Соғиниб…

Сўз кетса Андижондан суҳбат ичинда Бобур,

Соғинч турди умрининг эрта-кечинда Бобур.

Довотга тушди оташ қучоқлаб шеъру ғазал,

Юрт париваш чеҳра-ю, ошиқ жунунда Бобур.

Панди бўлди бу жоннинг “бори элға яхшилик”,

Ёмонлик дайри бисёр йўқдир ҳеч, унда Бобур.

Воқеотлар жамланиб, “Бобурнома” бўлдилар,

Тавсифларда холислик, рост очқич унда Бобур.

Муҳаббат топ, юртни сев, Замира, ибрат олгил,

Ишқсизни дўст тутмади азал очунда Бобур.

 

Замира РЎЗИЕВА,

Халқаро Бобур мукофоти

соҳибаси.

 

Шоир ДАРДИ

 

Бошлаб келди бу ёқларга оёқларим,

Қайтиб она тупроғимга кетолмадим.

Фарғонада қолмиш дўсту ўртоқларим,

Қайтиб улар висолига етолмадим,

Амударё, сувларингдан ўтолмадим…

 

Қорлар эрир, бу дарёлар оқар тошиб,

Кетгим келар она юртга тоғлар ошиб,

Лекин душман йўлим тўсгай доим шошиб,

Она диёр, висолингга етолмайман,

Амударё, сувларингдан ўтолмайман…

 

Душманларнинг қўли узун замон бўлди,

Она юртим ёв қўлида тамом бўлди,

Ташлаб чиқдим — бу ишим кўп ёмон бўлди,

Қайтиб энди у ёқларга етолмайман,

Амударё, сувларингдан ўтолмайман.

 

Вафо қилмай жафо қилди дўсту ёрим,

Ҳинд-афғонга бошлаб келди номус, орим,

Қайтмоқ учун гарчи кўпдир ихтиёрим,

Лекин ортга қайтолмайман, кетолмайман,

Амударё, сувларингдан ўтолмайман…

Абдулҳай СОБИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 16 =