“Сунъий”ни “табиий”дан ажратиш зарурати

Замонавий медиамаконни сунъий интеллект технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Таъкидлаш жоизки, бир неча сония ичида катта ҳажмдаги ахборотни яратиш имконияти журналистика тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Шу билан бир қаторда, муаммоларни ҳам вужудга келтирди.

Сўнгги вақтларда генерация қилинган материаллар медиада урчиб кетди. Алалхусус, ижтимоий тармоқларда, блогларда, баъзан расмий платформаларда ҳам сунъий интеллект ёрдамида битилган хабарларга кўзимиз тушяпти.

Медиасаводхонликдан бехабар киши уларни журналистлар тайёрлаган деб ўйлайди. Ваҳоланки, сунъий идрок қаламига мансуб “ижод” намунасини фош этувчи бир неча усуллар мавжуд. Қуйида улардан бири ҳақида.

Аввало, сунъий интеллект ҳаддан ташқари “силлиқ” ва бир текисда ўқиладиган матнларни яратади. Гаплар грамматик жиҳатдан деярли хатоликларсиз ёзилади, фикрлар изчил равишда баён этилади. Абзацлар ҳажми, сўзлар миқдори ҳам уйғунлик ҳосил қилади (!). Индивидуал услуб, эмоционаллик етишмайди. Бир сўз билан айтганда, материал “жонли” чиқмайди.

Сунъий интеллект аксар ҳолларда мавзуни умумий таърифлар асносида очиб беради. Жумладан, “технологиялар ривожланмоқда”, “жамиятга таъсири катта” каби расмийроқ, шаблонсифат жумлаларни ишлатади. Конкрет мисоллар, шахсий кузатув ёки муаллиф позициясини қидириб ҳам тополмайсиз.

Кўплаб генератив материалларда ўқувчининг ҳис-туйғулари билан ҳисоблашилмайди. Ахборот етказилади, лекин аудиторияни ушлаб турувчи, охиригача ўқишга чорловчи унсурлар манаман деб бўй чўзиб турмайди. Публицист эса сўз орқали ўқувчига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Кайфият улашади. Муносабатни шакллантиради.

Ақлли кўмакчи кўп ҳолларда мавжуд бўлмаган статистик маълумот, нотўғри сана ёки уйдирма манбаларни тақдим этади. Бу ҳолат “галлюцинация” деб аталади. Шу боисдан ҳам СИ ёрдамида тайёрланган ҳар қандай контентни текшириш, факт-чекингдан ўтказиш даркор.

Бугунги кунда СИ орқали ёзилган матнларни аниқловчи турли сервислар ишга туширилган. Улардан бири — ўзбек тилида ишловчи “Detecting-ai.com” платформаси. Шунингдек, “GPT Zero” ёки “ZeroGPT” сингари воситалар ҳам матннинг генеративлик эҳтимолини аниқлашга хизмат қилади. Матннинг қайси қисми сунъий интеллект, қайси қисми инсон томонидан ёзилганини таҳлил қилади. Бироқ юз фоиз тўлиқ ва тўғри натижа чиқара олмаслигини ҳам унутмаслик керак.

Ҳар қандай матнга танқидий нуқтаи назар билан қарашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ўқувчи манбани текшириши, фактларни солиштириши ва ёзилиш услубига диққат қилиши даркор. Чунки сунъий интеллект имкониятлари кенгайиши баробарида ахборотнинг ишончлилик масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Зеро, “сунъий” ва “табиий” матнларни фарқлашда “Сифатлироқ инструмент — одам ва унинг тажрибаси” ҳисобланади.

Улуғбек ШАРОБИДДИНОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 1 =