Китоблар билан ошноликда

ёхуд Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳузурида

Ўтган пайшанба куни таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, биродарларимиз Саид Сиддиқов, Ҳабиб Темир тўртовимиз Иброҳим ака Ғафуровни йўқлаб хонадонига бордик. Соғинишган эканмиз, бир-бирларимизни кўриб, ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Ҳақиқий адабиётшунос хонадони. Зеро, устоз Иброҳим Ғафуровнинг ўзини ҳам,  уйини ҳам китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Устоз ҳордиқ олиб ўтирган жойда – қўлузатар жойда китоблар, китоблар: Қуръони каримдан Алишер Навоийгача, мумтоз адабиётимиз намуналаридан, жаҳон адабиёти, бугунги кун ўзбек адабиётигача – ҳаммаси бор. Демак, Иброҳим ака ўқияпти, демак, камида 80 йилдан буён китоб мутолаасини инсон умрининг жавҳари, безаги ва мазмуни деб билган мутафаккир зиёли файзли ёшида, андак саломатлик “эркалик” қилаётган кунларда ҳам китобга, мутолаага, демак, муттасил фикрлашга ошно!

Устоз ҳаммамиздан алоҳида-алоҳида ҳол-аҳвол сўради.

— Зуҳриддин ака Исомиддинов ҳам бирга келиши керак эди, шамоллаб қолибди, лекин салом айтиб юборди, — дедим Иброҳим акага юзланиб.

— Саломат бўлишсин, Дилмуроджон, сиз билан анчадан бери кўришмадик, — деганида бироз хижолат бўлдим. Кекса инсонни бетоблигида кўпам безовта қилмайин деган юз-хотирга борибман-да…

Иброҳим ака ҳамроҳимиз — фан номзоди Саиджон Сиддиқовнинг бир неча йил муқаддам чоп этилган “Устоз сиймолар” номли китобидан сўз очди:

— Қаранг, собиқ Алоқа институтида шу-унча катта олимлар бўлишган экан, ҳаммалари залворли зиёли кишилар. Миллатнинг фахри-ифтихори улар. Саиджон уларнинг ҳурматини жойига қўйиб хотирлабди, яхши ёзибди, хурсанд бўлдим.

Иброҳим ака қалбларга таъсир этувчи яхши сўзни топиб айтади.

Саид ака беғубор, қалби адабиётга ошно инсон. Шунинг учун ҳам у биз ижодкорлар билан яқин. У мақтовдан кейин эриб кетди. Ўтирган стулини Иброҳим акага яқинроққа суриб олди.

Бундан 71 йил аввал ташкил этилган Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)да нафақат Ўзбекистонга, Марказий Осиёнинг барча республикаларига малакали муҳандислар тайёрлаб беришгани, китобда олимлар Анвар Исломов, Марат Зоҳидов, Шокир Тожибоев, Хайрулло Арипов ва бошқа олимлар ҳақида маълумотлар борлиги ҳақида гапирди.

Зиёли кишиларимизнинг борлиги нечоғлиқ катта маънавий мулк – маънавий бойлик ҳисобланса, уларни ёддан чиқармаслик, улар яратган ва қолдирган меросни асраб-авайлаш, оммалаштириш шунчалар аҳамиятлидир.

Устознинг ёнбошида турган Василий Аксёновнинг қаламига мансуб “Негатив” китоби даврани адабиётга, ўтган асрнинг 60-йиллар авлоди бўлмиш қатор-қатор атоқли номлар томон тортди.

— Ўтган асрнинг 60-йиллар авлодига мансуб қатор шоир, ёзувчи, адабиётшунослар бўлган. Катаев, Евтушенко, мана бу Аксёнов… “Шестидесятники” деб тилга олинарди. Кўпгина ўзбек ижодкорларининг тафаккури ўшаларнинг асарлари билан чархланган.

— “Шестидесятники” деган сўз фақат ўша бир тоифа ижодкорларнинг ёшини эмас, балки уларнинг руҳи, қарашлари, ҳаётий қадриятлари ва маслакларини ифодалаган. Шундай эмасми?

Ҳабиб Темир масалани бу тарзда қўйгани устозга ёқди.

