Англадим, умрни тафаккур безар
Муаллиф ҳақида:
Зарина ОЛИМОВА 1984 йил Бухоро вилояти Пешку туманида туғилган.
1991-2002 йилларда Бухоро шаҳридаги 24-кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатида ўқиган. Шундан сўнг Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультети бакалавр босқичини тугатгач, Навоий давлат педагогика институтининг магистратурасида таҳсил олган. Ўттиздан ортиқ илмий ва публицистик мақолалар муаллифи. Уларнинг айримлари Озарбайжон, Миср, Таиланд, Индонезия матбуотида эълон қилинган.
Муаллифнинг “Тафаккур жилолари”, “Туйғулар соҳили” деб номланган китоблари чоп этилган. Шунингдек, АҚШнинг Амазон нашриётида “The Property of the Soul” номли китоби нашрдан чиққан. Айни пайтда Бухоро шаҳридаги 45-сонли умумий ўрта таълим мактабида адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди.
НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ
Болаликдан шоҳ асарлар ёд этмоқни,
Валий зотлар пок руҳларин шод этмоқни,
Ҳур ёшликдан дилбар ғазаллар битмоқни
Зукко ўсмир нидосидан ўрганайлик,
Бу ибратни фарзандларга ўргатайлик!
Бир байт ила устодларни лол этмоқни,
Ҳақ сўз ила нокас қаддин дол этмоқни,
Рақибга ҳам забонимиз бол этмоқни,
Ул донишманд даҳосидан ўрганайлик,
Бу ҳикматни авлодларга ўргатайлик!
Илм аҳлин бошин доим силамоқни,
Ҳар кимсага яхшиликлар тиламоқни,
Мазлум халқнинг аҳволига йиғламоқни,
Одил вазир нидосидан ўрганайлик,
Бу хислатни авлодларга ўргатайлик!
Дилда иймон чинорини ундирмоқни,
Қайғу келса, жисму жонни кўндирмоқни,
Ҳақ ишқида пок вужудни ёндирмоқни,
Комил муршид фатвосидан ўрганайлик,
Бу ниятни авлодларга ўргатайлик!
Туркий тил ва туркийларни мадҳ этмоқни,
Тафаккур-ла фитналарни маҳв этмоқни,
Қалам бирла бу борлиқни фатҳ этмоқни,
Мутафаккир дунёсидан ўрганайлик,
Бу қисматни авлодларга ўргатайлик!
Бу улуғ зот турк назмида Али ҳам шер,
Одамийлик оламида валий ҳам эр,
Ушбу зотга сано айтар само ҳам ер,
Навоийнинг ноёб илмин ўрганайлик,
Бу ганж сеҳрин авлодларга ўргатайлик!
ШИОРИМ
Ақлим қораловчим, кўнглим оқловчим,
Виждон ва тафаккур йўлга бошловчим.
Хулоса ҳукмдир ҳаётим ичра,
Заковат машъали — бахтга чорловчим.
Туғилиш умримдан бошлади эртак,
Тириклик таъбири — яхшилик этмак,
Кечмишлар бағрида улғая бордим,
Гоҳ бахтдан суюниб, гоҳ бўлдим эрмак.
Хиёнат ханжари яралади гоҳ,
Орзулар нидоси аллалади гоҳ,
Ғамларга енгилмай курашмоқ учун,
Ижод-у илмдан изладим паноҳ.
Ҳақиқат билимда, англа, биродар,
Илмнинг калити дунёни очар.
Маърифат майлидан май ичмоқ фарздир,
Англадим, умрни тафаккур безар.
БРАЙЛДАН ҲИКМАТЛИ ИБРАТ
Кўзи ожизлар ёзуви асосчиси
Луи Брайлга
Туғилмоқ ҳикматдир, кўз юммоқ ибрат,
Азалдан тоабад этади давом.
Луи Брайлга берилган ҳикмат —
Икки юз йилдирки, дилни этар ром.
Мақсадли орзулар — бахтга ибтидо,
Донишманд дунёнинг хитобидир бу.
Олтита нуқтадан олий ихтиро,
Брайл умрининг китобидир бу.
Ҳар ёзув мағзини ёритган ҳарфи,
Тарихий шуурдан тенгсиз тилсимот.
Луи Брайлнинг яратган ҳарфи —
Олтита нуқтадан бўлди тақсимот.
Орзулар йўлида олға интилмоқ
Инсонга тангрининг иноятидир.
Кемтиклик бағрида бахтга интилмоқ
Ожизга қалб кўзин ҳидоятидир.
Ҳаёт синовларин сирли йўлида,
Омад ва бахтини синайди инсон.
Брайл ёзуви илм йўлида —
Кўзи ожизларга берилган имкон.
Курашдан иборат тақдир илкида
Тафаккур сабрни қилар имтиҳон.
Диний ва дунёвий илм мулкида —
Кўзи ожизни ҳам тан олди жаҳон.
УСТОЗЛАРИМГА
Азиз онажоним пок дуосидай
Самимий сўзингиз дилга жо этдим.
Қатъий мақсадларнинг чин дунёси деб,
Ардоқли орзуга ибтидо этдим.
Руҳий камолотнинг манзили сари —
Аҳд ила юрмоқни ўргандим сиздан.
Лафзида турмоқнинг нозик сирларин —
Ишонч-ла кўрмоқни ўргандим сиздан.
Дунёвий илм-ла дунёга боқиб,
Ақлу тафаккурда ҳикмат кўрмоқни.
Менга ўргатдингиз ўқиб ҳам уқиб,
Идрок гулшанига илдам кирмоқни.
Нозик табиатга ошно қалбингиз
Меҳридан руҳланиб, таъзим этаман.
Дилимга жо этиб олий қадрингиз,
Содда сатрларим тақдим этаман.
ШАРҚ АЁЛЛАРИ
Кўҳна Шарқ аёллари
Ибодан кийган либос.
Ҳаёни зийнат этиш —
Осиёликларга хос.
Қулоғида сирғаси
Итоатдан тақилган.
Вужудида меҳрдан
Ўчмас чироқ ёқилган.
Саховат уруғини
Қадаб олган дилига.
Садоқат узугини
Тақиб олган қўлига.
Разолат уруғини
Кўкартирмас кўнглида.
Умрини фидо этар
Чин муҳаббат йўлида.
Бардоши оқиб кетмас
Синовларнинг селида.
Ҳар бир аёл бир гулдир —
Ўз беклари қўлида.
АЛЛА
(Ўғлимга)
Сен кўзимнинг қароғисан,
Қўзичоғим, алла.
Умидимнинг чироғисан,
Овунчоғим, алла.
Орзуларим уруғидан
Унган гулимсан, алла.
Мақсадларим манзилига
Элтар йўлимсан, алла.
Келажакда бир мард ўғлон
Бўлиб ўсгин, алла.
Эзгуликка ташналарга
Қўлинг чўзгин, алла.
Оқ сутимни оқлайдиган
Фарзанд бўлгин, алла.
Ватан сендан рози бўлсин,
Чин мард бўлгин, алла.

