Бир китоб тарихидан ижодий дарс

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 90 йиллиги

Ўзбек миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳаёт бўлганида 26 апрелда 90 ёшга тўлган бўлар эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрда “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори туфайли ҳақиқат қарор топди. Буюк санъаткорнинг ўлмас хотираси қайта тикланди. Узоқ йиллар унутилган фарзанд яна она Ватани бағрида қад ростлади: унга маҳобатли ҳайкал қўйилди. Ҳайкални эса мухлисларнинг меҳр ва соғинч гуллари буркади…

Халқимизнинг суюкли санъаткори Ботир Зокиров номи, аввало, таниқли адиб Ашурали Жўраевнинг “Юрак бўронлари” ҳужжатли қиссаси туфайли яна санъат мухлислари тили ва дилига тушди. Бу китоб 1989 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида эллик минг нусхада чоп этилиши билан қисқа муддатда китобхонларнинг севимли асарига айланган эди.

Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан ёзувчи Ашурали Жўраев ушбу асарни қайта ишлаб, янги маълумотлар билан бойитиб, маърифий романга айлантирди.

Шу кунларда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг қутлуғ 90 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва публицист Ашурали Жўраев айни пайтда ўзи ёшларга сабоқ бераётган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедрасининг санъат журналистикаси йўналишида таҳсил олаётган талабаларга Ботир Зокиров ҳаёти ва ижоди, китобнинг қандай яратилганлиги ҳамда санъат журналистикаси сирлари, бу йўлдаги заҳматлари ва изланишлари ҳақида ижодий дарс ўтди.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзида ўтган ижод дарсини Ашурали Жўраев болалиги, журналистикага қачон қизиққани ва машҳур шоир Абдулла Ориповнинг “Руҳим” китоби унинг ҳаётини ўзгартириб юборгани ҳақида бир-биридан қизиқарли ибратли воқеаларни сўзлаб берди.

— Бу китоб менинг ҳаётимни, адабиёт ва китобга бўлган дунёқарашимни батамом ўзгартириб юборди. Шундан сўнг қўлимга тушган китобни эмас, балки танлаб ўқийдиган бўлдим. Бошловчи ёш қаламкаш сифатида ҳаётда, жамиятда бўлаётган долзарб мавзуларни топиб, англаб ёзадиган бўлдим. Сизларга ҳам улуғ ижодкорларнинг сара асарларини ўқиб-ўрганишни, ҳаётни теран кўз билан кузатиб, унда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни топиб ёзиш сирларини ўрганишни тавсия қиламан, — деди Ашурали Жўраев.

Дарс давомида ижодкор Ботир Зокиров ҳаёти ва ижоди ҳақидаги “Юрак бўронлари” китобини ҳам устоз Абдулла Ориповнинг тавсияси билан ёзганлигини айтдилар.

Келинг, яхшиси, талабаларнинг ушбу ижодий дарсдан олган сабоқлари, фикр-мулоҳазалари билан танишайлик.

 Сарвара СОДИҚОВА:

— Устозимиз Ашурали Жўраев адабиёт ва санъат журналистикаси соҳасида бундай ютуқларга қандай эришганлиги ҳақида қизиқарли ва ибратли маълумотлар берди. У киши мактабда ўқиб юрган кезларида врач бўлишни орзу қилган экан. Ҳаваскор синфдошларига қизиқиб ёзган мақоласи чоп этилгач, ўқитувчилари ва мактабдошларига ёққан экан. Шу-шу журналистикага, кейин адабиётга меҳрлари тушиб, ижод қаламини ҳамон қўлдан қўймай келаётир.

У киши 1983 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси санъат бўлимида иш бошлаган. Кейинчалик санъат журналистикаси севимли соҳасига айланган.

Ўша кезларда машҳур санъаткор Ботир Зокиров билан суҳбат қилиш учун жиддий тайёргарлик кўриб юрган кезлари санъаткорнинг бетоблиги туфайли учраша олмаган. Узоқ кутиш ва жиддий тайёргарликдан сўнг Ботир Зокиров билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган.

Устоз дарс жараёнида бу воқеани шундай хотирлади: “Ботир Зокиров билан салкам беш соат суҳбатлашдим. Мен фақат машҳур қўшиқчини эмас, балки бетакрор рассомни, ўзига хос ёзувчини, кўп китоблар ўқиган чинакам донишманд ва ажойиб саҳна асарлари ёзган зийрак муаллифни кашф этган эдим. Ботир Зокиров билан учрашгунимга қадар ўзимни санъат соҳаси билимдони, ҳаётни яхши биладиган ижодкор ҳисоблаб, ёшликка хос ғурур ва бироз ғўдайиб юрардим. Суҳбатдан сўнг ҳали кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Ўз-ўзимдан уялдим. У кишининг хонадонига қанчалар қувонч ва ғурур билан келган бўлсам, шунчалар бўйин эгиб, билимсизлигимдан шалвираб чиқиб кетдим. Бу мен учун шафқатсиз имтиҳон эди. Қайта ўқиш, қайта ўрганиш ва ёзишнинг машаққатли жараёнлари бошланиб кетди. Бу тарихий учрашув каминага ана шундай бебаҳо ва бетакрор дарс бўлган…”

