Йўқлик синови

ёки Шавкат РАҲМОН поэзиясига бир назар

Очиғини айтганда, ижодкорнинг чин умри у дунёдан ўтгандан кейин бошланади. Чунки тирикликда барча қатори ижодкорнинг ҳам борлиги турли сабаблар билан билиниб туради. Тириклар қаторидан кетгач эса унинг бор эканини билдириш фақат битиклари қўлида қолади. Агар ижодкорнинг асарлари тирик қолганларга керак бўлса, у дунёдан ўтгач ҳам яшайверади. Агар битиклари тириклар эҳтиёжига жавоб бермайдиган бўлса, ижодкор унутилади. Шу маънода йўқликнинг синови шафқатсизроқ бўлади.

Талабчан шоир, фидойи таржимон, оташин публицист Шавкат Раҳмоннинг дунёдан ўтганига йигирма йилдан ошди. Элда: “Ўлдинг — ўчдинг”, — деган эшитилиши совуқ, аммо ҳаққоний гап бор. Лекин чинакам истеъдод, йирик шахсият кўп асрлик мақолни ҳам янгилаши мумкин. Асл ижодкор дунёдан ўтгач ҳам номи ўчмаслиги, унинг чин бадиий умри тана йўқликка кетгач бошланиши Шавкат Раҳмон мисолида яққол кўринади. Гарчи унинг китоблари тез-тез босилиб турмаган бўлса-да, битиклари дидли шеърхонлар томонидан энг кўп ўқиладиган поэтик асарлар сирасига киради. Умидли ёш шоирларнинг деярли барчаси шеърият майдонига Шавкат Раҳмон поэзияси орқали келиши тобора аён бўлиб бормоқда.

Умр вафо қилганда, ўтюрак шоир бу йил етмиш бешдан ҳам ошган бўларди. Яшаган қирқ олти ва ёзган ўттиз йил мобайнида ўқирман ҳамда ижодкорларнинг эътибор, эътироф ва муҳаббатини қозониш учун истеъдодли бўлишнинг ўзи етарли бўлмайди. Ўзгаларни чинакамига сева билган одамгина бошқаларнинг севгисига сазовор бўлади, уларни ўзига эргаштиради. Сиртдан кўзга ташланмаса-да, Шавкат Раҳмоннинг шеъриятида одамга чексиз муҳаббат ёлқинланиб турарди. У, умуман, одамни, хусусан, миллатдошларини юксак инсоний фазилатлар эгаси бўлган минсиз шахс сифатида кўрмоқ истайди. Лекин атрофидагиларнинг ундай эмаслиги шоирда адоқсиз изтироб уйғотади. Шавкат Раҳмон шеъриятида кўп учрайдиган нафрат ифодаси, аслида, оташин муҳаббат берган мевалардир.

* * *

Ижод тажрибасидан маълумки, асл шеърият муҳаббат ёки нафратдан туғилади. Шавкат Раҳмон битиклари аксар ҳолларда адолатсизлик, ёвузлик, хунуклик, олчоқлик ва хиёнатга адоқсиз нафрат туфайли пайдо бўлган. Шу боисдан улар — жисмни тобловчи оғриққа, пўртанавор руҳий тўлғоқлар ва шамширдай кескир фикрлар ифодасига тўла. Унинг шеърлари ўқирманга ором бермайди, уни ўйга толдиради, изтиробга солади, руҳий оғриқларга дучор қилади.

У 1975 йилда ёзган бир шеъридаёқ дарду оғриқсиз, яъниким юраксиз яшайдиган одамга нафратини билдирган эди:

 

Кўзингизни очинг, қўрқманг,

Зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,

Майлига яшамак бўлсин қийинроқ

Очиқлиги туфайли.

