Ҳаёт қирғоғи
“Ғаввослар — сув остидаги қутқарувчилар. Аммо уларни қутқарувдан кўра кўпроқ ўлимга чақирадилар. Нега деганда, сувга чўккан одам етти-ўн сонияда ўпкаси сувга тўлиб, жон таслим қилади. Шунга қарамай, ғаввосларда ҳам яхшилик билан туговчи ҳикоялар бор…”
Қутқарувчи ўзи чиққан чақирувларни сўзлар экан, чуқур ўйга толди бир нафас. Сув остида кун-тун деган тушунча йўқ — доим қоронғилик ҳукмрон. Унда муҳофаза одами тахминларга таяниб, атрофни пайпаслаб ҳаракатланади. Совуқ ҳавода ҳам сувга шўнғийди азаматлар. Қутқарувчи бир он нафасини ростлаб олгач, унга савол нигоҳи билан боқиб турган мухбир қизга ҳикоясини сўзлаб беришда давом этди:
“Бундан ўн йиллар аввал, мен айни навқирон ғаввос бўлиб юрган кезларим, Навоий шаҳри марказидаги “Ёшлик” кўлида бўлган воқеани айтиб бераман. Нега буни айтишни хоҳлаганимни ҳикоямнинг охирида билиб оласиз.
Одатдаги навбатчилик кунларимнинг бири эди. Кунлар исиб бошлаганидан одамлар ўзини салқин жойларга, айниқса, сувли масканларга уради. Айниқса, оилавий ҳордиқ олишга сув бўйи айни муддао. Йигирма икки гектарлик бу жойнинг тахминан 15 гектарини сув ҳавзаси ташкил этади. Бир кунда ўнлаб воқеалар содир бўлади, сизга айтсам. Лекин айнан ҳозир айтиб берадиган ҳодиса мен учун алоҳида аҳамиятли.
Кўл атрофини кузатиб юрар эканмиз, ҳамма хотиржам, ишлар аъло бўлса ҳам, сергакликни йўқотмай, теваракни текшириб, одамларни кузатиб юрамиз. Чунки чўкаётган одам ҳар доим ҳам қичқира олмайди, ёрдам ишорасини беролмаслиги мумкин. Унинг хатти-ҳаракатига қараб сезамиз ҳолатни.
Хуллас, ўшанда атрофни кўздан кечириб юрар эканман, мен турган жойдан тахминан икки юз метр узоқликда бир навқирон йигит чўкаётганини сезиб қолдим. У тинимсиз қўлларини бетартиб шалоплатар, на орқага, на олдинга сузмас эди. Ўйлаб ўтирмай, югуриб бориб, ўзимни сувга отдим. Сузиб боргунимча йигит кўп сув ютиб, клиник ўлим ҳолатига тушиб қолди. Йигитга етиб боргунимча ҳаракатдан тўхтади, қирғоққа олиб чиқдим — лаблари кўкарган, юрак уриши деярли сезилмас эди. Шунда ҳам таслим бўлиш йўқ, шифокорлар етиб келгунча йигитга биринчи ёрдам беришни тўхтатмадим — юрагини массаж қилиб, сунъий нафас бердим пешма-пеш. Нафасим бўғзимга тиқилиб борар, танамда бир қадар чарчоқни ҳис қилардим. Ҳамманинг нигоҳи менда, тўхтаб қолсам, одамларда нафақат ваҳима, балки “Қутқарувчилар ҳам одамларни қутқара олмай қолиши мумкин экан-да”, деган ҳадик туғилиши мумкин. Шу сабаб улардаги умидни ҳеч бўлмаганда тиббиёт ходимлари келгунига қадар ушлаб туришим керак, дея ўйлардим ўзимча.
