Шоберди бахшини эслаб…

Кечагидай ёдимда: март ойи эди, бобом Шайдул карвон бобо қўлимдан етаклаб, устозимнинг хонадонига олиб борган эди. Машҳур бахши бобомни яхши танир экан: термаю қофиялар билан кутиб олди. Чеҳраси ёришиб, ичкарига манзират қилди. Сўрашиб, аҳволлашиб бўлганларидан сўнг, бобом гапнинг устини очди: “Шу неварамнинг чечан бўлгудай чўти бор, барибир қонида бор-да: отасининг тоғаси ўз даврида катта бахши ўтган, син солиб бир қаранг қани”, деб таниқли бахшига юзланди. Мен “жигитча” бўлиб қолган эдим: ўз уйида кўнглини очиб, тилазаки гаплардан қочиб гурунг бераётган бу инсоннинг машҳур Шоберди бахши Болтаев эканлигини аллақачон билган эдим.

Шунда Шоберди бахши бир жилмайиб, тўрда осиғлиқ дўмбирани олиб: “Қани, бир чертинг”, деди. Э, оғайнилар, уста одамнинг сусти бўлади, ҳар қандай ўсмир боланинг ҳам бирор каму кўсти бўлади, шундай пайтда лаб чимирмай далда бериб жилмайган устоз ўрганчик шогирднинг чин дўсти бўлади! Дўмбирани қўлимга олиб, билганимча черта бошладим. Бобом дорда ўйнаётган дорбозга қарагандай алағда, Шоберди бахши бўлса кўзлари билан далда беради. Дўмбирани шогирдлик таомилига кўра, одоб билан ёстиқнинг устига қўйдим: кўзи билан далда берса ҳам кўнгли билан ҳар бир ҳаракатимга син солиб ўтирган бахши бу ҳаракатимни маъқуллаб, жилмайиб қўйди. Шоберди бахши “сиполик”дан йироқ инсон экан: фикрини очиқ айтиб қўя қолди. “Карвон бова, яхши бола тарбия қипсиз, энди уч-тўрт кун бизникида қолади, худо синган бўлса, ном кўтарган бахши бўлади”, деди.

Шу-шу бўлди, мен шогирд тушдим. Бобом қиблага қараб, оёғини тираб дуо берди. Бахшиларда устоз-шогирдликнинг удуми бошқача: бу удумни икки-уч варақ қоғозга сиғдириб бўлмайди. Алқисса, журналистлар тили билан ­айтгандай, мен устоздан бахшичилик сир-­асрорларини ўргана бошладим.

Сал вақт ўтиб, Шоберди бахшини Деновнинг собиқ Ильич номли (ҳозирги “Наврўз”) хўжалигида бўладиган “Наврўз” байрамига таклиф қилишди. Наврўз сайлида одамлар сочилиб, ҳар ким ўзи истаган жойда айланиб юради: биров концертда, яна биров олишу кўпкарида, яна кимлардир майсаларга ёнбошлаб атрофни томоша қилади. Бир вақт навбат Шоберди бахши Болтаевга берилди. Устоз кўзларини юмиб, дўмбирани бағрига олиб, бир наъма бошлаган эдики, қиёс қилдим, ирмоқлардан сувлар бир жилғага йиғилди: ҳар тўбадан одамлар гурас-гурас оқиб келарди! Одамлар гала-гала, села-села тўбалардан тарам-тарам бўлиб бахши бобо томон жела бошлади. Бир куй тугамасдан бахшининг атрофида одамларнинг зич ҳалқаси ҳосил бўлди. Шунда бахши эл билан саломлашиб, икки-уч оғиз тилак айтиб, бирдан менга юзланди: “Ҳей бачча, менинг қабатимга кел”, деди. Мен бунча одамнинг қаршисига биринчи марта чиқишим эди, ичимда ҳаяжон эмас, масъулиятга ўхшаш бир туйғу бор эди. Аста чиқиб бордим. Бахши менинг елкамга кафтини қўйиб, мухлисларга қараб: “Эй биродарлар, қон-қариндошлар! Шу бачча икки кун бўлди Бойсунтовнинг белидан ошганига, “Мўнчоқ”қа бориб менга шогирд тушганига, менам бир қараб билдим бу бачча Шойдил карвон бованинг уйида дўмбирачи бўлиб пишганига! Еттининг бири Хизр дейди, еттиники тегмаса, бирники тегади: эй халойиқ, шу баччага бир дуо берайик. Шу саҳнадан орангизга қарадим, Хизр кўрганлар борлигини сезди журагим, сизлардан бир дуо сўрадим. Қўлларди кўтарайик, шу бачча ўзимдай бахши бўлсин! Овмин!”, деб кафтини ёйиб дуо қилди. Одамлар “омин” деб қўшилди.

