Менинг Муқаддас опам

Доим айтиб юрадиган бир гапим бор: инсоннинг кўзи унинг умр эшигига ўхшайди. Токи бедор эканмиз, мана шу эшиклар мудом очиқ. Шу икки эшик олдидан кунда баъзида минглаб одамлар у ёқдан бу ёққа ўтиб кетаверади. Агар Аллоҳ тақдир қилмаса, бир замонда, бир коинотда, бир сайёрада, бир мамлакатда, бир шаҳар ё маҳаллада яшаб ҳам уларни танимаслигинг, учрашмаслигинг мумкин. Чунки улар умринг эшигидан кирмаган бўлади. Тақдир тақозоси билан танишиб, мулоқотга киришар экансан, нотаниш кимсанинг пойига кўнглингни пойандоз қилиб тўшайсан. Аммо умринг остонасида учратадиган кишилар ҳам икки тоифага бўлинади. Бирлари гуноҳ ва савобни, ҳалол ва ҳаромни, эзгулик ва разолатни фарқламайдиган кимсалар. Улар инсон қадрини билмайдилар. Сизга нари борса манфаатига эришишнинг бир воситаси деб қарайдилар. Ундайларга остонада кўнглингизни пойандоз қилиб тўшасангиз, уни пайтава деб ўйлайди. Ундайлардан дилда доғлар қолади.

Шукрки, ҳаётда ўзгани ўзидан кам кўрмайдиган, одобли, сўзлашсанг, суҳбатига тўймайдиган, маънавият ва маърифат гулханлари, ҳам сўзи, ҳам фаолияти, ахлоқи билан ибрат бўладиган нурли инсонлар бор! Уларга умринг эшиги остонасида кўнгилни пойандоз қилиб тўшасангиз, “Ие, нима қиляпсиз? Бу кўнгил-ку, бу гул-ку!” дея уни ердан осмонга кўтаради. Ана шундай инсонлар ҳаётингизга кирар экан, улар умрингиз безагига айланадилар!

Бугун қутлуғ ёшни, муборак ёшни қаршилаётган таниқли журналист, шоира Муқаддас Абдусаматова журналистикада илк қадамларимни қўяётган маҳал Аллоҳ менга учратган ана шундай нурли инсонлардан биридир!

1985 йил эди. Санкт-Петербург давлат университетининг журналистика факультетини тугаллаб, “пропискам” йўқлиги туфайли дўстим Карим Баҳриевнинг (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) таклифи, устоз Одил Ёқубовнинг марҳамати билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида жамоатчилик асосида яъни ойлик-маошсиз ишлаб юргандим. Ўша ерда ҳаётимда ўчмас из қолдирган яна бир инсон — шоира Муҳаббат Туробованинг кўмагида ҳозирги Олмазор туманидаги Профессорлар шаҳарчасидаги бир дугоналарининг уйига вақтинча рўйхатдан ўтдим. Бу орада адабиёт газетаси сатира ва юмор бўлими “Шум бола чойхонаси”да ишлаб юрган Қулман Очил устоз Жаббор Раззоқ раҳбарлигидаги “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасига бош муҳаррир ўринбосари вазифасига ишга ўтди. Адабиёт газетасида хатлар бўлимида ишлаб, келган шикоятлар асосида ва бошқа мавзуларда қисқа муддатда каттагина мақолаларим эълон қилиниб, танила бошлагандим. Шу боис бўлса керак, Қулман ака менга ёшлар газетасининг ижодкор ёшлар бўлимига ишга ўтишни таклиф қилдилар. Билсам, бу бўлимда забардаст журналист Муқаддас Абдусаматова мудиралик қилар эканлар. Мен кирмоқчи бўлган штатда илгари шоира Умида Абдуазимова, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида мендан бир курс кейин ўқиса-да, қадрдон дўстимга айланган Аъзам Ўктам (охиратлари обод бўлсин) ишлаган экан. Табиийки, ишга ўтишдан аввал Аъзамжон дўстимдан Муқаддас опанинг феъл-атворларини суриштирдим.

— Опа жуда қаттиққўллар, енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юрадиган одам улар билан бир кун ҳам ишлолмайди. Шу боис воқеаларни шоширмай, тартибли ишласангиз, тезда эл бўлиб кетасиз! — деди Аъзамжон. — Сиз камтар йигитсиз, муаммо бўлмайди, назаримда!

Дўстимнинг айрим сўзлари ташвишимни зиёда қилган бўлса, бошқаси кўнглимда ўзимга ишончни мустаҳкамлаб, газеталар биносининг бешинчи қаватидаги 515-хона эшигини тақиллатиб, саломлашгач, ўзимни таништирдим. Опа иш кўламини менга тушунтирдилар. Республикамиздаги ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қайноқ ҳаётини газета саҳифаларида акс эттириш, навқирон ижодкорларни кашф этиш, улар ижодидан намуналар бериб бориш, адабиёт ва санъатга муҳаббат уйғотиш каби оламжаҳон йўналишларда фаолият юритишимиз зарурлигини айтдилар. Сўзларини жон қулоғим билан тинглар эканман, “Бадиий ижод билан ҳам шуғулланасизми?” деган саволларига: “Ҳа, шеърлар машқ қиламан!” деб жавоб бердим. Шу лаҳза Аъзам Ўктам дўстимнинг “Асло ўз ижодингизни опага тиқиштирманг — ёмон кўриб қоладилар. Токи ўзлари сўрамагунларича шеърларингизни газетага чоп этишга берманг!” деган қатъий насиҳати қулоқларим остида жарангларди.

Шундай қилдим ҳам. Ўзим севган касб эмасми, тезда ишга шўнғиб, Муқаддас опанинг “қўлларини бўшатиб”, анча захира мақолалар тўплаб қўйдим. Кўп ўтмай, Муқаддас опа менга бўлимни тўла ишонадиган бўлдилар. Опа энди менга раҳбар эмас, ўз ўғилларидек муносабатда бўлардилар.

Ота-онасидан йироқда энди биринчи жамоада расман иш бошлаган ёш йигит учун кимнингдир тиргак бўлиши ғоят муҳим. Ўшанда опанинг:

— Амирқул, сиз ўз фарзандимдексиз, онангизга айтинг, хавотир олмасинлар. Тошкентда яна бир она топдим, денг, — деганларида опани жуда яхши кўриб кетганман. Шу-шу мудом эҳтиромимдалар.

Қайси феълим маъқул келганини билмайман-у, таҳририятдаги кўпчилик бунга ҳайрон қолган. Чунки Муқаддас опа таҳририятдаги летучкаларда мудом принципиал позицияда туриб, керагида тап тортмай камчиликларни очиқ айта оладиган, иккиюзламачиликни ёқтирмайдиган, гоҳида бош муҳаррирга ҳам иш манфаати йўлида танбеҳ беришдан ҳайиқмайдиган ижодкор эди.

Таҳририятга янги келган ходимлар одоб-ахлоқ, ўзаро муносабатларда анчайин хатоларга йўл қўйсалар, Муқаддас опадан насиҳатомуз танбеҳ эшитишлари тайин эди. Шу ўринда бир мулоҳаза: жамоада миллий ва ахлоқий қадриятларимиз барқарор бўлишини кузатиб, ёшларга сабоқ берадиган шундай инсоннинг борлиги кўпчилигимиз учун бир мактаб бўлди. Опани бемалол “Таҳририят виждони” деб атаса бўларди. Шу ўринда таҳририят устунлари ҳисобланган Карим Раҳим, Маҳкам Раҳмон, Сафар Остон, Турғун Назар, Зайниддин Рихсиев ва бошқа устозларни ҳам эслаб ўтиш жоиз. Улар ҳам Ҳайдар Акбар, Муяссар Мўйдинова, Гулчеҳра Алибоева, Қурбон Эшмат, Сувонқул Рустам, Ислом Ҳамро, Тўлқин Ҳайит, Аброр Имомхўжаев, Алимурод Мамадаминов ва бошқа биз каби ёшларга кўп ўгитлар беришган. Бу ўгитлар келажакда бизга кўп асқатди. Саналган ёшларнинг аксарияти кейинчалик турли нашрларнинг бош муҳаррирлари, таниқли ёзувчилар бўлиб етишдилар.

Муқаддас опа кўплаб ёш ижодкорларнинг тикланиб, машҳур бўлиб кетишига сабабчи бўлганларини эслайман. Дўстларим — Ғиёс Бойтоев, Охунжон Мадалиев, Маҳмуджон Азимов, Ҳожибой Тожибоев каби санъаткорлар шулар жумласидандир.

Раҳбарлик баробарида Муқаддас Абдусаматова давримизнинг кўплаб муаммолари қаламга олинган талай долзарб мақолалар ёзди. Шеърлар ва юқорида қайд этилгани каби мақолалар асосида ўнга яқин китоблари нашр этилди. “Умр ипга терилган маржон”, “Ортда қолган излар”, “Бунча ширинсан, ҳаёт?”, “Фазилатим — фозилалигим”, “Уйғоқ туйғулар”, “Шукрона”, “Оналик бахти”, “Оила муқаддас”, “Сайланма” сингари қатор шеърий ва насрий китоблари шулар жумласидандир. Таниқли шоир Раим Фарҳодий опанинг шеърларини рус тилига таржима қилиб, русийзабон шеърият мухлисларига тортиқ қилган. Ҳали ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ Муқаддас опанинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланганлари бежиз эмас. Айни пайтда у киши Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, 1-даражали меҳнат фахрийсидир.

1941 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Муқаддас Солиҳовна Абдусаматова Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатганидан бери матбуотда шеър, ҳикоялари, очерк ва лавҳалари, мақолалари билан қатнашиб келади. 1965 йилда ёшлар газетасининг адабиёт ва санъат, аниқроғи, ижодкор ёшлар бўлимида иш бошлаган бўлсалар, ҳанузгача, мана, 61 йилдирки, қаламни қўлдан қўймай, катта-ю кичикка намуна бўлиб кел­яптилар.

Сўз сўнгида опа кези келганда яхши дутор чертиб, ашула айтишларини ҳам айтиб қўяй. Оқибатсиз мендек шогирдларига яқинда ўзлари қўнғироқ қилиб, ҳол сўрадилар. Рафиқам, фарзандларимни номма-ном тилга олиб, салом йўлладилар. Ўшанда менга дуторда куй чалиб, ўзлари гўзал қўшиқлар куйлаб беришни ваъда қилдилар.

Қадрли устозим, азиз опам Муқаддас Абдусаматовага узоқ умр, бардавом ҳаётсеварлик, куч-ғайрат тилайман. Собиқ жамоамизнинг тез-тез бўлиб турадиган навбатдаги учрашувида опадан дилбар тароналарни тинглаб, қадрдонлигимизни янада зиёда қиламиз, деб ишонаман!

Амирқул КАРИМ,

“Олтин мерос” халқаро

жамоат фонди раиси,

публицист, шоир ва таржимон.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + fifteen =