Устознинг ҳаёти ва ижодини ўзгартириб юборган юқоридаги суҳбат “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг 1983 йил, 26 сентябрь сонида эълон қилинган бўлиб, шундан сўнг таҳририятга санъаткорнинг мухлисларидан кўплаб хатлар келган экан…

Ботир Зокировнинг бевақт ўлимидан сўнг ёзган эссесини ўқиган буюк шоир Абдулла Орипов у кишига Ботир Зокиров ҳақида китоб ёзишни маслаҳат берган. Бундан руҳланган Ашурали Жўраев санъаткор ҳаёти ва ижодини қизғин ўрганишга киришиб, маълумотлар тўплаб, у кишини кўрган ва билганлар билан суҳбатлашиб, 1989 йили “Юрак бўронлари” китобини ёзиб, чоп эттиради. Китоб Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи мукофотига сазовор бўлади.

Устоз бошловчи журналистлар, аввало, долзарб ва ҳаётий мавзуни топишлари, уни жуда пухта ўрганишлари, “ичига кириб” ёзишлари кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Тўғрисини айтсам, Ашурали Жўраев дарсга киришларидан олдин энг кучли саволларимни тайёрладим, ҳозир уларни ўз билимим билан лол қолдираман, деб ўзимга-ўзим бино қўйгандек эдим, аммо суҳбатдан сўнг тушуниб етдимки, улар Ботир Зокиров билан бўлган учрашувдан сўнг қандай аҳволга тушган бўлсалар, мен ҳам ўзимни шундай ҳис қилдим. Ўйлайманки, бу дарс менга катта ва бетакрор сабоқлар берди. Негаки, Ашурали Жўраев билан бўлган мазмунли суҳбатимиз менинг дунёқарашимни ва фикрларимни буткул ўзгартириб юборди. Мен устозни тинглар эканман, ҳаётнинг асл моҳиятини англадим ва олдимга қўйган мақсадларим, орзуларим шунчаки орзу бўлиб қолмаслиги учун тинимсиз интилишим кераклигини тушуниб етдим. Қисқаси, устоз ижодкор ўзининг ҳаётий тажрибалари, санъатга бўлган юксак меҳри ва ёш авлодга бераётган билим ва тавсиялари билан барчамизга катта дарс бердилар. Ашурали Жўраевнинг фикрлари фақат санъат йўналишидаги инсонларгагина эмас, балки ҳар бир инсон учун муҳим аҳамият касб этади. Бугунги суҳбатимиздан шуни хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир муваффақият ортида оғир меҳнат, тиришқоқлик, таслим бўлмаслик ва энг муҳими, ўз ишини фидойилик билан севиш акс этади. Ижодий дарсдан англадимки, буларнинг барчаси Ашурали Жўраев ҳаёти ва ижодини қамраб олган экан.

Розия РАВШАНБЕКОВА:

— Бу учрашув узоқ вақт қалбимизда муҳрланиб қолишига ва санъат журналистикаси соҳасига кириб келишимизда алоҳида сабоқ бўлишига ишонаман. Устоз Ботир Зокиров ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзар экан, санъатнинг сирли ва сеҳрли оламини чуқур очиб берган. Санъат соҳаси журналистикаси ўзининг нозик нуқталари, нафосат ва сеҳри билан, ноёб туйғулари билан ажралиб туради.

Устоз дарс жараёнида ўз ижодидан мисоллар келтирар экан, бир ўринда “Тановар” мусиқаси ҳақида ҳужжатли ҳикоя ёзганлигини ва бу асарини таниқли ижодкорлар, мутахассислар эътироф этганлигини эслатиб ўтди. Мен шу асарни топиб ўқигим келди. Ва албатта топиб ўқийман.

Устоз сўз ҳақида шундай деди: “Сўзни шу даражада топиб, авайлаб-асраб, меҳр билан ёзиш керакки, бу сўз ҳеч кимникига ўхшамаган ва бетакрор бўлиши керак”. Бу фикр фақат менга эмас, кўпчилик курсдошларимга ҳам ёқди. Яна бир ўринда у киши отаси айтган ушбу ҳикматли ўгитни ҳам эслатиб ўтди. “Ўғлим, кичик хабарлар ёзганинг яхши, лекин шундай нарсаларни ёзгинки, уч-тўртта одам ўқиб маза қилсин”, — деган экан оталари. Устознинг: “Инсон ўзини ўзи таҳлил қилиши, ислоҳ қилиши, баъзан ўзига ўзи танбеҳ ҳам бериб туриши лозим”, деган сўзларини илк бор эшитганим учун жуда таъсир қилди.

