтмиш ёшни қаршилаётган дўстим, катта олим Баҳодир Каримга – адабиётшунослигимиз баҳодирига узоқ ва баракали умр, янгидан-янги илмий зафарлар тилайман.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори,

 профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + twelve =