Кўнгил битиклари

Таниқли шоира ва публицист Замира Рўзиеванинг

“Кул босган чўғлар” ва “Гавҳар янглиғ гўшалар” китобларини ўқиб…

Ижод, илҳом Яратганнинг инсонга берган энг бебаҳо неъматларидан бири. Кимдир уни юракларга етиб борувчи мисраларга тизса, кимдир ҳикматларга жойлайди, яна кимдир катта асарлар билан қалбларга етказишга интилади.

Андижоннинг суюкли шоираси Замира Рўзиеванинг бир-биридан жозибали, мазмундор шеърларини ўқиганингизда, сўзни эркалатиб ишлатувчи ижодкор, деган фикрга келасиз. Чунки сиз ёки мен учун оддий туйилган сўзлардан ширин титроқ берувчи гўзал ашъорлар битади. Айниқса, Ватанни мадҳ этувчи шеърларида буни яққол кўрамиз:

 

Куртак кўрдим намчил ёғоч ёриқларда,

Руҳим қўшиқ симиради ариқларда.

Сир яшайди бобом кийган чориқларда,

Ўхшашинг йўқ, эй, она юрт,

она тупроқ.

 

Шоирамиз асли ижод оламига журналистика орқали кириб келгани боис, энг биринчи СЎЗни мана шу касбига йўналтирган ва ҳамон ана шу аҳдига содиқ. Буни унинг мамлакат миқёсидаги кўплаб вақтли матбуот нашрлари орқали ёритиб келаётган публицистик мақолаларида кўрамиз. Бошқача айтганда, Замира Рўзиева шоира бўлиш баробарида яхшигина ёзувчи ҳамдир. Бунга мисол унинг 2025 йилда “Ижод нашр” томонидан чоп этилган “Кул босган чўғлар” асари.

Ушбу асарнинг эътиборли жиҳати — тўпламнинг ота-онасига бағишланганлиги. Зеро, ҳар биримиз бу ҳаётда нимадир топган, нимагадир эришган бўлсак, мўътабар, меҳрибон, жон фидо ота-оналаримиз туфайлидир. Уларга қанча эҳтиром, эъзоз кўрсатсак, шунча оз, ташбеҳига сўз кам.

Шу маънода Замира Рўзиева ота-онаси хотираси олдида фарзандлик бурчини бажариши баробарида, ижодкор сифатида уларнинг ҳаётини қаламга олиб, асарга айлантира олган.

Асар сизни узоқ тарихга етаклаб, унинг инсонлар тақдиридаги аччиқ ҳақиқатлари — уқубат, сарсонгарчилик, айрилиқ, соғинч, дийдорга ташналик, ёлғон ва хиёнатли сиёсатнинг қурбонларига ачиниш, ҳамдардлик ҳиссиётларига ғарқ қилади.

Эътиборлиси, нафақат Замира Рўзиеванинг, балки кўплаб юртдошларимизнинг яқинлари ўтган асрнинг қатағон даврларида мана шундай аччиқ қисматга рўпара бўлдилар, кимгадир яшаш бахти насиб этмади, кимдир сургунда, кимдир қамоқда ва яна кимдир қочқинда… Булар бизнинг кечаги қонли тарихимиз. Ва афсуски, Замира Рўзиеванинг бобо-бувиси, ота-онаси ана шу ҳаётнинг иштирокчилари бўлиб яшашга маҳкум эдилар.

Муаллиф қисса бошиданоқ ўқувчини ўша давр руҳиятига олиб киради. Беихтиёр саҳифадан саҳифага ўтган сари гоҳ Қори дадага айланиб, гоҳ кичкина Боқияхон, гоҳида эса Абдулазиз бўлиб яшай бошлайсиз. Хавотир қалбингизни тўлдиради. Уларни ҳимоя қилгингиз, аянчли қисматлардан олиб қочгингиз келади.

Бир муддат “тут қоқди” маросими билан кўнглингиз юмшаб, қўни-қўшниларга айланиб, шодланасиз. Шундай гўзал удум иштирокчиси бўлгингиз келади. Аммо… бир лаҳзалик қувонч чекиниб, яна ғамгинлик қалбингизга чўкади.

Муаллиф ота-онаси қисматини очиб бериш баробарида, ўша давр сиёсатининг чиркин томонларини ҳам усталик билан сингдириб кетади.

“Россияга “ўз ихтиёри” билан қўшилган пайтда Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи икки фоизигина саводли эди, холос”. Бу гап — Ўзбекистонга йил сари эмас, кун сайин оёғи ўрнашиб бораётган шўролар ҳукуматининг ёлғон матога ўралган ахбороти эди.

Биргина ижодкор эмас, ҳаммамиз то мустақилликкача тарихнинг мана шундай маълумотларига ишониб келганмиз. Аслида эса бутун дунёга Шарқ уйғониш даврини тақдим этган бизнинг улуғ аждодларимиз эди, уларнинг авлодлари саводсиз бўлишлари мумкинми? Бизнинг замин — соф ислом таълимотининггина эмас, алгебра, астрономия, адабиёт, санъат, маданият, маърифатнинг ўчоғи бўлган.

