Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби
Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи анжуманлар зали ҳар галгидан-да гавжум бўлди. Боиси ўзбек исломшунос олими, ҳадисшунос, шарқшунос, арабшунос, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов хотирланиб, номи улуғланмоқда. Алломанинг илмий-маърифий, маънавий ҳамда инсоний мероси ҳақидаги хотиралар, мақолалар, бағишловлар жамланган “Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби” китоби тақдимот маросимини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев очди.
— Убайдулла Уватов олим сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ажойиб устоз эди. У кишини илм оламидаги жавоҳирга ўхшатаман, — деди у. — Одамлар ҳаётини ислом оламида таниқли алломаларга бахш этган олим билан бир кўришсам, деб орзу қилишар эди.
Анжуманга йиғилган олимлар, уламолар, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, олимнинг дўстлари ва барча яқинларига Убайдулла Уватов ҳақидаги қисқа фильм намойиш этилди. Экрандаги тасвирда ҳам юзларидан нур ёғилиб турган устознинг қўли кўксида, унинг сиймосида ҳақиқий илм эгасига хос камтаринлик акс этиб турибди.
— Улуғ инсон ва шарқшунос устозимиз ҳақидаги рисола бизларга муносиб совға бўлди, — деди Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева. — Убайдулла Уватовнинг билими ва инсоний хислатларидан ҳайратланардим. Улар билан бирга ишлаганимдан фахрланаман. Ёшларни китоб ичида яшашга ўргатишга домланинг ҳаёти ибрат мактаби бўлиб хизмат қилди. Университетимизда миллатимиз фахри бўлган Убайдулла Уватов ўқув хонасини ташкил этишни ният қилганмиз.
Убайдулла Уватов Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган тадқиқотларга собиқ шўролар даврида қўл урган ўз даврининг жасоратли олими эди. Маълумки, собиқ мустабид тузум даврида Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳақида илмий тадқиқот олиб бориш ўта қалтис ва хавфли иш эди. Қанча қаршиликларга қарамай, олим илмда жасорат кўрсатиб, “Ибн Арабшоҳнинг “Ажоиб ал-макдур фи тарихи Таймур” (Темур тарихидаги тақдир ажойиботлари) асарининг таржимаси ва илмий таҳлили” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ушбу ишга асос бўлган асар қўлёзмаси Қоҳирадаги “Дор ул-кутуб” (“Китоблар уйи”)да сақланади. Ушбу қўлёзмадан фойдаланишда ва нусха олишда кутубхона масъул ходими, ватандошимиз, исломий қўлёзмалар бўйича йирик олим, доктор Насрулло Мубашшир ат-Тарозийнинг хизматлари катта бўлганини Убайдулла Уватов ўз хотираларида мамнуният билан эслайди:
“Ўн бешинчи асрда яшаган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг Амир Темур бобомиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарини ўқиб, унга ошиқ бўлиб қолдим. Гарчи маълум сабабларга кўра, Ибн Арабшоҳ Амир Темур бобомизнинг фаолиятига танқидий руҳда ёндашган бўлса-да, лекин бу асарда Соҳибқироннинг ҳаёт йўллари, шахсияти, унинг сийрати ва суврати, ажойиб инсоний фазилатлари, давлат арбоби ва лашкарбоши сифатидаги беназир салоҳияти ҳақида шу қадар маълумотлар келтирилганки, бошқа бирорта асарда Амир Темур ҳақида бунчалик аниқ ва батафсил маълумотларни учратмайсиз”.
Шу ўринда ўқувчиларга Убайдулла Уватов илмий фаолиятининг ўзига хослиги ва қамрови кенглигини яна бир карра эслатмоқ зарур. Мустақиллик шарофати туфайли у ўзини батамом юртимиз алломалари ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганишга бағишлади. Араб тилини мукаммал билиши, тарихий манбалар билан ишлаш кўникмасининг тўлиқ шакллангани туфайли ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўзбек китобхонига нотаниш кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, уларнинг илмий-маънавий мероси билан қимматли ёзма манбалар асосида таништирди.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Ломиший ва бошқа юртимиздан етишиб чиққан алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр этди. Табаррук заминимизда етишиб чиққан 70 нафар олимнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси ҳақидаги қимматли маълумотлар жамланган “Буюк юрт алломалари” китобини яратди. Ўз илмий фаолияти давомида элликка яқин рисолалар чоп эттирди. Юзлаб китоб ва илмий рисолаларга муҳаррирлик қилди, тақризлар ёзди.
Улуғ олим Убайдулла Уватов 2009 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, 2017 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан, 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
— Устозимиз умрининг охиригача Амир Темур тарихини улуғлашга сарфлади, — деди Темурийлар тарихи Давлат музейи директори Хуршид Файзиев. — Темуршунос олимларга катта мерос қолдирди. Музейимизда у киши тайёрлаган кўплаб маълумотлар бор.
— Марҳум устозимиз Убайдулла ака “динга хизмат қиляпсизлар” деб бизларга бошқача меҳр билан муносабатда бўларди, — деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси шайх Абдулазиз Мансур. — Илм, маърифат юки ҳақиқий олимни камтар қилиб қўяди. Убайдулла ака ниҳоятда камтарин инсон эди. Нури иймонлари ўзларига ҳамроҳ бўлсин, жаннатда ҳам бирга бўлишлик насиб этсин.
— 1958 йили Ўрта Осиё университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетида ўқишни бирга бошлаганмиз, — деди академик Дилором Юсупова. — Ўн тўртинчи-ўн бешинчи аср манбаларини, катта алломалар ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганган олим эди. Илмга ҳамма ҳам унингдек интила олмайди. Оилавий борди-келдимиз туфайли айта оламанки, у ажойиб оилапарвар инсон бўлган.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Зоҳидилла Мунавваров шундай хотирлади: “Араб тили билимдони Убайдулла Уватов билан эллик йил устоз-шогирд муносабатида бўлганман. Ёдингизда бўлса, бир пайтлар Имом Бухорий бобомизни “Исмоил Бухорий” деб атардик. Бу хато эканини Убайдулла Уватов исботлаб, бобомиз номини ўзлигимизга қайтарди. Соҳибқирон бобомизнинг портретини машҳур рассом Малик Набиев айнан Ибн Арабшоҳ асарининг Убайдулла Уватов таржима қилган китобидан фойдаланган ҳолда яратган.
Яхши инсонлар ёди улуғланадиган файзли давранинг ҳарорати ҳам бошқача бўлади. Анжуман иштирокчиларининг сўзларини тинглар экансиз, Убайдулла Уватов кўз ўнгимизда намоён бўлди. Ундайин беназир олим билан “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлаган чоғларимда яқиндан танишган эдим. Бош муҳарриримиз Чори Латиповни йўқлаб, таҳририятга тез-тез келиб турардилар. Бирга-бирга тушликка, гоҳида кечки овқатга чиқардик. Оддийлиги, самимияти, камтаринлиги ва меҳмондўстлиги билан хотирамда қолган.
Тадбир иштирокчиларига тақдимоти бўлаётган китоб совға қилинди. Таниқли олим Раҳмон Қўчқор масъул муҳаррирлик қилган Убайдулла Уватовнинг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари ва яқинлари томонидан ёзилган бир-биридан ибратли, янги маълумот ва илмларга бой хотираларни ўқийман. Муаллифларнинг аксарияти мамлакатга таниқли уламолар, давлат ва жамоат арбоблари, йирик олимлардир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов шундай ёзади: “Домланинг инсонийлик ва педагогик фазилатлари ҳам барчага ибратли эди. У кишининг ҳаётда ўта камтарин ва одамохунлиги, самимий ва закийлиги мақомот ва даражотини ҳамиша юксалтириб келди. Ким билан сўрашса, нурли юзида табассум, тилида болдек калом, қалбида иззат-эҳтиром ва самимият балқиб турарди. Кўринишидан алпдек қомати ва донишмандона қиёфаси салобат босар, аммо муомала маданияти билан кишини ўзига дарров жалб қиларди. Ўзаро суҳбатларда эса домланинг шарқона ҳикмат тўла сўзларига, мулоқот маданияти, исломий лутфу одобига қойил қолардик”.
Шаксиз, ушбу китобни ўқиган ҳар бир закий кишининг кўнгли тўлади, қалбига маърифат нури киради, тафаккури қониқади. Раҳмон Қўчқор таъкидлаганидек, Убайдулла Уватов хотирланган бу тўпламнинг илмий, маърифий, маънавий даражаси яққол кўзга ташланадики, бунинг учун биз китобхонлар унда иштирок этган муаллифлардан ҳар қанча миннатдор бўлсак, арзийди.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
