Саховатпешалик энг улуғ фазилат, аммо…

“Кўрмаганнинг кўргани қурсин!”

Ривоят қилишларича, қадимда давлатмандликни орзу қилган бир деҳқон озгина еридан унган ҳосилни ҳам қўни-қўшни, ёру биродарлари билан баҳам кўраркан. Бунинг устига, ён-атрофидаги кишиларнинг ҳам ерини ҳайдаб, уруғ сепиш, парвариш қилиш, ҳосил йиғиб олишига қўлидан келганича қарашаркан.

Унинг бу ҳаракати қишлоқ аҳлида ажабланиш уйғотибди:

— Бу кетишда қачон бойийсиз? Ўзингизни ўйласангиз бўлмайдими, бошқалар билан нима ишингиз бор?

— Ҳа, энди, Худо “ол, қулим” деса, бир куни молу давлат ўз оёғи билан келади. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор, — деб жавоб берган деҳқон яна ўз меҳр-мурувватини дариғ тутмай, ҳаммага баравар топганидан улашаверибди. Айтганидай, Аллоҳнинг марҳамати билан деҳқоннинг ҳосилига ҳосил қўшилиб, бойиб кетибди. Ҳаш-паш дегунча қишлоқнинг бойваччалари қаторига қўшилиб, ҳеч кимни менсимай қўйибди. Беш қўлини баравар оғзига тиққан бойнинг аввалги саховатпешалигидан асар ҳам қолмабди. Аксинча, у бева-бечораларга шафқат қилмайдиган, уларнинг ерини, ҳосилини тортиб оладиган одат чиқарибди. Қисқаси, аввалги хокисор, камсуқум деҳқон баднафс ва очкўз кимсага айланибди. “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган нақл, балки, шундай воқеаларга ишорадир.

Кўп ўтмай, унинг бутун бойлиги кунпаякун бўлиб кўкка совурилибди. Томорқаси ҳосил унмайдиган қатқалоқ жойга айланибди. Бой ҳайрон эмиш: “Нега аввал ошиғим олчи эди, энди эса шўрим қуриди?” У ўйлаб-ўйлаб, қишлоқда яшовчи бир донишманд кишининг ҳузурига йўл олибди. Аввалдан унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб юрган оқил киши бойнинг нима мақсадда келганини дарҳол англабди ва салмоқли оҳангда сўз бошлабди:

— Яқин ўтмишингни бир эсла, сен аввал жуда қўли очиқ, сахий эдинг, ҳамма сени мақтарди. Ўзинг қийналсанг ҳам, ўзгаларни ўйлаганинг учун Аллоҳ сени сийлади, ўз марҳаматини кўрсатди. Бойидинг, аммо босар-тусарингни билмай қолдинг, ақлингни йўқотдинг. Давлатманд бўлишинг билан камбағалларга шафқат қилмай қўйдинг, уларнинг ҳатто бўйрадек ерига ҳам кўз олайтирдинг. Қисқаси, сен Яратган эгамнинг қаҳрига учрадинг. Энди кимдан нажот истайсан? Бошингга тушган парокандаликни йўқотмоқчи бўлсанг, аввалги ҳолингга қайт, қўлинг ва бағринг очиқ бўлсин!

Бой ўзидан ўтган катта хатолик сабабини англабди-ю, ортига равона бўлибди. Тез орада ўзининг аввалги қиёфасига, яшаш тарзига қайтибди.

Бундан англашиладики, хайр-саховатни ўз ўрни ва маконига қараб қилган кишининг бирига ўн қайтади.

Дарвоқе, саховатпешалик халқимиз ҳаётида энг қадрланадиган хислат. Айниқса, Рамазони шарифда унинг қадр-қиммати, мазмун-моҳияти бошқа пайтга қараганда кўпроқ бўй кўрсатади. Бунинг зидди — зиқналик, хасислик сифати ҳам нафақат бизда, балки бутун дунёда илдиз отганки, у фақат қораланади. Қайси давр бўлишидан қатъи назар, ҳар иккиси одамзод ҳаётида турлича кўриниш билан намоён бўлиб туради. “Берувчи қўл Аллоҳга хуш келади”, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин!”, “Миннатли ош татимас” каби нақллар замирида хайр-саховатли бўлишнинг афзал эканлигига ишора бор.

Маърифий шаклдаги олийҳимматлик

Юнусобод туманидаги 63-умумтаълим мактабида халқимизнинг севимли шоираси Зулфия таваллуди кунига тайёргарлик қизғин. Тадбирга “Ishonch” газетаси таҳририяти ходимлари келишади. Ҳа, бу галгиси бутунлай бошқача. “Менинг Навоий бобом” иншолар кўрик-танловида иштирок этган ўқувчилар ким ғолиб бўлишини интиқ кутишмоқда. Ким ҳам иншоси эътироф этилишини хоҳламайди, дейсиз? “Мулла билганини ўқийди” деганларидек, 100 ўқувчининг ёзгани хилма-хил. Бировники силлиқ ва равон, яна бири буюк мутафаккирнинг қайсидир асарига баҳо берган, кимдир Навоий нега бунчалар даҳо эканлигини таърифлаган.

— Мактабимизнинг ҳамкорлари жуда кўп, — дея ҳикоя қилади таълим маскани раҳбари Роҳила Ваҳобова. — “Ishonch” газетаси таҳририяти билан жорий ўқув йили бошидан ҳамкорлик ўрнатдик. Бунга мувофиқ, ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган 9 февраль санаси арафасида иншо ёзиш бўйича кўрик-танлов ўтказдик. Ўқувчилар Навоий ҳақида жўшиб ёзди, изланди, асарларини ўқиди, хуллас, буюк сиймо ҳақидаги тасаввурлари анча бойиди. Таҳририят томонидан ғолибларга пул мукофоти ажратилди. Маърифий шаклдаги олийҳимматликда икки мақсад бор: оммавий китобхонликни ривожлантириш орқали ёшларни рағбатлантириш. Таҳририят ходимларининг ғолибларга совғани топшириш маросими чинакам байрамга айланиб кетди. Биринчи ўрин соҳибасига икки, иккинчи ўринга бир ярим, учинчи ўринга эса бир миллиондан пул мукофоти нақд ҳолда топширилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг нуфузли нашри раҳбарияти, ижодий ходимлари худди шундай ҳамкорликни бошқа таълим муассасалари билан ҳам ўрнатса, хайр-саховат кўрсатиш орқали китобхонликни ривожлантиришга, ёшлар маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшган бўларди. Қани эди, бошқа нуфузли нашрлар ҳам “Ishonch”дан ибрат олса…

 Ошкора эмас, пинҳонаси яхши

Имконияти чекланганлар учун турли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан байрам, ҳайит муносабати билан совға-салом улашиш — бизда азалий қадрият, яхши одат. Ногиронлиги бўлган шахс ўзига кўрсатилган эътибордан мамнун бўлади, албатта. Унга, аслида, давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳам эътиборга молик. Биз шундай даврга етиб келдикки, инсон онги, тафаккури, ор-номуси ва ҳамияти анча чуқурлашди. Бу ҳар бир кишининг ўз хатти-ҳаракати тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўришга ундайди. Баъзида қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиш ҳам мумкин. Бу турли ижтимоий тармоқлар фаоллашган замонда рўй бераётганига мисоллар жуда кўп. Айниқса, хайр-саховат кўрсатиш бобида ошкора эмас, пинҳона йўл тутиш афзал бўлиб қолди… Нега дейсизми?