Замира Рўзиева мана шу ҳақиқатни қиссада урғулаб, ҳам армон, ҳам ғурур билан баён қилади.

Воқеий қиссанинг якуни хушхабарлар билан кўнгилдаги маҳзунликни тарқатади. Яъни йиллар ўтиб, ўз юртидан қочиб, ўзга юртларда, аниқроғи, Саудия Арабистонида қўним топган мусофирларнинг авлодлари ва ниҳоят, мустақиллик шарофати ва мамлакатимизда диний бағрикенглик неъматлари туфайли Маккаю Мадинага борди-келдилар орқали топишади, учрашувлар ҳар икки юртдаги қариндошлар риштасини боғлайди. Демак, аждодларнинг руҳи ҳам шод бўлгани ҳақиқат.

Ушбу тўпламдаги “Дарёдил муаллимим” эссеси мухлисларда яна бошқача бир таассурот қолдиради. Сабаби, Замира Рўзиева ўзи ҳақидаги камчилигу нуқсонларни очиқ-ойдин, рўйирост баён қилиш орқали қайнонаси ҳақида жудаям чиройли таърифларни ишлатган. Шунинг учун ҳам эссе ўқишли, қизиқарли, ибратли чиққан. Айниқса, ҳар воқеадан кейин “дарёмидингиз, осмонмидингиз, ноёб фазилатли муаллимим?” дея Чаманхон бувини таърифлаши ёш келинларгагина эмас, ҳатто қайноналарга ҳам намуна, ўрнак. Ижодкор раҳматли қайнонасини бу тарзда эслаб, хотирлаб, асарига қаҳрамон сайлаш билан қалбидаги жами миннатдорлик туйғуларини гўзал очиб бера олгани ниҳоятда аҳамиятли. Қолаверса, ўша давр оналарининг бағрикенг, қўли очиқ, раҳмдил, меҳрибон, оқибатли эканини Чаманхон она тимсолида кўрсатар экан, биз тенги мухлислар ширин энтикиш билан хотирага берилади. Чунки бизнинг оналаримиз ҳам ана шундай кенг феълли, дастурхонию дарвозаси ҳамиша очиқ, меҳмондўст, қўшнини қариндошдай қадрлайдиган инсонлар эди. Шу маънода эссени ўқиш баробарида ширин соғиниш туйғулари ҳам бош кўтаргани бор ҳақиқат. Бу шоира-адиба ва албатта, “қарқара келин” Замира Рўзиева қаламининг кучидир.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира, ширинсўз воиз, элнинг севимли фарзанди Турсуной Содиқова ҳақидаги “Жондўстим эдилар” хотираномаси ҳам дилни энтиктиради. Негаки, Турсуной Содиқова устозимиз, шоирамиз, маслаҳатдошимиз ва опамиз эди. Бу жиҳатдан Замира Рўзиева ўзи таърифлаганидек, ростдан ҳам “омадлироқ шогирд, дўст” бўла олган экан.

Хотира бошидаги муаллифнинг Ойиша бувиси айтган ибора ўзгача таъсир қилди, яъни “дўстнинг хили кўп, ким шондўст, ким нондўст, ким жондўст бўлади”. Қаранг, қарияларимиз қанчалар доно, ақлли бўлишган. Замира Рўзиева маҳорати айнан мана шу каби инсон руҳиятига тезда таъсир қиладиган иборалар, мисралар, нақл ва ўгитларни асарларида ўрнида ишлата олгани. “Жондўст” деб устозни ўзгача эҳтиром билан эъзозлаши хотиранинг янада ўқишли чиқишини таъминлаган.

Озгина ва созгина ёзилган ушбу хотирада ҳар икки ижодкорнинг шоиралиги ва адибалиги, нотиқлигию тарғиботчилиги уйғунлашиб, устоз-шогирд тандемининг муваффақиятли давом этгани аксланади. Яъни гарчи Турсуной Содиқова бугун орамизда бўлмаса-да, унинг ўгитлари, тажрибаларини ўзлаштириб улгурган, “қаерда, қандай минбарда қайси сўз ёки шеърни айтиш” ҳадисини олган Замира Рўзиевани ҳозирги вақтда тадбирларда дам шоира, дам ватанпарварликка руҳлантирувчи фидойи юртдош, дам яхшиларнинг яхшиликларини улашувчи воиза сифатида кўрамиз, фахрланамиз.

Бугина эмас, Замира Рўзиева “Саодат”дек мамлакат хотин-қизларининг бош журналида катта устоз ижодкорлар Зулфияхоним, Ойдин Ҳожиева ва кўплаб таниқли ижодкорларнинг мактабидан таълим олгани учун ҳам бугун сўзи бутун, шеърлари таъсирли, ёзганлари эътиборли.