Ўзимдаги умид чарчоқ билан қоришиб, бир қадар сўнай деганда йигитнинг оғзидан сув отила бошлади — йигит ҳаётга қайтди! Нафас олишни бошлади у. Ҳамма бирдан қарсак чалиб юборди, атрофни ҳуштак ва ҳайқириқлар овози қоплади. “Хайрият” дедим-у пешонамдаги сувними, терними артиб, турган жойимга ўтириб қолдим. Йигит жонлана бошлагач, атрофимда тумонат одам йиғилганини кўрдим. Кўзим атрофни бошқача кўрар, қулоғим ҳам тоғдан тушган одамнинг қулоғидай очилиб, ҳар бир товушни аниқ-тиниқ эшитар эди. Одамни ҳаётга қайтариш, яна ҳамманинг кўз ўнгида, игна билан қудуқ қазишдай гап. Бизнинг “игна” панд бермади, шукур. Ўзимга бўлган ишонч ортгандан-ортиб, касбимга нисбатан меҳрим ҳам ошиб кетди шундан сўнг.
Кунлар кетидан кунлар ўтди. Одамлар қутқарувчилар билан дўстона мулоқот қилишар, уни кўриб, завқимга завқ қўшиларди. Бир куни мени бошқармага катта тадбирга чақиришаётганини, унга оила аъзоларим билан бирга боришимни тайинлашди. Табиийки, бу чақирувдан ҳайратга тушдим. Сабабини ҳеч ким айтмас, аммо аниқ боришим кераклигини қайта-қайта тайинлашарди. Мен, кўрсатма берилганидек, оила аъзоларим билан айтилган кун, айтилган тадбирга келдим. Бирор маданий тадбир бўлса керак, майли, концерт кўриб кетамиз, деб ўтирар эдим яқинларим билан. Аммо тадбир бошлангач, мен ва онам саҳнага чақирилганида, ҳайратим ичимга сиғмай кета бошлади. Шу пайт пойтахтдан келган вазирлик вакили ўша кунги қутқарувда мардонавор ҳаракат қилганимни алоҳида эътироф этиб, ҳаммага мени ўрнак қилиб кўрсатди ва шундай фарзандни тарбиялаганлари учун онамга вазирлик номидан ташаккурнома тақдим этди… Кутилмаган бу эътирофдан тиззаларим титраб, кўзимда ёш қалқиди ногаҳон. Чунки бу касбий фаолиятимдаги илк эътироф эди мен учун. Йигитча тирик қолганининг ўзи менга мукофотдай татиган эди. Аммо касбдошларимнинг эътибори, онамнинг қувончи севинчимни ўн каррага оширди. Сизга нега айнан мана шу воқеани айтиб беришни хоҳлаганимни энди тушунгандирсиз…
Сувда қутқарув гуруҳи
йўриқчи-қутқарувчиси
Вали ҚУРБОНОВ.
Қутқарув мукофоти
“Агар ёзувчи бўлганимда, ҳар кунимни ҳикоя қилган бўлардим. Чунки бизнинг ҳар кунимиз алоҳида воқеа. Кимдир мендан қутқарув жараёнлари ҳақида сўраса, сизга ўхшаб соатлаб гапираман. Мен гапириб, суҳбатдош тинглаб чарчамайди. Бир воқеани айтиб бераман сизга, даҳшат деб юборасиз, аниқ”.
Қутқарувчи ҳаётидаги энг унутилмас воқеани айтиб бераётгандай тўлиб-тошиб, жараённи деталма-деталь тасвирлаб берар, гапира туриб ҳам ўйга толар, ҳам завқланар эди ҳикоясидан. Унинг жўшқин фикрларини бўлмаслик учун мухбир қиз ҳам ортиқча савол бермас, фақат тинглар ва ҳикояни дафтарига қоралаб борар эди.
“Бу воқеага тахминан ўн йиллар бўлди, аслида. Лекин худди кеча бўлгандай эслайман. Май ойи эди. Баҳор аллақачон ўрнини ёзга бўшатиб бераётган кезлар, кўчки, сел каби хавфлар камайиб қолган эди нисбатан. Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидай, кунлардан бир кун Тўрақўрғон туманида жойлашган Қуйимозор қишлоғига сел келди. Келганда ҳам уйларни ўпириб, одамнинг жони-ю молини оқизиб кетадиган даражада кучли сел.