— Тўғри, — деди Иброҳим ака янаям  жонланиб, — Мандельштам, Солженицин, Каверин, Сахаровгача — қачон туғилганидан, ёшидан қатъи назар, ўша “олтмишвойлар” руҳи атрофида бирлашган.

— Бабелнинг ҳикояларини ўқидим, — деди Хуршид ака.

— Ў-ў, Бабел — ўзича бир дунё!

— Тили, тасвирлаш услуби жуда тиниқ экан. Шукур Холмирзаев жиддий ўқиган кўринади Бабелни.

— Исаак Бабел, – аниқлик киритди Ҳабиб Темир.

— Шукур ўқиган, албатта… Ғалати услубда ёзади, дастлаб ҳарбийда хизмат қилган… — илова қилдилар мезбонимиз.

Хуршид ака Фёдор Достоевскийнинг “Айрилмас эр” қиссаси ва у билан боғлиқ таассуротларини ўртоқлаша кетди.

— Икки йил илгари шу қисса ҳақида суҳбатлашгандик, ўшанда сиз қисса таржимасини тугатган эдингиз, — деди Хуршид Дўстмуҳаммад Иброҳим акага қарата, — ўшандан буён ушбу мавзудаги бир неча асарларни ўқидим. Флобернинг “Бовари хоним”, Толстойнинг “Анна Каренина”, Тургеневнинг “Провинциалка” драмаси, Лесковнинг “Леди Макбет…” ҳикояси.

— “Мценского уезда”, — дея аниқлик киритди Ҳабиб Темир.

— Ҳаммаси оилавий садоқат ва хиёнат мавзусига бағишланган. Шуларни ўқиш асносида бир савол чиқиб қолди. “Провинциальные нравы”, “Провинциалка” сўзларининг ўзбекча муқобили топилмаган кўринади. Масалан, “Бовари хоним”ни таржима қилган Ҳабиба Зиёхонова роман номланиши остида келадиган шу иборани тушириб қолдирган. Гўё сўзнинг таржимасига қийналгандек.

Иброҳим акадек таржима устаси бир зум ўйланиб қолди.

— Тажрибадан маълум, айрим сўзларнинг аниқ ва лўнда таржимаси топилмайди. “Провинциалка” ҳам шунга ўхшаш. Мисол учун “мешчан” деган сўз бор.

Университет давридаги китобларни қайтадан ўқиб, ўша пайтларни эслаяпман.

Устоз кўринишидан соғлиқлари бироз қийнаётганга ўхшамасди, тетик, фикрлар, хотира аниқ ва тиниқ. Шундай бўлса-да, меҳмонлар ўзаро имо-ишора қилиб, туришга чоғланишди.

— Қаерга шошасизлар? Мен жуда яхшиман, сизлар билан бемалол гурунглашиб ўтирибмиз.

Ҳақиқатда улуғ мезбонимиз — адабиётшунос ва моҳир таржимон Иброҳим ака мана шундай суҳбатни соғингани сезилиб турарди. Жиддийлашиб кетган суҳбатни пича “юмшатгиси” келдими, Хуршид ака маҳоратини ишга солиб, Саид Аҳмад, Ваҳоб Рўзиматов, Носир Фозил иштирокида юз берган кулгили мутойибалардан олди. Даврада қаҳқаҳа янгради, устозимиз эса мириқиб, бутун вужуди силтаниб узо-оқ кулди.

Тўртовлон меҳмоннинг ташрифидан муддао ҳам шу — Иброҳим Ғафуров устознинг вақтини пича бўлса-да чоғ этиш эди.

— Майли, ҳаммангизга раҳмат, Хуршиджон дуо қилсин.

Хуршид ака дуога қўл очди:

“Устозимизнинг умрлари узоқ бўлсин, бизларга дуогўй бўлиб юрсин”.

“Инсонларнинг яхшиси амали гўзал бўлганидир”, деган гап ёдимга тушди. Ҳа, яхши амаллар билан узоқ яшаган инсон бахтли-саодатлидир. Устоз Иброҳим Ғафуров ҳам шундай улуғлар сирасидандир.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 6 =