Устоз-шогирдлик таомили шундай: устоз дуо бермаса, шогирд дўмбира кўтариб ўртага чиқолмайди. Шоберди бахши тантилик қилди, ўзи берган дуоси билан қаноатланмай, элдан дуо олиб берди, ўзимдай бахши бўлсин, деди. Бу дуолар, устозимнинг тилаклари менга қанот бўлди. Устозим хонадонида саккиз йил юриб, ўрганган нарсаларимни ёзсам, катта китоб бўлади. Лекин энг кўп ўрганганим – устознинг хислатларидан ўрнак олдим ва билдимки, Шоберди бахшини элга танитган фазилатлар фақат у кишининг беназир санъати эмас, элга манзур гапни топа билиши, ҳар бир инсоннинг ҳурматини жойига қўйиши, элнинг меҳрини қадрлаши эди.

Ҳа-я, у кишининг яна бир фазилати бор эдики, бу ҳақда гапирмай ўтолмайман. Қумқўрғон туманида, Боботоғнинг этагида жойлашган Бойматов бобо қишлоғига бирга ҳизматга бордим. Шоберди бахши достоннинг “ичига кириб” куйлар, мухлислар берилиб тинглар эди. Достон шундай жойига келди: Алпомиш Қалдирғоч синглиси билан учрашган жойи эди, шунда Қораолчин деган чобағон таканинг овхирисини олиб келиб, Қалдирғоч ойимнинг ўтовининг устидан ташаб, бир-икки оғиз беҳаё гап гапириб ўтиб кетади. Шунда Қалдирғочойим бу гапни тенасига сиғдиролмай жилаб турган жойи:

Оға десам, кўзимдан ёш томади,

Шундай кунда эмчакдошим кемади.

Қандайлар бекнинг синглиси эдим,

Ёлғончида жургилигим қолмади

Жилаганга Оллоҳ мадаткормикан,

Куйган қулга бу ёлғончи тормикан?

Жер бетида жургилигим қолмади

Ёлғончида эмчакдошим бормикан?

Бир майдон Қалдирғочойимни йиғлатиб, ўзи ҳам йиғлаб, достоннинг ичига кириб, ўзи ҳам куйлади, тингловчилар ҳам йиғлаб тинглаб сел бўлиб кетди… Шунда бир мухлис: “Эй Шоберди бахши, юраклар сел бўлиб кетди! Энди шу уккағар ғанимни бирёқли қилинг”, деб юборди.

Ўзбекистон халқ бахшиси унвони яралишига ҳам сабабчи устозим эканлигини кўпчилик билмаса керак. Раҳматли Биринчи Президентимиз Сурхондарёга ташрифлари чоғида устозим сўзга чиқиб, бир-икки оғиз бахшиёна терма куйлагандан кейин, Каримов бобо у кишини бағрига босиб: “Юртимизда шунча унвонлар бор, нега бахшиларга унвон йўқ? Бугун шу унвонни таъсис этсак”, деб залга юзланди. Шунда барча ўрнидан туриб, олқишлаб қарсак чалиб юборди. Бу тарихий воқеа менга илҳом берди, шунда шундай тўртлик ёздим:

Жанубидан ватанимга эшик бўлган

Сурхоним,

Бахшилари ҳофизига қўшиқ бўлган

Сурхоним.

Буюк унвон бугун сенда туғилди,

Халқ бахшиси унвонига бешик бўлган

Сурхоним.

Устозим умри давомида жуда катта ишларни амалга оширди. Шундай буюк ишларидан катта дарёга кўприк қуриб, қабристонга йўл солди. Бу кўприкдан ҳали-ҳанузгача элу халқ миннатдор бўлиб ўтиб-қайтмоқда. Бахшичилик санъатида жуда катта ишлар қилди: республикамизда ягона бўлган Термиз бахшичилик мактабининг очилишида ҳам жуда катта ҳиссаси бўлган. Ҳар доим менга биринчи бўлиб халқдан олиб берган дуоси илҳом бағишлайди, ўзимдай бўлсин деб қисқагина дуо берган бўлса-да, бу тилак мен учун жуда қимматли. Ҳаётда устозимга ўхшаш жиҳатларга дуч келганимда, шу дуосини эслайман ва ҳақига дуо қиламан: охиратлари обод бўлсин. Устоз минг-минглаб мухлислар ҳамда шогирдлари ва фарзандлари қалбида мангу яшайди! Сўзимнинг якунида устозимнинг хотирасига бағишлаб айтган термамдан бир парчани ҳукмингизга ҳавола этаман:

Эгасидан айрилиб қув ёғоч ҳам жилади,

Бу айрилиқ ёронлар журагимни тилади,

Бахшичилик санъатининг

бир устуни қулади,

Элим суйган бахшинг кетти, Сурхоним,

Сафингдан бир яхшинг кетти, Сурхоним.

Сафар бахши ШАЙДУЛОВ,

Ўзбекистон халқ бахшиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − seven =