Дарс давомида бундай кутилмаган ўгитлардан кўпини эшитдик. Масалан, “Мақола ёзаётганда ўқувчини ўзига жалб қиладиган бирор жонли воқеа ёки кутилмаган ибора, ҳеч бўлмаганда, эсда қоладиган бир ноёб сўз қўллаш керак”, — деди устоз.

Мен дарс давомида устоздан кўп нарсаларни ўргандим. Ва у кишига ўхшаб яхши, ибратли мақолалар ёзишни ният қилдим.

Алибек ИСМОИЛОВ:

— Устоз Ашурали Жўраевнинг номи менга таниш эди. Телекўрсатувлардаги чиқишларини кўриб, жуда жиддий ва қаттиққўл инсон бўлса керак, деб ўйлагандим. Мулоқот жараёнида жиддий, самимий, очиқкўнгил ва ўз соҳасини чуқур биладиган инсон ва ижодкорни кўрдим.

Ижод дарси мобайнида гўё йиллар давомида таниш бўлган инсон ва адиб билан учрашгандек бўлдик. Ҳаёт йўлида учраган қизиқарли ҳолатлар, воқеаларни теран фикрлар орқали тушунтириб берди. Иқтидорли ижодкор эканини билардим, аммо мактабдаёқ мақола ёза бошлагани, тўғриси, мени ҳайратга солди. “Бўладиган бола бошидан маълум”, деган нақл бежиз айтилмаган. Мактабда ўқиб юрган кезларида ҳар куни мақолалар ёзиб, саҳарлаб Кармана туман газетаси таҳририятига олиб борган. Бу иштиёқ туфайли матбуот оламида ўз ўрнини топган. Мактабни муваффақият билан тугатиб, Тошкентга келиб, ўз касби орқали танилган. Бу ютуқлар ортида изланиш ва машаққатли меҳнат ётганлигини билдик. Бу ҳақда очиқ гапирмади, лекин ҳақиқат тарафдори бўлгани учун баъзан тазйиқларга учраганини ҳам сўзларидан сездим.

Ашурали Жўраев — яхши инсон, меҳрибон ота, яхши адиб ва санъат журналистикасини пухта биладиган устоз даражасига етгани боис, ушбу дарс ёшлар учун ижод оламига киришларида маёқ вазифасини бажаради, деб ўйлайман. Устозга раҳмат дегим келади.

Муслима РАҲМОНОВА:

— Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев билан бўлган ижодий дарс шунчалар қизиқарли, кутилмаган маълумотларга бой бўлдики, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни бермасдан жавоб олдилар. Устоз ёш журналистларга қарата ҳаётий янгиликлардан ҳамиша бохабар бўлиш, танқидий фикрлаш, ёзиш сирларини мукаммал эгаллашга жиддий ҳаракат қилиш ва ёзаётган фикрларини аниқ ва лўнда ифодалаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ижодкор учун китоб ўқишнинг қадр-қиммати юксаклигини мисоллар орқали ёрқин тушунтирди. “Қўлига яхши ниятлар билан қалам олган ёш иқтидор эгаси ҳеч бўлмаганда бир ҳафтада битта китоб ўқиши шарт”, деди.

Бундай ижодий дарслар бўлажак ёш журналистлар учун жуда муҳим. Бундай жонли суҳбатлар туфайли уларнинг фикрлари теранлашади, янги мавзулар ва мотивация пайдо бўлади. Шунда улар келажакда ўз йўлларини топиш имкониятини қўлга киритадилар. Масалан, биргина Ботир Зокиров ҳақида ёзилган “Юрак бўронлари” китобининг яратилиш тарихи санъат журналистикаси йўналишини танлаган ҳар бир талаба учун ўзига хос манба бўлишига ишонаман.

Рухшона ЮНУСОВА:

— Ёзувчи ва публицист, институтимиз доценти Ашурали Жўраев санъат соҳасини чуқур ва пухта билиши ижодий дарс жараёнида яққол намоён бўлди. Устознинг бир муддат унутилган, турли сабаблар билан юбилейлари нишонланмаган ўзбек миллий эстрада санъати асосчиси Ботир Зокиров сиймоси ёрқин акс эттирилган “Юрак бўронлари” китоби санъат ва маданият оламида ўзига хос янгилик бўлган. Шунингдек, муаллифнинг “Сенга кўнгил берсам”, “Дил гавҳари”, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”, “Майсалар уйғонган тонг”, “Виждон қўнғироғи”, “Одил Ёқубов хазинасидан” сингари китоблари ҳам мухлислар томонидан яхши кутиб олинган. Бўлиб ўтган ижод дарсидан бўлажак санъат журналисти сифатида ўзимга етарлича бебаҳо сабоқлар олдим. Ва устоздек шижоатли, қалами ўткир ижодкор бўлишни дилимга қатъий тугдим.

