Гул ифори

Юрагини босиб ётган тошлар оғирлашгандай нохуш алпозда кетиб бораркан, уйи томон йўналган йўл кун сайин узайиб бораётгандай туюлди. Йўқ, оралиқ масофа узаймаган, қадам ташлаши ҳам ўша-ўша бир текис; ҳамма гап ҳувуллаб ётган юрагида. Кўнгил дарчалари тақатақ беркки, бир отим нурнинг юрагига сизиб киришига изн бермайди. Изн берганида эди, аввали ва кейини туташган йўлда ҳозир шамолдай елиб бораётган бўлармиди? Қаршисида муаллақ қолган нурни на қониб сипқоради, на ундан кескин юз буриб кетади. Кўриб кўрмасликка оладики, охир-оқибатда ўзи парчаланиб кетса-ю, виждон олдида ҳисоб беришдек оғир синовдан уни халос этса!

“Амакижон, гул олинг”, деган қўнғироқдай овоз хаёлини тўзғитиб юборди. Хушламайроқ овоз келган ёққа ўгирилганди: қирмизи кўйлакли, лўппи юзли, тийрак кўзли, ёқимтойгина қизалоқ: “Амакижон, келинойим учун гул олинг”, — деб бир дона атиргул узатди. Керак эмас, дейишга тараддудланган ҳам эди, гул сотавериб, гапга уста бўлиб кетган қизалоқ эътирозга имкон қолдирмади. Оқибатда қандай қилиб қип-қизил атиргулларни савати билан сотиб олганини билмай қолди. Уни атиргуллар умуман қизиқтирмас эди; узун киприклари пириллаб турган бийрон қизалоқ хаёлида яшаётган қизалоғига жуда ўхшагани учунми, шунчаки бепарво ўтиб кетишга кўнгли бўлмади.

Яримлаб қолган йўлида давом этаркан, шу ёшида ўн саккиз яшар йигитчадай гул кўтариб юргани эриш туюлди. Қўлидагини муюлишдаги дарахт остига ташлаб кетишни мўлжаллаб бораркан, димоғига урилаётган таниш ҳиддан кўнгли ажабтовур бўлиб кетди.

Ҳар куни ишдан келиб, қўнғироқни босганида, эшик зулфини туширилиши биланоқ, мана шу ифор уни қаршилайди. Ажабки, шу пайтгача бу ифорнинг қанчалар хушбўйлигига аҳамият бермаган экан. Аксинча, бошдан-охир жисмига сингиб кетмоқчи бўлган ифорга қанчалар эътиборсиз бўлса, эгасининг майин табассумини ҳам худди шундай жавобсиз қолдириб, ўзини ичкарига оларди.

У авваллари бунақа лоқайд эмасди, қачон бунчалар тундлашганини ўзи ҳам билмайди. Охирги йиллардаги юриш-туришини хаёл чиғириғидан ўтказаркан, кун сайин қўрслик қобиғига ўралиб, бир муштипар аёлга ноҳақлик қилаётганини ич-ичидан ҳис қилди; лоқайдлигидан юраги зил кетди.

Бир вақтлар борини бериб севган аёли ҳозир бу гулларга арзимайдими? Йўқ, арзийди, минг чандон арзийди! Аммо томдан тараша тушгандай, гулни нима деб олиб боради: эриш туюлмасмикан? Йўқ, аёли жуда фаросатли, қуёш қаердан чиқди, деб уни ўнғайсиз аҳволга туширмайди. Қўрслигига табассум билан сабр қилгани каби буни ҳам сўзсиз мамнуният билан қаршилайди.

Қизиқ, уни қанчалар хушҳол қаршиламасин, аёлининг кўзлари қандайдир маъюс; майин табассумлари ортида не дардлар яширинган экан? Афсуски, бугунгача бунга қизиқиш нари турсин, аёлининг кўнглида тоғдан улкан дардлар бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаганди. У жимжитлик гирдобида муаллақ қолганини ҳаётнинг ўзига нисбатан золимлиги деб биларди. Аслида, атрофида гирдикапалак аёлининг тирноққа зорлиги камдай, меҳрга ташна кўнглини бепарволик даштида адаштирган ўзи золимми? Ё аслиятига кўзгу тутаётган ҳаёт золимми? Бу сўроқларнинг жавобларига иқрор бўлишга тайёрми ҳозир? Тан олиш шунчалар оғирки, ҳақиқатнинг кўринмас қўллари юрагини ғижимлаб ташлади.

