Туркистон юртида ажиб тонг отур

Барот ИСРОИЛ

Муаллиф ҳақида:

Барот ИСРОИЛ 1936 йили Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Тошсой қишлоғида таваллуд топган.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон Миллий педагогика университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини 1965 йилда тамомлаган.

Шоирнинг “Бойчечак”, “Най навоси”, “Настарин”, “Меҳригиёҳ”, беш жилддан иборат “Сайланма”си, “Онаизор”, “Асрийнома” сингари ўттизга яқин шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

“Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

ТУРКИСТОН ТУЙҒУЛАРИ

 

Туркистонни ўйласам — жўш уради туйғуларим.

Туркистонни ўйласам — тугамайди қайғуларим.

Туркистонни ўйласам — кўздан қочар уйқуларим,

Туркистонни ўйласам — кўп эзгу орзуларим!

 

Туркистон заминига меҳрин жойлаган туркийлар,

Ҳар битта гиёҳингни суйиб, авайлаган туркийлар,

То сўнгги денгизгача от чоптирган туркийлар.

Не жумбоқлар калитин топтирган туркийлар.

 

Уйқудаги Туркистон уйғонмоқда ниҳоят,

Бир қўлнинг беш бармоғидек жипслашмоқда шояд.

92-бов туркийлар бир ёқадан чиқариб бош,

Ака-ука, опа-сингил, эл-элат,

қавм-қариндош, қардош,

Ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркмандир,

Асрлар риштаси бирла битта жон, битта тандир.

 

* * *

Амир Темур отининг дупури келаётир,

Қорабайир тулпори кўпириб келаётир.

Яхши ният — ярим дунё, ярим ҳамият,

Зеро ушалгуси шундайин эзгу ният…

Орзунинг ҳеч айби йўқдир,

Эзгу иш ушалур, кўнгил тўқдир.

 

Туркистонни ўйласам — жўш уради туйғуларим,

Туркистонни ўйласам — тугамайди қайғуларим…

 

ТУРКИСТОНДА ТОНГ ОТУР

 

Йигирманчи асрнинг биринчи чораги,

Туркистон бошига ёғилди хусумат:

Беш қавмга бўлинди Туркистон юраги,

Шуни раво кўрмиш шўро — ҳукумат.

 

Элларни юз кўрмас қилиб қўйдилар,

Ёзув-хат ўзгарди, тил дудуқланди.

Саводи борларни тиғсиз сўйдилар,

Ватаним деганлар қонга беланди.

 

Ўзбек, қозоқ, туркман, тожику қирғиз,

Гўёки ўзга юрт одами бўлди.

У кун ортда қолди, хайрият, ҳаргиз,

Бугун оға-ини топишиб олди.

 

Ўзлигин англади халқ миллат бўлиб,

Қадимги биродарлар бағрини очди.

Қаддини ростлади, кимлигин билиб,

Орани бузганлар инига қочди.

 

Туркистон жипслашиб, берди қўлга-қўл,

Беш бармоқ мушт бўлиб бирлашгани рост.

Энди топилмагай орқа томон йўл,

Ҳеч ким бу дўстликка қилолмагай қасд!

 

Ватан салобатин кўз-кўз қилишиб,

Туркий фуқаролар жам бўлиб дуркун,

Аҳил, тотувликда аҳил бўлишиб,

Бир-бирин тушунар бетилмоч, эркин.

 

Жадидлар қабрида тинчгина ётур,

Туркий қабилалар аҳил яшагай.

Туркистон юртида ажиб тонг отур,

Бу қадимий ўлка яна яшнагай.

 

Беш бармоқ жуфтлашиб муштга айлангай,

Бармоқлар ажралмас, Аллоҳ қўлласин.

Туркистон юртида ажиб тонг отур,

Жадидлар қабрида тинчгина ётур…

 

ЮРТ ҚАДРИ

 

Дарбадар кезмаса ким, юрт қадрин билмас эмиш,

Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас эмиш.

Тома-тома кўл бўлур деганлари рост экан,

То умрбод уқмаса ким, ақли ҳам тўлмас эмиш.

 

Ватан тупроғига бош қўймагунча хаста ҳам,

Ҳаётдан умид узмай — жон таслим қилмас эмиш.

Сидқидил заҳмат бирла бахт томон очмасанг йўл,

Ўзгалар соясинда толейинг кулмас эмиш.

 

Мушкулни четлаб, чўчиб, осонни кўзлама ҳеч,

Эл ишидан қочса ким обрўйи қолмас эмиш.

Манманлар кўкка сапчиб, шунчалик кетар тубан,

То дакки емагунча ўзига келмас эмиш.

 

Имон-эътиқод ила Ватанингни сев, Барот,

Инсон зар, дунё билан бахтиёр ўлмас эмиш.

 

НАСТАРИН

 

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

Настарин гули майда,

Бундай гул бордир қайда?

 

Ҳар шохи бир гулдаста,

Атрига дил пайваста.

Жимжимадор гуллари,

Ўйнашар боғ еллари.

 

Настарин гул қўлимда,

Қўлимдамас, кўнглимда.

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 1 =