 

Кишиликнинг муаммоларини кўрмаслик учун кўзни юмиб яшашдан оғирроқ жиноят йўқ шоир назарида. Шунинг учун шеърнинг давомида у, оғриқнинг зўридан тун бўйи инграб ётадиган шоир, оғриқларини “оғриқсиз юзларга отиб” юракларни уйғотишини таъкидлайди.

 

Зулфиқор руҳ керак,

керак чин ёғду,

чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин,

жисмимни тобласин фақат чин оғриқ.

чечаклар қоп-қора бўлса-да, бўлсин…

 

Чин сўз, чин туйғу, чин амалларга доимий интиқлик чин шоирлик белгиларидандир. Юқоридаги мисралар Шавкат Раҳмонни бошқа минглаб дардчил шоирларга яқин қилади. Шу билан бирга, айни шу мисралар Шавкат Раҳмон деган бадиий феноменнинг бошқалардан тамомила фарқ қиладиган жиҳатларини ҳам намоён этади: шоир “зулфиқор руҳ” истайди. Унга шунчаки қониқмаслик, шунчаки норозилик, руҳнинг шунчаки инжиқлиги хос эмас. Шоир инсоний комиллик, одамий тўкислик йўлида қатъият, эркакча амаллар лозимлигини чуқур англайди. Шу боис ҳеч ким айтолмайдиган йўсинда: “Борми эр қизлар?” — дея савол қўяди. Одам эр бўлгандагина ер бўлмаслиги шоирнинг барча асарлари замирига сингдирилган юксак туйғулардан биридир.

Шавкат Раҳмон шеърияти ташқи эффектларга унчалар бой эмас. Чунончи, шоир шеърларида ўзбек назми учун одатий бўлган тўқ қофия жуда кам учрайди. Бу шунчаки тасодиф эмас. Шавкат мусиқий мутаносибликдан, киши туйғуларини аллалаб чалғитадиган назмий оҳангдорликдан атай чекинади. Киши юрагига бехато етиб борадиган, кескир қиличдай теккан жойини ўйиб оладиган залворли ва қиррадор туйғуларни ўшанга монанд йўсинда ифода этади. Шеър оч қофияли бўлса, кишини аллаловчи мусиқийлик унчалар кучли бўлмайди. Шеърий сўз залвори мисралардаги умумий оҳанг оғушида йўқолиб кетмайди ва ўқувчи уни теранроқ идрок этиш имконига эга бўлади. Ш.Раҳмон битганларида товушларни ўйнатиб, ҳиссиётининг нозик қирраларини титкилаб сўздан олов чиқаришга эмас, балки ўз-ўзидан гуркураб ёлқинланиб турган руҳнинг ҳароратини, пориллаётган туйғуларнинг алангасини ифодалашга ярайдиган сўзларни қидиради. Шоир ҳаёти мобайнида ёниб яшади ва бундан малолланмади, аксинча: “Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!” — дея ҳузурланди.

Шавкат бир умр кескир зулфиқор руҳнинг ёрқин манзилларига етиб боришга астойдил интилиб яшади. У руҳдагина озодлик, ҳурлик бўлишини, руҳнинг фароғатсизлигигина маънавий лаззат бериши мумкинлигини чуқур англаган инсон, буни туйган ва туйдигини ифодалай билган шоир эди.

Чинакам шоир ҳамиша йўл кишиси. Фақат бу йўл жуғрофий эмас, балки руҳий манзиллардан ўтади. У гуноҳларга ботган заминдан орзудаги юрт — эзгулик тантана қилган кўнгилдаги маскан сари отланади. Бу йўлнинг машаққати кўп, озори чексиз, фароғат эса фақат мўлжалда. Лекин уйғоқ қалб жозибадор маскан — эзгулик сари чорлайверади. Шоир бу йўлга юрмоқчи бўлган киши қалтис лаҳзаларда панд бериши мумкин бўлган энг буюк душмани — хиёнатни ўлдириши лозим деб билади. Чунки хоин, хиёнаткор ва қўрқоқ кимсалар билан кураш йўлидан юриб бўлмайди:

 

Йўлдир бу,

нафснинг ботқоғи эмас,

қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.