Кўзлаб келаётган муюлишидан ўтиб бораркан, бир лаҳза бўлсин, атиргулларни ташлаб кетишга тараддудланмади. Сал аввал кўнглидан ўтган иқрорларидан энтикиши асносида юрагида йилт этган нур уни алланечук дадиллантирди. Одимлари тезлашиб, зинапояларнинг иккитасини бир қилиб, юқорига кўтарилди.

Эшик қўнғироғини ҳар қанча чалмасин, ичкаридан пешвоз чиқувчи бўлмади. Бу ноодатий жимликдан бетоқатланиб тақиллатганди, эшик қулфланмаган экан, қўли тегиши билан ичкарига очилди. Аввал даҳлизга, ундан ўтиб ошхонага, сўнг ҳувуллаб ётган хоналарга бир-бир бош суқди.

Уйнинг кимсасизлигини кўриб, юраги интиқиши баробарида алланечук саросималанди. Шалвираган кўйи ошхонага қайтиб кирганида, дераза рўпарасидаги столга қараб, баттар таажжуби ошди. Мўъжазгина дастурхонда ҳар кунгидай кечки тановул ҳозирланган, аммо стол атрофига бор-йўғи битта ўриндиқ қўйилганди. Бунинг боисини тушунолмай, ўйлагани сари ўйлари тутқич бермай ёйилиб, адоқсиз саволлар юрагини пармалади. Хаёлидаги алғов-далғовлар орасида аёлининг эрталабки қиёфаси юзага қалқди.

Эрталаб ишга кетаётганида кўчага довур ортидан кузатиб чиқди. Табиийки, доимгидай жимгина, аммо лаблари қимтилган тушуниксиз бир алпозда. Ортидан нега эргашганини сўраш нари турсин, мижжасидаги бир томчи ёшни кўриб кўрмасликка олди. Бу ҳам майли, нимадир дейишга оғиз жуфтлаганида қадамларини тезлатганди. Нонушта пайтида ҳам кўп бор тараддудлангани, лекин оғир ютиниш билан кифоялангани ҳозир кўз олдидан ўтди. Қизиқ, шунчалар қийналиб нима демоқчи бўлган экан, нима демоқчи бўлганини энди қандай билади? Умрини ўзига бағишлаган инсонга нисбатан ҳам шунчалар бепарво бўлиш мумкинми? Шўрпешона аёлнинг гуноҳи нима эди? Уйининг ҳувуллаб ётишига у айбдор эмас-ку. Ҳаммаси унинг қўлида бўлганида, ҳозир шу алпозга тушармиди? Йилларки тўрт девор ичида шўппайиб, ёқасига ёпишган жимжитлик билан курашда бахтиқаро аёл юрагининг тилинмаган жойи қолганмикан?

Қанийди, бу сўроқларга бериладиган жавоб ортидан келадиган оғриққа барҳам берадиган майин жилмайишни яна бир марта нигоҳи билан сипқорса, жавобан меҳр билан тикилса! Энди бунинг имкони бормикан? Энди йиллар санчган ҳасрат наштарларини парчалашга кеч қолмадимикан? Шу кунга довур кўнглини ўртаган жимжитликка таққослаганда, ҳозирги ёлғизлиги улкан ва аянчли кўринди.

Шундоқ аянчли ёлғизликда қолганига ишонгиси келмайди, аммо ҳиссиз қарашлари билан ширин сўзига илҳақ муштипарни кўксидан итарганида муддаоси шу эмасмиди? Чархнинг югуриклигини қарангки, нима тилаган бўлса, ана, ҳозирлаб турибди. Яна бир қадам, охирги қадамни ташласа бас, столнинг ўриндиқсиз томонидаги ликопчада қолдирилган никоҳ узуги кўзга ташланади; бошига адоқсиз ҳасрат тоғи қулайди. Бир бахя қолганида, шу бир бахянинг измини қўлга олиб, оҳиста очилган кўча эшигининг ғичирлаши бутун диққатини ўзига тортди. Туйқус иссиқ нон исига қоришиб кетган таниш ифор димоғига урилди. Уйидан кетгани билан муюлишдан нарига ўтолмаган аёлининг нафаси уни муқаррар ёлғизлик гирдобидан юлиб олди.

Садоқат ҲАМРАЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + nine =