Юрагида оловли муҳаббат билан

Ўзбек адабиётида шоира Раъно Узоқова адабий мероси чуқур ўрганилиши керак

Раъно Узоқова XX аср ўзбек адибларининг бири сифатида алоҳида эъзозга лойиқ. Мардикорликка қарши кураш кескинлашган бир даврда дунёга келган Раънонинг уч ёшида етим қолгани ва шу боис Термиз темир йўл ишчиси Марям Бадриддинова тарбиясини олгани ҳақида кўп ёзилган. Бадриддинова саккиз ёшга кирган Раънони интернатга ўқишга берди. Шоира кейинроқ “Ўз ўтмишимга ўхшатма” деган бир шеърида қисман ўз таржимаи ҳолини ёзган.

Раъно интернатда яхши ўқийди. 1927 йилдан то 1931 йилгача Термиз таълим-тарбия техникумида таълим олади. Техникумни муваффақиятли тамомлаган Раъно бир неча йил ўрта мактабда ўқитувчилик қилади.

Аммо унинг юрагида адабиётга, шеъриятга жўшқин муҳаббат бор эди. Бу туйғу унга ором бермас, самовий юксакларга чорларди. Шу тариқа шеър туғиларди.

Ҳаётимнинг нашидасидир

Сен-ла кечган дамларим.

Фаслларим кулган баҳор,

Гуллари — мисраларим!

Бу дамлардан у тамомила рози эди. Бу дамлар бахти кулган қизнинг балоғат давридаги романтик ҳиссиётларга тўла дамлари эди. Гул ҳам, майса ҳам кўзига яшноқ, гўзал кўринади.

Ватанга садоқатини у чинакам фарзандлик туйғуси билан изҳор этади. Кейинчалик шоира “Бухоро ҳақиқати”, сўнг “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газеталарида ишлайди. Бу даврда асарлари матбуот юзини кўради. Шоира сифатида танила бошлайди. 1944 йилда эса у собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади.

Раъно Узоқова ўз касбини ғоят севишдан ташқари, фаол жамоатчи адиба эди. 1942 йили ўзбек халқи номидан Ленинград мудофаачиларига 1 май совғаси олиб борганлар орасида у ҳам бор эди. Тиш-тирноғигача қуролланиб олган манфур ёв билан ватандошларининг юзма-юз олишаётгани шоирага янги руҳ, янги мавзу беради.

Раъно Узоқова куч ва қувватга, ғайрат-эҳтиросга тўлган айни балоғат ёши — 31 ёшида юрак хасталигидан Самарқанд шаҳрида вафот этади.

Шу кунгача шоиранинг учта китоби етиб келди. Улардан бирини шоиранинг ўзи тузиб, нашр этишга муваффақ бўлган. Иккинчи ва учинчилари адабиётимиз жонкуяри Зулфия ҳамда Душан Файзийнинг ташаббуси билан нашр этилган. Шу асарларнинг ўзиёқ шоиранинг баракали ижодидан далолат беради.

Аммо шоиранинг ижоди ардоқли адиблар Шароф Рашидов, Насрулло Охундий, Душан Файзий, Нормурод Файзуллаевларнинг мақолаларини ҳисобга олмаганда, кам ўрганилган, илмий тадқиқ қилинмаган. Негадир шу вақтгача адабиётшунос олимларнинг эътибори у қадар Раъно Узоқова ижодига қаратилмаётир. Ҳолбуки, шоиранинг чуқур мазмунли, бадиий жиҳатдан бақувват, юксак инсонийлик туйғуси билан суғорилган шеърлари алоҳида ўрганишга арзийди.

* * *

Кўз ўнгимдан адибамизнинг ҳаёт йўли ўтади. Раъно Узоқова 30-йилларда Оққўрғон қишлоғида 7 ой ўқитувчи ва қишлоқ Советининг секретари бўлиб ишлагач, район театрига ишга ўтади. 1936 йилнинг августидан бошлаб Қизилтепа район театрида ишлади. Агар Раъно Узоқова машҳур шоира бўлмаганида, таниқли актриса бўлиши ҳам мумкин эди.

Раъно Узоқова саҳнада узоқ вақт ишлагани боис бир талай саҳна асарлари ҳам яратди. Шулардан бири — “Учрашув” эди.