Шоҳсанам АБДУЛЛАЕВА:

— Мен устознинг дарс давомида айтган: “Ботир Зокиров билан суҳбатлашиб бўлгач, санъат соҳасида кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Суҳбатдан сўнг Ботир Зокиров билан хайрлашгач, то газета таҳририятига етгунча ўз-ўзимни имтиҳон ва шафқатсизларча таҳлил қилиб кетганман”, — деган сўзларидан ҳайрат ва ҳаяжонга тушдим. Ўйлаб кўрсам, биз бўлажак санъат журналистлари ҳам ўз-ўзимизни, олаётган билимларимизни ички имтиҳон ва таҳлилдан ўтказиб туришимиз керак экан. Шунда ўзимиз танлаган соҳанинг етук мутахассислари бўламиз.

Каромат ТЎХТАХЎЖАЕВА:

— Адабиёт ва журналистика — одамлар онгини, жамият тараққиётини юксалтирувчи ва шакллантирувчи жуда муҳим соҳалардан бири эканлигини устоз дарс жараёнида кўп бора такрорлади.

Дарс давомида устоз сўзнинг қадр-қиммати, инсон онгига ва қалбига қандай етиб бориши ва таъсир қилиши ҳақида ҳам тўхталиб: “Ёзувчи ва журналистнинг қўлидаги энг кучли қурол — бу сўз! Сўз билан инсонни ўзгартириш, унда яхши ва эзгу ниятлар тўла умидлар уйғотиш ёки аксинча, уни тушкунликка солиб қўйиш ҳам мумкин. Шу боис ижодкор ўз сўзининг қадрини билиши, уни юракдан ҳис этиб ёзиши керак”, деди. Шунингдек, Ашурали Жўраев адабиёт ва журналистика оламига катта иштиёқлар билан кириб келаётган ёшларга айрим зарур маслаҳатларни ҳам айтиб ўтдилар:

– ҳақиқатни ҳимоя қилишдан қўрқмаслик;

– китоб ўқиш ва ижодий изланишдан асло тўхтамаслик;

– ҳар бир ёзилган сўзнинг масъулиятини ҳис қилиш;

– одамларга ва жамиятга фойда келтирадиган ижод билан шуғулланиш.

Бу ижод дарсидан биз, бўлажак журналистлар бебаҳо сабоқлар олдик.

Дурдона ТЕМИРҚУЛОВА:

— Устознинг сўзларидан сўнг улуғ санъаткор Ботир Зокиров ижодига яна меҳрим ошди. Унинг оғир ва мураккаб ҳаёт йўли, эришган оламшумул ютуқлари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолади. Масалан, Франциядаги ижодий сафарда французларни лол қолдиргани ўзбек санъати тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган. Унинг бетакрор санъати собиқ шўро республикаларида ҳам юксак қадрланган ва баҳоланган. Яна устознинг сўзларидан маълум бўлдики, Ботир Зокиров Москва ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларидаги муҳташам санъат саройларида концерт бергани ҳам миллий эстрада санъатимизнинг умрбоқийлигини намоён этиб келаётир.

Хуллас, дарс давомида машҳур санъаткор Ботир Зокировни яна бир бор кашф қилдим. Ва яна ният қилдимки, санъаткорнинг Ўзбекистон давлат консерваторияси ёнида ўрнатилган муҳташам ҳайкали ёнидан ўтганимда, албатта, унинг ёнида тўхтаб, эҳтиром кўрсатиб ўтаман. Илоё, охиратлари обод бўлсин!

Валижон АБДУЛЛАЕВ:

— Бундан беш йил олдин ўзбек миллий эстрада санъати асосчиси, бетакрор хонанда Ботир Зокировнинг 85 йиллиги кенг нишонланди. Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти фаолият юритмоқда. Устоз Ашурали Жўраев Ботир Зокировнинг 50, 60, 70, 80 йилликлари нишонланмагани ҳақида куюниб гапирди. Президентимизнинг фидойилиги, жасорати туфайли Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ўлмас ижоди мангу ёруғликка чиқди. Миллатнинг бебаҳо маънавий бойлигига айланди. Шу жиҳатдан қараганда, устозимиз Ашурали Жўраевнинг “Юрак бўронлари” китоби ўзига хос воқеа бўлган. Истагим, устозга соғлиқ, ижодий куч-қувват тилаб, китобни яна давом эттиринг, деган тилак билдираман.

Саҳифа материалларини Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси доценти вазифасини бажарувчи, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Гавҳар НАЗАРОВА тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =