Ягона ватанмиз, битта халқдирмиз

Сайёра ТЎЙЧИЕВА

Икки дарё пойин ўпган гул диёр,

Осиё юраги бўлган шул диёр.

Пок ният, пок амал, азим келажак —

Барчасига Ватан бўлган шул диёр,

Бирлашсак шижоат, азму шаҳддирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Бобом эккан ниҳол зўр ҳиммат менга,

Момомнинг алласи чин ҳикмат менга.

Отамдан, онамдан меросим — Ватан,

Уни асрамоқлик саодат менга.

Томирда оққан қон, шиддат, жаҳддирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Дунёнинг бешигин тебратган бу эл,

Йўқдан бино қилган, яратган бу эл.

Карвонида илму маърифат ташиб,

Не-не довонларни титратган бу эл —

Шиддатим боламда, яна қалқ дермиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Қадим тарих йўли кимга пинҳондир,

Кечам ҳам бугуним сенга аёндир.

Менинг доно халқим, донишманд халқим —

Ҳамиша яхшилик, мардлик томондир,

Мардона боболар йўли-аҳддирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Ер юзин ёндирар уруш тўзони,

Гўдаклар фарёди тутар самони.

Менинг Ватанимда шодиёна тўй —

Маърифат замони, миллат замони,

Темур тутган байроқдек якка шаҳддирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Айтай қай бирини — баҳодирларим,

Ватан — орим деган қанча зўрларим.

Муқаддас юрт шаъни кўксида тумор —

Дунёлар таниган Жавоҳирларим.

Рақибни мот айлаб турган тахтдирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Ўз-ўзидан бунёд бўлмас иморат,

Юрт тақдири номус ила жасорат.

Халқ қисматин ўзин қисмати деган —

Бедор зотнинг ҳаётидан иборат.

Қадамлар залворли — қутлуғ аҳддирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз.

Эй, илм-маърифат, нурлар, бирлашинг,

Юрагида олови борлар, бирлашинг.

Эй, Ватан тарихин битаётганлар —

Алломаи замон, пирлар, бирлашинг,

Бирлашсак, эл деган ёруғ бахтдирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз,

Ягона Ватанмиз, битта халқдирмиз!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + eleven =