Мазкур асар республикада хизмат кўрсатган артист Асрор Жўраев билан ҳамкорликда ёзилган. Қатнашувчилар ёш сайловчи, участка сайлов комиссияси раиси Бурҳонов, маҳалла қоровули Ҳожи қизиқ, масъул хизматчи Мирза Ўлмас, депутатликка номзод Усмонов, Одил қора, Карим будур, Омон пучуқ, сайловчилар, мусиқачилар ва артистлардан иборат эди.

Асар руҳига ўша давр сайлов тизими, бу тантанани ўтказишга омманинг қизғин тайёргарлиги, депутатликка номзод билан учрашуви халқ сайлига айланиб, сингдириб юборилган. Персонаж ва образларнинг тили, характери ўзига хос.

Анзират образида кўпроқ адибанинг ўзини кўрамиз. Бу образ унинг биографиясини янада бойитган, десак, хато бўлмас. Бу ҳол унинг ҳикояларида ҳам учрайди.

Адиба қаламига мансуб “Қувонч”, “Рашк”, “Табассум”, “Қиймат”, “Иссиқ-совуқ”, “Ўғирланган бахт”, “Зафарнинг ҳукми” ҳикояларида ҳаётда бўлиб ўтган бирон воқеа ёки бирор одам тақдири қаламга олинади.

“Рашк” ҳикоясининг қаҳрамони Алексеев — паровоз машинисти. У Ватан мудофаасига қурол-яроғ етказиб бериш билан банд. Аммо бекорчиликдан инжиқ бўлиб қолган хотини Наташа бўлар-бўлмасга хархаша қилаверади. Алексеев уни меҳнат жабҳасига тортди. Шогирди Зуҳрани машинист ёрдамчилигидан санатория поезд машинисти даражасига етказди. Наташа эрини қаттиқ севади, ишдан қайтишини ҳамиша интизорлик билан кутади. Бошқалардан рашк қилади… Хусусан, Зуҳрадан қизғанади. Аммо унинг рашки беҳуда эканлиги бир тасодиф туфайли очилади.

“Зафарнинг ҳукми” ҳикояси ўқувчини ҳаяжонга солади. Регистондаги кичик истироҳат боғида онаси билан сайр қилаётган бола қаршисидан чиққан ҳарбий кишини кўриб: “Дада, дада! Ойи, ана дадам!” деганча талпинади. Ёш жувон хижолатдан уялиб, болани бошқа томонга етакламоқчи бўлади. Аммо бола “дада, ўзимнинг дадам!” деганча ҳарбийнинг бағрига отилади. Ҳарбий уни даст кўтариб эркалай бошлайди. Бола ундан ажралмайди. Жангчи Ҳасан уларни кузатиб қўйишга мажбур бўлади. Уйга кирадилар. Маълум бўлишича, Зафарнинг дадаси Ҳасанга жуда-жуда ўхшар экан (буни каравот тепасидаги ўзига тик қараб турган марҳум жангчининг портретини кўриб, англайди Ҳасан). Зафар ҳануз кўзларини йигитнинг бўйнидан олмас, худди уни ташлаб, ҳозир чиқиб кетишини билгандек юзларига жавдираб тикилади.

Ҳасан Самарқандда анча туриб қолади. Ҳар куни оқшом кезлари Зафар уни тоқатсиз кутиб олар, кетаётганда эса ширин уйқуда бўлар, улар бир-бирларига ўрганиб қолишганди. Зафар Ҳабибахон ва Ҳасаннинг қовушиб кетишларига сабаб бўлди.

Раъно Узоқованинг насрий асарлари орасида “Уйлаган бахт” янада характерлидир. Ҳикоянинг сюжети адибанинг Кисловодск курортларидан биридаги таассуроти сифатида дунёга келган.

* * *

Раъно Узоқованинг достонлари алоҳида ўрганишга, тадқиқ қилишга арзийди. Бу достонларда ажойиб аниқ воқеалар ўзига хос услубда, равон мисраларда шундай ўйноқи, жозибадор, шавқли, дардли оҳангларда қуйилиб келадики, киши унинг асири бўлиб қолади.

Адиба ёш бўлишига қарамай, катта ҳаёт йўлини, гирдобли, тўғонсиз сўқмоқларни босиб ўтганиданми, унинг умр дафтари аниқ воқеаларга шу қадар бойки, уларни мақола, лавҳа, очерк, ҳикояларда айтиб улгуролмади чоғи, бир қисмини достонларига олиб ўтибди, қўшиқ тарзида куйлабди.