Ўша пайтлари “UAZ Hunter” номли сел ва кўчки бўладиган тоғли ҳудудларда юрадиган махсус қутқарув машинаси камёб, ҳудудимизда атиги битта эди ва уни бошқариш масъулияти фақат менга топширилганди. Англаганингиздек, ўша пайтлар мен ҳайдовчи-қутқарувчи эдим. Қуйимозорга сел келган куни Чуст туманида жойлашган Ақча қишлоғига қутқарувга кетаётган эдим. Бир пайтнинг ўзида икки қишлоқда сел. Йўлда кетар эканмиз, диспетчердан қўнғироқ келди:
— Тўрақўрғон томонга Косонсойнинг сой оқими келяпти. Оролчада мол боқиб юрган икки бола қолиб кетган. Зудлик билан уларни қутқариш керак.
Хабарни олишимиз билан йўлимизни Тўрақўрғонга қараб бурдик. Чунки ёш болаларни қутқариш ҳамма ишдан муҳим. Қуйимозорга борсак, одамлар ҳар жой-ҳар жойда тўпланган, атрофдан нажот ахтарган, кун у қадар совуқ бўлмаса ҳам қўрқувдан қалтираб туришар эди. Қарасак, селнинг лойқа оқими тез: тош борми, шох-шаббами — ҳамма нарсани оқизиб келарди. Биласизми, сел келганда одамнинг овози шовқинга сингиб кетади, биров бировни эшитмайди. Болалар қаердадир қичқириб ётган бўлса ҳам биз уларни, улар бизни эшита олмаймиз. Аммо қандай бўлмасин, уларни хавфсиз жойга олиб ўтиш керак эди. Вақт шомдан ўтган, бу дегани кун қоронғилашиб қолганди. Бу эса ишимиз янаям қийин бўлади дегани. Чунки нариги томонга — болалар турган ерга ўтиш муаммо. Ҳам оқим тезлиги, ҳам куннинг қоронғилашгани сабаб.
Кўп ўтмай, қутқарувчи шерикларимиз ҳам етиб келишди, арқонлар шайланди, командир кўрсатмасига биноан сел келаётган тарафга қараб юрдик. Режа бўйича болалар турган ерга оқим бўйлаб келиш учун бироз тепароқдан қутқарув арқони билан оқиб келиш, болаларга етгач, уларни арқонга боғлаб, нариги томонга ўтиб олиш лозим эди. Бизни у тарафдан шериклар тортиб олишини кўзладик. Режани пишитдик. Оқим тезлиги учун арқонни тортиб оладиган томонда қутқарувчиларнинг катта қисми қоладиган, икки киши эса сувга тушадиган бўлди. Шу пайт қутқарувчига шерик бўлиш мақсадида мен отландим. Бизда ҳайдовчи фақат ҳайдовчилик қилади деган тушунча йўқ. Ҳар қандай ходим қутқарувда иштирок этиши керак вазиятга қараб. Мен ҳам вазифамдан келиб чиқиб, сувга тушдим. Ҳам совуққонлигим, ҳам тезкорлигим жамоага анча ёрдам берди деб ўйлайман. Раҳбарият берган кўрсатмани худди айтилгандек бажардик. Болаларни соғ-саломат хавфсиз жойга олиб ўтдик.
Уст-бошимиз лой, ҳўл. Аммо буни ўйлайдиган вақт эмас ҳали. Эсингизда бўлса, биз, аслида, Ақча қишлоғига кетаётган эдик. Ахир у ерга ҳам сел келган. Биз қутқарувчиларга ёрдамимизни бериб бўлгач, дарҳол машинага ўтириб, иккинчи қишлоқ томонга йўл олдик. Ўша воқеадан сўнг мени ҳайдовчиликдан йўриқчи-қутқарувчиликка ўтказишган…”
Наманган вилояти
ФВБ махсус вазифаларни
бажарувчи қутқарув гуруҳининг
йўриқчи-қутқарувчиси
Иномиддин ИРИСОВ.
Қутқарувчиларнинг ҳикояларини Юлдуз ЎРМОНОВА оққа кўчирди.