Бу йўлга юзингни буришдан аввал,

ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

 

Адолат йўлидаги машаққатлар қанча бўлмасин, шоирни қўрқитолмайди. Уни “улкан соат ўртаси” — ўтмиш, бугун ва келажак орасида аросатда қолиб кетиш, тишлари ўткиру ҳислари тўмтоқ каслар билан яшаш хавфи чўчитади. Бундай касларни шоир “қашқирлар” деб билади. Шавкатнинг нурли манзиллар сари чинакамига отланган йўловчи экани саодат қарор топиши мумкин бўлган мангуликдан ҳам наридаги хаёлий маскан — Ўшга тийиқсиз интилишида намоён бўлади:

 

Улкан соат ўртасида

Мадорим йўқ юрмоққа,

Қашқирлар даврасида

Судраламан турмоққа.

Шунда қолиб кетсам гар

нетамиз?

Абадият оралаб

Ўшга қачон етамиз?

 

Шавкат Раҳмон: руҳи кескир шоир, шу сабаб сўзи, образлари, ташбеҳлари — кескир ва қонталаш. Унинг сўрашишга узатилган қўли ҳам ўрни келса, “…тиғдай ялтираб кетиш”га қодир. У: “…тилим қонар кескир сўзлардан”, — деб айтишга маҳкум ижодкорлардан. Унинг тиғли сўзларидан нафақат тили, балки дили, руҳий олами тилка-пора бўларди. Сўзки шунча оғриқли экан, бу сўзларни юзага келтирган туйғулар қанчалар азобли бўлса! Буларни туймоқ ва чўчимай, ҳеч кимни аямай айта олмоқ учун қанчалар жасорат керак бўлса! Шоирнинг: “…билмоқчи бўлсангиз агар шоирлик жасорат сўзининг таржимасидир”, — деган сўзларида зарра қадар чираниш, зўриқиш йўқ. Шоир дунёни тозаламоқ, уни такомиллаштирмоқ бўлади. Асли ҳар қандай чин шоир шу ниятда қалам суради. Ана шундай улкан ва вужудга сиғмас туйғуга эгаликкина одамни илоҳий сўзга ошно этади:

 

Каттароқ очилсин барча дераза,

шамоллатиш керак

дунёни бир оз.

 

Қалби безовта, руҳи уйғоқ шоир дунёни ўзиники билади. У — дунёга ҳам хўжа, ҳам хизматкор. Шу туфайли шоирнинг юқоридагидай даъватлари эриш туюлмайди. Чунки очун — унинг ўз мулки. У — дунёнинг чин эгаси. Эгаси бўлгани учун ҳам унинг тозалиги ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ қайғуришга ҳам бурчли, ҳам ҳақли.

Шавкат Раҳмон тамомила ўзига хос шахс бўлгани боис олам манзараларини мутлақо ўзгача кўрадиган, ўзгача туядиган, кутилмаган ҳаётий ҳодисалар замирида фожиа кўра биладиган шоир эди. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам бошқаларникига ўхшамасди. Унинг шеърларини ўқиган кишида шоир умр бўйи ўз бахтидан хижолат чекиб, омад ва оромидан уялиб яшаган, деган ўй пайдо бўлади. Олам тартиботининг нотугаллиги, одамнинг нокомиллиги, жонини тиккани — Ватаннинг обод эмаслиги, ҳаётини бағишлагани — миллатнинг норасолиги, инсонлар руҳиятининг бу қадар чиркинлашгани шоир қалбини тиғдай яралайди. У Ватани ва миллатининг аҳволи учун хижолат чекади, ўзини айбдор сезади. Шу боис у бахт ҳақида гапиришдан, енгил, роҳатбахш ҳаволарда куйлашдан қаттиқ оғринади:

 

Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,

бахт сўзин айтаман,

элдан кейинроқ.

 

Шавкат миллатининг одамлик ва одамийлик даражаси билан келишмай яшади. Менимча, у одам сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам жангари эмас, лекин муросасиз эди. Шу боис унинг битганларида чиркинликка исён, уни инкор қилиш; ёруғлик, тозалик ва юксакликка интилиш кучли эди. Унинг зулфиқор руҳга интиқлиги шундан.

Шавкат Раҳмон излаган, қўним топган зулфиқор руҳ манзиллари ҳақида фикрлаш кишини унинг мураккаб шеъриятини бир қадар англаш имконини беради. У шеъриятга ҳеч қачон кўнгил эрмаги, руҳнинг инжаликларини намоён этиш воситаси, деб қарамаган. Унинг учун шеърият ҳаёт-мамот масаласи эди. Шоир ўзининг зулфиқор руҳи бош уриб борадиган маконлар: кўнгил, миллат, Ватан сингари манзиллар ҳақида ёниб ёзарди.

Шоир кўнгил ювилмагунча, покланмагунча одам ўзгармаслигини, одам ўзгармагунча олам тароватли бўлмаслигини туйгани боис ёзади: “Бир ёмғир истарлар, ғассол истарлар…”. Ўз кўнглини поклаб юксалтиролмаган миллатнинг юксалиши мумкин эмас. Одамнинг одамлигини, элнинг эллигини кўнгил мартабаси ҳал этади. Шавкат Раҳмон кўнгилнинг ўлмаслигини, абадийлигини шундай ифодалайди:

 

Мендан нима қолур,

абадий нурлар

барқ уриб яшнаган дунё томонда?

Уриниб-суриниб сира тўлмаган

бир кўнгил қолади

қолса ҳам мендан.

 

Дунёнинг мавжуд тартиботидан шоирнинг нозик кўнгли асло тўлмайди. Чунки одамзод тўла комил бўлмаган оламда шоир кўнгли тўлиши мумкин ҳам эмас. Шу боис у ўз кўнглини қонталаш қилиб бўлса-да, ўзга кўнгилларга етиб бормоқ, уларни нафснинг исканжасидан қутқармоқ, юксак аъмоллар ҳақида ўйлашга мажбур этмоқ истайди:

 

Фақат ишқ…

Фақат ишқ…

Бошқаси сароб,

Бошқаси шамолнинг оний сурони, —

 

деб ёзади шоир “Муножот” шеърида. Чиндан-да ўзини таниган, қалбини тафтиш қила оладиган одам учун ишқдан бошқаси, кўнгилнинг юксак интилишларидан ўзгаси — ўткинчи ва омонат. Аммо ҳамишалик қадриятни ўткинчи ҳавасларга алмаштиришга ҳозир бўлган каслар саноқсиз. Бундайлар ҳақида шоирнинг: “…тафаккур сасиган, руҳлари сўлган”, — дейиши адолатдандир. Шавкат Раҳмон фақат тирикчилик кўйига тушиб, кўнглини буткул унутган инсоннинг сезимларини уйғотишга, унинг ҳам одам эканини эслатиб қўйишга уринади: “Узоқроқ тикилгин ўзингга, одам!” “…ахир, вужуддамас, қалбдадир қувват”. Шоирнинг кўнгли — ўта нозик ва сезгир. Шу боис ҳаётдаги жиндай адолатсизлик, андаккина зуғум уни мувозанатдан чиқаради, юрагида чандиқ қолдиради:

 

…ҳақорат — хотирга санчилган найза.

Сезаман, поёнсиз қоронғиликда

чинқириб ўсади хўрланган майса…

 

Шоир истайдики, кўнгил майсаси зўрлик кўрмай, шодумон ўссин. Асли шу таъсирчан, яланғоч ва ҳимоясиз кўнгил хоссалари одамни шоирга айлантиради. Мўъжазгина кўнгилнинг дардлари, оғриқлари қанчалик улкан бўлса, шоирнинг таланти ҳам шунга мутаносиб йирик бўлади. Йирик кўнгилга эга бўлгани учун ҳам Шавкат Раҳмон ғурур билан:

 

Маним, кичик кўнглим,

ай, шоир кўнглим,

нокаслар раъйига тушмаган, кўнглим!..

 

деб айта олганди.

Шавкат Раҳмоннинг “зулфиқор руҳ”ияти безовталаниб изарлаган иккинчи манзилдан миллат жой олган. У “Иқрор” шеърида ёзади:

 

Мен жангчи эмасдим,

мен шоир эдим,

ниҳоят шоирдан кўра зобитман,

ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,

нафсига куйганлар келди оқибат.

…япроқдай сарғардим буюк урушда

мусулмон йўқ эди,

йўқ эди миллат.

Шавкат Раҳмонни шоир қилган ҳам, уни адоқсиз ғамбодалик қучоғига итқитган ҳам ўз миллатига чексиз муҳаббат туйғуси эди. Шоирнинг туйғулари — эркакча. Унинг муҳаббати чучмал навозишлардан йироқ. Тўғри, у миллатини суяди, лекин ўйсиз, кўр-кўрона, тафтишсиз эмас. У миллатнинг хор бўлиши ҳам, юксалиши ҳам унинг ўз қўлида эканини англайди ва бу англам шоирнинг деярли барча шеърларида акс этади:

 

Вой, одам,

Вой, итнинг калта оёғи,

Кўзингда қайнайди ажиналаринг,

Худодан сўрайман эс-ҳушим оғиб,

Тезроқ тугасайди ганжиналаринг.

 

Ўзидан, кўнглидан, қадридан бехабар, умрини нафси йўлида ганжина қидириш ва йиғишга сарфлаган миллат итнинг кейинги ҳамда “калта” оёғи бўлиб қолиши, бундай каслар тўдасини нафсидан бўлак нарса қизиқтирмаслиги фожиаси шоирни ўртаб юборади.

Шавкат Раҳмон ижтимоий лирикасининг энг сара намунаси бўлмиш “Туркийлар” шеърида асосий этник белгиси: бошсизлик ва бирикмаслик бўлган туркий халқларнинг фожиаси лахта-лахта қонга айланган шоир юрагининг аччиқ фарёди тарзида ифода этилади:

 

Туркда бош қолмади…

қолмади довлар…

…Туғилди,

Туғилди,

Туғилди қуллар…

 

Ш.Раҳмон миллат олдига масала қўйишга, бугун ўзбекнинг аждодлар тарихига муносиб яшай олмаётганлиги сабаби ҳақида ундан сўрашга, ўринли жавоб ололмагач, эли тийнатидаги иллатларни шафқатсиз тарзда очиб ташлашга ўзида куч ва ҳақ топади:

 

Эй, элим,

қачондир бир гала бедил

кўксингдан дилингни суғурган маҳал

нега шол юзингни бурдинг тескари,

нега тирик қолдинг ичмасдан заҳар?!

 

Миллий шеъриятимиздаги халқ тасвирга тортилган битикларда у ҳамиша жабрдийда, қурбон тарзида кўрсатилиши одат тусини олган бир вақтда, итоаткорлик, мунглилик, бечоралик, муштипарлик миллат учун фазилат эмас, балки иллат эканини фақат уни астойдил суйган ва унинг учун чинакамига куйган фарзандгина очиқ айта олади. Шавкат миллатнинг ўзини ҳам қотил, ҳам мақтул деб билади. Чунки қуллик ўлим бўлса, қулликка кўникиш ўзига нисбатан қотилликдир. Шоирнинг ўзбекларга кейинги иддаоси янада каттароқ. У “Кенглик соғинчи” шеърида ёзади:

 

Эй беклар,

заҳар ич — ўзбегинг қолиб,

ўзгага бўйсундинг,

ўлганинг шулдир.