Қўлимизда шоиранинг беш достони: “Малоҳат”, “Ғалаба”, “Сарқиз” (биз уни шундай деб атаймиз), “Гуландом”, “Макр ва муҳаббат” асарлари бор.

“Гуландом”дан бошқа биронта достони ҳалигача эълон қилинмаган, бирор адабиётшунос олимнинг эътиборига ҳам тушмаган. Бизнингча, бунга сабаб шу бўлса керак: шоир ҳаётидаги шўрланиш ва “Гуландом” достонидан айрим парчаларнинг китоб шаклида келтириб ўтиши мумкин бўлган ҳамма асарлари, шулар қаторида достон ҳам унинг архивида қолиб кетди.

Достонлар ҳақидаги баҳсимизни “Сарвқад”дан бошласак. Бу адибанинг дастлабки асарларидан бири эди. Достонда амирлик тузуми, қашшоқлик, ишсизлик, чўпон Дуланинг бойлар хонадонидаги ҳасратли кечмиши, “Чўпон қиз” Сарвқаднинг орзу-армонлари ҳикоя қилинади.

Қора сочим ўсиб қошимга тушди,

Не савдолар менинг бошимга тушди, —

каби Сарвқаднинг мунгли надоматлари орқали қизнинг чигал ҳаёт йўли ифодаланади.

Адиба янги эпизодларни, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонликларини лиро-эпик асарларига олиб киради. Бу жиҳатдан шоиранинг “Малоҳат” асари аҳамиятлидир.

Шундай кишилар бор: улар ҳам севмоқчи, ҳам севилмоқчи бўладилар. Севгининг тантанасини қилишни истайдилар. Улар ҳам осойишта турмуш, пок муҳаббат лаззатини тотишни истайдилар. Аммо ҳаёт уларнинг тақдирини бошқа изга солиб юборади. Икки ҳаёт тўқнашуви туфайли улар бундай лаззатни тарк этиб, ижтимоий бурч туфайли бошқача одамга айланадилар.

Шоира “Макр ва муҳаббат” достонида топилмаларнинг бир афсонаси, яъни бир севги фожиасини қаламга олса, “Гуландом”да яна Иккинчи жаҳон уруши мавзусига мурожаат қилади.

Мен бу достонларни қўшиққа ўхшатгим келади. Чин севги, садоқат, Ватанга муҳаббат ҳақидаги бу ўлмас қўшиқлар ҳамон баланд авжда янграмоқда.

Келинг, шу китобга кирган баъзи шеърлар билан танишайлик:

Гул Ватаннинг моҳир қизлари,

Озод элнинг кўрар кўзлари.

Она Ватан чорлади бугун,

Баҳодирлар сафига киринг,

Мардлик билан мардона юринг! —

каби чақириқлар уруш кунлари учун сув ва ҳаводай зарур эди. Шоира бу долзарб мавзуда изчил ижод қилди. Элнинг юрагидаги дардини шеърга солди.

Жангчиларга бўлайлик ҳамдам,

Ярасига қўяйлик малҳам,

Оналардек меҳрибон, меҳрам,

Ҳамширалар, тез сафга киринг,

Ширинсўзлар, мардона юринг!

“Мардона юринг!” тўпламига йигирма битта шеър киритилган. Уларнинг ҳаммаси бир мавзуга — Ватан мудофаасига бағишланган.

Ҳамиша ёвузлик зулматни кесгандек, эзгулик ёвузликни енггандек, фашизм балосига қарши курашда — шоира “Мардона юринг!” деб хитоб қилади.

Минг афсуски, улуғ шоира Раъно Узоқова ҳаётлигида асарларининг мукаммал нашрини кўролмади. Бу бўшлиқни адабиётшунослар, Раъно Узоқова ижодининг садоқатли мухлислари тўлдирмоқдалар. Бугунги кунда Термиз, Самарқанд, Ургут, Жарқўрғон ва Деновда қатор маданий-оқартув муассасалари, ўқув юртлари, мактаблар, кўчалар Раъно Узоқова номи билан юритилади.

Раъно Узоқова жўшқин илҳоми, ҳароратли ижод олами билан ҳамиша адабиёт гулшанида барҳаётдир.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими, 

Денов туман маънавият ва  маърифат

бўлими раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 6 =