— Ўғлим биринчи гуруҳ ногирони. Таянч ҳаракати церебрал фалажлиги ташхиси билан, мана, 16 ёшга етди. Аммо унинг нутқи бор, — деди Яшнобод туманида истиқомат қилувчи З. исмли аёл. — Янги йил арафасида “Наврўз” маҳалласи вакиллари уйимизга совға-салом билан кириб келишди. Ўғлим хурсанд, меҳмонлар у билан суратга тушишди. Шунда болам: “Тағин бу расмни интернетга қўйиб юборманг!” деб огоҳлантиришига қарамай, ўғлимнинг аравачадаги сурати қайсидир ижтимоий тармоққа қўйилибди. Ақли бутун, зийрак ва зукко болам телефон орқали ўз суратини кўрди-ю, менга гапира кетди: “Ойи, қани уларнинг ваъдасига вафоси? Қўймаймиз, шунчаки эсдаликка, дейишганди-ю! Нима, менинг ногиронлигимни ҳаммага ошкора қилиш шартмиди? Кераги йўқ бунақа хайр-саховатнинг! Менинг ҳам ор-номусим, ғурурим бор, ногиронлик пешонамга ёзилган бўлса, нима қилай? Яхшиликни овоза қилиш миннат эмасми?” Унга таскин берган бўлдим: “Майли, сен хафа бўлма, ахир улар ҳам ўз ишларини расмийлаштириб қўйиши керак. Давлат идораси маҳалла ҳам, болам!” Аммо ўйлаб қарасам, боламнинг гапида жон бор. Ҳар қандай яхшилик Аллоҳнинг розилиги учун қилинади, уни овоза қилиш, бошқаларга кўз-кўз қилиш риёга кирмайдими?

Ҳа, халқимизда “Миннатли ош татимас” деган ҳикмат бор. Она таъкидлаганидек, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, етим-есирга кўрсатиладиган меҳр-мурувват ошкора эмас, пинҳона бўлгани яхшироқдир. Тўғри, маҳалла — давлат сиёсатини амалга оширадиган нуфузли тузилма, унинг фаоллари гарданига айнан шунақа вазифа юклатилади. Лекин эҳтиёжманд қатлам вакиллари уйига бориб, уларнинг хоҳиш-иродасига зид иш қилиш қанчалик тўғри?

Закот — молиявий ибодат, хайр-саховатнинг олий шакли

Закот — дини исломдаги фарз амал бўлиб, молиявий ибодатдир. Унинг “ўсиш”, “салоҳият” деган маъноси бор. Истилоҳда эса закот — бой киши мол-мулкининг маълум бир қисмини камбағал кишига мулк қилиб беришидир. Закотни ошкор ҳам, махфий тарзда ҳам бериш мумкин. Демак, бунинг замирида хайр-саховатнинг нафақат ошкора, балки яширин шакли ҳам бор. Закот беришда нисоб ва бир йил ўтиши ҳисобга олинади. Нисобнинг сўмдаги қиймати тилла нархи ўсиши ёки камайишига қараб ўзгаради.

— Закотнинг фарзлигига Қуръони карим, ҳадислар, умматнинг ижмоси (иттифоқи) далолат қилади, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. — Аллоҳ таоло шундай дейди: “Намозни қоим қилинг ва закотни беринг” (“Бақара” сураси, 43-оят). Қуръони каримда айнан шу жумла буйруқ кўринишида такрор-такрор келиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом беш аркон устига қурилганини зикр қилиб, бунинг ичида закотни ҳам санаганлар (Имом Бухорий ривояти). Закот бермайдиган бандаларни Аллоҳ таоло қаттиқ азоб билан огоҳлантиради: “Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг!” (“Тавба” сураси, 34-оят).

Закот берувчи бандалар фарз амалга содиқ бўлганлари учун унинг мол-мулкини Аллоҳ муҳофаза қилади, камайишдан, хавф-хатардан, турли бало-қазолардан асрайди.

* * *

Сахийлик ва бахиллик. Қайси бири афзал, қайси бирини танлайсиз? Албатта, сахийлик устун туради. Нафақат биз яшаб турган тузум, муҳит, макон, балки маънавий-маърифий меросимизда ҳам бу фазилатга гўзал таъриф берилади. Мисол: 2005 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан нашр қилинган “Ўзбек халқ мақоллари” тўплами мундарижасига кўз югуртирсак, “Сахий билан бахил бир булоқдан сув ичмас”, “Сахий хор бўлмас, бахил беҳиштга кирмас”, “Сахийнинг ишига бахилнинг тиши қамашар”, “Сахий топса, ўртада, бахил топса, халтада”, “Қўлингдан бермасанг, йўлингдан бер, йўлингдан бермасанг, сўзингдан бер” сингари асрлар синовидан ўтган халқ мақоллари кўп учрайди…

Бу ҳикматлар бежизга айтилмаган, албатта.

Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + four =