Шунданми бошида теридан қолип

Саксовул сингари майишган будун…

 

Шавкатнинг миллат ҳақидаги шеърлари фақат мазмун кўлами билан эмас, балки ифода тарзи билан ҳам ўзига хос ва ўта таъсирлидир. Бу йўлдаги шеърларда шоир шахсиятига хос сифатлар ёрқин намоён бўлади. Туйғулар ўзининг энг мувофиқ ва энг маъқул ифода шаклини топади. Шоирнинг миллатга қарата: “…ўлар бўлсанг, озодлардай ўл, қолар бўлсанг, энди бириккин”, — тарзидаги хитоби ўқирманни сескантиради, ҳаётининг чин маъноси ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Айни вақтда бу фикрларнинг ифода йўсини ҳам ғоят оригинал экани билан эътиборни тортади.

Ш.Раҳмон олам манзараларини, тафаккур хулосаларини тамомила ўзига хос идрок этади. Шунинг учун ҳам:

 

…эгилган нарсалар тегар ғашимга…

эгилган бошларни

қиличлар кессин, —

 

дея ўзбекнинг кенг тарқалган машҳур мақолини инкор қилади. У ҳар бир ўзбекнинг одамга муносиб тарзда мағрур бош кўтариб яшашини орзулайди. Шунга интилмаганларни кечиргиси келмайди.

Шавкат Раҳмоннинг зулфиқор руҳи безовта кезиб, сарсари излаган учинчи манзил Ватан эди. Шоирнинг Ватанга муҳаббати чегара билмайди ва у чақириғу ундовлардан иборат эмас. У ҳаракатга, амалга қобил: “…шоир юрагимни юлиб берардим, биргина Туркистон деган сўз учун”. Айни вақтда у Ватан туйғусини ўз вақтида, етарли кўламда англамадим, деб ўзидан ёзғиради, чуқур изтироб чекади. Шоир Ватанни англаш йўлида ҳеч кимни, жумладан, ўзини ҳам аямайди. Шу боис: “Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин сочим оқарганда англадим, Ватан!” — дейди ўкинч билан. Ватан ҳақидаги тўхтам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Ҳар киши ўз Ватанини яшаб ўтиши керак. Шоир Ватанини ичига жойлагунча, ичдан кечиргунча, уни ўз умри билан яшаб ўтгунча, сочи оқарди.

Ш.Раҳмон кўнгил, миллат ва Ватан ҳақида ҳамиша андуҳли ёзарди. Аммо улар ёруғ манзилларга интилган некбин соликнинг андуҳлари эди. Шу маънода, шоир келган тўхтам айни ҳақиқатдир:

 

Порлар тошга дўнган сўзларим,

порлар мангу одамий руҳим,

порлар Ҳаққа ташна кўзларим,

худо берган мангу андуҳим,

ёруғ андуҳим…

 

Шавкат Раҳмон шеърларини синчиклаб ўқиган одамга шоир тирик эканлигидан, бу ҳаётда яшаётганидан хижолат тортаётгандай туюлаверади. Бу ҳол унинг битганларида бот-бот бўй кўрсатади: “Кўпроқ яшаб қўйдим, шекилли”, — дейди бир шеърида. Шоир норасо элни, нораво Ватанни ташлаб кетишга шошилиб яшагандай… Шунданмикан, киши Усмон Носирни қария сифатида кўз олдига келтиролмагани каби Шавкат Раҳмонни ҳам етмиш беш ёшли оқсоқол сифатида тасаввур қила олмайди. Бутун бир миллату Ватаннинг зил дардини ортмоқлаган мажруҳ кўнгил билан шунча йил йўл босиш осонмас, албатта.

Қўл урган ишига астойдил киришадиган Шавкат шоиргина эмас, ҳалол ва заҳматкаш таржимон ҳам эди. Унинг заҳматкашлиги шунчаликки, ижодига меҳр қўйган Лорканинг шеърларини олдин русчадан ўзбек тилига ўгириб кўрди. Лекин севимлиси Лоркани эмас, балки унинг таржимонларини таржима қилаётганидан қониқмай, атай испан тилини ўрганишга киришди. Натижада таржималарида испан шоири шеърларининг маъносинигина эмас, унинг оҳанги, ифода йўсини, табиий стихиясини ҳам бера олди. Шавкатнинг айнан Лорка шеърларига муҳаббат қўйиши ҳам бежиз эмас. Чунки Шавкатнинг ўзи каби Лорка учун ҳам шеърият фақат кўнгил ҳолатлари ифодаси эмас, балки озодлик, эрк, гўзаллик, бахт сингари эзгу инсоний сифатларга эга бўлиш учун курашиш воситаси эди. Лорканинг: “Зиддиятли давримизда ижодкор халқ кулса кулиб, йиғласа йиғламоғи, ўз бинафшаларидан воз кечмоғи, белигача ботқоққа ботиб бўлсаям бинафша излаётганларга кўмаклашмоғи шарт”, — тарзидаги ёндашуви шоир Ш.Раҳмоннинг ҳам шахслик белгиларига хос хусусиятлар эди. Лорка чин ижодкор ўз бинафшаси (бахти, деб ўқинг)дан воз кечиб бўлса-да, халқ бахти учун курашаётганларга ёрдам бериши керак, деб ҳисобларди.

Лорканинг деярли барча шеърларига хос табиат кўриниши билан инсон руҳияти ўртасидаги қарама-қаршиликни кўрсатиш усулига хос жиҳатларни таржимон ўзбек тилига ҳам бор жозибаси билан кўчира билган.

Ш.Раҳмон ўзини аямайдиган, зиммасидаги юкини енгиллатишни ўйламайдиган йўл аҳлидан эди. Шунгамикан, у ёлғон дунёни жуда вақтли ташлаб кетди. Аммо, яхшиямки, умр фақат яшалган йиллардан иборат эмас. Қилган маҳсулли амаллар ҳисоб экан.

Чинакам ижодкор башоратчи бўлади. У битганларида билиб-билмай, ўз қисматини башорат қилади. Сирли йўсинда ғайб олами билан туташ, аммо ерда унинг адоқсиз ташвишлари орасида яшашга маҳкум ижодкор ўзгаларни-да ўзиникидай юксак туйғулар оғушида яшашга ундайди. Хайриятки, бу оламда чексиз тўсиқларга қарамай юксак манзилларни кўзлаб яшай оладиган буюк зотлар бор. Бу серташвиш дунёнинг юки шундайлар елкасида.

Шавкат Раҳмондаги баланд руҳ, эркин кўнгил атрофга тийрак назар билан ҳушёр қараш имконини беради. Руҳ уйғоқлиги, кўнгил эркинлиги шоирга кутилмаган ташбеҳларни тақдим этади. Руҳи қолипда бўлган кишининг фикри ҳам, туйғулари ҳам бўғовда ва унинг яратиқлари эса қафасбоп бўлади. Чунки фикр ҳам, туйғу ҳам яратиқ сифатида яратувчиси даражасидан ортиқ бўлолмайди. Шавкат Раҳмон эркин руҳ кишиси ўлароқ қалб қийноқлари, руҳий изтиробларига қарамай, эзгуликка умид қила олди:

 

...Бироқ ерда мангу яшайдир

кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,

демак, ўлмас бу дунёда ҳеч

худо берган эзгу сўзларим…

 

Ўтюрак шоир ва дилбар шахс Шавкат Раҳмоннинг эзгу сўзлари ўзбек билан бирга мангу яшаяжак!

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,

педагогика фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 1 =