“Саодат” журнали бахтимнинг бошланиши бўлган” мақоласи Замира Рўзиева фаолиятини яхши билмаган айрим ўқувчилар учун жуда қизиқарли чиққан. Ўз даврининг энг машҳур инсони, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним назарига тушиш, уларнинг ёрдами билан Тошкентда қолиш ва энг катта ижод даргоҳи — “Саодат”да ишлаш ҳар кимга ҳам насиб қилмагани бор гап. Бу борада Замира Рўзиева омадли бўлган, десак, муболаға эмас. Бунинг биргина сабаби эса Қалам ва Сўз. Демакки, Замира Рўзиева талабалик давриданоқ устозлар эътиборини торта оладиган, халққа манзур мақола, устозлар ва мухлислар кўнглини қитиқлай оладиган шеърлар ёза олган. Айнан шунинг учун ҳам катта дарғаларнинг назарига тушган. Улар ёш ниҳолнинг ўсишига бағрикенглик билан қўл чўзган ва Замира Рўзиева бу ишончни ижоди билан оқлай олган.

Катта мактабнинг муносиб ўқувчиси, айниқса, Зулфияхонимни шифохонага кўргани боргани ҳақидаги саргузаштини ўқиб, муаллифнинг соддалиги ва албатта, Зулфияхонимнинг ниҳоятда зийрак, кузатувчан, ёшлар ҳаётини яхши биладиган ва тушунадиган, кибрсиз, самимий, киши кўнглига тегмайдиган тарзда унга елка тута оладиган УЛУҒ УСТОЗ бўлганига тасанно, дегингиз келади. Замира Рўзиева ижод йўлини “Саодат” билан бошланишини “бахтим” дея жуда тўғри таърифлаган. Қолаверса, у ўз хотираси орқали Зулфияхонимнинг фазилатларини гўзал тарзда очиб бера олган.

Умуман олганда, ушбу тўплам Замира Рўзиеванинг кўнгил битиклари десак, адашмаймиз. Чунки тилга олинган қисса ва эсселарнинг қаҳрамони ўзи, шахсий хотираларини сизу биз билан баҳам кўрган.

Тўпламнинг якунидаги “Замонамиз қаҳрамони” мақоласи муаллифнинг иккинчи китобига замин бўлган, деган фикрдаман. Сабаби, 2025 йилнинг куз ойида унинг “Гавҳар янглиғ гўшалар” китоби нашрдан чиқди. Унда ўттиздан зиёд пиру бадавлат оила соҳиблари — замондошларимизнинг ҳаётларидан жуда гўзал ҳикояларни тақдим этади. Тўплам Замира Рўзиеванинг қалами ҳамон ёзишдан тўхтамаётгани, эътиборлиси, Республика “Нуроний” жамғармаси муассислигида чиқадиган “Нуроний” газетасининг мухбири сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан “дурлар” териб, саҳифаларни бойитиб келаётганидан далолат.

Китобнинг номиёқ кайфиятингизни кўтаради, шоирона атама ила Андижондан Қорақалпоққача, Тошкентдан Сурхону Қашқадарё, Хоразмгача, Сирдарёдан ошиб Жиззах, ундан Самарқанду Бухоро сари қаламини етказа олгани, ибратли оилалар ҳақида қизиқарли мақолалар — ўзи улуғ ёшда бўлса-да, шижоат билан ижод қилаётганига мисол.

 

Сиз бор, кўнгил ярим эмас,

Мулк, давлатим, тилло, зарим,

Ризқу файзга тўлиқларим,

Сиз нуроний — улуғларим!

 

дея алқайди пиру бадавлат отахону онахонларни. Мен эса ушбу сатрлар ижодкорнинг ўзига ҳам мослигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Қаҳрамонлар ҳаётини ўқир экансиз, ҳар биридан ўзига хос тартиб-қоида, оила анъаналари, фарзанд тарбиясидаги услубларидан хабардор бўлиш, қайсидир биридан муомала, қайсидир биридан эса бағрикенглик, саховатлилик, оқибат ришталарини мустаҳкамлаш сирларини ўрганасиз. Ҳаёт мактабининг катта устозлари бўлган бу ҳамюртларимизни Замира Рўзиева мақоласига бежиз танламаганига иқрор бўласиз. Улуғнорлик Қодиржон ака, яккабоғлик Мухторжон ота, арнасойлик тарихчи Низом бобо, қорақалпоқлик Исмоил ота, ховослик Ҳуринисо она, хуллас, ҳар бир оила соҳиб ва соҳибаларининг ҳаёт тарзлари ҳавас қилишга арзийди. Албатта, ҳар оила ўзига хос макон. Аммо атрофни кузатиб, бошқалардан ўрганиб, камини тўлдириш ҳамиша фойдалидир. Шу маънода иккинчи китоб ҳам ҳақиқий маънода “гавҳар янглиғ гўшалар” тароватини Янги Ўзбекистон узра таратиб, уларнинг сафини янада кўпайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлишига ишонамиз.

Ва серқирра, сермаҳсул ижодкор, публицист сифатида Замира Рўзиева келгусида яна кўплаб оилаларнинг меҳмони бўлиб, уларни янги асарларига қаҳрамон сайлашларига тилакдошмиз.

Мухтасар айтганда, Замира Рўзиеванинг ҳар икки китоби нафақат кутубхоналардан, балки инсонлар қалбидан жой оладиган ижод маҳсуллари бўлгани билан эътибор топади.

Салимахон МИРЗАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =